Неъмат Арслон. Санггисополтош (2013)

I

Роз айтиш учун суҳбатдош топиш мумкин, аммо дардкаш топиш қийин. Бугун имкон туғилганда бор дардимни “Ёшлик”ка тўкиб солмоқчиман, “Санггисополтош” шунга ишора. Онам раҳматли сўзлаб берган эртаклар орасида “Санггисополтош” ҳам бор эди:

Санггисополтош,
Сен менга йўлдош
Мен сенга дардим айтайин…

Шу уч мисра эртакдаги ҳар бир воқеадан кейин такрорланиб келарди… Майли, бу ҳақда мавриди келганда сўзлаб берарман. Ҳозир эса “адабиётга қандай кириб келгансиз?” деб сўраяпсиз мендан. Мен адабиётга кириб келганим йўқ. Адабиёт менга кириб келган. Бу ҳолат Кортасарнинг “Босиб олинган уй” ҳикоясига ўхшайди. Адабиёт менинг вужуд уйимни секин-аста тўлдириб, қулоқларимга сирли ва сеҳрли сўзларни шивирлаб, гоҳ йиғлатиб ва гоҳ кулдириб, руҳим, қалбим ва шууримни (булар вужуд уйининг хоналари) мусаххар этиб, маърифат ва ҳайрат водийсига томон етак­лади. Ҳазрат Навоий айтганларидек, кимки бу водийга кирса у ердаги аҳволнинг ихтилофли эканини кўради. Бу жой шундай жойдирки, уни юз туман, минг турли йўллар кесиб ўтади. Аммо улардан бири иккинчисига сира ўхшамайди.

Бу водийда соч-соқоли оппоқ, ўсиқ қошлари ос­тида кўзлари чақнаб турган, “Сабъаи сайёр” даги Файлақус ҳакимга монанд бир мўйсафид ўтирарди. Ёнида чарм муқовали китоблар. Бу мўйсафид менинг бобом (она томондан) Мулла Тўрабой эди.

Ҳали мураккабликларга кўникмаган қулоқларимга “Ашрақат мин акси шамсил каъси анворул ҳудо” деган нидо келди. Ҳеч нарса англамадим, аммо бобомнинг соқоллари учида титраб турган томчи-томчи ёшдан билдимки, оҳангдор бу сўзлар бобомдай одамни йиғлатяптими, унда буюк бир қудрат бор…

Ўшанда чамаси беш-олти ёшларда эдим. Ке­йинчалик Робинзон Крузонинг эчки терисидан ясалган шамсиясини ёпиниб келаётган кишини кўрдим. Бу адабиёт эди. Кимсасиз орол. Яшаш учун кураш, инсон матонати, энг муҳими, (ўшанда мен учун) хавф-хатарга тўла ғаройиб ҳаёт. Мен Робинзон ўрнида бўлишни жуда-жуда истардим. Кейинроқ ғамгин қиёфали рицарга айландим-қолдим. Ёшимиз ўртасидаги фарққа қарамай, Дульсиня Тобосскаяга муҳаббат қўйдим. Қишлоғимиз пойидан оқадиган дарё бўйига тушиб, Дон Кихотнинг ҳолатига кирдим. Яъни, катта бир харсангтош устига бир бўлак пахтани қўяр ва ошиқ рицарлардай бошимни “тош”га урардим. Мен энди миракилик Неъмат Арслон эмас, ламанчлик Дон Кихот эдим. Ойнага қараб ғамгин қиёфада юришни машқ қилиб кўрдим. Севгилим Дульсиня эса қишлоғимизда яшайдиган мендан 2-3 ёш кичик (номини яширин сақлайман) бир қиз.

Ана шундай кайфиятда юрарканман, бир инг­лиз фуқароси мени кўз кўрмаган ва қулоқ этишмаган ға­ройиб мамлакатлар томон бошлаб кетди. Улканлар мамлакатининг қизлари ғоят соҳибжамол эди. Уларнинг илиққина кафтлари устида ҳис этардим ўзимни ва “Гулливернинг саёҳатлари”да берилган ўша қизлар расмини соатлаб томоша қилардим. Ҳа, мен айтган инг­лиз фуқароси – Жонатан Свифт ҳақиқий сеҳргар эди.

II

Кейинчалик адабиётдан ҳафсалам пир бўлди. Қўлимга Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Суннатилла Анорбоев ва бошқа бир қатор ёзувчиларнинг асарлари тушиб қолганди. Ўша даврда адабиётимизда довруғ таратган бу ижодкорларни камситиш ниятида эмасман, шубҳасиз, улар устозларимиз. “Одам қандай тобланди” типидаги романлар жуда катта меҳнат самараси. Аммо ўзим айбдорман. Кўпчилик зиёлиларимиз қўлдан қўймай ўқиб юрадиган бу асарлар менинг ғашимни келтирарди. “Енги ичидан чиқиб турган қўллари”, “У ўзини тебрантирди” каби гаплар, қизни гўзал деб таърифлашда: “Сўлқиллаган юз”, “бўртиб чиқиб турган кўз”, “бутулкасимон оёқлари” каби сўз ва ибораларини ўқиб, довча еган одамдай афтим буришадиган бўлиб қолди.

Мен яна Пушкинга, Лермонтовга қайтдим. “Дуб­ровский”ни, “Вадим”ни ўқиб воқеалар, характерларнинг тиниқ, гап қурилишининг пухталигини пайқадим. Инсон дардининг улуғлиги ва уни кўтариш учун “Санггисополтош” зарурлигини ўйлайдиган бўлдим. Иван Тургеневнинг “Ася”си, “Арафа”си, “Дворянлар уяси”ни ўқир ва беқиёс латофатли қизларнинг умидини пучга чиқарган, уларни севган, аммо уйланиш масъулиятидан қўрқиб, қизларни ташлаб қочган рус йигитлари энсамни қотирарди. Мен муҳаббати рад этилган ўша қизларнинг ҳаммасига юрагимни очгим, севги изҳор этгим ва уларни бахтли қилгим келарди. Кейин билсам, Иван Тургеневнинг ўзи бир фаранг актрисаси ишқида уйланмай ўтган экан. Булар ҳаммаси жозибали бир олам эди.

