Мансурхон Тоиров. Миллат онаси

О, Муҳаммад! Сизнинг замондошингиз бўлмаганимдан ғоятда қайғудаман. Сизнинг беқиёс куч-қудратингизни инсоният бир борагина кўра олди, энди ортиқ бунинг иложи йўқ. Сиздан ҳайратдаман.

Отто фон Бисмарк

Германия ва немис халқи ҳақидаги тасаввурларимизнинг мураккаб тарихи бор. Ўтган асрнинг 30-йиллари ўрталаридан бошлаб ўнлаб йиллар давомида турли услубда ташкил қилинган ташвиқотлар, ёлғон-яшиқ орқали “немис”, “фашист” ҳамда “Гитлер” тушунчалари деярли битта маънони англатувчи сўз сифатида онгимизда ўрнашиб қолди. Мана, иккинчи жаҳон уруши тугаганига 70 йилдан ошган бўлса-да, ҳали-ҳануз “немис” деганда собиқ Иттифоқ халқлари кўз олдидан, бир зумга бўлса-да, Гитлернинг совуқ турқи шарпаси ўтгандек бўлади. Гўё Гитлернинг ёвузлик тимсолига айланган байроғи немис халқининг инсоният бахт-саодати учун пойандоз бўлган хизмати, даҳо фарзандларининг (биргина халқаро Нобель мукофоти билан юзга яқин немис миллатига мансуб илм-фан, адабиёт намояндалари тақдирланган, худди шундай мавқега эга бўлганлар сони эса ундан ҳам кўп) эзгу ишларини пардалаб келаётгандек…

Ҳолбуки, немис дегани фашист дегани эмас!.. Фашист бўлиш учун немис миллатига мансуб бўлиш шарт эмас! Фашистлик, бу — инсон миясининг фашистик ёвуз ғоя билан касалланиши демак. Бу чиркин ғоя неча ўн миллион беайб одамларни жувонмарг қилган бўлса, коммунистик ғоянинг қурбонлари ҳам ундан кам бўлгани йўқ… Мана, шу кезларда ҳам онги ёвуз юқумли ғоя билан заҳарланган кимсаларнинг кирдикорлари туфайли Ўрта Шарқ халқи дарбадар бўлиб, икки миллионга яқин одам Европага паноҳ излаб бораётир. Фашистдан баттар сохта “доҳийлар” зулмидан қочаётган ушбу бечораларнинг бошини меҳр билан силаётганларнинг энг илғори немисларнинг канцлери Ангела Меркел ва унинг халқидир. Улар жаҳон аҳлига эзгу инсоний туйғуларини намойиш қилиб, ибрат кўрсатмоқда. Ангела Меркел 2015 йил 1 ноябрь куни унинг мамлакати бир миллион қочқинни қабул қилишга ҳозирлик кўрганини маълум қилди. Умуман, немис халқи, 70 йилдирки, олийжаноб фазилатлари билан башариятга ўрнак бўлиб келмоқда. Шу туфайли бугун жаҳоннинг Германия ва немис халқига муносабати тубдан ўзгарган.

Меркел хоним ўз халқини бағрикенглик томон етаклар экан, жуда ҳам кўп ички ва ташқи қаршиликларни енгиб ўтишига тўғри келса-да, бу ишларидан толиқаётганини асло сездираётгани йўқ, аксинча, ўзининг ва немис  халқининг инсониятга нисбатан бўлган эзгу истакларини рўёбга чиқариш йўлида иккиланмасдан, изчил илдамлаб бормоқда. Жумладан, Германия канцлери шу кунларда ҳам кўп сонли қочқинларга нисбатан бўлаётган сиёсий ёндашуви тўғри ҳамда адолатли эканлигига қатъий ишонади. Журналистлардан бири охирги пайтлардаги қочқинлар билан бўлаётган кўпгина можароли ҳолатларни назарда тутиб, “Африка ҳамда Суриядан келаётган қочқинлар муаммосига оид ёндашувингизни ўзгартирасизми?” мазмунида савол берганида, Германия канцлери: “Биз ушбу мураккаб пайтда қадам қўйган йўл тўғри ва оқилона йўл эканига қатъий ишонаман”, дея жавоб берди. Шу билан бирга, Меркел хоним мазкур муаммонинг ижобий ҳал этилишида Европа Иттифоқи (ЕИ)ни сақлаб қолиш ҳам ўта муҳимлигини уқтириб ўтди. Хусусан, у “АҚШ” телеканали эфирида: “Менинг қатъий вазифам ҳамда бурчим Европанинг умумий йўл топишидан иборатдир”, дея баёнот берди (ЕИнинг айрим раҳбарлари (Туск) ҳам Европанинг келажаги Германиянинг қочқинларга нисбатан тутадиган йўлига боғлиқ эканлигини тан олмокда). Канцлер миграция кризиси оламида умумевропа тутадиган энг мақбул йўлни топишни ўзининг бевосита масъулиятига киритади ва бу даврни Германия ҳамда ЕИ тарихидаги “жуда ҳам муҳим давр”, деб ҳисоблайди. “Амалдаги канцлер эканман, мен ўз давлатим мунтазам тўқнашаётган муаммоларни ҳар сафардагидай ечишда давом этаман. Бунда энг яхши йўл — осойишталик ҳамда Германиянинг эҳтиёжи ҳимоясидир”, деган тутумда барқарор турган Меркел хонимга “Бугунги Европанинг энг кучли ва қудратли сиёсий арбобидир”, деб баҳо берди Буюк Британиянинг “Тhe Independent”  газетаси.

