Бойбўта Дўстқораев. «Ҳуррият»нинг кўксига гул тақайлик» (2007)

Абдулҳамид Чўлпон жўшқин шеъларида Ватан озодлиги, мустақиллигини бор овоз билан куйлаганини ҳозир деярли барчамиз биламиз. Айни пайтда у ҳуррият, эрк йўлида  фаол бир фуқаро сифатида ҳам жонбозлик, фидойилик кўрсатган инсондир. Оташин шоир ҳам ижоди билан, ҳам ижтимоий фаолияти билан мустақиллигимиз йўлида ёниб яшаган инсонлардан бўлган…

1917 йил феврал тўнтариши оқибатида чор ҳукумати  йиқитилгач, юртдошларимиз назарида гўё мустабидлик даври тугаб, ҳуррият, эрк ва озодлик замони етиб келгандек бўлган. Ҳадемай Ватанлари мустақиллик эпкинидан яшнаб, диллари қувонч­дан яйраб кетадигандек, асрий орзулари ушаладигандек  туюлган. Бунга қаттиқ ишонганлари ҳолда ҳуррият, мустақилликка тезроқ етишиш учун курашга отланганлар. Шоир Чўлпон ҳам бор кучини, ғайратини, шижоатини бу эзгу мақсадга эришиш учун сарф эта бошлаган. Унингча, бу муқаддас йўлда ҳеч ким бефарқ туриши мумкин эмас. Бефарқгина эмас, бу мақсад ҳар бир киши ҳаётининг мазмуни, қилиниши фарз деб билган иши бўлиши керак. Тимсолли айтганда, чинакамига «иш вақти – ишлаш вақти» келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, кавказлик машҳур режиссёр ва актёр Миракбар Хонтолишскийнинг бу қадар масъулиятли пайтда Туркистонга келиб «хотиржам» гастрол бериб юриши Чўлпонга ғалати бўлиб туюлган, таниқли сиймонинг шундай ҳаракатини «ҳазм» қилолмаган. У атоқли санъаткорга очиқ хат билан мурожаат қилади. Унинг мактуби «Иш вақти – ишлаш вақти!» сарлавҳаси остида Абдулла Авлоний муҳаррирлик қилаётган «Турон» газетасининг 1917 йил 22 апрел сонида эълон қилинган.  Хонтолишский — Туркистонга меҳмон. Шоир Чўлпон аччиқ бўлса-да, дилига тинчлик бермаётган гапларни  очиқ айтади: «Русия катта. Русия, унда яшайдиган кўб миллионлар халқ  300 йиллик оғир бир тожни тагидан зўрға қутулди. Бир одамнинг қўлида тақдири ўюнчуқ бўлуб юрғон кўб миллионлар халқ золимнинг қўлидан (тақдир)ини тортуб олуб, ўзи идора этмакка бошлади». Русиядаги «мусулмон қавмлар учун бу воқеа иккинчи бир яратилиш, иккинчи бир туғилиш, иккинчи бир дунёга келишдир». Улар «букунги кунда ўзларига берилган, ўзларининг миллий ва маданий ишлариға йўл очадурғон бир қанча ҳуқуқ ва праволарин эблаб жойлаб ола олурларми? Бу саволнинг жавобини ўзум қисқагина бериб ўтаман: Русия мусулмонлари ўшал ҳуқуқ ва праволарни сақлаб қолуб ишлата олурлар шул вақтдаки, унинг ҳамма зиёли ёшлари ўзларига букунги  кунни: «Иш вақти – ишлаш вақти!» деб шиор қилиб олсалар». Чўлпон ёзадики, Петроград, Москва, Қозон, Уфа, Оренбург, Тошкент, Боку, Тифлис ва бошқа шаҳарлардаги мусулмон қавмлари, хусусан, уларнинг ғайратли ёшлари «ҳурриятойим» бетларидаги қора чиммат – зулм ва истибдод пардасини олиб ташлаб, ҳамма оламнинг кўзига «Адолат ва мусовот, ҳамма миллатларнинг миллий ўсишларига кенг йўл!» деган муборак пок сийнасидаги ёзувни кўрсатуб чиққандан бери ўзларининг хусусий тирикчиликларини тамом ташлаб, «ойим»нинг сочқон гулларини теришка, улардан кўчатлар олуб миллат боғчасининг муборак, пок сийнасига ўтқузушка урундилар. Муҳаррир (ёзувчи – Б.Д.) қаламини, шоир шеърини, мудир (газета муҳаррири – Б.Д.) идорасини, муаллим ўқутушини, артист ўюнини бир неча кунга ташлади. Югуриб, чопуб кетди «ойим»нинг муборак гулларини теришка! Бу орада қофқосияли артист Хонтолишский жаноблари атрофига бир неча «артист» (?) ларни тўплаб театр ўйнаб юрубдур. Ажабо!… Дуруст, Хонтолишский яхши бир артист, ондан умидим кўб, орқасидаги «артист» (?) ҳам, эҳтимол, дуруст­дирлар. Аммо ҳозирги ўйналуб турган «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» номлик мингларча пардалик драмадан рул олмағон артист, тўғриси, «орсиз»­дир».