III

Ана шундай ҳолатда “Телба”га тўқнаш келдим. Укам Аҳмад Арслонга (раҳматли) қараб: Достоевский буюк даҳо, дедим. Билсам, укам бу генерал ёзувчи билан яхши таниш экан. “Э, ака, сен “Братья Карамазов”ни ўқи” деди. Ўқидим. Ҳа, Лев Толстой таъбири билан айтганда, бу болта кўтарган мужик ҳаммасидан зўр эди. “Жиноят ва жазо” қаҳрамони Раскольников қотил эди, аммо мен бу йигитнинг жинояти фош бўлишини истамас, князь Мишкин, Алёша Карамазовларнинг эса жамиятда кулгу бўлишига бефарқ қараёлмасдим.

Лев Толстойни тинмай мутолаа қилишга киришдим. Аннанинг муҳаббат гулхани олдида Вронскийнинг севгиси ожиз бир шаъм эканлигини кўрдим. Анна! Узун қора бахмал мурсақ кийиб юрадиган оқ юзли, қора кўз ва ғоят гўзал холачам (онамнинг синглиси) тимсолида Аннани кўрардим. Бу ҳолат жуда таажжубланарли эди. Назаримда Толстой холачамга қараб Аннанинг порт­ретини чизгандай.

Адабиёт менинг вужуд уйимга ана шундай кириб келган. Ва бу уй ҳамон унинг ихтиёрида. Энди унинг бир хонасида Кафка, Фолькнер, Сомерсет Моэм, Кобо Абэ, Кортасар, Борхес яшайди. Йўқ, улар жуда кўпчилик. Камю ҳам бор, Томас Манн ҳам, Бальзак ҳам, Ҳерман Ҳессе ҳам бор. Уйнинг шундай кўздан ниҳон хоналари борки, вақти-вақти билан дилим тошиб, юрагим ғуссага тўлиб кетганда ўша яширин хоналарга кираман. Ҳофиз ўз тилида, ўз овози билан шивирлайди: “Ғазал гуфти-ю дур суфти биёки хуш бихо Ҳофиз. Қ-дар назми ту афшонад фалак анди Сурайёро”. Улуғ Саъдий ҳам шу ерда. Мийиғида кулиб турибди. Абу аъло ал Маарий эса кўзи ожизлигига қарамай шундай тикилиб қарайдики, минг йиллик девор ортидан дўстликни ҳам, муҳаббатни ҳам, инсон зурёдининг бошқа ҳеч кимга кўриш насиб этмаган томонларини кўради.

IV

Улуғлар даврасида энг шафқатсизларидан би­ри Шекспир. Дездемонанинг ҳам, Жульеттанинг ҳам қо­тили. Қирол Лир, Клеопатра… барчаси унинг қўлидан ўлим топган. Неча асрлардан буён инсоният бу қаттол шоирни олқишлайди. Унинг теран фалсафасидан ҳайратланади. Ана шундай ҳайрат мақомида юрганимда адабиётимиз оламида катта шов-шув кўтарилди. Зиёлиларимиз қўлида «Отамдан қолган далалар» деган китоб. Мен ҳам у китобни олиб варақлаб кўрдим. “Мен ўзбек халқига ҳайкал қўяман!” дейди Тоғай Мурод. Мана унинг қўйган ҳайкалидан бир боб:

“Ер ҳансиради.

Ғўзаларим барги оч-оч яшил туслана берди.

Ғўзаларим барги қўнғир-қўнғир доғ бўла берди.

Ғўзаларим барги буришиб-буришиб қола берди.

Ғўзаларим очқади.

Мен ғўзаларимга босиб-босиб азот бердим.

Мен ғўзаларимга босиб-босиб фосфор бердим.

Мен ғўзаларимга босиб-босиб калий бердим”.

(“Отамдан қолган далалар”, 143-бет )

Тамом. Мана, бутун бошли бир бобни (22-боб) ўқидингиз. Нима олдингиз?

Аслида Тоғай Муроднинг нияти улуғ эди. У адабиётда Кафка, Жемс Жойс, Борхес каби янгилик яратмоқчи бўлди. Аммо бунинг учун нафратнинг ўзи етарли эмаслигини англамади.

V

Мендан яна “Қандай устозларнинг таълимини олгансиз?” деб сўрайсиз. Жавоб бераман: менинг устозим – Қўрқув. Мен атрофимдаги кишилардан қўрқиб ва тортиниб яшаганман. Бу ҳолат ўйлашга, фикр юритишга мажбур қилган. Фикрлаш бу – улуғ иш. Инсон дунёни фикр, яъни тафаккур воситасида англайди. Фақат мен айтган “қўрқув”ни қандай тушунмоқ керак? Адабиётга ёки бадииятга бу “устоз”нинг қандай дахли бор? Жавоб бераман: менинг қалбим, балки кўнглим десам тўғрироқ бўлар – дарвешнинг, ғариб одамнинг қалби эди. Дарвешнинг қалби эса нозик бўлади. Нозик қалб қўпол одамнинг фаросатсизлик билан айтган бир оғиз гапидан қаттиқ яраланади. Ва бу жароҳат умр бўйи битмаслиги мумкин. Мен ана шундан қўрқардим ва жамоадан ўзимни олиб қочар, тажаррудга, яъни ёлғизликка интилардим. Мана, ҳозир 73 ёшдаманки, бу ҳолат мени тарк этган эмас. “О, ҳомо, фуге” дейман ўзимга ўзим ва қўполликдан, дилозорликдан қочаман.