Албатта, Германиянинг 80 миллиондан зиёд аҳолиси яқдиллик билан аксарияти мусулмон бўлган қочқинларни қучоқ очиб кутиб олаётгани йўқ. Бунинг тагида гап кўп. Айримлар Германияда мусулмонларнинг кўпайиши натижасида ўзларининг ҳам мусулмонга айланиб кетишидан хавфсираётган бўлса, бошқалар — Меркел хонимнинг сиёсий қарашларини ёқламайдиганлар ушбу муаммодан Меркелнинг обрўйини тўкиш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. “Қассобга мой қайғуси, эчкига — жон”, деганларидек, асил ниятини пинҳон тутаётганларнинг чет элларда ҳам қўлловчилари борлигини интернет блогерларининг фикр-мулоҳазалари ҳам тасдиқлайди. “Тез орада энг кўп масжид Германияда бўлади”, “Йигирма йилдан сўнг немис зобитларининг исми Муҳаммад Борман ва Холид Шеккелгруберга айланади”, “Эҳ, россияликлар. Яна Европани халос қилишингиз керак. Фақат бу гал халифаликдан”, “Икки авлод алмашганидан сўнг немислар, худди Америкадаги ҳиндулар мисол, маҳаллий, аммо камсонли халққа айланади” каби масъулиятсизлик билан айтилаётган гап-сўзлар ҳам кимларнингдир тегирмонига сув қуяётгани, шубҳасиз. “Канцлер Ангела Меркелнинг қочқинларни “қутқариш” бўйича танҳо ўзи қабул қилаётган қарори — гуманитар жўшқинлик билан бўялган кибру ҳаво савдойилигидан ўзга нарса эмас, Европа бир неча ўн йиллар мобайнида бунга товон тўлашига тўғри келади. Меркелнинг “очиқ эшиклар  сиёсати” тарафдорларининг кўпчилиги жамиятнинг юқори қатламидаги ижтимоий жиҳатдан ҳимояланган фуқаролардир, улар гуманизм ҳақида  мавҳум тасаввурга эга. Бундай кишилар қочқинлар билан онда-сонда тўқнаш келиб қолишлари мумкин, бинобарин, улар ушбу нуқтаи назарни (А.Меркелнинг қарашларини. — Таҳр.) қўллаб турсалар-да, ҳеч нарсани йўқотмайдилар, шунинг учун ҳам улар қочқинларни қутқариб қолиш учун европаликлар “белбоғини маҳкамроқ тортиб боғласалар”, бўларди, дея ҳисоблайдилар. Лекин жамиятнинг бошқа бўлаги, хусусан, айнан муҳожирлар “аралашиб кетадиган” қисми учун осон бўлмайди. Бинобарин, аҳолининг қуйи табақасида танлаш ҳуқуқи қолмади, чунки улардан қочқинларни чегара билмас равишда қабул қилишга қарши чиққан ҳар бирини қаҳри қаттиқликда ҳамда ксенофобияда айбламоқдалар”, деб ёзган Германиянинг “Deutsche Wirtschafts Nachrichten” газетаси қараши ҳам интернет блогерларининг фикри билан ҳамоҳангдир.

