Ҳалима Худойбердиева. «Энг қора иш, энг тоза иш – бизнинг ишимиз» (2011)

Болалик йилларимни эслаганимда олмазор ҳовлимиз айвони олдида узун қилиб тортилган патгиламнинг ўрмаги кўз олдимга келади. Ўрмакнинг кузувини онам боғлар, (одатда кузувни асосан кайвонилар, ишининг устаси бўлган чеварлар боғлайди) биз унинг турини (ўрмак иплари) югурардик.
Кейин онам “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб от устида ўтиргандек ўрмакнинг устига ўтириб тўқишни бошлар, онамнинг ҳар қилич қоқиб, бир йўл арқов ўтказганларида патгиламнинг гуллари очилиб, каттариб, тўлишиб боришини ҳавас билан кузатар, ўзим ҳам онам билан басма-бас патнинг турини чалишардим. (Ерда тортилган патгиламнинг ўрмаги икки тарафда ўтириб тўқилади) Биласизми, ўшанда ҳали мактабга бориб-бормаган вақтларим эди.
Онам билан ёнма-ён ўтириб ўрмак тўқирдик, ироқи дўппиларнинг ироқисини тикардик. Мана бу тўртликлар ўшандай пайтлар, онамнинг ўрмак тўқиб ёки дўппи тикиб ўтириб айтган хиргойиларидан эсимда қолган:

Ийдиргин мардга мени,
Куйдиргин мардга мени.
Аллоҳ, Аллоҳ, зорим эшит,
Суйдиргин мардга мени.

Ёки:
Талҳ ҳижронни ютгайман,
Куйиб нома битгайман.
Сени нафақат тирик,
Қабримда ҳам кутгайман.