Ўз-ўзидан маълумки, қочган одам қаергадир яширинади ва кимдандир нажот кутади. Бундай ҳолатда мен ёлғизлик ва табиат билан дўст тутиндим. Ҳар иккаласи ҳам менга устозлик қилди. “Олдинда яна тун бор” деб номланган илк китобим табиатнинг тиниқ тасвирларидир. “Кафолат” (ҳикоя)даги рангпар ва қўрқоққина ўсмир айнан ўзимга ўхшайди. Умуман олганда, барча асарларимда ўзим бор. Яқинда “Ёшлик”да босилган “Туманли минтақа”, “Сояда ухлаётган толеъ”, “Яшаш ҳуқуқи” каби ҳикояларимнинг қаҳрамонлари ҳам – ўзим. Чунки, бошқаларга нисбатан ўзимни яхшироқ биламан. Яхши билган нарсангни эса яхши ёзасан. Поляк тадқиқотчиси, ёзувчи Ян Парандовский энг қадимги дунё шоири Архелохдан тортиб то кейинги давр ижодкорларининг ҳаётигача қаламга оларкан, шоир-ёзувчиларнинг шахсий ҳаёти ва ижод жараёнига доир шундай антиқа далилларни келтирадики, ўқиб ишонишингни ҳам, ишонмаслигингн ҳам билмайсан. Улуғ ёзувчиларнинг бири уйдан чиқмай ёзиш учун соқолининг ўртасидан қайчи уриб, қайчини дераза­дан пастга улоқтириб юборса, бошқа бири мияга қонни кўпроқ ҳайдаш мақсадида оёқларини музли сув тўлдирилган тоғорага солиб ёзишга киришади. Яна бири бошини каравотдан пастга осилтирган ҳолатда ижод қилади. Уларнинг оилавий ҳаёти, аёлларга муносабатида ҳам ақл бовар қилмайдиган воқеалар кўп. Буларнинг ҳаммаси ижодкор шахсини яхшироқ англаб олишга ёрдам беради.

Айтмоқчиманки, менинг “Ёшлик”ка йўллаётган битикларимда ҳам бизнинг “ўта намунали” тарзда ёзиладиган таржимаи ҳолларимиздан фарқ қиладиган ва одатдан ташқари ҳолатлар бор. Аммо буларнинг ҳаммаси адабиётга ва ёзувчи ҳаётига дахлдор.

VI

Адабиёт – маънавиятнинг бош булоғи. Математикми, ҳуқуқшунос ёки шифокорми, биолог ёки рассомми, бадиий асар ўқимас экан, у юксак натижаларга эриша олмайди. Мен баъзи шифокор дўстларимиздан: “Сиз Иван Ефримовнинг “Тиғ устида” романини ўқиганмисиз?” деб сўраб қўяман. Чунки бу соҳа кишилари учун минглаб турдаги дардлар “симптом”ини билиш, ташхис қўйиш ва беҳад кўп номдаги дори-дармонлар номини ёдда сақлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Бемор шифокорни кўриши билан “ҳа, бу одам мени даволай олишга ишонаман” деган тасаввурда бўлиши керак. Яъни шифокорнинг ташқи қиёфаси, сўзи, кўз қарашию ўзини тутиши муҳим роль уйнайди. “Тиғ устида” (Лезвие бритвы)ни ўқиган шифокор буни англаб олади. Бундай китоблар жаҳон адабиётида етарлича бор. Адабиётнинг инсон маънавияти, унинг шакл­ланиши ва комилликка эришувида ҳозир биз айтган жиҳатлар кичик бир зарра, холос. Модомики, адабиёт шундай қудратли куч экан ва улуғларимиз таърифлаганларидек, атомдан кучли экан, унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак. Ва яна шуни таъкидлашни истардимки, нимани ўқишни билиш керак. Чунки, жаҳон адабиёти улкан бир тоғ бўлса, алоҳида олиб қараганда китобхон унинг олдида кичик бир чумоли. Танлаб ўқинг!

Чучук сув таъмини тотмаган ҳар қуш,
Умр бўйи тумшуғин шўр сувдан олмас.

Қуруқ сўзлар ва воқеалар йиғиндисидан иборат бўлиб қолган, бадииятдан йироқ “асар”лар сизда яхши хислатлар шаклланишига ёрдам бермайди. “Отам­дан қолган далалар” ёки “Одам қандай тобланди” типидаги асарлар адабиётимизда анчагина. Ижодкор бу йўлдан бормаслиги керак. Бундай адабиёт қўшиқчилигимизни дидимизга урилаётган тўқмоққа, киночилигимизни “жазавафильм”га айлантириб қўйди. Жуда кўп фильмларимиз оилавий жанжал асосига қурилган. Жазавага тушиб қичқираётган, қўлини шоп қилганча ўдағайлаётган, ғазабдан кўкариб-бўзариб кетган қаҳрамонларнинг беўхшов ҳаракатларини томоша қилишдан инсоният нима олади?

VII

Энди ёзувчининг шахси тўғрисида икки оғиз сўз. Аслида бу – “икки оғиз сўз”га сиғмайдиган ва катта тадқиқотларни талаб этадиган мавзу. Чунки ёзувчининг шахси адабиётнинг посангиси. Йўқ, балки унинг залворли тоши. Нега бир ёзувчининг асарини дунё севиб ўқийди, турли мукофотлар билан тақдирлайди. Миллион-миллион нусхада нашр қилади-ю, бошқа бир ёзувчининг “асар”лари хас-хашакчалик эътиборга олинмайди. Бунинг сабаблари кўп. Ўз даврида Кафкадек буюк ёзувчи эътибор топмади. Дўстлари ундан бирор асарини ўқиб беришни сўрашар, Кафка ўқийтуриб, дўстларининг зерикаётганликларини пайқарди. Ёзувчи бу дунё билан видолашаркан, асарларини ёқиб юборишни васият қилди. Аммо унинг асарларидан диний мақсадда фойдаланишни кўзлаган маҳрами вазиятга амал қилмади. Ва нашр эттирди, натижада узоқ муддат яшириниб ётган буюклик Америкада кашф этилди. Кафка Океанорти дунёсидан Европага буюк бўлиб қайтди. Ёзувчининг барча асарлари бугунги китобхонда тушдек тасаввур қолдиради ва уларнинг барчасида гўё Кафканинг ўзи ҳаракат қилади. Бу инсоннинг ички дунё­сига кириш имконсиз эди, айрим тадқиқотчилар унга нисбатан “шиша билан ўралган одам” иборасини қўллаганлар. Кафка асарларининг кучи уларнинг сирлилигида ва қандайдир кўзга кўринмас парда билан тўсиб қўйилганлигида. Менинг назаримда шундай, бу унинг шахси қай даражада мураккаб бўлганлигини, “шиша билан ўралган одам” иборасининг тўғрилигини тасдиқлайди.

