«Бозор адабиёти» ёхуд бадиий сўз масъулияти (2007)

Эркинлик шароитида турфа хил нашрларнинг пайдо бўлиши каби, бадиий ижоддаги изланишларнинг хилма-хиллиги ҳам табиий ҳолдир. Айни пайтда, миллий насримиз анъаналарини давом эттириб, жаҳон адабиёти тажрибаларидан илҳомланиб ёзилган асарлар пешма-пеш чоп қилиниб турибди. Шу қатори, кейинги пайтда “бозор адабиёти”, деб аталаётган оқим ҳам пайдо бўлди. Асосан, кутилмаган воқеаларга сероб, саргузашт ва детектив асосига қурилган бундай ҳикоя, қисса ва романларга муносабат ҳам турфа хил.
Газетамиз “Муҳаррир минбари”, “Бир асар ҳақида икки фикр” рукнлари остида бу турдаги асарларга эътибор қаратиб, бир қанча танқидий мулоҳазаларни ўртага ташлади. Бунинг натижасида, газетхонлардан келган мактублар, жамоатчилик, ижодкор ва мунаққидларда туғилган фикрларни жамлаб, айрим масалаларни ойдинлаштиришни лозим топдик: чунончи, бадиий адабиёт бозор муносабатларига мослашадими? Ҳозирги насримизда чинакам саргузашт, детектив асарлар борми? “Бозор адабиёти” намуналарининг кўпчилик томонидан ўқилаётгани сабаблари нимада? Бу турдаги асарларга адабий танқиднинг муносабати қандай?..
Шу сингари саволларга аниқлик киритиш мақсадида бир гуруҳ адиблар, адабиётшунос ва мунаққидларни давра суҳбатига чорладик. Қуйида уларнинг мазкур муаммолар бўйича фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ҳар қандай адабий жараён ўзининг ички қонуниятларига бўйсунади. Адабиётда қандай асарлар яратилаяпти, ижодий муҳит, қайфият қандай, бадиийлик мезонлари тўғри танланганми-йўқми — буларнинг бари ўша қонуниятнинг самараси. Яратилаётган асарлар адабий жараённинг муайян мавқедаги ҳодисаси сифатида яшашга ҳақли, лекин фавқулодда бадиий қимматга эга бўлган битта асар адабий жараённи ўша кўзга кўринмас қонуниятлари билан қўшиб ўзгартириб юборишга қодир. Бунда жанрнинг ҳам, қайси йўналишда ижод қилишнинг ҳам аҳамияти унчалик катта эмас. Муҳими — юксак бадиий маҳорат билан яратилган асар бўлиши! Фақат бундай асар яратилишига олиб борадиган “сўқмоқ” хилма-хил изланишлар майдонини кесиб ўтишида ҳикмат кўп. Бугунги адабий изланишлар майдонимизда “бозор адабиёти” издиҳоми пайдо бўлган экан, марҳамат, бу майдон чавандозлари эмин-эркин от сураверишига монелик кўрсатмаслик тарафдориман. Фақат “бозор адабиёти”, “енгил асарлар” сингари атамалар замиридаги киноя ва беписандликка қўшилмайман.
Хуллас, изланишлар хилма-хиллиги бадиий тафаккур эволюциясига ижобий таъсир кўрсатади, улар қанча кўпайса бош устига, лекин ушбу изланишлар хилма-хиллиги ўз ёғига ўзи қоврилиб қолиши чатоқ. Чунки адабий жараёндаги ҳар қандай янгиланиш, интилиш муносабат билан тирик. Муносабат — бадиий ижодга ҳаёт бахш этувчи қудратли куч. Бизнинг “бозор адабиётимиз” малакали ва холис муносабатга жуда муҳтож!

Омон МУХТОР: — Хуршид таъкидлаётган изланишлар жараёнида детектив йўналиш алоҳида бўй кўрсатаётганини айтиб ўтишим керак.
Бир томондан, саргузашт, детектив асарлар қадимдан яратилиб келинган. Иккинчи томондан, жаҳондаги яхши адабиёт намуналарининг аксарида саргузашт, детективга хос белгилар кўзга ташланади. “Одиссея” ёки Шекспир, Молйер, Шиллер асарлари бунга ёрқин мисол. Дон Кихот, Гулливер, Робинзон Крузо ҳақидаги асарлар, яна “Том Сойернинг саргузаштлари”… Адабиётимизда ҳатто “Ўткан кунлар”, “Сароб” сингари машҳур романларда ҳам саргузашт, детектив белгилари бор. Асар сирли, жозибали, ўқишли бўлиши муҳим. Эҳтимолки, бу кунги изланишлар ҳам шундан келиб чиққан… Дейлик, Честертон, Конан Дойл, Агата Кристи, Жорж Сименон, Чейз, Гарднер асарлари жаҳонда миллионлаб ўқувчи томонидан ўқилаётган экан, буни тасодиф деб тушуниш мумкин эмас. Саргузашт, детектив йўналиш анъанавий жиддий адабиётни инкор этмаган ва ҳеч қачон инкор этмайди. Гап қизиқарли ижро шакли баробарида, асарни саводли, савияли ёза олишда! Асарга, у ҳаётий, маҳорат билан ёзилганми, йўқми, шунга қараб баҳо беришга тўғри келади.