Шундай нозик бир пайтда, «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» замонида шоир Чўлпоннинг ўзи миллатдошларининг истиқлоли ва истиқболи учун нимаики қилиш зарур бўлса, уни амалга ошириш учун қўлидан келганча ҳаракат қилиш намунасини кўрсатди. «Бу менинг қўлимдан келмайди», деб четда туришни «орсизлик» деб билди. Дарвоқе, Миракбар Хонтолишский ҳам Чўлпоннинг таънасини  тўғри тушунган шекилли, Туркистон шаҳарларида саҳна асарлари намойиш қилиш билан бирга, сиёсий-ижтимоий ҳаётда ҳам фаол иштирок қилган. 1917 йил сент­ябр ойида Тошкентда Туркистон мусулмонларининг учинчи съезди бўлаётган пайтда Хонтолишский сўзга чиқиб, Эронда ғалла мўл, у ерда қанд етишмайди. Туркистонда эса, бунинг акси. Эрондан қанд эвазига ғалла олиб келишни ташкил этиш керак, деган таклиф билан чиққанини ўша давр газеталари ёзган. Мазкур йилнинг ноябр ойида Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилган ўлка мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда съездига Самарқанддан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Акобир Шоҳмансуров, Шамсиддин Иброҳимов ва Абдурауф Фитратлар қаторида бешинчи бўлиб Хонтолишский ҳам делегат этиб сайланганди. Демак, Миракбар Хонтолишский ҳам «орсизлик» қилишдан ор қилган кўринади.

1917 йилнинг апрелида Туркис­тон мусулмонларининг съезди бўлиб ўтганди. Унда Туркистонга мухторият бериш масаласи қўзғалганда, айрим қардош халқлар вакиллари: «Сизлар мухторият олган билан, ҳозир уни бошқарадиган кадр­ларга эга эмассизлар», деганди. Шунда атоқли сиймо Маҳмудхўжа Беҳбудий сўзга чиқиб, бизда мухториятни бошқариш учун кадрлар етарли бўлмаса-да, унга ҳозир эришмасак, эртага кеч бўлади. Мухториятни бошқарадиган кадрларга келганда, уларни Волгабўйи, Кавказдаги қар-дошларимиз бериб туради. Ўзимизнинг кадрлар етарли бўлгунча улар ёрдам берадилар, деганди. Бу гаплар беҳудага айтилмаган. Мухторият, мустақиллик сингари нозик масалаларни юзага чиқариш учун курашга киришиларкан, энг аввало, қардош халқлар, қондош қавмларнинг мададига умид кўзлари тикилганди. Шу боис феврал тўнтаришидан сўнг туркистонликлар ҳуррият, озодликка эришиш йўлидаги ҳаракатларида баҳамжиҳат бўлиш, маслаҳатлашиш учун туркий қавмлар яшайдиган жойларга ҳайъатларини юборишни лозим деб билдилар. Ана шундай ҳайъат, фарғоналиклардан таркиб топган гуруҳ Кавказдаги биродарлари ҳузурига отланади. Самарқандда нашр этила бошлаган «Ҳуррият» газетасининг 1917 йил 15 август сонида мазкур ҳайъатнинг поездда кетаётиб ёзилган мухтасаргина мурожаати босилганди. Мурожаат юртдошларга йўлланган бўлиб, унга ҳайъат аъзоларидан Зуннунбой Қутлуғбоев, Фотиҳ Бахтиёр ва Абдулҳамид Сулаймонлар имзо чекканлар. Улар феврал тўнтаришидан кейинги вазиятни шундай баҳолашади: «Бахтимиз, тақдиримиз, ёзиш-ёзмишимиз қартага қўюладур. Ё ютуб, дунёда тинж ва ҳур яшайиш учун асослар қурармиз, ё ютулуб дунёда яна илгаригидай сиқилуб эзилишка маҳкум бўлурмиз. Мундай бир замонда сўнгғисидан қутулиш учун ҳар тарафда тарқалган «турк»­ларнинг, «Турон» болаларининг бирлашишлари лозим. Шунинг учун Қофқозда биздан, Туркистонда Қофқоздан, Вўлғабўйидан бизда, биздан Вўлғабўйинда ҳайъатлар, вакиллар бўлушка  керак. Бошқа тарафдагиларга ҳозир вақт номуносибдур». Шундан сўнг ҳайъат аъзолари у ерга боришдан кўзланган мақсадларини баён қилишган: «Ул ердаги турк қардошларимизга Туркистон туркийларининг иссиқ саломларини олуб борамиз, ўз аҳволимизни уларга баён қилуб, ёрдамчи ёшлардан, ишлайдургон кишилардан чақирамиз, уларнинг аҳволларини тегшируб, билуб, ўз ватандошларимизга баён қилурмиз, ҳарна бўлса ҳам бирлашдирамиз, мақсад бирлашишлик, турклик!» (Ҳайъат аъзолари юртдошларидан ўзларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларини сўраган).

