Муҳаммад Очил. Савағич сабоғи (2013)

Менинг болалигим Қашқа воҳасининг Совуқ­булоқ деб номланган мўъжаз қишлоқларидан бирида ўтган. Бир пайтлар бу ҳудуднинг чор-атрофи боғ-роғлар, чашма-булоқлар билан файзиёб бўларди. “Обком”, “Райком” боболар дам олишни ихтиёр этишса, тўғри бизнинг қишлоққа келардилар. Соя-салқин боғларда дам олишиб, булоқ суви билан тўлдирилган ҳовузларда чўмилишиб, мазза қилиб кетишарди.

Аммо турғунлик йилларида ўз илдизимизга ўзимиз болта урдик. Очиқроқ айтсам, “пахта як­ка ҳокимлиги” даврида боғ-роғлар, узумзорлар қў­­пориб ташланиб, ҳатто мактабу боғчалар ҳов­ли­ларигача ғўза бостириб борди. Оқибатда оби-ҳаётга эҳтиёж кучайди, кўплаб артезан қудуқлар қазилди. Булоқларга “темир ғилоф” кийдирилиб, су­ви насос ёрдамида ариқ-каналларга бошқарилди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг муборак номи билан боғлиқ, муаррих Ибн Арабшоҳ ўз китобида қайд этган “Шаҳри Кешдан 9 фарсанг наридаги Хўжа Илғор…” ҳам, айнан шу ҳудудда. Кўп асрлар давомида шифоталаблар дардига суви дармон бўлиб келган Хўжа Илғордаги ана шу машҳур “Чилла булоқ” ҳам ҳозирда қуриб қолган. Аммо кўнгилга таскин берадигани шуки, сўнгги йилларда бу жойларда ҳам ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Менинг болалигим киши ҳавас қиларли ранг-баранг кечмаган. Олти ёшимда отам – колхоз бош ҳисобчиси Очил Жуманазаров икки хотин (замон зайлига кўра уйланган бўлса керак-да) ва ўн нафар фарзандни мерос қолдириб вафот этган. Энди қолгани шоир Ғафур Ғулом айтганидек: “Етимлик нимадур, бизлардан сўра!”

Аммо халқ билиб гапиради. “Оналик етим гул етим” экан. Волидаи мушфиқимиз Жумагул Жуманазарова ҳамма ўзбек оналарига хос ўта матонат, сабр-бардош билан “тоғ келса кемириб, сув келса симириб”, турмушнинг барча қийинчиликларига бар­­дош бериб, бизни оқ ювиб, оқ тараганлар.

Етимлик ва унинг машаққатлари ҳақида кўп ва хўб ёзишган. Аммо мен етимликнинг бир “афзал” жиҳатини айтмоқчиман. Гап шундаки, кўча-куйда ҳамма сенга шафқат назари билан қарайди. Дейлик, кўчада ким биландир уришиб қолдинг, ким ҳақу ким ноҳақлигидан қатъий назар, ҳамма айб рақибингнинг зиммасига тушади. Чунки сен етимсан, сенга озор беришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Тўй-маъракаларда ҳам раҳмдил кишилар сенинг товоғинга илик қўйишади. Чунки сағирнинг савоби тегади!

Отам вафот этган йили қўшнимиз Бўри аканинг ўғли, мендан бир ёш катта Бекмурод оғайнимга тиркашиб мактабга бордим. Яна ўша “имтиёз”. Ёшим етмаса ҳам етимлигим инобатга олиниб, биринчи синфга қабул қилиндим. Бироқ ўқиш давомида “имтиёз”дан фойдаланишнинг имкони бўлмади.

Эсимда, “карра” жадвалини ёдламаганим учун арифметика ўқитувчимиз болаларнинг олдида роса изза қилди. “Дод” солганча энамни орқа қилиб уйимизга югурдим. Онам супада пахта саваб ўтирган экан. Воқеани эшитгач, қўлидаги савағич билан ўзимни савалай кетди. “Ҳали сендан кутганим шумиди? Одам бўлиб мени боқасан десам…” дея койиганлари ҳамон эсимда.

Назаримда савағичнинг ушбу сабоғи кўз­ла­римни мошдек очди. Шундан сўнг яхши ўқиб кетдим. Мактабни олтин медаль билан, университетни эса имтиёзли, яъни “қизил диплом” билан тамомладим.

Илк шеъримни тўртинчи синфда ёзганман. Ни­­ма ҳақда денг! Бир тарғил говмуш сигиримиз бў­ларди. Шу жонвор қисир юриб-юриб тўсатдан ту­ғиб берса бўладими. Ҳамма хурсанд. Хуллас, оғиз оққа етганлиги шарафи билан “Бузоқча” деган шеър ёзганман. Ўқитувчим ўқиб кўриб, қувониб кетди. Шеър мактабимиз “деворий газетаси”да ҳам эълон қилинди. Ўшанда шодликдан ёрилай деганман. Ахир ўқувчилик давридаги энг зўр нашр бу – “деворий газета”да! Қанчадан-қанча адиб ва шоирларимизнинг илк машқлари ана шу тўрт энлик “қоғоз”да босилган ва уларнинг кейинги ижодий изланишларига туртки бўлган.