Абдулла УЛУҒОВ: — Адабиёт азалдан “сўз санъати”, “ҳаётнинг бадиий акси”, “ҳаёт ойнаси”, деб таърифлаб келинади. Аксарият асарлар бу таърифларга муайян даражада мос келади. Аммо адабиётнинг “сўз санъати” сифатидаги қиёфаси, моҳиятини намоён этадиган асарлар ҳамма даврларда ҳам камёб бўлади. Зеро, адабиёт бамисоли дарё. Бу дарё гоҳида ўзанини тўлдириб пишқириб оқади. Гоҳида жилдираб ҳам қолади. Баъзан унинг суви тиниқ, баъзан бўтана, лойқа бўлади. Матбуот саҳифаларини, китоб расталарини турли олди-қочди, ур-сур воқеалар баёнидан иборат “битик”лар босиб кетиши бу “дарё”да бўтана, лойқа оқаётганидан далолат беради.

Йўлдош СОЛИЖОНОВ: — Ҳа, бозор шароити шу экан-да деб, “сариқ матбуот”да, хусусий нашриётларда турли савиядаги, баъзан маза-матрасиз асарларнинг босилишига бепарво қарадик. Айниқса, кейинги беш-олти йил ичида олди-қочди воқеаларни “тасвирловчи” енгил китоблар бозори қизиб кетди. Қотиллик, фоҳишабозлик, ўғрилик, зўравонлик тўғрисида завқ-шавқ билан ҳикоя қилинган асарлар давомли эълон этилаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Нашриётлар эса, бундай харидоргир маҳсулотларни тезкорлик билан нашр этишга киришди. Уларга пул бўлса, бас! Адабиётнинг эзгулик элчиси эканлиги, тарбиявий аҳамияти улар учун иккинчи даражали ишга айланди. Бироқ анча вақт бу ҳолатга муносабат билдирадиган мард топилмади. Хайриятки, бу жимжитликни биринчи бўлиб, “ЎзАС” газетасида эълон қилинган “Муҳаррир минбари” рукнидаги мақолалар бузди. Уларда “бозор адабиёти” нафақат китобхон онгини заҳарлаши, айни чоғда, бундай енгил-елпи ёзилиб босилаётган китоблар ёш талантларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисида бонг урилди.
Албатта, бадиий ижодда изланишларнинг хилма-хиллиги, услублар ранг-баранглиги табиий ҳол. Бундай хилма-хиллик аввал ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Буни фақат сўз эркинлигига боғлаб қўйиш, менингча, тўғри эмас. Ахир, демократиянинг ҳам чегараси, талаблари бор-ку!
Мен бадиий адабиётнинг тарбиявий, эстетик вазифаларини устувор деб билган бир мутахассис сифатида, ҳозирги адабий жараёндан тўла қониқиш ҳосил қилолмайман. Ижод эркинлиги замирида, аввало, адибнинг ўз халқи, Ватани ва унинг маънавий кўзгуси ҳисобланган адабиёти — сўз санъати олдидаги буюк масъулиятини тушунаман. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этган ижодкор асарида нимани қандай ёзиш кераклигини олдиндан ўйлаб олади. Хаёлига келган, эшитган ёки қайсидир чет эл китобида ўқиган воқеа-ҳодисаларни қоғозга туширавериш билан моддий бойликка эга бўлиш мумкин, лекин обрў ололмайди. Эрнест Хемингуэй таъбири билан айтсак, нуқул олди-қочди, ур-йиқитни ифодалаш билан бозорга чиқиб “бой бўлишни истаганлар ёзувчиликни ҳавас қилмай қўя қолсинлар”.

