Моҳира Отабоева. Интернет кўчирмачилик манбаи эмас (2013)

Интернетда керак, нокерак ахборотлар шу қадар кўпки, мисоли тиғиз ўрмон. Аниқ мақсади – қўлида “компаси” бўлмаган кишининг адашиб қолиши тайин. Аввало, интернет ахборот тарқатиш, узатувчи, қабул қилувчи восита ва чексиз мавзулардаги турфа маълумотларни ўзида жамлаган манба. Оний лаҳзаларда исталган маълумотингизни муҳайё этувчи бу қулай тизим имкониятлари борасида кўп гапириш мумкин. Зеро, унинг ҳаётимизга кириб келиб, ўз ўрнини мустаҳкам эгаллаганлиги айни ҳақиқат.

Умуман, интернетдаги илмий, бадиий, турли соҳага оид материаллар оғиримизни енгил қилиши, оворагарчиликни камайтириши ҳам бор гап. Ундаги электрон кутубхоналар, турли мавзуларга оид тадқиқотлар, мақолалар, адабиётлар жамлангани бизга қўл келади. “Ўргимчак тўри”нинг шарофати билан билим излаш, зарур маълумотни топиш масофа, чегара билмай қолди. Ўтирган жойимизда дунёнинг нариги бурчагидаги олим ё ижодкор яратган асарлардан бохабар бўлишимиз, таҳлил этиб, муносабат ҳам билдиришимиз мумкин. Бироқ мана шундай улкан маълумотлар “омбори”нинг “қулф-калитсиз”лиги баъзан кишини хавотирга солади. Айнан муаллифлик ҳуқуқларининг бузилишига ҳам интернет бевосита ёки билвосита сабаб бўлаётир. Муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши, бошқача айтганда, плагиатлик, айниқса, кибер маконда нисбатан кенгроқ. Эҳтимол, бу интернетда назорат йўқлиги билан изоҳланар. Бироқ плагиатликнинг кенгайиб кетишида унинг улуши салмоқлилигини инкор этиб бўлмайди. Айрим тадқиқотчиларнинг, ҳатто журналистлардан тортиб, ўқувчи ва талабаларнинг ижодий, илмий мақолаларигача бундай қусурдан холи эмаслиги кўпчиликка маълум.

— Талаба бўлганимдан бери вақт ёнимдан югургилаб ўтаётгандек. Топшириқлар, вазифалар бисёр. Хайриятки, бахтимга интернет бор. Китоб қидириб, титкилаб сарсон бўлишимга ҳожат йўқ. Камига мустақил иш, рефератларимни тайёрлашда энг беминнат дасёр шу. Зумда керакли маълумотни топиб, кўчириб олиб у ер-бу ерини тузатсам, олам гулистон. Қарабсизки, рефератим ҳам тап-тайёр…

Ўтган йили талаба бўлган қўшни қизнинг бу гапи бир қарашда одатдагидек туюлади. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу ошкора, беорларча қилинаётган ўғрилик эмасми? Бугун интернетдан муаллифнинг кимлигига ҳам эътибор бермай маълумотни ютоқиб кўчираётган бола бу иши билан нафақат ўзини, балки ўқитувчиси, мактабидагиларни алдаётганини англаяптимикан? Ҳозирча мактаб дорасидаги бундай кўчирмакашликнинг олди олинмаса, кун келиб бу кўзбўямачилик жамиятни алдашга, чаласавод кадрлар кўпайишига сабаб бўлмайди, деб ким кафолат беради. Бугун “сичқонча”нинг тугмасини босиб шундоққина матнни кўчириб олиб, ўзича вақтдан ютган ўсмирга ачинасан киши. У изланиш, пухта билим олиш учун “игна билан қудуқ қазиш” завқидан ўзини бенасиб этиб “зомби”га айланиб қолаётгандек. Бундайлар фикрлашдан бебаҳра, мулоҳаза қилишдан йироқ, таҳлил этишнинг кўчасига ҳам кирмайди. Тафаккур қилишдек олий бахтдан қуруқ қолган бундай инсоннинг бир қоп пуч ёнғоқдан нима фақри бор?!