“Ёзувчи табиатан солипсистдир” дейди атоқли инглиз ёзувчиси Сомерсет Моэм. Бу ҳам ёзувчи шахсиятининг ўзига хос қирраси. Буни қандай тушунмоқ керак? Дунёда фақат мен бор, бошқа ҳеч нарса йўқ деган мазмунни ифодаловчи бу фикрни ҳазм қилиш юзакироқ қараган киши учун жуда қийин. Ёзувчи дунё­да ўзининг “Мен”идан бошқа ҳеч нарсани кўрмаса, қандай қилиб асар ёзади деган фикрда бўлмаслик керак. Менинг назаримда, Сомерсет Моэм биринчидан, ёзувчининг ижод столида ўтирган дамларини назарда тутаётган бўлса, ундан кейин, ижодкорнинг ички дунёсига ишора қилмоқда. Инсоннинг ички дун­ёсига унинг ўзидан бошқа ким ҳам сайр эта оларди?! Ўзининг ички дунёсига шўнғиган кишининг кўзига ташқи дунё унсурлари кўринмайди. Менимча, ана шу жиҳатдан ёзувчининг ўзи билан ўзи танҳо қолиши Баҳовуддин Нақшбандийнинг “хилват дар анжуман” деган ўгитларига тўғри келади.

VIII

“Ички дунё” деганимиз нима ўзи? Бу инсоннинг бутун умр давомида ташқи дунёдан олган таассуротлари сақланаётган яширин олам. Бу олам қанчалик бой ва рангин бўлса, унда сайр қилиш ҳам шунчалик мароқли ва ҳузурбахшдир. Бу тириклик олами ўзининг бор ташвиш-тараддудлари ёки шу йўлда ҳаракат қилаётган жонзотлари билан яхлит бир анжуман. Анжуман эса мунозаралар, мулоҳазалар, зиддиятлар, ғала-ғовурларсиз бўлмайди. Ижодкорнинг ана шу анжуманда ўз ички дунёси билан бўлиши солипсистликдир. Назаримда Сомерсет Моэм Нақшбандийнинг “хилват дар анжуман”, “сафар дар ватан” деган таълимотларига ишора қилаётгандай.

Мухтасар қилиб айтганда, ёзувчининг шахсияти унинг ички дунёсида мавжуд. Ана шу ички дунё бойлик­лари ва гўзалликлари, сўзлар ва туйғулар воситасида тасвирларга йўғрилиб, бадиий асар сифатида дунёга келади. Демак, яратилажак асарнинг қай даражада бўлиши ёзувчининг ички дунёси ва шахсиятига боғлиқ. «Менинг назаримда, – дейди Сомерсет Моэм яна, – санъатда энг қизиғи, санъаткорнинг шахсидир. Ва агар у ўзига хос (оригинал) бўлса, бундай ижодкорнинг минглаб хатосини кечиришга тайёрман”.

Яхши асар – ғамнинг ва дарднинг маҳсули. Дилида халқнинг ғами, инсоният дарди бўлмаган ижодкор енгил ижодкор, унинг вазни тош босмайди ва унинг яратган асари ҳам – хашакдек салмоқсиз, енгил бўлади. “Лисонут тайр”да шундай парча бор:

“…Йўлда ғамсиз кишини киши деб атамайдилар. Мардлар ғамгинликдан шод бўлади, бу хил тутқунлик улар учун озодлик билан тенг. Машаққат остида ётган бу жаҳон бошдан оёқ ғам манзилидир, унда ҳар бир тоифадаги киши бирон-бир ғамга мубталодир. Олам аҳли кўнглида ғами бўлса, муҳими одамлар ғамидир. Аммо аҳли яқинлар йўл ғамидан доимо ҳозир бўладилар. Агар кишиларга аввалги ғам, яъни олам ғами ман этилган бўлса, одамийлик учун кейинги ғам – одам ғамини ейиш мақсадга мувофиқдир”.

Аммо ғам ҳам Эйнштейннинг нисбийлик назариясига бўйсунади. Яъниким, ғам ҳам нисбий. Бировники оғир, бошқа бировники нисбатан енгил. Ғам юкининг энг залворли улуши шоир ва ёзувчилар зиммасида. Буюк асарлар асосини инсониятнинг ғами ташкил этади.

Қоронғудир кеча, қўрқинчли мавж,
                             даҳшатлидир гирдоб,
Не билсин ҳолимизни четда
                             турган юки енгиллар.

Ҳофиз Шерозийнинг ушбу мисраларидан ҳам анг­лашиладики, ижод аҳлининг юки бошқаларникидан оғир.