Баҳодир КАРИМ: — Бугунги кунда енгил-елпи асарлар кўпайганининг асосий сабабларидан бири сўз масъулиятини ҳис қилмаслик, албатта. Кимгадир: “Нима учун ёзаяпсан, сўзинг кимга керак экан?”, деган саволларни бериш мумкинми?
Ёзиш — ихтиёрий иш. Истеъдодли ҳам ёзади, истеъдодсиз ҳам. Француз адабиётшуноси Роланд Барт ижод моҳияти устида фикрларкан, “ёзувчи” (писатель) ва “ёзғувчи”ни (пишуший) фарқлаб тушунтиради: “Ёзувчи вазифа бажаради, ёзғувчи ёзиш билан машғул бўлади”. Уларни олим грамматикадаги “эга” (ёзувчи) ва “кесим” (ёзғувчи)га ўхшатади. “Ёзувчи шундай кишики, гарчи илҳоми бўлса-да, ўз сўзига ишлов беради, уни пардозлайди. Унинг вазифаси шу ишга сингиб кетади. Ёзувчилик фаолиятида икки хил қоида бор: санъат қоидаси (композиция, жанр, дастхат) ва ҳунар (сабр-тоқат, меҳнат, таҳрир-тузатиш ва матнни мукаммаллаштириш). Ёзувчини ҳар доим: нега дунё шундай, бу ҳақда қандай ёзмоқ керак, деган саволлар безовта этади. Ёзувчи ўша жумбоқлар устида бош қотириб, ҳар хил йўлларга кириб чиқади…”, деб ёзган Р.Барт.
У ёзғувчиларни “транзитив” (ташувчи) типидаги одамлар, дейди. Улар ўз олдига гувоҳлик, тушунтириш ва ўргатиш каби мақсадларни қўяди. Ёзғувчидаги асосий хусусият — соддалик, гўллик. У ўз сўзларим билан дунёдаги мавҳум нарсаларни ойдинлаштирдим, дея ўйлайди. Воқеликка бир хил маъно юклайди ёки ҳеч бир баҳссиз, шунчаки масалалардан хабар беради. Ёзғувчининг функцияси — ҳар доим ва ҳар жойда ўйлаган нарсасини тўхтовсиз айтавериш, холос.
Бугун ҳар ким иқтидорига яраша ёзмоқда ва ёзганларини сотмоқда. Афсуски, муқова ичига солинган ҳар қандай матнлар йиғиндисини асар, деб тақдим қилиш ярамайди. Ваҳоланки, адабиётнинг юки оғир, сўзнинг масъулияти, жавобгарлиги катта. Бадиий адабиётнинг сўз санъати даражасида ҳис этилмаётгани ачинарли. Образли тафаккур, рамзлар тилининг жозибаси, бадиий характерлар яратиш сингари том маънодаги талабларга — сўзга масъулият билан ёндашмоқ лозим.
“Бозор адабиёти” — бозорбоп. Агар бу типдаги китоблар, ҳеч бўлмаганда, бозор аҳлини эзгуликка чорласа, уларни тош-тарозидан урмасликка, тўғриликка ундаса — яхши. Аммо шунда ҳам у ўткинчидир.

Абдуқаюм ЙЎЛДОШ: — Шуни ҳам тан олиш керакки, бугунги кунда яхши асарлар ҳам яратилмоқда, халқимиз томонидан севиб ўқилмоқда. Китоб дўконларига бир кириб кўринг-а. Китоблар ранг-баранглигидан кўзингиз қамашгудек! Аммо…
Кўчага чиқсангиз, бозорчи қўшнингиз семиз, ялтироқ муқовали китобни қўлтиқлаганча олдингизга келади ва маънодор илжайган кўйи писанда қилади: “Китоб деб буни айтадилар-да! Битта кетворгани ўнтасиминан юриб-юриб, ўн биринчисига тегаркан-кетаркан. Бу ўн биринчиси ўзининг ўгай акаси бўлиб чиқаркан!.. Лекин қизталоқ ёзувчи жа боплабди-да!”. Ўша “қизталоқ ёзувчи”нинг исм-шарифидан бохабар бўлмоқ қасдида китобга қўл чўзасиз. Аммо қўшни дарров ўзини сиздан нари олади: “Очередда туриб, кеча олдим. Бугун қайтариб обориб беришим керак…”.
Оммабоплик — мезон эмас, дея такрорлашни хуш кўради бир қаламкаш дўстимиз. Унда нима? Савия пасайишининг оммавий кўринишими?
“Ҳазми енгил” асарлар ҳамма даврларда ҳам ёзилган. Аммо ҳеч қачон бугунгидай, бемаза қовуннинг уруғига ўхшаб, урчиб кетмаган бўлса керак. Фикримча, бундай китоблар адабиётга ўқувчининг савиясини пасайтиришу, ҳақиқий асарларнинг нуфузини тушириб юбориш орқали “хизмат” кўрсатади.
Мутахассислар бир қўшиқ ёки мусиқа узлуксиз такрорланаверса, бора-бора эшитувчининг миясига ўрнашиб қолади, дейишади. Шундай ҳолни бадиий адабиётда ҳам кузатиш мумкин. Қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган китоб бадиий савияни белгилайди, ўқувчи онг-тафаккурида: “Энг яхши асар шу!” деган ҳукмни уйғотади. Ишонаверинг, кейин бу ҳукмни ўзгартириш осон кечмайди.