Бироқ менинг бу “илк қадамим” бироз бош­қа­чароқ бўлди. Шеър эълон қилингач, синфдошларим каминага “бузоқча” деб лақаб қўйишди.

– Қаранглар, ана “бузоқча” келяпти!

– Ҳой, бузоқча, қачон “ҳўкиз” бўласан?!

Бундай “ёрлиқ” кимнинг ҳам таъбига хуш келарди. Шу-шу шоирлик шоҳсупасига чиқиш орзусидан воз кечдим. Аммо адабиёт оламидан кетолмадим.

Талабалик йиллари биз яшайдиган “Талабалар шаҳарчаси”даги 2-сон ётоқхонанинг биринчи ва иккинчи қаватини бўлажак биологлар, учинчи қаватини журналистлар, сўнгги тўртинчи қаватни эса геолог талабалар эгаллашганди. Номлари бугун адабиёт ихлосмандарига яхши таниш, таниқли шоир ва ёзувчилар – Икром Отамурод, Сирожиддин Сайид, Мирзо Кенжабек, Алишер Ибодинов, Фароғат Камолова, Замира Рўзиева, Одил Ҳотам, марҳум шоир Назар Шукур ва бошқалар айнан шу маскандан полопон бўлиб, ижод оламига парвоз қилишган.

Бундан ташқари Ҳалима Худойбердиева, Рауф Парфи, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст каби машҳурлар ётоғимизга кун-кунора келишиб, ижодий гурунглар ташкил қилишарди. Бундай муҳитдан баҳраманд бўлиш, албатта киши руҳиятига таъсир қилмасдан қолмайди. Хуллас, ана шу муҳит юрагимда ўчган ижод чўғини қайта аланга олдирди. Шеър ёзиб оғзим куйганлиги сабаб, бу сафар ҳар эҳтимолга қарши “ҳикоя” ёздим. Ҳикоя курсдошим – етим қизнинг аччиқ изтироби ва бахтли интиҳоси ҳақида эди. Ёзганимни “очиқ дастурхон” устида журналист жўраларга ўқиб бердим.

– О-о! – дейишди улар жўровозда маъқулла­шиб, – бу дурдонангни тезроқ бирор редакцияга…

– Қайси редакцияга?!

– Албатта “Гулистон”гада!

Ўша кезларда республикадаги энг нуфузли нашрлардан бири “Гулистон” саналарди. Айниқса, “Темур тузуклари” туфайли кўтарилган шов-шув ва Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним”идан сўнг журналнинг обрўси янада ошиб кетганди. Бу журнални қора тортиб боришимизга яна бир сабаб – биз тенги талабалар – Хайриддин Султонов ва Алишер Ибодиновларнинг мазкур журналда ҳикоялари пешма-пеш бўлиб тургани боис, уларнинг номлари машҳури-жаҳон бўлиб кетишганди.

Хуллас, “Гулистон”дан “гул ҳидлаш” умидида остонасини хатлаб, тўғри бўлим муҳаррири, ёзувчи Эркин Аъзамга рўбарў бўлдим. Эркин Аъзам мени кулиб қаршилаган бўлса-да, аммо “ҳикоя”ни ўқиган сари қовоғи солиниб, пешонаси тиришиб борарди. Ниҳоят, менга юзланди.

– Ҳикоя бундай ёзилмайди, земльяк!

– Яхшилаб қаранг, – дедим унинг “земльяк” дея ўзига яқин олганидан умидланиб. – Ҳикоя бўлмаса “новелла”дир! Балки этюддир! (Ўзимнинг адабий жанрлардан хабардорлигимни билдириш учун шундай деган бўлсам керак)

– Йўқ, – деди “земльяк” бош чайқаб, – новелла ҳам, этюд ҳам эмас.

– Ахир, – бисотимдаги сўнгги далилни пеш қил­дим, – буни журналист жўраларим “зўр” деб мақ­таш­ганди…

– Афсус, – Эркин Аъзамнинг юзи кулса-да, қаҳ­­ри қаттиқ экан. – Улар сизни алдашибди. “Зўр” эмас, “ғўр” нарса ёзибсиз. Бу шунчаки қоғоз қоралаш, холос.

Ўшанда бағритошлиги учун Эркин Аъзамдан қаттиқ хафа бўлгандим. Лекин ҳозир миннатдорман. Сабаби, ижод қонун-қоидасини пухта, мукаммал эгалламасдан, шошма-шошарлик билан адабиёт даҳлизига қадам қўймоқчи бўлганларга талабни ай­нан шу тарздаги бошлаш керак, деб ўйлайман. Айниқса, “земльяк”лик, таниш-билишчилик ижодда кетмайди. Тўғри, талантларга кўмак зарур. Истеъдодсизлари эса устоз Ўткир Ҳошимов айтмоқчи – ўзлари йўл топиб олишади!

