Мансурхон Тоиров. Зарифа опанинг чўққиси (2008)

Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
Абдулла Орипов

Табаррук, муқаддас жойларни зиёрат килиш кимгадир эрта, яна кимгадир кеч насиб килар экан. Энг мухими, насиб қилишида. Улуғ инсонларнинг хаёт йўллари билан якиндан танишиб, уларнинг изтиробларини ҳис этиш ҳам зиёратдек гап. Бу сатрларни ёзишимга Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китоби мутолааси сабаб бўлди. Эндиликда бу асар китоб жавонимдаги «Навоий», «Қутлуқ қон» романлари қаторидан ўрин эгаллади.
Ўсмирлик йилларимда «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ўқиганимда туғилган ажиб бир ҳиссиёт ушбу китобни ўқиганимда ҳам қайта уйғонгандек бўлди. Мен Ойбек домланинг барча асарларини бўлмаса ҳам, кўп китобларини такрор-такрор мутолаа қилганман. Уларнинг қаҳрамонлари билан ҳамнафас бўларканман, адиб-нинг ўзи билан ҳам сирлашгандек бўлганман. Зарифа опанинг хотира ки-тобини ўқиганимдан сўнг Ойбек ижодини, айниқса, адиб умрининг охирида ёзган асарларини қайтадан ўқиш нияти туғилди.
Аёл зотининг буюклигига шубҳа йўқ. Машҳур француз ёзувчиси Оноре де Балзакнинг «Миллатнинг келажаги оналар қўлида» деган эътирофи шунчаки баландпарвоз гап эмас. Балзакнинг бу ҳақиқатига кенгроқ маънода қарасак, «Инсониятнинг келажаги оналар қўлида» деган тўхтамга ҳам келишимиз мумкин…
Китобни мутолаа қилганимда келган хулосам шуки, тақдир бу икки Шахсни учраштиргани фақат улар муҳаббатининг натижасигина эмас, балки ўзбек маданиятининг ҳам бахтидир. Агар адибнинг ёнида Зарифа опадек умр йўлдоши ҳамнафас бўлмаганда эди, Ойбекнинг ўзи ўттизинчи ва эллигинчи йилларнинг қора тўфонларини мардона енгиб ўта олиши даргумон бўларди. Ойбек ҳам шоир, ҳам адиб. Унинг ижодидан хабардор бўлган ҳар қандай ўқувчи адиб асарларидаги бадиият Зарифа опанинг юрак тафтидан ҳам бахраманд эканига амин бўлади. Зарифа Саидносирова Ойбек билан бир умр ҳамфикр, энг яқин сирдош, маслаҳатгуй ва биринчи ўқувчиси бўлиш билан баробар ўзи ҳам етук ади-ба даражасига кўтарилганлиги «Ойбегим менинг» китобида руй-рост намоён бўлиб турибди…
Бир вақтлар давр тақозоси билан «Марксизм-ленинизм» кечки университетида ўқишимга тўғри келган. Ўшанда Иванов исмли тингловчи: «Аёлларда маълум ёшдан сўнг аклий фаолият сусая бошлайди», деган фикрни ўртага ташлаган эди. Ўшанда мунозара роса авж олган. Қизларимиз балоғат ёшига етгач, оила қурадилар, илм олиш масаласи иккинчи ва учинчи даражали мақсадга айланади. Афсус… Бунга урф-одатларимизнинг «нозик томонлари», хаёт тарзимиз ҳам сабабчи. Улар яхши она, саришта уй бекаси, вафоли ва гўзал ёр бўлиш ҳаракатига тушадилар. Яъни илм олиш, кашфиётлар қилишдан чалғийдилар. Агарда аёлларимиз ва қизларимиз эркаклар каби бир умр ҳеч нарсага чалғимасдан илмий кашфиётлар орқасидан интилишганида борми, инсоният балки бундан бир неча юз йиллар илгари ўзининг ҳозирги тараққиёти даражасига етиб келган бўлармиди?! Лекин, афсуски, инсоният тараққиёт йўлини танлаганда ақлий куч эмас, аксинча жисмоний куч етакчилик қилган. Эркакларнинг жисмонан бақувват эканлиги қизлар ва аёлларнинг ўз истеъдодларини тўла намоён қила олишларига имконият бермаган.
Биологлар дунёдаги энг етук мавжудот аёллар эканини аллақачон исботлаб беришган! Оилани ушлаб қолиш, тушкунликка тушган эрнинг кўнглини кўтариш, кейинги наслларни тарбиялашдек мураккаб вазифа инсониятнинг сара ақл эгалари бўлган аёллар зиммасида… Бундай қисматдан онда-сонда озод бўлиб, юмушлари енгиллаган аёлларимиз етиб борган марраларни унча-мунча эркаклар эгаллай олмагани ҳам сир эмас. Нобел мукофоти мустасно тариқасида Мария Складовская-Кюри (1903-11), Л.Полинг (1954-1962) ва Ж.Бардин (1956-72)га икки мартадан берилган. Саналардан кўриниб турибдики, Мария фанда эришган ютуқ-ларини эркаклар қарийб эллик йилдан кейингина такрорлай олишган.
Тарихда бундай мисоллар кўп. Бу фикрларнинг исботини Зарифа Саид-носированинг ўзи олим сифатида эришган чуққилар ҳам кўрсатиб турибди.
Ойбегим менинг» китобида учраган баъзи бир кимсаларнинг номларини ўқиб Алишер Навоий хазратларининг «Нопок эрдин яхшироқ, пок хотунларнинг оёғи изи» деган ҳикмати ёдга тушади. …Залворли туйғуларнинг оғриғи ҳам кучли бўларкан… Шу боис Зарифахонимнинг айрим шахсларга, давр сиёсатига нисбатан қилган ишораларида синчков китобхон ҳеч ҳам кечириб бўлмас туйғу зарбасини сезиши табиий. Шу боис яна бир карра Зарифахонимнинг журъатига қойил қоламан. Бизгача етиб келган Тумарис онамиз ҳақидаги тарихий ривоят шунчаки афсона эмас, аслида ҳақиқат эканлигига ич-ичдан иқрор бўласан киши. Бугун бизга экранларимизни кун сайин буткул эгаллаб олаётган турфа хорижий сериаллар эмас, балки тарихий ҳақиқатга суянган ҳолда Абдулла Қодирий, Чўлпону Фитратларнинг қамоқхоналардаги азоб-уқубатларини тўкис гавдалантириб берадиган, Ойбек ва Зарифахоним ўтган йўлни асл холича кўрсата оладиган бадиий филмлар, миллий сериаллар керак.
Назаримда, шўроларнинг сиёсий қатағони қурбони бўлган Саидносирбойдек миллатпарвар отанинг беназир тарбиясини олган Зарифа Саидносирова кўтарилган маънавий чўққи ҳам Бибихоним, Зебунисо, Нодирабегимлар эгаллаган чўққидан асло кам эмас. Табиийки, Ойбекдек буюк бир сиймони ардоқлай олган инсоннинг сийрати ҳам буюкдир.
Ёшларимиз, истеъдодли қизларимиз ана шундай улуғ оналаридан ибрат олсинлар. Хаётда ҳам, илм ва ижодда ҳам ўз момоларига муносиб бўлсинлар, дегим келади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008-йил, 25-январь, № 4 (3936)