Маҳмуд Сатторов. Миркарим Осимнинг «иси» (2007)

Иброҳим Ғафуровнинг “Ҳаё — халоскор” китобини оҳиста варақларканман, не сабабдандир, кўз ўнгимда фидойи тарихчи адибимиз Миркарим Осим сиймоси гавдаланаверди. Китоб муаллифию Миркарим Осим, китоб сарлавҳасию Миркарим Осим, китобга кирган мафтункор асарлару Миркарим Осим. Булар орасида қандайдир кўзга кўринмас бир ип бор эди. Бу ип икки адиб, икки фидойи зиёлини бир-бирига чамбарчас боғлаб турарди. Иброҳим Ғафуровдан, унинг “Ҳаё — халоскор”идан, бугунги аҳли таъблар мажлисидан, ажабки, Миркарим Осимнинг иси келиб турарди…

Кўз ўнгимдан 70-йиллар, Тошкентнинг мўътабар иморати — “Навоий-30”, Маҳмуд мўйлов лағмонхонасидан чиқиб, пешинда оҳиста сайр-суҳбат қилиб юрган устоз-шогирд Миркарим Осим ва Иброҳим Ғафуровлар қиёфаси ўтиб турарди. Икки дўст ёшида 30 йиллик фарқ бор. Бири замоннинг барча заҳар-заққумини ютган, бошидан фожеъ тақдирни кечирган, қадди дол мўйсафид, иккинчиси кучга тўлган, замона адабий тафаккурининг олди вакили, ҳали йўли кесилмаган, омадли истеъдод соҳиби.

Уларни нима бирлаштиради? Миллат, тарих, адабиёт, онажон Тошкент. Улар нима ҳақда ҳеч тўхтамай, танаффус билмай суҳбатлашадилар? Адабиёт, таржима маҳорати, тарих, тарихий сиймолар. Албатта, даҳо шоир Алишер Навоий, жони жасадига, руҳи равонига сиғмаган Машраб, яна қанча мумтоз адиблару жаҳон адабиётининг бўй етмас чинорлари ҳақида. Бу суҳбатнинг охири борми? Асло йўқ, у умрбод тугамайди, тўзим билмайди.

Ўша йиллари чоп этилган (1976) “Ям-яшил дарахт” китобида шогирд Иброҳим Ғафуров ёзганди: “Бу йил куз чинакам олтин куз бўлди. Кеч куз тушди. Лекин офтобнинг илиғи пасаймади. Ноябр­нинг оёқларигача кўкда булут кўринмади. Офтобнинг нафаси шу қадар ёқимли эдики, одам уйга киргиси келмасди. Миркарим Осим билан сайр қилиб юрардим.

— Ана, осмонни қаранг, — деди Миркарим ака қўлларини осмон саҳфаси томон ёзиб. — Нақадар кўк. Айниқса, дарахтларнинг шохлари орасидан қарасангиз, жудаям кўм-кўк бўлиб кўринади. Бир хил рассомлар шуни топиб ишлайди. Қаранг, қаранг, тўғрими?

— Рост, жуда ҳам кўк, — дедим.

— Сизга мендан кўра ҳам кўкроқ кўринса керак. Мен ўн икки яшарлигимда бундан ҳам кўк кўринган эди, эсимда, биламан… Мана бу томон эса унчалик кўк эмас, қизиқ…

— У томонга ҳозир кўпроқ офтоб туш­япти, шунинг учун оқариброқ кўринади.

— Эҳтимол, эҳтимол…

— Қаранг… — деди яна Миркарим ака синиқроқ оҳангда. — Табиатнинг товушлари… қанчалар ёқимли… Қулоғингиз эшитиб тўймайди уларни…

Мен кекса адибнинг йиллар тўзғитолмаган завқига ҳайрон қолдим. Чинакам адиб ҳам жисман қарийди, лекин унинг юраги қаримас экан. Юраги ҳам қариган адиблар бўлиши мумкин. Лекин халқ уларни адиб деб атармикин?” (226-227-бетлар).

Иброҳим Ғафуровни устоз Миркарим Осимга боғлаганимизнинг жуда кўп сабаблари бор. Миркарим домла таваллудига бу йил 100 йил тўлади. Шогирди эса бу йил 70 ёшда — устоз ёшига етди. Миркарим Осим Сталин қатағони зуғумларини бошдан кечириб келиб, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат наш­риётида оддий муҳаррир бўлиб ишлаб, кейинчалик халқимиз орасида машҳур бўлган “Жайхун устида булутлар” (Беруний), “Ибн Сино қиссаси”, “Алжабрнинг туғилиши” (Муҳаммад Хоразмий), “Синган сетор” (Машраб), “Моҳларойим ва Хонпошша” (Нодирабегим) каби тарихий қисса ва ҳикояларини Иброҳим Ғафуров кўз ўнгида (баъзан устоз-шогирд маслаҳатлашиб) ёзди, унга ўқитиб, фикрини олди.