Онамнинг овози ширали, хиргойилари чиройли эди. Бу сатрларнинг маъносини чуқур тушунмасам-да, у кишига қўшилиб хиргойи қилиб ўтирганларимни куни кечагидай эслайман.
Муҳитда гап кўп.
Отамнинг Абдураҳмон бова, Ражабов бова, Абдумўмин бова, Эшон бова каби етти-саккиз нафар қадрдонлари ҳар ўн, ўн беш кунда уйимизда китобхонлик қилишарди. Бу суҳбатларда Навоий, Фузулий, Бедил сингари улуғларимиз ғазалларидан ташқари ишқий, саргузашт достонлар ҳам ўқиларди. Гўрўғли, Кунтуғмиш, Авазхон, Алпомиш каби достонлар қаҳ-рамонлари отамнинг дўстлари сингари менга ҳам қадрдон бўлиб қолганди. Бу китобхонлик кечаларида достону ғазалларни кўпроқ отам Умматқул Худойберди ўғли ўқирди. Чунки у кишининг овозлари баланд, қироатлари ёқимли эди. Бу овозни ҳали-ҳануз баъзан тушларимда эшитгандай бўламан.
Бундай кечаларда мен доим отамнинг ёнига суқилиб кириб олиб, хаёлан Барчинга айланардим. Бойчиборга дардимни айтардим. Хуллас, достонлар оламида яшардим.
Бу достонларда енгилмас куч, қудрат тимсоли Ҳазрат Али ўзи билан “Енгсанг сенга тегаман, енгилсанг ўлдираман” шарти билан курашга тушган Зуфунунни енгар ва уни шу музофотга ҳоким қилиб қолдириб, ўзи янги музофотларни забт этиш йўлида от солиб кетарди.
Мен Ҳазрат Алининг ёллари бўрон янглиғ гувиллаб кетаётган қорабайир отининг ҳар елкаси бир музофотни кўтариб кетаётганига ишониб яшардим. Бу вақтларда отам боғбон, онам пиллачилик агрономи бўлиб ишларди.
…Озгина ортга қайтамиз.
Ўз онам Шарофат Хонназар қизи пахта даласидаги ўқариқдан дориланган сув ичиб қўйиб, ўттиз беш ёшларида оламдан ўтганларида мен икки ёшга етмаган гўдак эканман. Шунда амаким Умматқул Худойберди ўғли билан холам Қаршигул Хонназар қизи мени ўз тарбиясига олган эканлар. (Бизникилар ака-ука, опа-сингилларга уйланишган экан).
Мен ўз онамни эслай олмайман. Ҳатто бирорта суратлари ҳам қолмаган. Бу дунёда кун кўрмай, ёш кетган онажонимнинг ҳуру ғилмонларга қўшилгани рост бўлсин.
Аммо амаким (“амаки” деганим учун Худо мени кечирсин, чунки мен дунёда фарзанд учун у кишидан меҳрибонроқ ота бўлишига ишонгим келмайди) ва холам туфайли ҳеч бир камим йўқ эди. Холадан онанинг ҳиди келаркан. Бу икки жаннатмакон инсонлар – амаким билан холам мени онам дунёдан ўтган кундан бошлаб ўзларини “ота, она” дейишга ўргатишган экан. Жойлари жаннатда, тупроқ тўшаклари пардан бўлсин уларнинг. Улар ҳали-ҳануз ер остида ётиб ҳам мени қўллаётганларига ишонаман.
Шундай қилиб, онам агроном бўлиб ишлаётган йилларга келгандик. Ҳақиқий меҳнат ҳамма замонларда ҳам ўз қадр-қимматини топади. Онаизоримнинг 3-4 марта Москвага, съездга делегат бўлиб бориб келганларини эслайман.
Онамнинг тўқ кўк рангли оти бўлиб, пешонасида катта оқ қашқаси бўларди. Шунинг учунми унинг номи “Ола қашқа” эди. Отнинг кўзлари шундай ақлли эдики… Кейин мен умрим давомида бундай отни бошқа учратмадим. У ҳақиқатан ҳам шундай бетакрор хушсурат отмиди, ё болаликнинг кўзлари катта бўлади, деганларидай бу менинг болалик тасаввуриммиди, билмайман… Шунинг учун ҳам биринчи шеъримни 7-синфда ўқиб юрганимда шу отимизга бағишлаб ёзганман ва бу шеър туман газетасида босилган.
Қишлоқда нима кўп – иш кўп. Кундузлари мактабга, пиллага, далага, пахтага… хуллас, тиним билмасдик. Кечаси ёзишга одатлангандим. Тарки одат – амри маҳол. То ҳануз асосан тунда ишлайман. Гарчи уйқусизлик соғликка зарар эканини билсам-да, тунда маза қилиб ишлайман. Ҳар қалай, тунда ҳеч ким сизга халақит бермайди. Мактабда ўқиб юрган вақтларимда ҳам ярим кечасигача ўтириб ёзаверардим. Бу ҳол онамнинг жаҳлини чиқарар, хонанинг чироғини ўчириб, мени ётишга буюриб чиқиб кетардилар. Шундай пайтларда онамнинг ухлаб қолишларини кутиб ётардим. Шу ётишда хаёлимда бир-икки шеърни тўқиб қўярдим-да, кейин секин туриб қоғозга туширардим. Чироқнинг яна ёнганини кўрган онам яна келар, энди ётиб ухламасам отамни уйғотишини айтиб қўрқитардилар. Бу ҳол 2-3 мартадан қайтариладиган кечалар ҳам бўларди.
Раҳматлик онаизорим ҳақида кейинги йилларда Лила опа деган татар қўшнимиз (улар онам билан эгачи сингилдай қадрдон эдилар) айтиб берганди. Ўша йилларда онам қўшниларга чиқиб куйинаркан: “Кечаси билан ўтирган бола эрталаб юзини ювиб мактабга чопқиллаб кетаверади. Э, Худойим-эй, нима қилсам экан, болам бечора увуз этида куйиб кетаяпти”.
Йилдирим йиллар бир-бирини қувиб шу алфозда ўтаверди. Мактаб даври тугаб, бетакрор талабалик йилларим бошланди. Журналистика факультетининг биринчи курсида ўқиётганимда “Илк муҳаббат” номли китобим чоп этилди. Бу китоб шунчалар катта меҳр-муҳаббат билан кутиб олиндики, бунинг учун мухлисларимдан, айниқса, университет домлалари – устозларимдан миннатдорман. Уларнинг бир ютуғимга ўн ютуқ қўшиб мақташлари, баъзан имтиҳон пайтлари Расул Ҳамзатов, Сильва Капутикьян ёки Эдуард Межелайтисданми ё Белла Ахмадуллинадан бирорта шеър ўқитиб (ўзбекча таржимада албатта ёд ўқирдим) имтиҳон дафтарчамга “5” баҳо қўйиб беришлари мени қанотлантириб юборарди. Абдуғафур Расуловнинг санъаткорларга хос нутқ санъати ҳаммамизни ром этиб қўярди. Баъзан дарслардан қочиб кетган пайтларимиз ҳам у кишининг дарсига қайтиб борардик.