Бу ҳайъатда қанча киши ва улар кимлар бўлгани ҳозирча бизга маълум эмас. Лекин уларнинг эл учун, юртдошлар учун қўлларидан келганча ҳаракат қилганлари аниқ. Биргина факт. 1917 йилнинг 8 сентябрида Туркистон мусулмонларининг учинчи қурултойи иш бошлаганди.  Абдулҳамид Сулаймон (Чўлпон) қурултойнинг иккинчи куни сўзга чиқиб шундай деганди: «Қофқоздан келдим. Онда (Шимолий Қофқозда) ғалла ниҳоятда кўб, қайда сотишни ҳам билмайдурлар. Аммо шул ерга яқинғина турғон Бокуда очлиқ ҳукм сурадур. Бунинг сабаби нақлиёт (транспорт – Б.Д.) ишларининг тартибсизлиги, темир йўлларнинг танглигидур. Йўқса, Русияда ошлиқ оз эмас, фақат тевишли ўринларға кўчирилмаганликдангина баъзи бир ўринда очлиқ давом этадур. Қофқозиёда ошлиққа қатъий баҳо қўюлғон йўқ. Оқ ноннинг қадоғи 6-7 оқчаға сотилур. Хулоса, нақ­лиёт иши бир тартибка қўюлғонда очлиқдан қутулиш мумкин» («Эл байроғи» газетаси, 1917 йил 28 сентябр. /Адабиётшунослигимизда  шу пайтгача Чўлпон 1920 йилдагина Кавказ (Боку)га борган, деб ҳисоблаш мавжуд эди./).

Бу гапларни Чўлпон съезд озиқ-овқат масаласини муҳокама қилаётганда айтган. Дарвоқе, 1917 йилга келиб ўша пайтдаги Россиянинг кўпгина ҳудудларида очлик юзага келганди. Бу, аввало, чўзилиб кетган Жаҳон уруши сабабли бўлса, иккинчидан, мамлакатнинг талайгина ғаллакор минтақаларидаги қурғоқчилик туфайли эди. Очлик Туркистонда ҳам даҳшатли тус ола бошлагани ҳақида ўша давр матбуоти ёзган. Демак, ўз даврида Чўлпоннинг (ҳали йигирма ёшга ҳам тўлмаган) халқ бошига тушган оғир кул-фатни енгиллатишга интилгани ва бу йўлда зиммасига масъулиятли вазифаларни ола билгани кишини ҳайратга солади.

Кавказга борган ҳайъат нима ишларни амалга оширгани ҳақида ҳисобот қолмаган. Ҳар ҳолда, ўша даврда туркий қавмлар учун ҳам муштарак бўлган сиёсий-ижтимоий масалаларни кавказлик қардошлари билан муҳокама этган бўлиши табиий.

Чўлпоннинг «Иш вақти – ишлаш вақти!» сарлавҳали мақоласидан сиёсий-ижтимоий вазият тақозоси билан шоир шеър ёзишини бирмунча қўйиб туриши керак, деганини ўқидик. Лекин… ҳар қалай, шоир шеър ёзишини ташлай олмас экан. Чўлпон Кавказга ҳайъат таркибида кетар экан, «Турк саломи» деган шеърини ёзган. Шеърнинг бошланғич қисми «Ҳуррият» газетасининг 1917 йилги 29 август сонида босилган. Таассуфки, унинг иккинчи қисми, «Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 12 январ сонидаги эътирофича, таҳририятда йўқолиб қолган.