О.МУХТОР: — Бундан анча йил бурун биз билган олим Мустақим Мирзаев, адиба Кибриё Қаҳҳорованинг муштарак бир одатлари бўларди. Улар қайсидир газета ёки журналда кўп хато учраса, ўша газетани, журнални қоп-қора қилиб чизиб, редакцияга — кўринглар, деб жўнатишарди. Ҳозир газеталар, журналлар, китобларда шу қадар сон-саноқсиз хато ўтаяптики, бу ўзи нима бўлаяпти, деб беихтиёр ажабланасан. Баъзан Мустақим ака, Кибриё опани эслаб туриб, қўлинг қичийди. Лекин ўнлаб муҳаррирдан қайси бирига “ақл ўргатса” малол келмаслигини ўйлаб, қўл силтаб қўя қоласан. Сўзим қуруқ бўлмаслиги учун бир газетадан икки-уч мисол келтирай: “Бу инсон ҳақида аниқ бир тўхтамга келиш қийин”, “хонандамиз мен билан давом эттирмоқчилигини айтди”, “экранда яхши бола бўлиш осон”… Ҳарфий хатолар-ку, ғиж-ғиж. Крилчада “ҳ” билан “х”ни ажратолмаганлар ҳамма ерда лотинчада ҳам “х” ўрнида “ҳ” (“н”) шаклида ёзишаётганини айтмай қўя қолай.
“Бозор адабиёти” деган гап менга унчалик тўғри туюлмайди. Чунки ҳар қандай асар “бозоргир” бўлиши керак, аслида китоб ҳам — бизнес, бир пайт одамлар китобни ойлаб, йиллаб навбатда туриб чиқаришган, биз ҳозир фақат шу бизнесдан фойдалана олмаяпмиз, холос. Яшириб нима қилдик, китоблар омборларда тахланиб ётибди. Китоб тарғиботи анча суст… Саргузашт, детектив тушунчаси билан “енгил асарлар” деган баҳони ёнма-ён қўйиш ҳам ўринсиз. Ёзувчиларимиздан Худойберди Тўхтабоевнинг қатор асарлари, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” ёки Саид Равшаннинг “Қиронча” асарини қизиқиб ўқийсан. Уларни “Умри қисқа, тезда унутилиб кетади” деёлмайсан, айримлари ўн йил, йигирма йил, айримлари ярим асрдан буён яшаяпти. Ўқувчига баҳрамандликдан ташқари, маънавий-руҳий озиқ ҳам бераяпти.

Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Мен табиатан саргузашт, детектив асарлар китобхони эмасман. Бундай десам, мен учун ардоқли асарлардан бири бўлмиш “Жиноят ва жазо”ни айни детектив асар, дегувчилар ҳам бор. Тўғри, романда детектив ва саргузашт унсурлари талайгина, лекин улар буюк адиб қаламига мансуб юксак бадиий психологик таҳлиллар замиридаги бир фон, холос.
Бизнинг саргузаштларимиз, детективнависларимизда энг катта қусур худди шу ўринда билинади: яъни воқеалар тафсилоти биринчи ва асосий мақсадга айланиб кетади, бадиий адабиётнинг асосий талабларидан бўлмиш — инсонни ўрганиш ва таҳлил этиш вазифаси, бурчи эътибордан четда қолади. Ваҳоланки, саргузашт ва детектив асарларга хос бўлган ўта зиддиятли ва тўқнашувларга бой ҳолатларда бунга жуда катта имконият очилади. Бироқ кимдир инсонни тушуниш йўлини танласа, кимлардир тўқнашувлар занжирини тўқишга мойиллиги кучайиб кетади. Саргузашт ва детектив асарларимиз “тоши”ни шу мезон посангисига қўйиб кўрилса, кўпгина ҳақиқатлар ойдинлашади-қўяди.
Бу мулоҳазалар китобхонларимизга ҳам тааллуқли: ким қайси жиҳат устунлик қилган асарлар мутолаасига мубтало эканига қараб уларнинг савиясини фарқлаш қийин эмас.
Ўтган асрнинг 60-йиллари охирида Искандар Қаландаровнинг “Шохидамас, баргида” повести ўқувчилар оғзига тушган. Янглишмасам, повест детективнамо руҳда ёзилгани сабабли гўё шўро турмуш тарзига хос бўлмаган воқеалар асос қилиб олинган, деган важ билан танқидга учраган. Раҳматли Ўлмас Умарбековнинг “Одам бўлиш қийин” қиссасида ҳам детектив унсурлари бўлгани майда-чуйда “баҳс” қўзғаган. Айтмоқчиманки, замонавий реалистик адабиётимизда детективнавислик туғилиб улгурмай бўғилган. Тасаввур қилайлик, ушбу жанр азалдан майдонга эмин-эркин чиқиб, айрим жўн, ўргамчик изланишлар ўша кезлардаёқ бартараф этилганида эди, ҳозиргача озмунча йўл босиб ўтилмаган, манзара ҳам буткул ўзгача бўлиши муқаррар эди.
Жаҳон адабиётига мансуб мисолларни қўятурайлик, ўзимизнинг “Ўтган кунлар”да ҳам детектив бор. “Шум бола” саргузашт асар, лекин у улкан маҳорат намунаси бўлгани учун давр синовларидан беталофат ўтиб келаяпти. Шу билан бирга, эътироф этмоқ ҳам керакки, боқийликка даъво қилмайдиган, ҳатто метронинг у бекатидан бу бекатигача оралиқда ўқиб ташлаб юборишга мўлжалланган детектив ва саргузашт “асар”лар ҳам оз эмас.

