Муҳаммад Ҳалим Ёрқин. «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг янги Эрон нашри (2011)

Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн”ни умрининг сўнгги йилллари (ҳижрий 905)да ёзди. Асар асосан икки бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда Навоий туркий тилнинг турли грамматик, сўз ясаш имконияти, жуда инжа ва зариф ҳолатларини ифода этишдаги афзалликларини ўзга тиллар, айниқса, форсчага нисбатан тавсифий, қиёсий ва таҳлилий йўсинда кўрсатган.

Навоий ушбу ёндашишини 100 туркий сўзни ўрнак сифатида келтириш билан ойдинлаштиради. У сўзларнинг бир қисмини шеърий ўрнаклар билан изоҳлаб, улар ифода этадиган тушунча ва маъноларнинг форсчада йўқлиги ва бу иш учун кишининг мураккаб сўз ё иборалардан фойдаланишга мажбур бўлишини кўрсатиб беради.

Асарнинг иккинчи бўлимида Навоий ўзи яратган асарлар ҳақида маълумот бериб, бу билан туркий(ўзбек) тилининг турли илмий, бадиий асарлар яратиш имкониятини кўрсатишга интилади.

Навоий асарда барча туркийлар, айниқса, замонининг шаҳзода, беклари ва истеъдод эгаларини туркий тилда ёзишга ундайди. Бизнингча, улуғ адибнинг асосий мақсади ҳам туркий шоирлар, ёзувчиларни ўз она тилларида ёзиш ва ижод этишга тарғиб этишдир. У ўзининг она тилига нисбатан бу эзгу миллий армони ва истагини «Муҳокамат ул-луғатайн»да жуда ўксиниб, қайғуриб ва, ҳаттоки, ачиниб ёзади: «Турфароқ буким, бу навъ подшоҳи сухандон(султон Ҳусайн Бойқаро — Ҳ.Ё.) тарғиби ва талқини, эҳсони ва таҳсини қоидаи мутобаат(пайравлик) ва мувофақатни унутуб ва жодаи нофармонлиғ ва залолатни тутуб, кўпи, балки бориси форсийға мойил бўлдилар ва ул тил била назмға қойил…».

Навоий туркий тилнинг буюк ҳомийси ҳамда тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди. Унинг бу иши яратган асарлари туфайли ўша замондан ҳалигача, қолаверса, келгуси асрларгача давом этишига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. «Муҳокамат ул-луғатайн» айнан шу нуқтаи назардан жаҳон олимлари, тадқиқотчилари ва тилчиларининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда.

«Муҳокамат ул-луғатайн» биринчи марта 1841 йили «Тарихи мулуки ажам» асари билан бир муқовада фарансуз олими Катрмарнинг саъй-ҳаракати туфайли Парижда босилиб чиқди. Бу асарнинг тузатилган нашри 1845 йили чоп этилди… Катармарнинг ушбу нашри мелодий 1842 йили Қиримнинг Боғчасаройида ҳам босилди.

Кейин мажор олими А.Вамбери асарнинг Будапешт қўлёзмаси асл матнини мажорча таржимаси билан 1862 йили Будапештда бостириб чиқарди. Ҳижрий 1315— мелодий 1897 йили Валад Чалабий «Муҳокамат ул-луғатайн» матни ҳамда туркча таржимасини Истанбулда нашр этди. Таниқли эронлик олим Турхон Ганжаий эса уни Катрмар нашри асосида форсчага таржима қилди ҳамда катта муқаддима, асардаги 100 феълни форсча таржимаси билан ҳижрий 1328 йили Теҳронда нашр этди.

Ўзбекистонда «Муҳокамат ул-луғатайн» Навоий асарлари тўлиқ тўплами таркибида ҳам, мустақил асар сифатида ҳам бир неча қатла босилиб чиққан. Асар биринчи қатла мелодий 1917 йили Қўқонда араб ёзувида нашр қилинди. 1940 йили унинг матни лотин ёзувида, 1948 ва 1967 йиллари Тошкентда кирилл ёзувида чоп этилди. Сўнгги нашри эса мелодий 2000 йили Тошкентда Навоий 20 жилдли асарлар тўпламининг 16-жилдида босилган.