Қолаверса, ёшлигидан мақсадига енгил йўл билан, жонини койитмай, энг ёмони, бировларнинг меҳнати эвазига эришаётган ўсмир ёки талаба келажакда ана шундай “илмий изланиш” тарзига ўрганиб қолмайди, деб айтиш қийин. Изланиш, меҳнат қилишдан қочиб, енгил йўл билан “иши”ни битираётган ўқувчидан келгусида яхши натижаларни кутиб бўладими? Мустақил изланиш машаққатини чекмай диплом олган олий маълумотли ходим эрта бир кун бошқалар меҳнатининг қадрига ҳам етмаслиги тайин.

Мактаб, литсей, коллежларда дарс режаларига мустақил таълимнинг киритилишидан кўзланган мақсадлар бор. Улар ўқувчида ўз устида ишлаш кўникмасини шакллантириш, мустақил тарзда маълум бир мавзу бўйича кичик тадқиқот олиб боришни ўргатиш учун ишлаб чиқилади. Бундан таш­қари, маълум бир мавзу юзасидан изланиш қўшимча адабиётларга мурожаат этиш заруратини тақозо қилишини инобатга олсак, бу ўқувчининг билими, дунёқарашини ўстиришда айни муддао.

Мустақил иш, рефератларни интернетдан ўғринча олаётганлар қилмишларининг ҳуқуқий томони ҳам борлигини кўпинча тушунавермайдилар. Бунинг оқибати партадошидан ёки аълочи ўқувчидан вазифани кўчириб олишдан-да хунукроқ. Чунки плагиат беихтиёр ўзганинг муаллифлик ҳуқу­қига дахл қилади. Бу эса қонунбузарликка олиб келади.

Хўш, мазкур муаммони ҳал этишнинг бирор имкони борми? Мутахассислар айнан интернетда плагиатдан ҳимояланиш учун айрим дастурларни таклиф этишмоқда. Бундай дастурлар, аввало, матн муаллифлари учун ишлаб чиқилган. Улар ёрдамида сайтдан автоматик тарзда нусха кўчиришга тўсқинлик қилиш мумкин. Қайсидир маънода интернетда кўчирмакашликни камайтиришга қаратилган яна бир неча усуллар борки, уларнинг бари матн муаллифи томонидан олиб борилиши лозим. Бироқ буларнинг бари қайсидир маънода субъектив ечим. Муаммонинг нисбатан тезроқ олди олиниши эса, бизнинг устозларимизга ҳам боғлиқдек, назаримда. Ўқитувчи мавзу юзасидан ҳам китобдаги, ҳам интернетдаги мавжуд маълумотлардан бохабар бўлиши зарур. Муаммо қанчалик эрта аниқланса, чорасини топиш ҳам шунча осонлашади. Қолаверса, ўқувчи, талабаларга бунинг салбий оқибатларини тушунтириши, теран изоҳлаб бериши керак. Бизда болаликданоқ бировнинг нарсасига кўз олайтириш гуноҳлиги уқтирилади. Мана шу эзгу ақидани таъсирчан йўллар билан эслатиб, интернетдаги маълумотларни сўроқсиз олиш, камига уни ўз номидан чоп этиш ҳам аслида ўғрилик эканини уқтириш жоиздир, эҳтимол. Бу борада жонкуяр ўқитувчиларимиз янада эътиборлироқ бўлишса, муаммодан кўз юммай болага қилаётган иши нотўғ­ри эканини тушунтиришса, мавжуд муаммонинг олди олинармиди?

Интернетдан тўғри фойдаланиш бот-бот ёзилаётган, таъбир жоиз бўлса, ёзғирилаётган мавзу. Лекин бугун интернетсиз ҳаётимиз бир қадар кемтик бўлиб қолишини инобатга олсак, ушбу масалага шунчаки гап, деб қараб бўлмаслиги аёнлашади. Имкониятлари аниқ ўлчанмаётган, баъзан чексиз дея таърифланаётган интернетдан нафақат ўринли, балки виждон амри билан ҳалол фойдаланиш ўзаро муомала маданияти билан тенг турадиган қадрият даражасига кўтарилмоғи лозим. Аксинча, ундан кўр-кўрона ёки “оғи­римизни енгил қилиш” ниятида фойдаланиш эса, шубҳасиз, аввало ўзимизнинг бошимизга бир кун келиб “ур тўқмоқ” бўлиб қайтиши мумкинлигини унутмасак бўлгани.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2013).