Б.КАРИМ: — Ҳақиқатан ҳам дардсиз, енгил-елпи асарларнинг унутилиб кетиши тайин. Бир тасаввур қилайлик, ўтган йигирманчи асрда юзлаб ҳикоя ва қиссалар ёзилган. Улардан бир антология тузмоқчи бўлган одам қийналиб қолади. Умрбоқийларининг кўплигидан эмас, албатта… Нега шундай? Нега умрбоқий асарлар кам? Енгил асарларни ҳам кимлардир ёзган. Уларнинг ҳам муаллифлари бор. Демак, ўша асарларни ёзувчи — санъаткор эмас, ёзғувчи ёзиб ташлаган.
Азалий адабий мавзулар оригинал тарзда тасвирланмаса, ёзувчи тақлид доирасида қолиб кетса, ўткинчи асарлар кўпаяди. Адабий назарий қоидалардан бири — мазмуннинг оригинал бўлиши эмасми? Мавзу азалий бўлиши мумкин. Аммо ўша мавзунинг оригинал баёни ижодкорнинг “мен”ига дахлдор масала. Унутилишга маҳкум асарларда ижодкор ШАХСИ бўлмайди.
Энди китоб ўқишга келсак, бу ҳар кимнинг шахсий иши. Ҳар ким ҳар хил мақсад билан китоб ўқийди. Аспирант диссертация ғамида китоб варақлайди. Журналист таъсирчан жумла излайди. Шоир қофия учун сўз ахтаради. Давракашнинг дарди ҳам маълум. Юки енгил асарлар ўқилаётган экан, ўша асарларни ўқиётганларга ўқишни тақиқлаб қўйиш мумкин эмас. Китоб танлаш инсоннинг маънавий даражаси билан боғлиқ. Вақт борида дунёда гениал саналган асарларни ўқиб қолиш керак. Аммо гениал саналган, янгича назарий қарашлар учун асос бўладиган асарларнинг талабгори кўп эмас. Рус адабиётшуносларидан бири: “Книги для многих вначале пишутся для немногих”, деган бир тезисни илгари суради.
Юки енгил асарлар ўқилаётган экан, бунинг сабабини ўша ўқувчининг эстетик тарбиясидан излаш лозим. Нимадир олса керак-да. Куйган юрак-бағрига ўша асарларни ўқиб, сув сепса керак. Бири ёзиб енгиллашса, бири ўқиб енгиллашади. Ўзидаги турли-туман нуқсонларни бошқаларда ҳам кўради, шундан таскин топиб яшайди.

Й.СОЛИЖОНОВ: — Ҳа, даврадошлар тўғри таъкидлашганидек, саргузашт, детектив деган ном остида чиқаётган “асарлар” жуда кўпайиб кетди. Бироқ учидан иккитаси бу жанр талабларига жавоб бера олмайди. Уларнинг энг яхши намуналари қаторига мен Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” тетралогиясини, Ҳожиакбар Шайховнинг қисса ва романларини, Омон Мухторнинг “Кўзгу олдидаги одам”, “Тепаликдаги хароба” асарларини киритган бўлардим. Уларда муаллифларнинг ғоявий мақсади аниқ ва воқеалар тасвири ҳам, қаҳрамонлар хатти-ҳаракати ҳам ана шу мақсадга йўналтирилган.
Бундан 20-30 йиллар муқаддам бу жанрда саноқли ёзувчиларгина асарлар ёзишарди. Йўқ, бундай камёбликка социалистик реализмнинг ҳам, мафкуранинг ҳам дахли йўқ эди. Адибларнинг ўзлари бу жанр олдидаги масъулиятни чуқурроқ ҳис қилишарди, шекилли. Ҳозир эса, бундай асарларни потирлатиб ёзиб ташлайдиган “уста” ёзувчилар хийла кўпайиб қолди. Нуриддин Исмоилов икки йилдаёқ 4та (“Ўлимга маҳкум қилинганлар”, “Жаҳолат қурбонлари”, “Бургут тоғда улғаяди”, “Миллиардерга қўйилган тузоқ”), Эрдавлат Одилов 2та (“Киткон” номли дилогия) роман ёзиб ташлади. Улар, шу кетиши бўлса, яқин-орада романнависликда рекорд ўрнатадилар. Лекин уларни кимлар ўқияпти, асарларидан нимани ўрганаяпти?
Тўғри, бу ерда айтилганидек, “бозор адабиёти”, “енгил китоблар”нинг умри қисқа бўлиши, айниқса, ҳозир жадаллик билан олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ўз самарасини бергач, унутилиб кетиши мумкиндир. Бироқ уларнинг асорати-чи?..

Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик “Шайтанат” тетралогиясининг биринчи китобидаёқ адабиётимизга қанчадан-қанча янги қаҳрамонлар, янги образлар, янги типлар — янгича бадиий талқинлар олиб кирди. Шу билан бирга, Тоҳир ака кўплаб ёш қаламкашларга шайтанат эшигини очиб берди, ўша оламда адабиёт нуқтаи назаридан очилмаган қўриқлар тўлиб-тошиб ётганини, бизнинг адиблар ҳам ўша “қўриқ”лар томон дадил юришлар қилишлари мумкинлигини амалда кўрсатиб берди. Чунончи, мен ижодини изчил кузатиб бораётган ёш адиб Нуриддин Исмоиловнинг кейинги уч йил ичида чоп этилган олти китобининг бештасида мавзу шу: разолат салтанати!
Нуриддин туркум ҳикояларидан сўнг “Ўлимга маҳкум қилинганлар” романини ёзди, изма-из унинг давоми “Жаҳолат қурбонлари” нашрдан чиқди. Ҳар иккала китоб яшин тезлигида тарқади. “Буёғи қандай давом этаркан?”, “Қаҳрамон яна қандай саргузаштларни бошидан кечираркан?”, деган саволлар кенг омма диққатини тутиб, уни шитоб билан ўқишга ундади. Мени асардаги энг мураккаб ҳолатлар ҳам муаллиф томонидан жуда бемалол ва табиий ҳолдек тасвирланиши мафтун этди. Роман қаҳрамони Собир учун мушкул ҳолат, вазият деган тушунчанинг ўзи йўқ. У неча бор муқаррар ўлим билан юзма-юз келади, лекин тушкунликка тушиш, тақдирни қисмат ихтиёрига топшириш туйғуси Собир учун ёт. У афсонавий эртак қаҳрамонлари сингари ҳар қандай ҳолатда жонини сақлаб қолади. Муҳими — муаллиф ўқувчини шунга ишонтиради. Асар қаҳрамони бирон лаҳза бўлсин, ўзидаги жисмоний ва ақлий имкониятнинг чексизлигига шубҳа қилмайди, мана шу некбинлик руҳи китобхонга ҳам юқади. Қаҳрамон образидаги яна бир жозиба шундаки, у ўзидаги тегирмонга тушса ҳам бутун чиқиш хусусиятлари, яъни имкониятларини фақат эзгулик йўлида — оддий одамларнинг корига яраш йўлида ишлатади.
Романнинг мантиқий давоми бўлмиш “Жаҳолат қурбонлари”да ҳам Собир образидаги мантиқ бузилмайди. Муаллифнинг сюжет йўналишини усталик билан қуриши, воқеалар силсиласидаги тарангликни сақлай олишига ҳавас қилса арзийди. Шу аснода қаҳрамон руҳий дунёсидаги мураккаб қатламларга мурожаат этишни ҳам унутмайди. “Бургут тоғда улғаяди”, “Омонат ғор сири” шу борадаги изланишларда ўзига хос босқич вазифасини ўтаган бўлса, “Иблис салтанати” романида у разолат дунёсида яшаб юрган кимсалар муҳитида ҳам ўша муҳит “қаричи”га сиғадиган даражада адолат, инсонийлик аломатлари мавжудлигини тасвирлашга уринади.
Нуриддин Исмоилов ижоди юзасидан айтиладиган мулоҳазалар ҳам бор, албатта. Чунончи, у коллизиялар такрорига йўл қўймаслик, психологик таҳлилни чуқурлаштириш, жуда яхши топилган тимсолларни асарнинг умумий руҳига сингдириб юбориш, сюжет ва персонажларнинг мантиқий ривожига дахл кўрсатмаслик борасида ўз услубига сайқал берса, деган ниятлар билдиргим келади. Шу ўринда иқтидорли қаламкаш дўстимнинг ижодий лабораториясига доир бир “сир”ни фош этсам: Нуриддин романларини ҳафта сайин чоп этиладиган “Ҳордиқ” ва “Чархпалак” газеталарида сонма-сон ёритиш мажбуриятидан келиб чиқиб қоғозга туширади. Газетачиликда буни тушуниш мумкиндир, лекин бундай шиддатли сермаҳсуллик асарлар савиясига путур етказиб қўймаслигини жуда-жуда истар эдим.
Бир сўз билан айтганда, Нуриддин Исмоилов асарларини ўқиб туриб бир ҳақиқатга амин бўласан киши: осон ўқиладиган асар ҳам зинҳор осонлик билан ёзилмайди!