IX

Ёзувчи ва жамият. Бу тўғридаги саволингиз анча мураккаб таҳлилни талаб қилади. Ёзувчи жамиятнинг тарбиячисидир. Улуғ Лев Толстойнинг 10 мингта хат ёзгани бизга маълум. Халқ подшодан кўра кўпроқ Толстойга мурожаат қиларди. Хатлар эса ёзувчи билан жамиятни боғлаб турувчи кўприк вазифасини ўтарди, дейиш мумкин. Масалан, бир аёл Толстойга хат ёзиб, “иккита ўғлим ислом динини қабул қилмоқчи, сиз қандай маслаҳат берасиз?», деб сўрайди. Ёзувчи бунга жавобан динлар, жумладан ислом дини тўғрисидаги китобларни ўқиб чиққанлиги, шунга кўра ислом дини нисбатан ёш ва ишончли эканлигини айтиб, бу динни қабул қилувчиларни табриклайди.

10 мингта хат. Агар ҳар бир хат ўртача бир ва­рақдан бўлганда ҳам 10-15 том китоб дегани. Хатларнинг аксарияти эса деҳқонларга, зиёлиларга, ёзувчиларга ёзилган бўларди. Демак, Толстой жамият билан мустаҳкам алоқада эди. Бизнинг қайси ёзувчимиз бирорта фермерга, хусусий тадбиркорга ёки зиёлига хат йўллаган? Шахсан мен матбуотда бундай мактубни ўқиганим йўқ.

Хат – адабий жанр. Ёзувчининг битта мактуби унинг шахсиятини ва ижодининг тилсимли эшигини очишда калит вазифасини ўташи мумкин. Одатда халқ ёзувчи шахсини жуда улуғлайди. Уни инсон сифатида, ижодкор сифатида, оила бошлиғи сифатида тушуниб олишга қизиқади. Адабиётимиздаги таржимаи ҳоллар эса ўта анъанавий, расмий ва шу боис ҳам зерикарли.

Х

Ўзбек насрининг ҳозирги аҳволи тўғрисида мендан сўрамаганингиз маъқул. Чунки мен уни яхши билмайман. Бир пайтлар Темур Пўлатовнинг асарларини ўқиб турардим. Хусусан, бу ёзувчининг “Торозий тошбақаси” романи модернизмнинг анчайин етук намунаси эди. Олим Отахонов, Назар Эшонқулнинг ҳикояларини севиб ва ҳайратланиб ўқиганман. Хайрулло деган ёш йигит жуда оригинал ҳикоя ва қиссалар ёза бошлаган эди. Собир Ўнар ҳикояларида миллий колорит ҳаддан ортиқ бўртиб кўриниб туради, менинг назаримда. Аммо унинг кейинги ҳикояларидан бири менга жуда ёқди. “Сафура холамнинг сири” деб номланган ҳикоясида ўз ўлимининг қачон, қайси кунда рўй беришини билиб яшаган қизнинг руҳий ҳолати, маъюслик ва қандайдир кўзга кўринмас кучнинг таъсирини яққол ҳис этасиз. Мурод Муҳаммад Дўст, Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Ҳалима Аҳмад, Луқмон Бўрихон, Хайриддин Султонов, Исажон Султон каби истеъдод эгалари бор адабиётимизда. Аммо шунга қарамай, ўзини бутун вужуди билан адабиётга бағишлаган ижодкор йўқ. Хуши келганда ёзиш, бўлмаса рўзғор ташвишлари билан банд бўлиб яшаш – Чингиз Айтматовларни бермайди.

Мен адабиётимизда ўзимизнинг Хамсунларимиз, Стриндберг ёки Маҳфузларимиз, Камю ёки Кортасарларимиз бўлишини орзу қиламан. Китоб дўконлари ва кутубхоналардан Япония ва Жанубий Америка ёзувчиларининг асарларини излайман. Нима учун Кобо Абэ “Дунёни кўрмоқчи бўлсанг ўз уйингнинг деворларига қара” дейди-ю, нега Акутагава “Инсон умри Бодлернинг бир сатрига арзимайди ” дейди? “Қумдаги хотин” ёки “Яшик одам”да қандай жозиб куч борки, бу асарларни қайта-қайта ўқигингиз келади. Кобо Абэ ва бошқа япон ёзувчилари қандай қилиб бу даражага эришдилар? Русларнинг “Козьма Прутков”ида “Илдизига қара” деган даъват бор. Япон адабиётининг илдизига назар ташласак, жумладан бундан минг йил аввал ижод қилган Мурасаки Сикибу, Сей-Сёнаган сингари аёл ёзувчиларни кўрамиз. Улар яратган проза то ҳануз япон адабиётига қўр бериб туради. Аммо кунчиқар мамлакати ёзувчилари фақат ана шу “қўр”дан ҳарорат олиш билан чекланиб қолганларида эҳтимол бу даражага эришмаган бўлардилар. Улар, япон классик прозаси билан Европа адабиёти анъаналари, тасвир усулларини омухта қилиб, янги типдаги адабиёт яратишга муваффақ бўлдилар. Томас Маннинг “Будденброклар” романи ҳам жаҳон адабиётининг ана шундай анализи ва сентизи маҳсули дейиш мумкин.

XI

Ёзувчи қандай шаклланади?

Аввало шуни айтиш жоизки, ҳар қандай ёзувчи ўз болалигининг маҳсули. Айтмоқчиманки, у болалик дунёсидан ўсиб чиқади. Биз улғайган сари табиатдан йироқлаша борамиз. Она мушукнинг думини ўйнаётган мушук боласи ёки кучукчамизнинг шўх­ликлари энди бизнинг болалигимиздаги қи­зиқишимиз ва завқимизга сабаб бўлолмайди. Биз энди уни бепарво кузатиб, рўзғорни, бола-чақани, ишимизни кўпроқ ўйлаймиз.