Ана шуларнинг таъсири бўлса керак, Меркелнинг асосий рақиби — Бавариянинг премьер-министри Хорст Зеехофер муҳожирлар оқими тўхтатилишини талаб қилиб, агар 29 январгача хатига қониқарли жавоб олмаса, ушбу хатни нашр қилиш ҳамда Меркел бошқараётган ҳукуматни Конституциявий судга бериш билан пўписа қилди. Бу хашаки дўқ эмасди, чунки Германия Конституциявий судининг кўпчилик аъзолари — консерваторлардир. Бу орада Удо Ди Фабио, Ганс-Юрген Папьер каби судьялар матбуотда чиқиш қилиб, канцлерни муҳожирлар масаласида жиддий хатоларга йўл қўйганликда айблашга ҳам улгуришди. Суд федерал ҳукуматнинг қочқинларга нисбатан бўлган сиёсий ёндашувини ўзгартиришга ҳамда ЕИ чегараларини ҳеч ким қўриқламаётганини инобатга олиб, давлат чегарасини ёпишга мажбур қилиши мумкин. Лекин Меркел билан Зеехофер 28 январь куни қочқинлар масаласида муросага келганлиги маълум қилинди.

Очиғи, Меркел хоним ҳукумат бошлиғи сифатидаги ўн йиллик фаолияти давомида бу қадар мураккаб вазиятга тушмаган эди. Шу боис “Муҳожирлар муаммоси унинг охирги жанги бўлади”, дея кафтини кафтига ишқалаб турганлар ҳам бир талай бўлиб қолди. Янги йил байрами чоғида Кёлнь шаҳрида араб қиёфали эркакларнинг аёлларга тегажоғлик қилгани, ўғрилик содир этилгани, аёллардан бири зўрлангани ҳақида полицияга юзга яқин ариза тушганлиги эса канцлернинг қочқинларга нисбатан юритаётган сиёсатини ёмонотлиқ қилишга яхши баҳона бўлди. Лекин қатъиятли хоним обрўсининг туширилишига осонликча йўл қўядиганлар тоифасидан эмас. У Кёлндаги тажовузкорликка кескин жавоб беришни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, барча имкониятларни ишга солиб, келиб чиқишидан қатъи назар, жиноятчиларни тезда топиш ва жазолаш шарт.

Ачинарлиси, Лейпцигда ҳам оммавий тартибсизликлар содир этилди, бир неча минг кишилик қочқинларга қарши намойиш бўлиб ўтди, Кёлнда чет элликларга бир неча маротаба ҳужум уюштирилди — бу ҳаракатлар Янги йил арафасидаги зўравонликларга қасдма-қасд содир этилаётганига полициянинг ишончи катта.

Германия адлия ҳамда истеъмолчилар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш вазири Хайко Маас 5 январь куни барча қочқинларни ёппасига айблашдан эҳтиёт бўлишга, қочқинларни тушунишга чақирди: “Кимлардир бу тажовуз сабаб қочқинларни камситишига йўл қўймаслик керак… Мабодо паноҳ истаб келганлар ичида жиноятчилар бўлса, бунинг учун барча қочқинлар айбдор эмас”. Бундан илгарироқ Германия мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен хоним ҳам ҳамма қочқинларни сўраб-суриштирмасдан, бирваракайига жиноятчи деб гумон қилишдан сақланиш кераклигини таъкидлаган эди. “Биз ҳозир террорчилар ҳамда қочқинлар ўртасига тенглик белгисини қўйиб хато қилмаслигимиз лозим”, — деди у 2015 йилнинг 16 ноябрида “Раssаuег Nеuе Ргеssе” газетасига берган интервьюсида.

“Вrеitbart” ахборот манбасининг ёзишича, айнан Германия ҳамда унинг канцлери Ангела Меркелнинг муҳожирлар масаласидаги тутуми европаликларнинг сабр-косасини тўлдирди. Бундай “тоқатсизлар” ҳаттоки Меркел хонимни узр сўрашга чақиришгача етиб бордилар. Лекин канцлернинг қочқинларга нисбатан бўлган дўстона муносабати, қолаверса, Германия Яқин Шарқдан келаётган муҳожирларга кўрсатаётган меҳмондўстлиги учун узр сўрашни зарурат деб билмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига биноан, Женева Қочқинлар конвенциясига биноан муҳожирлар Европада қолишлари мумкин, чунки улар уруш ҳамда террор қирғинларидан қочаяпти. Шу билан бирга закий сиёсатчи қочқинлар интеграцияси зарур эканлигини, чунончи, иқтисодий мақсадни кўзлабгина келганлар Европани ташлаб кетиши кераклигини ҳам уқтириб ўтди. “Акс ҳолда биз кўмагимизга зор бўлиб турганларга ёрдам қила олмай қоламиз”, — деб тушунтирди у.