А.УЛУҒОВ: — Саргузашт, детектив асарларнинг ишқибозлари ҳамиша кўп бўлган. Шунинг учун бу хил асарлар барча мамлакатларда бадиий адабиётнинг сон жиҳатдан асосий қисмини ташкил этади. Э.Хеменгуэйнинг асари Нобел мукофоти билан тақдирланган бир пайтда Америкада Э.Берроузнинг Тарзан тўғрисидаги туркум асарлари қўлма-қўл ўқилган. Ваҳоланки, кенг омма эътиборини жалб этган туркум асарлар ёзган бу қаламкашнинг номи ҳам, асарлари ҳам тезда унутилган. Россияда ҳам Ф.Достоевский, Л.Толстой яшаган даврда Ф.Булгарин, А.Орлов, О.Сенковскийнинг қисса, романлари, Н.Полевойнинг драмалари, Н.Куколник, В.Бенедиктов шеърлари оммабоп китоб сифатида қайта-қайта чоп этилган.
Саргузашт, детектив воқеалар баёнидан иборат “бозор адабиёти” ҳам аслида маданиятнинг бир тармоғи. Маданиятнинг бу тармоғи кенг илдиз ёяди. Бундан сал аввалроқ “жангари” филмларни томоша қилишга ўч эдик. Ҳозир ёшлар ҳам бу хил филмларга қизиқмай қўйишди. Яъни одамларимиз жангарилар тўғрисидаги ёлғон-яшиқ томошалардан “тўйди”. Расталарни тўлдириб турган хусусий газеталар саҳифаларидаги ранг-баранг детектив “битик”лар ҳам, албатта, кишиларнинг меъдасига тегади. Чунки кўпчилик ўқиган, томоша қилган нарсаларининг нимага арзишини аста-секин англаб етади.
Олди-қочди воқеалар баёнидан иборат асарларнинг асосий қаҳрамонлари ўғрилар, қиморбозлар, фоҳишалар, нашавандлар, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи зўравонлар. Ўз-ўзидан аниқки, бу кимсалар кишиларни қанча сескантирса, шунчалик қизиқтиради. Шу боисдан, қаламкашлар ўшаларнинг ҳаётини тўқиб-бичади ва унинг ичига, албатта, мўл-кўл қилиб секс ҳам қўшишади. Шусиз ёзганлари бозорда ўтмайди. Аммо адабиётни бу даражада бозорга мослаштиришга бефарқ қараб ҳам бўлмайди-ку!
Айни пайтда хусусий газеталар саҳифаларида ҳам баъзан “ярқ” этган нималардир кўриниб қолади. Хусусан, Зулфия Қуролбой қизининг ҳикоялари шу куннинг ҳодисаларини таъсирчан гавдалантириши билан диққатни жалб қилади. Унинг “Ҳордиқ”, “Чархпалак” газеталарида чоп этилган ҳикоялари миллий насримиз анъаналари бақувват асосга эга эканлигини кўрсатади. Адибанинг, айниқса, “Тафаккур”, “Аёл қиёфасидаги ажал”, “Муҳаббат ва нафрат” сингари ҳикоялари мароқ билан ўқилади. Ушбу ҳикоялардаги қаҳрамонларнинг ўй-кечинмалари, ҳаракат-ҳолатлари энг талабчан, дидли ўқувчини ҳам бефарқ қолдирмайди.
Абдуқаюм Йўлдошнинг қисса, ҳикояларида ҳам бугунги ҳаёт ҳодисалари қаламга олинган. У қаҳрамонлари саргузаштларини нақл қилса-да, муаммога миллий қадриятларимиз нуқтаи назаридан ёндашиб, тезроқ бойиб кетиш ташвишига тушганлар фожиасини кўрсатади. Ёзувчи мол-дунёга муккасидан кетиш, алдамчилик инсонни охир-оқибатда ҳалокатга элтишига эътибор қаратади.

А.ЙЎЛДОШ: — Албатта, гап асарнинг қайси тур ёки жанрда ёзилганида эмас. Ҳар қандай асар шахсан мен учун, аввало, образлари, бениҳоя мураккаб инсон кўнглини қай даражада тадқиқ эта олгани билан қимматли. Шу маънода, ўз вақтида адабиёт газетамиз “бозорга чиқди” дея эълон қилган “Шайтанат” асарининг биринчи жилди кейинги йиллар ўзбек адабиётида яратилган саргузашт асарларнинг энг яхшиси бўлиб туюлади менга.
Айтишларича, инсон табиатида андаккина дангасаликка мойиллик бўларкан. Дангасалик айрим одамларни даҳоликка етакласа, баъзи фуқароларни “ҳазми енгил” асарларни ўқишга чорларкан. Ахир, аслини олганда, ҳақиқий мутолаа — энг оғир машғулотлардан бири-да. Айниқса, бугун, кўпчилик турмуш ташвишлари билан, умрини чоп-чопларда ўтказаётган бир шароитда худди сценарий каби воқеалар баёнидан иборат бўлган асарларга кўз югуртириб чиқиш, “анавинақа” жойларини, ваҳимали лавҳаларни қайта-қайта ўқиш яхшигина эрмакка айланди-ёв. Эрмак эса, бора-бора кўникмага айланади. Кўникма — одатга…
Хориж мамлакатларидан бирида бўлганимизда баъзи ҳолларда китоби миллионлаб нусхаларда сотилган қаламкаш ҳам ҳақиқий ёзувчиларнинг пэн-клубларига аъзо қилиб олинмаслигини айтиб қолишди. Яъни улар бестселлер ёзувчилар экан, холос! Бизда эса, тўртта ола-чалпоқ китобини ўз ҳисобидан чиқарган ҳаваскор бемалол кўкрагини кериб “Мен ёзувчиман!” дейди, тавсиянома йиғиб, уюшма аъзоси бўлиб олиш ҳаракатига ҳам тушиб қолади.
Англиялик адиба Жоан Роулингнинг Гарри Поттер ҳақидаги асарлари билан дунёга танилганидан, миллиардерга айланганидан хабардорсиз, албатта. Унинг дастлабки уч китоби Америка бестселлерлари рўйхатида узоқ вақт энг юқори ўринларни эгаллаб турган. Бугунги кунда Роулингнинг миллионлаб мухлислари бор. Бироқ бутун дунё бўйлаб ўзига хос модага, урфга айланган бундай асарларнинг умри узоқ бўлишига шубҳам бор. Айтайлик, яна йигирма, эллик, юз йилдан кейин ҳам инсониятнинг асл ақллари Достоевскийни ўқишда давом этишар. Аммо Роулингни…
Баъзан култепалар ёки хароба ошёнлардан хазина топилиб қолади. Шунга ўхшаб, гоҳо енгил-елпи асарларда ҳам кутилмаган ўхшатишлар, эсда қоларли образлар учрайди. Аммо “вақтни ўлдириш” учун мутолаа қилаётган ўқувчи буни пайқаши қийин бўлса керак.