…Табиатдан йироқлашган одам эса яхши нарса ёза олмайди. Бунинг учун нарсалар табиатини билиш керак. Ёзувчиларимиздан бирининг ит ҳақидаги ҳикоясида мутлақо ёлғон, итга нисбатан туҳматни кўрасиз. Гўёки ит олов ёниб турган ўчоқ олдига келиб қайнаб турган қозондан гўштни олиб еган эмиш. Бу ёзувчининг жониворлар ҳаётини кузатмаслиги, уларнинг табиатини билмаслигидир. Барча жонзот оловдан қўрқади. Бу оддий ҳақиқат. Итнинг қайнаб турган қозондан гўштни олиб ейиши жониворлар табиатига хос эмас. Балки ёзувчи Жек Лондон, Сетон-Томсон каби ёзувчилар, ё бўлмаса Жерельд Даррель сингари тадқиқотчи-табиатшуносларнинг асарларини ўқиб “мен ҳам ёзай” дегандир, аммо ўзида бўлмагач нима қилсин.

Инсон улғайганда ҳам тўплаган ҳаётий тажрибаси, дунёқараши, билими, мушоҳада қуввати билан болалигича қолганда эди… афсуски бунинг имконияти кам. Тўғри, ҳаётда князь Мишкинлар, Алёша Карамазовларни гоҳо кўргандай бўламиз. Улуғ Достоевскийнинг бу қаҳрамонлари улғайганда ҳам бола қалби билан қолган кишилардир. Ёзувчида катта ҳаётий тажриба билан бирга бола қалби, бола нигоҳи, болаларча дунёқараш, таъсирчанлик, ҳайрат бўлиши зарур.

ХII

Модомики ушбу битиклар “Адиб хонадонида” рукни остида берилаётган экан, гапни шу мавзу ўзанига буришга бурчлиман. Бугунгача китобхонга нимаики берган бўлсам, у болалик дунёсининг маҳсулидир. Болалигим қўрқув, ҳайрат, ҳаддан ортиқ таъсирчанлик исканжасида эди. Бошқа болалар, тенгдошларим эътибор ҳам бермайдиган воқеалар менинг шууримга дард билан, оғриқ билан, изтироб билан бостириб кирар ва мен бундан узоқ вақт таъсирланиб юрардим.

…1947 йилнинг қиши. Қатағон деган қишлоқда ариқ бўйида харобгина мактабимиз бўларди. Эгни-бошимиз юпун. Эрталабдан ёға бошлаган қор пешингача тизза бўйи бўлди. Оёғимда эскигина калиш, эгнимда қиз болалар киядиган яккақат бахмал нимча. Мен бу либосим билан мактабда биринчи даражали олифта эдим. Чунки кўпгина тенгдошларим кеч кузда ҳам мактабга оёқяланг келардилар. Тўрт соат ўқиб ташқарига чиқсак, тизза бўйи қор. Ҳеч ким шодланмади. Ҳамма уй-уйига тарқалди. Қатағондан Хўжақишлоққа томон қор кечиб йўлга тушдим. Дастлабки қадамларданоқ калишим қорга тўлди. Иззиллаб йиғлаганча қорни ёриб кетиб борардим. Уйимиз эшигидан аранг ичкарига кирдим. Қўл-оёғим карахт бўлиб қолганди. Уйга кирдим-у, бутунлай бўлак одамга айландим. Менинг токи бугунгача, мана шу сатрларни ёзаётган лаҳзаларгача бўлган ҳаётим, қандай одам бўлиб шаклланганим, ижодкорлигим, қалбим хонадонимизнинг ўша ондаги ҳолатига дахлдор. Нима бўлган эди ўшанда? Ҳали ҳеч нарсадан хиралашмаган қалбим ойнасига – балки оппоқ варақларига десам тўғрироқ бўлар – кейинги бутун ҳаётим мазмунини белгиловчи илк таассуротлар ёзилди, стол устида кўзи қип-қизил бўлиб чўғланиб турган “жонзот”, соҳир бир оҳанг, унга қулоқ тутганча чой ичаётган онамнинг маҳзун ҳолати…

“Кимга қилдим бир вафо юз жафосин кўр­ма­дим”. Саодат Қобулова куйлаётган бу қўшиқ Навоий ғазалига ёзилган романс эди. Онам йиғлардилар. Менинг абгор ҳолатим у кишининг эътиборларини тортгандай бўлди. “Кир-кир, сандалга кир” дедилар-у, мени унутдилар. Мен ҳам йиғлардим, мени музлаган тирноқларимнинг ловуллаб “ёниши”, соҳир оҳанг ва ундаги мунгнинг улуғлиги, симфониянинг улуғвор кучи, онамнинг ҳолати йиғлатарди. Стол устидаги “жонзот” эса “Родина-47” радиоприёмниги эди. Ана шу таъсир туфайли мен ўзимизнинг мумтоз куй-қўшиқларимиз, мақомларимизсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас деган хулоса билан яшардим. Кейинчалик мендаги бир ҳолатни – қўшиқ эшитганда яширинча кўз ёши тўкишимни онам бошқа бир воқеа билан боғладилар. Гўдаклик пайтимда, 1941 йил бўлса керак, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов бошимни силаган эканлар. Ўшанда ёз ёки куз палласи бу улуғ ҳофиз иккита муғаннийлари билан бирга келиб, Шаҳрисабз туманининг Улач қишлоғида концерт берганлар. Далада хонанда учун биттагина стол қўйилган бўлган. У киши чойдан ҳар замон ҳўплаб қўйиб қўшиқ айтарканлар. Онам мени бағриларига босганча олдинги қаторда ўтирганлар.

Мулла Тўйчи қўшиқ айтганча келиб менинг бошимга бир дам кафтларини қўйиб турганлар, кейин пешонамни, сочимни силаганлар. Аммо мен қўшиқчи бўлмадим. Қўшиқларимизга бир умр қул бўлиб қолдим. Куй-қўшиқлар менга инсон дардининг улуғлигини анг­латди. Шунинг учун ҳам бугунги “тингира-тингир”лар, мазмунан бачкана ва саёз қўшиқлар дидимизга тўқмоқ бўлиб урилаётганидан изтиробдаман.