У вақтларда шеърият кечаларига одамлар оқиб келар ва биз ҳам бу анжуманларга байрамга бораётгандек шошилиб борардик. Адашмасам, бу йилларда “Минбар шеърияти” даври бошланиб келаётган эди. Москвада Евгений Евтушенко, Роберт Рождественский, Белла Ахмадуллина, Андрей Вознесенский каби руснинг виждонига айланиб улгурган шоирлари саҳнада 2-3 соатлаб шеър ўқир, уларнинг сўз айтиш жозибаси, воизликларига маҳлиёлик кундан-кун ортар ва бу ҳолатнинг таъсири бизнинг юртимизда ўтаётган учрашувларда ҳам сезила бошлаган эди. Биз Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон каби шоирлардан соатлаб шеър эшитишдан зерикмасдик. Ўз навбатида улар ҳам шеър ўқишдан чарчашмасди.
“Бу шоирлар, – деганди университетдаги бир учрашувда адабиёт ва шеъриятниг катта билимдони, азиз домламиз (жойлари жаннатда бўлсин) Бегали Қосимов, – дарёларга ўхшайди. Гурроси, шиддатли ғалаёнлари бошқа-бошқа дарёларга. Асов дарёларга”.
Бу ҳақда адабиётимизнинг толмас, оташнафас тарғиботчиларидан бири Ҳамид Сулаймондан яна бир таъсирли гап эшитгандим: “Сизлар ҳозир жуда гуркираб етилиб келдиларинг. Худди буғдой бошоқларидай. Шундай етилиш жараёнларида ҳар хил воқеалар ҳам содир бўлишини биз кўрдик, сизлар кўрманглар. Илоҳим, сизларни Худо ўз паноҳида асрасин”.
Адабиёт музейида (у киши музей директори эдилар) Геркулес домламизнинг (улар ҳақиқатан ҳам жуда басавлат, келишган, достон қаҳрамонларини эслатадиган одам эдилар), 3-курс талабаси билан шу қадар жиддий, самимий суҳбат ўтказганлари бир умр ёдимда қолди.
Шамолдай ўтиб бораётган умримиз довонларида шоир акаларимизнинг ҳаёт йўлларини кузатиб, жаннатмакон устозларимизнинг бу эътирофлари қанчалар ҳақлигига амин бўлдим.
Халқимизнинг бу севимли шоирлари ўзбек шеъриятининг юқори поғоналарга кўтарилишида замондош ижодкорларга яловбардор бўлдилар деб иккиланмай айта оламан.
Менинг Тошкентга келиб қолишимга жаннатмакон устоз, давлат арбоби Шароф Рашидов сабаб бўлганлар. У киши Сирдарёга борганларида “Сирдарё ҳақиқати” газетасида менинг шеърларимни ўқиб, ўша йиллардаги вилоят ҳокими Носир Маҳмудов ва газета бош муҳаррири Исмоил Сулаймоновга отам билан гаплашиб, мактабни тугатганимдан сўнг мени (унда 9-синфда ўқирдим) Тошкентга ўқишга юборишларини тайинлаб кетган эканлар. Кейинчалик бу ҳақда Исмоил Сулаймонов ўз китобларида батафсил ёздилар. Тошкентда азиз устозларим Миртемир ака, қадрли Зулфия опа, Комил Яшин каби миллатимизнинг фахр-ифтихорига айланган одамлардан кўп меҳр-мурувватлар кўрдим. Ишлаш, яшаш сабоқларини олдим. Аллоҳга шукрки, менга ана шундай устозлардан таҳсил олиш саодатини берди. Шунинг учун ҳам Тошкент ва Москвада таҳсил олган йилларим ҳаётимнинг энг ёрқин фасллари бўлиб қолди.
Ижодкор ўз ижодига, ҳаёт йўлига ўзи баҳо бериши қийин. Бироқ инсонда кўнгил деган нарса бор. Кўнгил – ўз соҳибининг холис ҳаками! Одам кўнгли тўлмаган нарсасини бировга кўрсатгиси келмайди. Шу нуқтаи назардан айтишим мумкинки, мен ҳам шеърларимни кўнглим тўлгани учун нашр эттирганман. Аммо газета ёки журналлардаги айрим чиқишларда баъзан қандайдир камчиликлар бўлгандай, китобларимда ҳам баъзан шундай камчиликлар бўлиб туради. Демоқчиманки, ҳар томонлама мукаммал деб ўйлаган китобимни ҳали чиқаролганим йўқ. Шу туйғу ҳам инсонни ишга, ижодга ундаб турса керак.
Адабиёт, назаримда, кўнгилларни занг босишдан сақлаб, поклаб турадиган тоза дарё сувларига ўхшайди. Биз маънавий кўтарилишларсиз ҳеч қаёққа боролмаймиз. “Қобуснома”да “Ақл билан пул топиш мумкин, аммо пул билан ақл топиб бўлмайди” деган пурҳикмат бир гап бор. Жамият биносининг қад кўтаришида маънавият пойдевор вазифасини ўтайди.
Адабиёт – кўнгил учун ишлайди. Уни дағаллашиб, тошга айланиб кетишдан сақлайди. У одамларни меҳр-муҳаббатга ўргатади. Бир-биридан тескари томонга эмас, бир-бирига пешвоз юришга ундайди. Пешвоз юрганда ҳам биринчи қадамни иккиланмай ўзинг ташлашинг кераклигига ўргатади. Қандай севиш, қандай яшаш кераклигини ўргатиб оқаётган тоза дарё сувларидан ичмай яшаб бўладими?!
Шу пок сувлардан бир қултум – Сент Экзюперининг “Истеҳком” романидан бир жумла келтирмоқчиман: “Аёл зоти севишини билдириши учун аёлнинг сояси ва акс-садосига айланишга рози бўлган эркакдан нафратланади. Ўз акси билан сўзлашишнинг кимга ҳам қизиғи бор. Унга сенинг “истеҳком” сингари мустаҳкамлигинг зарур. Зеро, ҳар бир тошингдан сенлигинг билиниб турсин”.
Дарҳақиқат, адабиёт ривожи миллат маънавияти ва келажаги учун шунчалик муҳим экан, бу соҳага яна-да диққатли бўлишимиз керак. Улуғларимиздан мерос анъаналарни давом эттиришимиз ва шу билан бирга янги анъаналарга муаллиф бўлмоғимиз лозим бўлади. Курашчан қозоқ шоири Ўлжас Сулаймон ёзади: “Янги деб ҳамма янгиликларни қабул қилиб, эски деб ҳамма эскилардан воз кечиб бўлмайди. Цивилизация учун хизмат қиладиганларини олиб қолиш керак”.
Бу фикрни ҳамма масалада тадбиқ қилиш мумкин. Хаёлимга дастлабки китобларимдан бирида ёзган сатрларим келди:

Бундан агар эл учун,
Келар бўлса қилча наф.
Қилдай тилини топиб,
Тиллашавер мард билан.

Тараққиётимиз, эртанги кунимизнинг тинчлиги, ободлиги учун хизмат қиладиган ҳар қандай анъана, қадриятларни кўз устига қўйиб сақлаш ва унинг акси бўлган ҳодисотлардан зудлик билан воз кечиш йўлларини топиш керак.
Севимли адибимиз Асқад Мухтор шундай деган эканлар: “Классика – бу шундай чуқур ва пўртанали денгизки, унинг шиддатли тўлқинлари куч билан бир урилишдаёқ ҳар қандай “изм”ларни қирғоққа чиқариб ташлайди”.
Ҳақиқатан ҳам мумтоз адабиётимизнинг қудрати чексиз. Ҳаммамиз шу буюк дарахтнинг илдизларидан озиқланиб оёққа турганмиз. Аммо масаланинг яна бир томони борки, юки енгил, маза-матрасиз, фикран қашшоқ шеъру ғазалларни баъзан мумтоз адабиётимизда ҳам, модерн шеъриятида ҳам учратиш мумкин.
Модерн сўзининг таржимаси “замонавийлик”дир. Замонавийликка, янгиликка ким интилмайди? Модерн қўрғонларида юрган шоирларимизнинг чақмоқдай чақнаган фикрлари кўнгилни ёритиб юборадиган пайтлар кўп бўлади. Бизнинг шеъриятимиз мавқеи баланд шеърият ва бу баландлик бизнинг “модерн”чиларимиз ижодида ҳам аста-секинлик билан кўзга ташланиб боряпти.
Дадил, нозик фикрловчи ёш шоирамиз Ойдиннисо мисраларига диққат қилинг:

Шу лаҳза,
айнан шу лаҳза
ҳамма-ҳаммасидан кечаман!
Ҳаёт йўқ,
ўлим йўқ,
Севги бор лим коса,
Юрак тўлгунча ичаман.
Шу лаҳза,
фақат шу лаҳза…
Қолганини Худо билади.

Ёки:
Мен тоғни севаман
У менга лолалар тутмайди.
Фақат
Мени жарликлардан
Жимгина қизғанади у.

Ҳажман сиқиқ, лекин ўқувчини ўйга толдирувчи бу каби шеърларни модерннинг яхши намуналаридан дегим келади.
Хуллас, адабиётимизни ривожлантириш учун биз жуда кўп ишларни амалга ошириш билан бирга ҳар биримиз ўз устимизда ишлашимиз, қаттиқ ишлашимиз керак бўлади. “Энг қора иш, энг тоза иш – бизнинг ишимиз”, дейди ёзувчининг меҳнати ҳақида Роберт Рождественский. Қора меҳнатдан қочмаслик фазилати оқликлар, юксакликлар беради. Биз бу фазилат билан кўзлаган манзилларимизга етиб борамиз.

ШОИРА ҲАҚИДА

Ҳалима Худойбердиева 1947 йилда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида таваллуд топган. 1972 йилда Тошкент Давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетини тамомлаган. 1975-77 йилларда Москвада, Горький номидаги Адабиёт институтида таҳсил олган.
Шоира меҳнат фаолиятини талабалик йилларидаёқ бошлаган эди. У 1971-75 йилларда “Саодат” журналида бўлим бошлиғи, 1978-83 йиллар оралиғида “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида бўлим бошлиғи, 1983-85 йилларда “Саодат” журналида бош муҳаррир ўринбосари, 1985-94 йилларда эса “Саодат” журналининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади. Шу билан бир вақтда 1989-94 йилларда Республика хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритди. Кейинчалик “Санам” журнали бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ижодий фаолиятини давом эттирди.
Ҳалима Худойбердиеванинг “Илк муҳаббат”, “Оқ олмалар”, “Суянч тоғларим”, “Чаман”, “Иссиқ қор”, “Садоқат”, “Муқаддас аёл”, “Бу кунларга етганлар бор”, “Ҳурлик ўти”, “Юрагимнинг оғриқ нуқталари”, “Тўмариснинг айтгани”, “Сайланма”, “Йўлдадирман”, шунингдек, рус тилида “Белые яблоки», “Решимость” сингари ўнлаб китоблари чоп этилган.
Шоира ижодий фаолияти давомида таржимачилик ишларида ҳам бир қатор ютуқларга эришган. Хусусан, унинг татар драматурги Тўфон Миннулиннинг “Алла” пьесасини ўзбек тилига таржима қилди. Бу спектакл кейинчалик Ҳамза номидаги Миллий академик театрда саҳналаштирилиб, узоқ йиллар томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.
Шоира Ҳалима Худойбердиева бир қатор мукофот ва унвонлар соҳибасидир. Жумладан, у Дўстлик, Ҳурмат белгиси орденлари ва Давлат мукофоти совриндоридир. 1992 йилда ўзбек адабиётига қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига муносиб деб топилди.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 3 (244)-сон.