1917 йил туркистонликлар учун ҳам  йирик тарихий воқеаларга бой  бўлган. Икки тўнтариш (феврал ва октабр), Туркистон мухториятининг эълон этилиши биргина йил учун кўпмасмикан? Бунга баҳо беришни «она тарих»нинг ўзига ҳавола қилиб қўя қолайлик… Чўлпон ушбу ўзгаришларнинг ҳар бирини ўта зийраклик билан кузатган. Фақат кузатибгина қолмаган, муносабатини билдирган, у ёки бу тарзда фаолият кўрсатган. Шу нуқтаи назардан қараганда, унинг Туркистон мухторияти эълон қилинишига муносабати, айниқса, бошқача бўлган. Буюк тарихий кун муносабати билан Қўқон аҳолисининг шодиёналари (митинглари)да халқнинг руҳини кучайтириш мақсадида шеърлар ўқиган, оташин нутқлар сўзлаган… Матбуотда Мухториятни сақлаб қолишга даъват этувчи чиқишлар қилган. Жумладан, «Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 12 январ сонида «Онанинг жавоби» шеъри эълон қилинган.

«Эл байроғи» газетасининг 1918 йил 26 январ сонида эса Чўлпоннинг «Умид сиздан! (Мухторият эълон этилди!)» сарлав­ҳали мақоласи босилади. Унда Туркистон мухториятини дўстлар ҳамда душманлар қандай кутиб  олишгани ҳақида сўз юритилиб, «Дўстларимиз: «Муборак бўлсун, хайрлик натижаларини кўри­нгиз!» дедилар» дея уларнинг севинганларини билдирса, душманларнинг қандай ҳолга тушганини сал туманли тарзда англатади: «Энди болшевикларга келсак, — деб ёзади у, — уларнинг назарлари жуда очиқ ва қатъий: «Бизнинг сўзга унасанг унадинг, унамасанг – шоп! Бошларингда Красная гвардиянинг… қиличи кўпалакдай (капалакдай — Б.Д.) пирилдар… Хўбми – хўб, бўлмаса, Аллоҳу акбар!» Мана шундай ҳоллар умидсизлик уйғотади, деб ёзади муаллиф. Аммо… юртимизда шундай ижобий ҳодисалар ҳам бўляптики, улар кўнгилда умидлар уйғотади (айримларини санаб кўрсатади). «Булардан умид, булардан иймон, булардан руҳ кўрунадир. Булар бизнинг истиқболимизнинг, келадур­ғон йўлимизнинг чақириқлари, аломатлари, белгиларидир. Турклар, турк уруғлари, турк эллари инқирозга, йўқ бўлишга маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлғон Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатларини тиргизарлар… Туркис­тон номи бор вақтда Туркистон улуғдур, зўрдур, ул 100 миллиондан ортиқ кучга таянуб унинг кўксига қилич тиққани келганларга қачон-да бўлса:

— Кет, маҳв бўлурсан! Яқинлама, кул бўлурсан! — дея ва дея олур. Айтингиз онангиз Туркистонга: «Ёв суққали келгач қиличини юрагингга, тут олдида, «Ол кўксуми, қалқонми керакдир?» деб…»

Абдурауф Фитрат шеърларидаги руҳ билан Чўлпон мақоласидаги оҳанг яқин, бир-бирига чатишиб кетгандек. Бу табиий ҳол эди. Туркистоннинг виждонлари саналган Фитрат, Чўлпон сингари сиймолар унинг Мустақиллигини, Эркини ҳамма нарсадан юқори қўйганлар. Бу йўлдан жонлари фидо бўлса-да, қайтмасликларини чин дилдан изҳор этганлар. Дарвоқе, шундай бўлди ҳам. Уларнинг қутлуғ қонлари шу эзгу мақсадлари йўлида тўкилди.

1991 йилга келиб чинакам мус­тақилликка эришдик. Мустақиллик кўплаб қадриятларимиз қатори уларнинг ҳам муборак номларини тиклади. Улар мустақиллигимиз туфайли тарихимизга қайт­ди.

Бойбўта  ДЎСТҚОРАЕВ,

доцент

«Ҳуррият» газетасидан олинди.