Миркарим Осим совет даври адабиётида асарлари эл орасида машҳур, бир неча авлодни ватанпарварлик тарбиясида вояга етказган бўлса-да, адибнинг ўзи ва шахси ҳақида жамоатчиликда шу қадар маълумот кам эдики, М. Осим исми-шарифини кўпчилик Навоий ҳазрат замондошларидан Хондамир, Зайниддин Восифий каби тарихчилар даврдоши деб биларди. “Тўмарис”, “Широқ”, “Ўтрор”, “Темур Малик”, “Зулмат ичра нур”, “Спитамен” қиссаларини яхши билган авлодлар бу тарихий асарлар муаллифи Миркарим Осимни деярли танимасдилар. Адабиётшуносликда Иброҳим Ғафуров ва Маҳкам Маҳмудовнинг бир-икки қисқа мақоласи демаса, адиб ҳақида тадқиқот ишлари олиб борилмаганди. Бу тоталитар тузум мафкурасининг ўзига хос сиёсати эди. Биз раҳматли Наим Норқулов билан “Миркарим Осим” адабий портрети рисоласини ёзиб эълон қилганимизда (1977 йил адибнинг 70 йиллигига — М.С.) кўплар бу тарихчи адиб ўз замондошлари эканлигидан ажабланган эдилар.

Биз атоқли адиб Миркарим Осим ва адабий танқидчи Иброҳим Ғафуров шахси, асарлари, китоби номи ўртасида узвий боғлиқлик ҳақида гапириб ўтдик. Навоий даҳоси тўғрисида ўзбек адабиётида биринчилардан бўлиб бадиий асар ёзган М. Осим (олдин тарихий биографик ҳикоялар ва уларни бирлаштириб қисса қилган) Навоий ва муҳит, Навоий ва шоҳ Ҳусайн Бойқаро муносабатларида ишонарли конфликт кўрдики, бу у ўрганган тарихий манбаларда қайд этилган эди.

Кейинги йилларда (мустақиллик даври) Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларида тарихчи ва адабиётчилар ҳеч қандай зиддият, низо кўрмадилар ҳамда бу дўстликни бир умрлик ўзаро садоқат руҳида талқин қилдилар. Совет давридаги асарлар (Ойбек “Навоий”, Уйғун, Иззат Султон “Алишер Навоий”) бу жиҳати билан танқид остига олинди. Замон мафкурасининг тамғаси қолган асарлар сифатида баҳоланди.

Бугун улуғ ёшга етган Иброҳим Ғафуров ҳам ўзига хос нафосатли услубда тарихий сиймолар образларига қўл урди ва айнан устоз М. Осим адабий позитсиясини қўллаб-қувватлади — Навоий ва жамият, ҳазрат ва шоҳ Ҳусайн ўрталарида киши билмас ички руҳий-психологик зиддият кўрди. Бу борада “Ҳаё — халоскор” китобида “Навоийга унсият” бобида адабий-танқидий хулосаларини баён қилди. Бу, албатта, ўша 70-80-йиллар устоз-шогирд суҳбатлари ва ҳозирда ўзи тарихий манба ролини ўтаб қолган
М. Осим қиссаларининг салмоқли таъсири ва мантиқ қувватининг натижасидир. Табиийки, балоғат босқичидаги адиб Навоий даҳосини бугунги бой ва баланд савияли замонавий тафаккур нуқтаи назаридан ёритади. Улуғ зотнинг ички изтироб ва ҳиссиётларини Навоий ёшидан ўтган, катта ҳаётий тажрибали ижодкор қалби билан тасвирлайди.

“Ҳаё — халоскор”нинг яна бир адабий қиссаси қаҳрамони халқимиз орасида шоҳ Машраб номи билан машҳур бўлиб келган Бобораҳим Машраб образидир. Орадан 30 йил ўтиб, бир пайтлар устози Миркарим Осимга “Синган сетор” қиссасининг ёзилишига маслаҳату мадад берган шогирд ўзи Шоҳ Машраб образига қалам уради. Ва айнан М. Осим талқини ҳамда симпатиясидаги мажнунсифат Машраб образини яратишга эришади. Иброҳим Ғафуров талқинидаги Машраб Миркарим Осим “Синган се­тор”идаги қаҳрамон-шоир образининг тўлдирилган, давомидай таассурот қолдиради китобхонда.

Ўйлаймизки, Иброҳим Ғафуров отаси, айниқса муштипар, “дунёдаги ҳамма оналардан гўзал” ўз онаси образини яратаётганда, асарларига кирган барча имонли зотлар персонажларини тасвирлаётганда ва китобига айнан “Ҳаё — халоскор” деб ном қўяётганда кўз ўнгида устози Миркарим Осим ийманиб, гавдаланиб турган бўлиши керак. Миркарим Осим синиқлик, ҳоксорлик, ҳаё, андиша сингари инсоний сифатларнинг тимсоли эди. Бу зот бировнинг юзига, кўзига тик қараб гапиролмасди. Ижодий идоралар йўлакларида шунчалар деворга яқин юрардики (бошқаларга кенг йўл бериш учун), ҳамиша камзулининг икки енги оҳак бўларди.

Бу йил 70-баҳорини қаршилаган Иброҳим Ғафуров шахсида уч ижодкор сиймосини кўрсак — санъаткор таржимон, нозиктаъб адабий танқидчи, нафосатли адиб, “Ҳаё — халоскор” китоби шу уч ноёб истеъдод эгасининг айни балоғат ёшидаги ижодий ҳисоботи — хассос адибнинг бир умрлик адабий хазинасини ўзида жам қилган китоблиги билан бошқаларнинг, ҳатто муаллифнинг ўзининг олдинги асарларидан ҳам тубдан фарқ қилади.

Адиб кашф этган биргина мансуралар жанридаги асарларига махсус тадқиқот бағишлаганда ҳам бу адабий топилма тагига етиш қийин. Бу китобнинг бизга таъсир қилган жиҳати ундан заҳматкаш, фидойи, закий ёзувчи Миркарим Осимнинг иси келиб туришида, тарихчи адибни яна қайта тирилтирганида деб биламан.

Маҳмуд САТТОРОВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.