«Муҳокамат ул-луғатайн» турли туркий тилларда ҳамда чет тилларда босилган. Унинг туркча таржимаси лотин ёзувида(Исҳоқ Рифъат Ишитмон, 1941), туркманча таржимаси(Абдулҳаким Гулмуҳаммадов, Ашхобод, 1925), уйғурча таржимаси(Ҳамид Темур, Урумчи, 1988), тўрт нусха асосида чуқур ишланган танқидий матни, усмонли туркча равон ва содда таржимаси ҳамда кенг илмий-тадқиқоти(Само Борутчу Ўзандар, Анқара, 1996), икки русча таржимаси(О.Усмонов,1948, Н.А.Мелехова,1968) ва, ниҳоят, Лондонда инглизча таржимаси(Роберт Деврикс, 1966) ҳам босилган.

Мир Алишер Навоий туғилиб ўсган, яшаб ижод этган Афғонистонда ҳам «Муҳокамат ул-луғатайн» уч қатла турли шаклда нашр этилган:

1. «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг асл матни биринчи қатла доктор Муҳаммад Ёқуб Воҳидий иҳтимоми билан Афғонистон Фанлар академияси томонидан ҳижрий 1363 — мелодий 1984 йили Кобулда чоп қилинган. Асар танқидий нашр бўлмаса ҳам, бироқ олимнинг қисқа сўзбошисида айтилганидек, матнни тайёрлашда юқорида зикр этилган айрим нашрлар ва таржималардан фойдаланилган.

2. «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг иккинчи нашри Арғун Тухманайи иҳтимоми билан ҳижрий 1363—мелодий 1984 йили Покистоннинг Пешовар шаҳрида босилган. Бу нашр Турхон Ганжаий форсча таржимасининг қайта нашридир. Ноширнинг қисқа кириш сўзида ёзишича, у форсча таржимада йўл қўйилган айрим янглишликларни матнда тузатиб, уларни китоб сўнгида айри жадвалда кўрсатган.

3. «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг учинчи нашри Тошқин Баҳоий ҳаракати билан ҳижрий 1388—мелодий 2009 йили Кобулда амалга ошган. Бу нашрда 2000 йили Тошкентда чиққан Навоий асарлари тўплами 16-жилдида босилган матннинг ёзуви ўзгартирилган. Нашрда 98 сўзнинг маъноси ҳам берилган, бироқ сўзлар фонетикаси кўрсатилмаган.

Энди бевосита «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг янги Эрон нашри ҳақида.

Бу нашр эронлик таниқли олим доктор Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиқ(Узгун)нинг муқаддима, тасҳих ва тахшияси билан Табриз шаҳрида босилган. Мен авваллар ушбу олимнинг «Девону луғотит-турк» ва «Ёдмонҳои туркий бостон»(Урхун-Энасой тошбитиклари)дан қилган форсча таржималари, Фузулий, Насимий, Наботий ва Ғарибий Табризий каби атоқли шоирлар девонларининг танқидий матнлари, Шайх Сафиуддин Ардабилийнинг «Қора мажмуъа»(«Қора тўплам»), «Хулосайи Аббосий»(Мирзо Маҳдихоннинг «Санглоҳ» луғатининг қисқартмаси), «Ғарибий тазкираси» ва бошқа бир қанча асарлари орқали таниш эдим. Доктор Ҳ.Сидиқ ўзининг катта илмий салоҳияти туфайли Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарининг янги нашрини амалга оширди. Бу нашрда олим қуйидаги ишларни бажарган:

1. Асарга 49 бетли кенг кўламли кириш сўзи ёзиб, унда Навоий ҳаётининг барча босқичлари, хайрли ишлари, деярли барча асарлари, қолаверса, унинг туркий тил ва адабиёт ривожида тутган юксак ўрни ҳақида имкони борича батафсил маълумот беради.

Ушбу бўлимда туркий матнларни ўқишда арабча ва лотинча ёзувларнинг қиёсий жадвали, транскрипция(ҳарфма-ҳарф ағдариш) қўлланилган ёзув белгилари жадвали ҳам келтирилган.

2. Олим китобни тайёрлашда Туркиянинг Тўпқопи саройи музейида сақланаётган 808-рақамли Навоий куллиётидан ўрин олган «Муҳокамат ул-луғатайн» кўлёзмасининг тепки босма нусхаси, Турхон Ганжаийнинг форсча таржимаси ҳамда Само Борутчу Ўзандар тайёрлаган танқидий матн ва туркча таржимасидан фойдаланган.

3. Ҳусайн Сиддиқ ўзининг кириш сўзидан сўнг Турхон Ганжаийнинг форсча таржимаси матнини берган(51 — 95-бетлар).