Бундай тортишувларнинг авж олиши бежиз эмас, албатта. Еврокомиссия берган баёнотга биноан, бугун жаҳонда рўй бераётган қочқинлар муаммоси иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда энг фожиали ва улкан муаммоларни келтириб чиқарди.

Шу ўринда иккинчи жаҳон уруши даврида фронт яқинидаги ўлкалардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган минглаб оилалар тақдирини эсга олмоқ жоиз. Гарчи улар “қочқин” деган ном олмаган бўлса-да, уруш туфайли бору йўғини ташлаб, юртимиз — Ўзбекистонга келган эдилар. Халқимиз эса уларни азиз меҳмон сифатида кутиб олди, уйининг тўрини берди, ўзлари ҳам очин-тўқин кун кечирса-да, бир бурда нонини аямади. Бундай бағрикенглик, саховат ва меҳмондўстлик ҳақида уруш даврида юртимизни макон тутган турли миллат вакилларининг ўзлари, ҳозирги кунда уларнинг авлодлари тўлқинланиб сўзлашади. Бу эса яхшиликнинг умрбоқийлигини кўрсатади. Бугун араб мамлакатларидан Европага паноҳ излаб бораётган муҳожирлар ҳам саёҳатчилар эмас, балки чорасиз мазлумлар, бинобарин, уларга жой бериш инсонпарварлик намунасидир.

“Ҳақиқатан ҳам, биз яшаётган давр жуда ҳам мураккабдир. Лекин бунинг уддасидан чиқа олишимиз (мушкулотнинг ечимини топиш назарда тутилмоқца. — Таҳр.) ҳам ҳақиқатдир, чунки Германия — кучли, қудратли мамлакат”, — деди Меркел хоним. Қочқинлар ‘Германиянинг маданий ҳаётини бойитиши”га ишонишини айтар экан, канцлер юртдошларини христиан дини арконларига таянишга ундади. “Биз — христианлармиз дея олишимиз учун мардлигимизни намойиш этишга рухсат беринг. Биз мусулмонлар билан дўстона суҳбат қурамиз дея ўз олийжаноблигимиз ва бағрикенглигимизни ифода этишга изн беринг”, — деди чиқишларидан бирида канцлер. У ўз халқи қудратига, ўз давлати кучига ва ўзи олиб бораётган сиёсат ҳақ эканига ишончи қатъий бўлгани сабабли мусулмонлар ҳамда христианларни ўзаро дўстона муносабатларга чақирмоқда. Бундай чақириқ билан бирор-бир кўзга кўринган давлат арбоби шу пайтгача жаҳон майдонига чиққанлиги маълум эмас! Меркел хоним диний низолар инсоният бошига мислсиз кулфатлар ёғдириши мумкинлигини назарда тутиб, инсониятни кеч бўлмасдан ушбу хатардан сақлаб қолишга ундамокда!..

Шу ўринда бу аёлнинг оқилона ва бағрикенглик билан сиёсат олиб бораётганига бир мисол. Қочқин қизалоқ Реем Саҳвил тез кунларда оиласи мамлакатдан чиқариб юборилишини (депортация) билгач, беихтиёр йиғлаб юборганида Ангела Меркел югуриб унинг олдига борди ва уни овутиб, 2017 йилнинг 17 октябригача Германияда қолишига рухсат берди. Бу Меркел хонимнинг қалбида оналик туйғуси сиёсий арбоблик бурчидан баланд эканини кўрсатади. Энг муҳими, Реемга кўрсатилган мурувват билан Меркел хоним минглаб муҳожирларга йўл очиб берган эди. Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, Германияга келган қочқинларнинг 70 % меҳнатга лаёқатли бўлиб, қочқинларнинг 40 % ушбу мамлакатда қолиши мумкин. Статистик маълумотларга кўра, қочқинлар паноҳ топишни истайдиган мамлакатлар ичида энг қулай Европа мамлакати бу Германия экан. БМТ Қочқинлар бўйича комиссияси берган маълумотга қараганда, 2014 йили Германия бошпана сўраганлар сони бўйича (173 100) биринчи ўринда бўлган. 2015 йилнинг ноябрь ойи охирларигача Германияга 965 минг қочоқ бошпана топган. Бу бир йил аввалгидан беш баробар кўпдир.