ХIII

Менинг ёзувчилигим болаликдан бошланган эди, аммо у анча кеч – йигирма беш-ўттиз ёшларимдан кейин юзага чиқди. “Осмонни ким кўтариб туради” деган ҳикоямни ёзиб уни қаерга ва кимга жўнатишни ўйлаб қолдим: ким менинг қалбимга яқин? Ким менинг ҳиссиётларимни тўғри тушунади? Ўша пайтлар Достоевскийни кўп ўқирдим. Шу боис ҳикояни Дос­тоевский асарларининг моҳир таржимони Иброҳим Ғафуровга йўлладим. Достоевский туфайли қалбимиз бир-бирига яқин деб ўйлардим. Янглишмаган эканман. Ҳикоям “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да босилди. Кейин “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари менга хат йўллайдиган ва “яхши” ҳикоялардан юборишимни сўрайдиган бўлишди. Иброҳим Ғафуров “Кафолат” деб номланган ҳикоямга сўзбоши ёзиб, мени “Шаҳрисабз булоғининг ёқтиси” деб атади. Собир Ўнар “Синов” деган ҳикоямни ўқиб, “Яхши ҳикоя Шаҳрисабзда ёзилади” деган мақола берди. Профессор Санжар Содиқ “Мавҳумот” романим тўғрисида яхши таҳлилий мақола эълон қилди.

Мен бу пайтда уйланган эдим. Кундузи Шаҳрисабз туманининг “Кеш” (аввалги “Коммунизм байроғи”) газетасида ишлар, тунлари ижод столида ўтириб ҳикоялар ёзардим. Хотиним Танзила Содиқова (қизлик фамилияси) ёзув машинкамнинг чиқир-чиқирига қулоқ солиб ўтирар, ҳикоянинг “тандирдан пишиб чиқиш”ини кутар ва томоғимга қарашиб турарди. Шу жиҳатдан олганда у ҳам “ҳаммуаллиф” эди. Йиллар ўтиб ҳамқаламим ижод жараёнида чуқурроқ аралашадиган бўлди. Баъзи ҳикояларим, хусусан “Энага” ва “Аёл сувратига чизгилар” унинг сўзлаб берган воқеалари асосида дунёга келди.

Аёл – инсониятнинг буюк ғамхўри. Мен аёл ҳа­қидаги баъзи файласуфларнинг фикрларини рад қилдим. Хусусан, Шопенҳауэрнинг аёллар тўғ­ри­си­даги фикрларини унчалик маъқул кўрмадим. Аёлни ва муҳаббатни Абу Аъло ал Маарийнинг ғазабидан сақлагим келади. “Аёлга шафқат қилинг” дейман. Чунки аёлдаги меҳр ҳам, ғийбатга ўчлик ва бошқа қусурлар ҳам эркаклар туфайлидир. Аммо ҳозир бу ҳақда фикр билдиришнинг ўрни эмас. Журналхонлар мени тўғри тушунсалар бас.

Биз ҳаётни ўрганамиз, кашфиётлар қиламиз. Кос­­мосни тадқиқ этамиз, Марсдан инсон изларини из­­лаймиз. Аммо айтайлик, янги туғилган гўдакнинг уй­­қусида кулишини ҳеч биримиз изоҳлаб бера олмаймиз. Ёки инсон ўз елкасида бир умр кўтариб юрадиган бош чаноғи ичидаги жараённи ҳеч қачон тушунтириб бера олмайди. Мия деб аталган “бир халта кулранг “қатиқ”нинг мўъжизалари чексиз. Биз яратадиган санъат асарлари ана шу чексизликда туғилади.

Мен инсон миясининг имкониятларидан ҳамиша ҳайратдаман. Унинг механизмини, ишлаш жараёнини англашга интиламан. “Адам водийси” романимда ва “Туманли минтақа” деб номланган ҳикоямда ўзимча тадқиқотлар қилганман. “Мавҳумот” романимда ҳам шундай чизгилар бор. Агар инсон миясида кечаётган жараёнларни ёзиб олиш ва худди бир китобдек ўқиш имкони бўлганда, энг маданиятли одамда ҳам тўзғиб ётган ножоиз фикрлар тўфонини кўрган бўлардик. Болалик эса маълум даражада бундан мустасно. Мирзо Кенжабек айтганидек:

Болалар поклиги билан улуғдир,
Соддалиги билан каттадир биздан.

Улуғ Навоий асарлари ҳам болалик поклиги ва соддалигининг маҳсули. Хонанишин Алишер кўздан пана жойда ўтириб олиб “Мантиқут тайр” ни мутолаа қиларди. “Хазойинул маоний”, “Хамса” каби буюк асарларни ижод этган шоир умр бўйи ўша болалигида руҳиятига ўрнашиб қолган Фаридиддин Аттор достонидай асар ёзишни орзу қилди ва умрининг охирида бунга эришди. “Лисонут тайр” дунёга келди. Бу ғоят улуғ асар, хусусан, ундаги “Шайх Санъон қиссаси”ни жаҳон адабиётининг ноёб дурдоналари қаторига қўйиш мумкин. Мен Ҳомерни ҳам, Гётени, Шекспирни, Абу Аъло ал Мааррийни, Дантени ҳам севиб ва ҳайратланиб ўқийман, аммо бу улуғлар ҳузуридан вақти-вақти билан “Лисонут тайр” га қайтаман.

XIV

Ишқ туфайли белига зуннор боғлаб чўчқа боқиб юрган улуғ шайхнинг абгор ҳолати ҳамиша кўз ўн­гимда. Муҳаббат инсонни не кўйларга солмайди! У жуда қадимий ва ҳамиша янги:

Муҳаббат ўзи эски нарса,
Ҳар бир юрак уни янгарта

Татар шоири Тоқтош жуда тўғри таъриф берган. Ҳар бир қалб уни янгилайди. Ўз навбатида муҳаббат ҳар бир қалбни янгилайди, болалигимда бундай жараённи мен ҳам бошдан кечирганман. Юрагимга ишқ қуши уя қўйганида 12 ёшда эдим… бу ҳолат кейинчалик – Ҳазрат Навоий ёшларидан (60 ёшдан) анча ўзиб кетганимдан кейин – “Амальгама” деган ҳикоямда ўз аксини топди. Ёзувчи ўз болалигининг маҳсули деганимда инчунун, мана шундай ҳолатларни ҳам кўзда тутганман.