Мен ихтисослигим бўйича биологман. Яна ҳам аниқроқ айтсам, тупроқшунос-агрохимикман! Аммо айтиб қўяй, адабиёт оламда “биолог” ёзувчилар ҳам анчагина. Ҳазрат Ибн Синодан тортиб, домла Чеховгача… Аллома адиб Чингиз Айтматов-чи?

Шундай қилиб денг, “Гулистон”дан кўнглим со­виб қайтгач, ҳалиги “дурдона”ни журналист жў­раларнинг юзига қараб итқитдим.

– Мана, мақтаган матоҳларинг ўтмади! Энди пишириб ейсизларми ёки қовуриб, ўзларинга ҳавола! – дедим.

Орадан олти ойча ўтгач, ғалати воқеа содир бўлди. Журналист жўралардан бири келиб мендан “суюнчи” олди.

– Ҳикоянг Нишон туманининг газетасида чи­қибди! Табриклайман! – деди.

– Йўғ-е, – ҳайратга тушдим. – Мен уни ҳеч қа­ёқ­қа юборганим йўқ-ку!

– Кўп суюнма, – илжайди журналист жўрам. – Ўзимнинг исм-шарифимни қўйиб жўнатгандим. Шу сабаб, ҳикоя менинг номимдан босилган!

Қизиқ, мол ўғрисини жазоласа бўлар экан, лекин “адабий жиноятчи”нинг адабини бериш қийин бўларкан. Ўйлаб-ўйлаб, мен бу дўстни ҳажв йўли билан жазолашга аҳд қилдим ва ҳозирга қадар қўлдан келганча шу йўналишда ижод қилмоқдаман.

Ўрни келганда, ҳажв сўқмоқларида менга елка тутган, меҳрини дариғ тутмаган устозлар ҳақида ҳам бирров гапириб ўтишга ижозат берасиз. Талабалик даврида бир вақтнинг ўзида ҳам “Муштум”, ҳам “Шарқ юлдузи” журналида иккита ҳажвиям чоп этилди. Ўзбекнинг ҳадди зўр ҳажвчиси Неъмат Аминов ўша кезларда “Муштум”да ишларди. “Муштум”да ҳикоянг босилса, ҳажвчи сифатида тан олинардинг. Неъмат Амин ёзганларингни чертиб-чертиб, сарагини-саракка, хашагини-хашакка ажратишга ўта моҳир эди. Ана шу “қаҳри-қаттол” ёзувчининг синовидан ўтиб, шогирд тутинишга муяссар бўлдим. Устоздан кўп меҳрибонликлар кўрганман. Умуман “йилт” этган, ҳажвда қалам тебратадиган ёшлар унинг меҳридан четда қолмасди.

Ўша йиллари пойтахтдан уй ололмай Қаршига кўчишга мажбур бўлдим. Турмуш ташвишлари билан бўлиб анчагача ҳеч нарса ёзмадим. Ўшанда Неъ­мат ака мени йўқлаб Қаршига келдилар. Вилоят раҳ­барларига “Муштум”нинг бош муҳаррири сифатида: “Бу бола менинг шогирдим бўлади! Маҳаллий ижодкорларга алоҳида эътибор қаратинглар!” дея ясама пўписа билан “топшириқлар” берди. Узоқ йиллар нашриётда навбат кутиб, нашр этилмаётган китобимга “сўзбоши” ёзиб, чоп этилишини тезлаштириб кетди.

Ўша йилларда “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Мирмуҳсин домладан ҳам кўп яхшилик­лар кўрдим. У кишининг рағбатлари туфайли яхши-яхши асарларим юзага келди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг “Шум боланинг чойхонаси» маъмурлари томонидан энг сара ҳажвлар учун “Олтин чойнак” адабий соврини ташкил этилганди. Биринчи бўлиб бу мукофотни ҳақли тарзда Неъмат Аминов қўлга киритди. Иккинчи йили эса соврин масаласида анча баҳс бўлди. Ниҳоят, муаммони адолатли ҳал қилиш газета бош муҳаррири, таниқли адиб Одил Ёқубовга юкланади. Одил ака танловга келган ҳикояларни ўқиб, саралаб, энг сўнггида икки нафар номзодга тўхталибди. Ана шу номзодларнинг бири мен эдим. Хуллас, ўша йили устоз адибларнинг, хусусан, ҳажвчилар сардори Саид Аҳмад дом­ланинг хулосасига кўра мен совриндор бўлдим.

Дарҳақиқат, ҳазрат Навоий айтадилар:

Элни шод айламак керакдур,
Адлу дод айламак керакдур…

Ҳажвчи сифатида мен ана шу икки мисрани ўзимга дастур қилиб олганман. Ҳа, кулгуда ҳам ўзи­га хос ҳикмат бор. Бу ҳикматнинг маъноси шуки, ҳар доим кулингу, аммо кулгуга қолманг.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 5-сон.