Таассуфки, ҳукумат бошлиғининг қочқинлар бўйича бераётган топшириғини барча амалдорлар ҳам сўзсиз бажараётгани йўқ. Масалан, аввалги тартибга кўра, қочқинлар Германияда уч йил муддат билан қолишлари ҳамда оилаларини ҳам олиб келишлари кўзда тутилган бўлса, ички ишлар вазири Томас де Мезьер бу муддатни икки йилга қисқартиришни ҳамда оилаларнинг олиб келинишини ман этиш таклифи билан чиқди. Канцлернинг қочқинлар ишлари бўйича вакили Петер Альтмайернинг тан олишича, ҳозирда ички ишлар вазирининг таклифи кучда қолмоқда…

Шунга қарамай, Германия ҳукумати немис жамоатчилиги орасида исломга қарши кайфият кучайишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, 2015 йил Германия канцлери Ангела Меркел биринчи бор мамлакат ҳукумати бошлиғи мавқеида Рамазон ойи ифторлигида иштирок этди. “Ислом, бу — Германиянинг бир бўлаги эканлиги очиқ-ойдиндир”, деди Меркел хоним, Германия ташқи ишлар вазирлиги расмий қароргоҳидаги ифторликда иштирок этаётган меҳмонларга мурожаат этар экан. Шу билан бирга, у Рамазонга тафаккур қилиш, руҳий-маънавий юксалиш ойи деб баҳо бериб, содир этилаётган кўпдан-кўп зўравонликлар ҳамда қўпорувчилик ҳаракатлари исломга тааллуқли дея талкин килинаётганидан ачинаётганини билдирди.

Аслида, Германия канцлери бу борада ҳам аввалроқ барчага ибрат кўрсатган эди. Жумладан, 2015 йилнинг январь ойида Францияда қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилганидан сўнг Ангела Меркел мамлакатдаги мусулмонларни ўз ҳимоясига олажаги ҳамда мусулмонларга қарши ҳар қандай ноўрин хатти-ҳаракат ва Германиядаги масжидларга бўладиган ҳар қандай ҳужумга нисбатан қатъий жавобгарлик белгиланиши ҳақида баёнот берди. Унинг сўзларига биноан, Германияда диний нифоқлар қўзғаш, “ҳеч қандай умумий шубҳага бориш” мумкин эмас. “Мен Германия канцлери сифатида бизнинг мамлакатдаги мусулмонларни ҳимоямга оламан, буни ушбу бинода жамланганларнинг барчаси (Бундестаг депутатлари , — М.Т.) ҳам бажаради”, деди канцлер. У Германиядаги тўрт миллионга яқин мусулмон ўз динларига эътиқод қилаётгани, жойларда диний таълим берилаётгани, ислом теологияси кафедралари мавжудлиги, етакчи немис сиёсатчилари ва мусулмон жамоалари вакиллари иштирокида турли диний анжуманлар ўтказиб турилганини билдирди.

Европага қочиб ўтаётган муҳожирлар фақатгина сиёсий-ижтимоий босимларга дуч келаётгани йўқ, улар соғлик масаласида ҳам жиддий муаммоларни бошдан кечиришмоқда. Болқон мамлакатларидаги қочоқлар лагерларида ишлаётган Халқаро тиббиёт корпуси ҳамда “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти мутахассислари қишнинг қаҳратонида улар орасида турли хасталиклар кескин ортиб кетганини қайд қилишди. Жанубда Македония, шимолда Хорватия билан бўлган Сербия чегарасидаги қочоқларнинг асосий масканида муҳожирларга тиббий ёрдам, иссиқ кийим ва егулик таклиф қилишган. “Мен Суриядан уч ҳафта олдин қочиб келган Ал-Маъарийнинг оиласи билан учрашдим, — деб ҳикоя қилади журналистлардан бири. — Уларнинг тўрт боласи бўлиб, кичкинаси эндигина икки ёшга тўлган. Етти яшар Муҳаммадни бронхит ва юқори ҳарорат қийнаяпти. “Биз ўлим йўлидамиз, — дейди Муҳаммаднинг амакиси Ияд Маъарий. — Биз-ку, амал-тақал қилиб чидаймиз, лекин болалардан хавотирдаман, ахир, совуқ, касаллик ва очликка улар қандай дош беришади”. “Биз бундай ҳаётни ҳеч қачон истамаган эдик… Суриядаги уруш тезроқ поёнига етсайди, асосий орзуимиз шу”, — дейди кўзида ёш билан Муҳаммаднинг онаси Малак. У кўрган-кечирганларидан тушкунликка тушган… “Баъзи одамлар бизга бир кўриниш берганидан сўнг бошқа тиббий ёрдамдан воз кечишяпти, — дейди Сербиядаги “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти мутахассиси Туна Туркман. — Касалхонага жўнатган такдирингизда ҳам боришмаяпти. Улар фақатгина олға юришни исташади… Мабодо фавқулодда чегараларни ёпиб қўйишса, борми, улар ҳамма имкониятдан маҳрум бўладилар”, — деб қўшимча қилади Туркман”.