Фарзандларим менинг йўлимдан бормади деб ўксинардим. (Уч қиз, бир ўғлим бор). Бу ўксинишнинг ботиний қаватларида “Хайрият!” деган қувонч бор эди. Аммо бу қувончни ўзимдан ҳам яширардим. Чунки ижодкорлик катта шараф. Минг йил муқаддам – Абу Аъло ал Маарий замонида яхши шеърнинг ҳар бир мисраси учун минг динор қалам ҳақи тўланган. Шунга қарамай шоир ва умуман ижод аҳли ҳеч қайси замонда бадавлат яшамаган.

Поляк ёзувчиси Ян Парандовский қадимги дунё шоири Архелохдан тортиб то кейинги даврларгача ўтган ижодкорлар орасида фақат икки киши – Бальзак билан Вальтер Скотнинг бойиб кетганлиги, бироқ пировард натижада, ҳар иккаласи ҳам умрини қашшоқлик билан тугатганлиги тўғрисида аниқ далиллар келтиради.

“Ўз касби билан ўзини ва оиласини боқа олмайдиган филологлар ва шоирларга ҳатто шайтоннинг ҳам раҳми келади”. Тўрт ёшида сувчечак туфайли кўзлари кўрмай қолган у улуғ инсон (ал Маарий) ҳақида ёзилган Б.Шидфарнинг мақоласида ана шундай “сўз” борки, бу ҳам поляк ёзувчисининг фикрини тасдиқлайди. Фарзандларим менинг изимдан бормаганлиги менинг “хайрият”имга сабаб бўлганидек, ўксинишимнинг ҳам ўз сабаблари бор. Аммо мен “ўксинардим” деяпман. Бу сўзнинг “ўксинаман”дан фарқи бор.

Яқинда Фаёза қизим “Уйидан бош олиб кетган хўтик” деган ҳикоя ёзибди. Менга жуда маъқул бўлди. Қизимнинг бу соҳада иқтидори борлиги учун ич-ичим­дан қувондим.

Чунки, «фарзандларингиз орасида сизнинг касбингизни танлашганлари ҳам борми?” деб сўраб қо­­лишади, учрашувларда, гап бунда эмас, инсон ижод қилаяптими – бу ҳол чиндан гўзал. Шу йил октябрь ойи­да эса неварам (Фаёза қизимнинг қизи) Мадина Ча­қилованинг “Ишонч” деган ширингина “шох-бу­тоқ­лик” ҳикояси “Адолат кучи” газетасида босилди.

Сўз аввалида санггисополтош ҳақида гапирган эдим. Бу раҳматли онамнинг эртаги. Кўп эртак айтардилар. Бир сафар номма-ном ёзиб рўйхат қилсам 400 га яқин экан. Кейинчалик мен шу номда бир ҳикоя ёздим. Унда ортиқча воқеалар йўқ. Ҳикояда бир одам Қора денгиз бўйидаги санаторийлардан бирида бўлиб ўтган севги можароларини бошқа бир кишига, яъни бирга бўлган аёлнинг эрига гапириб беради. Аслида Ёқутхоннинг эри Зариф бўлиб ўтган воқеалардан қисман хабардор эди. Хотинининг ортидан одам қўйган ва унинг Хонсевар исмли доктор билан мулоқотда бўлиб юрганини эшитган ва Хонсеварни излаб келган, у билан дўстлашган, ҳамда воқеанинг бор тафсилотини Хонсеварнинг ўзидан эшитганди…

Мен ҳикоя мазмунини сўзлаб бермоқчи эмасман. Гап ҳикояни номлайдиган тош. Бу ҳикояда қадимги юнон афсоналаридаги Пигмалионнинг ёғочдан бир ҳайкал ясаб, уни севиб қолиши билан боғлиқ воқеа инглиз ёзувчиси Бернард Шоу ёзган “Пигмалион” воқеаларига туташ. Бирида Пигмалион ёғочдан ясал­ган ҳайкалга жон ато этишни Худодан сўрайди ва ҳайкал жонланади. Б. Шоуда эса икки тилшунос олим бир гул сотувчи қизнинг ниҳоятда ғализ ва қўпол лаҳжада гапиришидан ажабланиб, уни тарбияламоқчи, маданиятли ва тўғри гапиришга ўргатмоқчи бўладилар ҳамда пировард натижада (агар янглишмасам) уни севиб қоладилар. Б.Шоу назарида қиз Пигмалион ясаган ҳайкал – Галатеяга ишора эди.

“Санггисополтош”да ҳам эртак воқеаси йўқ. Фақат шунга ишора бор. Ёқутхон учун Хонсевар санггисополтош ролини ўйнайди. Аёл бор дардини унга тўкиб солади, аммо улар ўртасидаги муносабат “бокира” эди. Соф инсоний туйғулар эди.

“Баъзи эркакларнинг кўнгли тошдай қаттиқ. Бундайларга дардингни айтгандан кўра тошга сўзлаганинг маъқул. Сиз эса бутунлай бошқачасиз, майли энди буёғини ҳам эшитинг” дейди Ёқутхон ва Хонсеварга бошидан ўтган дарду аламларни сўзлаб беради. Бу ҳикоянинг эртак билан боғлиқ томони шуки, тақдирига ўлик подшо ёзилган қиз бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб беришга дардкаш тополмай, санггисополтошга айтади.

Санггисополтош,
Сен менга йўлдош,
Мен сенга дардим айтайин…

Менинг санггисополтошим – қоғоз. Мен бор дардимни унга айтаман…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.