Олимнинг ёзишича, Тўпқопи саройи музейи қўлёзмасида айрим камчиликлар бор. Ношир уларни [ ] ичида ёзиб тўлдирган. У барча туркий сўзларнинг тўғри шаклини лотин ёзувида берган, матнлардаги фарқларни, арабча сўз ва ибораларнинг маъносини кўрсатган. Матндаги шеърларнинг аруз вазн кўрсаткичларини берган. Шу билан бирга, матнни фаслларга бўлган.

4. Китобда доктор Ҳ.Сиддиқ ўзи тайёрлаган «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг озарбойжон туркчаси матни(97—141-бетлар) босилган. Олимнинг ёзишича, у асарнинг озарбойжон туркчаси таржимасида Навоий услубини сақлаб, у ишлатган сўзларни қолдирган, фақат талаффуз ва имлоларни озарбойжон туркчасига мослаб ёзган, яъни чиғатой туркчаси(эски ўзбекча)ни озарбойжон туркчасига ўгирган.

Олим таржима матнини фаслларга ажратиб, уларни [ ] ичида ёзиб кўрсатган.

5. «Чиғатой туркча матн» унвони остида Тўпқопи саройи музейи қўлёзма нусхасининг тўлиқ матни(144 — 158-бетлар) факсимил шаклда келтирилган.

Ушбу нашрнинг илмий аҳамиятини камситмаган ҳолда, афсуски, матннинг ёзуви жуда майда ва кўп ерлари хира босилганлигини айтиб ўтиш лозим.

6. Китобда «чиғатой-туркча матн»(160—188-бетлар) тўлалигича лотин ёзувида айнан берилган.

7. Сўнгги бўлим(190—214-бетлар) асарга қўшилган турли қўшимчалар, изоҳ ва феҳристлардан иборатдир.

8. Китоб сўнгида олим китобни тайёрлаш, Тўпқопи саройи музейи қўлёзма нусхаси каби мавзуларни қисқача Туркия туркчаси ва лотин ёзувида берган. Нашрда фойдаланилган Тўпқопи саройи музейи қўлёзмаси Дарвиш Муҳаммад Тақий номли котиб томонидан ҳижрий 901 йили кўчирилган, деб кўрсатилган. Бизнингча, бу сана янглишдир. Чунки Навоийнинг ўзи ҳамда кўплаб манбалар, жумладан, шу китобнинг муқаддимасида ҳам «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг таълифи ҳижрий 905 йил санасида, деб кўрсатилган. Навоий асарининг сўнгида ёзади:

Бу номаки, ёзди қаламим тортиб тил,

Таърихин анинг жумодий ул-аввал бил,

Куннинг рақамини чоршанба қилғил,

Тўққуз юз йилдин ўтуб эрди беш йил.

Қўлёзма бу санадан илгари кўчирилиши мумкин эмас, албатта! Факсимил нусхада котибнинг кўчирилган санаси йўқ. Бизнингча, бу сана 910 бўлса керак.

Доктор Ҳусайн Сидиқ катта меҳнати ва ғайрат-шижоати туфайли ҳазрат Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн»дек қимматли асарини нашр қилиб, катта илмий ишни бажарди. Хулоса сифатида ушбу асар ҳақида қуйидагиларни эслаш лозим:

— бу асар «Муҳокамат ул-луғатайн»га тегишли энг мўътабар ва муҳим нусха матни саналмиш Тўпқопи саройи музейида сақланаётган қўлёзма матнини кенг илмий жамоатчилик ихтиёрига ҳавола этди;

— бу нашр «Муҳокамат ул-луғатайн»нинг тўртта нусхаси (форсча, озарбойжон туркчаси, араб ёзувидаги асл қўлёзма матни ва шу нусханинг лотин ёзувига ўгирилган матни)дан фойдаланиш имконини беради;

— олим бу китобда барча арабча сўзлар, ибораларнинг маъноси ва таржимасини шарҳлаган;

— асардаги барча шеърларнинг арузий вазнлари кўрсатилган;

— илгариги нашрларда йўл қўйилган янглишликлар имкони борича тўғриланган;

— асардаги сўзларнинг аниқ талаффузи кўрсатилган;

— нашрда фойдаланилган барча нусхалар ва таржималардаги фарқларни ўзи асос қилиб олган Тўпқопи саройи музейи кўлёзмасига нисбатан қиёслаган.

Муҳаммад Ҳалим Ёрқин

Афғонистон, Кобул шаҳри.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 10-сонидан олинди.