Қочқинлар муаммосини ҳал қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбир олиб боришга интилаётган Ангела Меркелнинг фикрича, ЕИ-Туркия дастури муҳожирлар муаммосини ва қочқинлар оқимини ҳал қилувчи дастурдир. “Мен ушбу йўл учун курашяпман”, дея алоҳида уқтириб ўтди Меркел хоним. Дарҳақиқат, у охирги пайтларда Туркияга қочқинларни ўз ҳудудида сақлаб туриши учун 3 млрд. евронинг берилишини тезлаштириш йўлида кўп жонбозлик кўрсатди. “Биз яна бир бора элчиларни (ЕИдаги вакилларни. -М.Т.) Туркия ихтиёрига қочоқларни қўллаб туриш дастури бўйича 3 млрд. еврони ўтказиш механизмини ишлаб чиқишни тезлатишга чақирамиз”, — деди у ЕИ саммитида. Бу борадаги муваффақияти Германия канцлери Ангела Меркелнинг мигрантлар сиёсати бўйича эришган улкан ғалабаларидан биридир.

Рақибларининг кўплиги ва кучлилиги, айни пайтда, Ангела Меркелнинг ҳам рутбаси баланд сиёсатчи эканини кўрсатади. Кейинги йилларда унинг обрў-эътибори жаҳон миқёсида ошиб бормоқда. “Тimе” журнали ҳамда “Тhе Financial  Тimes” газетаси уни “Йил одами” деб эътироф этди. Меркел хоним охирги ўттиз йил мобайнида ушбу унвонга сазовор бўлган биринчи аёлдир. “Меркел Европанинг энг иқтисодий ривожланган давлати раҳнамоси сифатида қатор баҳсли даъватлар, Россия билан келишмовчилик, муҳожирлар муаммоси, Грециянинг қарздорлик муаммоларини ҳал этиш ҳамда “Ислом давлати” ҳужумларига қарши тура олиш қобилияти бор эканини кўрсата билди”, дейилади журнал таҳририятининг изоҳида.  “Тimе” журнали 2006-2007 йилларда ҳам Германия канцлери Ангела Меркелни жаҳоннинг энг эътиборли юз одами сафига қўшган эди. “Forbes” журнали эса, Ангела Меркелни охирги ўн бир йил ичида саккиз марта жаҳондаги энг эътиборли аёл деб эътироф этди. Маърифатли немис халқи ҳам унинг хизматларини тан олади, Меркел хонимнинг ўз юртига бўлган меҳрини қадрлайди. Шу боисдан Ангела Меркелни юртида бир неча йилдан бери “Мuttеr dеr Natiоn” (“Миллат онаси”) дея атай бошлашди.

* * *

Ангела Меркел! Охирги йилларда ушбу немис аёли тимсолида кўз олдимда Меҳрибон Она сиймоси гавдаланадиган бўлди. Эндиликда “немис” сўзини эшитсам, Гитлернинг жирканч қиёфасини эмас, бошига оғир савдо тушган миллионлаб кулфатзада юракларни қутқаришга ошиқаётган, минглаб бегуноҳ гўдаклар ва турфа тоифага мансуб жабрдийда инсонлар ҳаётида юз бераётган кўплаб муаммолар ечимига чора истаётган ва улар ҳаётини изга солишга, мусофирларнинг бошини силаб, уларнинг инсондай яшашига йўл қидираётган олийжаноб аёл — Ангела Меркелни тасаввур қилаяпман.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!