Й.СОЛИЖОНОВ: — Хўш, ўша “вақтни ўлдириш” учун енгил ижод маҳсулотларини, “тезҳазм” асарларни ҳозир қидириб ўқиётганлар камми? Улар кимлар? Бекорчилар! Бозорга боринг, харидор келгунча “вақтни ўлдириш” учун ё ўшанақа маҳсулотларни давомли босаётган газетани ўқиб ёки ўзбекнинг донишмандлигини “синаб” кўришга мослаштирилган ниҳоятда жўн кроссвордларни ечиб ўтирганларни кўрасиз. Писта, сигарет сотувчилар, киракаш ҳайдовчилар ҳам… Умуман, вақтини нимага ва қандай сарфлашни билмай юрганларга бундай асарлар эрмак бўлаяпти. Афсуски, ана шу бекорчиларга уларнинг таъсири ҳам ёмон ураяпти. Фикрим қайтариқ бўлиб қолаётгани учун узр сўрайман, бироқ кузатишлар шуни кўрсатаяптики, унақа маҳсулотлардан ўрнак оладиганлар кўпаймоқда.
Афсуски, бундай енгил адабиётларнинг урчишига туппа-тузук таниқли, унвонли ёзувчиларимиз ҳам ўз “ҳисса”ларини қўшишаяпти. Уларнинг асар бошидаги сўзбошиси ёки кўкларга кўтариб айтилган мақтовларини ўқиб, ҳар қандай ўқувчи ҳам: “И-я, фалончи шундай дебдики, бу китоб зўр экан-да!”, деб олаверади. Бу ҳам бизнеснинг бир йўли бўлиб қолди, шекилли.

Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Азал-азалдан аён бир аччиқ ҳақиқат шуки, адабиёт тарихида бирорта жиддий асар миллионлар орасида қўлма-қўл бўлиб ўқилган эмас. Бунга ўнлаб, юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳозирги саргузашт, детектив асарларимизнинг кенг омма ютоқиб ўқиётганининг сабабларидан бири ҳам шу, яъни улар жуда енгил ўқилади. Сюжет йўналишида, тасвирлар силсиласида воқеанавислик устунлик қилади. Чинакам бадиий асар воқеалар тафсилоти тугаган ва улар ҳақидаги ўй-мулоҳазалар бошланган жойда туғилади, деган машҳур таъриф ёдга тушади. Таассуфки, кенг омма худди шу — чинакам бадиий асар бошланган жойда ўқишдан толиқади, китобни қўлига олса уйқуси келади. Аслида, бунинг ҳам ажабланарли жойи йўқ, омма оммабоп асардан қониқиш ҳосил қилади. Унинг учун бундан ортиғи ортиқ.
Мутолаадан ким қандай завқ-шавқ туйиши, бу — савия, бадиий дид муаммоси. Енгил ижод, жумладан, “тезҳазм” қисса, романларга ўчликнинг сабаби кўп: бу замонамиз кишилари руҳиятида кундалик ташвишлардан ўзини чалғитиш эҳтиёжининг ортиб бораётгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин, шунчаки ҳордиқ чиқариш мақсади ҳам йўқ эмас; “ҳазми оғир” асарларни мутолаа қилишдаги танбаллик (мутолаа айни чоқда ақлий-маънавий меҳнат эканлигини ҳам унутмайлик!), бетоқатлик ҳам эҳтимолдан холи эмас. Назаримда, китобхон дидини ўстириш, кишиларда ҳақиқий мутолаа маданиятини тарбиялаш муаммолари ниҳоятда жиддий ва долзарб муаммолигича қолаяпти…
Ғарб диёрларида бестселлерлар рўйхати ҳафтасига ўзгариб туради. Бразилиялик адиб Пауло Коэло асарлари, жумладан, унинг “Алкимёгар”, швейцариялик адиб Питер Зюскинднинг “Парфюмер” романи бир қанча вақтдан буён бундай рўйхатнинг юқори қаторларидан тушмай келаяпти. Кейинги пайтда улар қаторига япон адиби Хоруки Муракамининг фантастик-эртакнамо — сюрреалистик асарлари қўшилди. “Алкимёгар” билан “Парфюмер” ҳам, япон адибининг асарлари ҳам катта мумтоз адабиёт рўйхатига қўшилишига кўзим етмайди, лекин бир ҳақиқатни тан олиш керакки, мазкур асарлар бизнинг маҳаллий бестселлерлардан чуқур фалсафийлиги, психологик таҳлилнинг теранлиги ва юксак савиядаги тил ва тасвир маҳорати билан кескин ажралиб туради. Ана энди савол туғилади: нима учун мазкур асарлар (ҳатто “Алкимёгар” уч таржимон томонидан уч хил ўзбекчалаштирилиб, нашр этилганига қарамай!) бизда оммалашиб кетмади? Чунки бизнинг омма ҳали фалсафий-психологик асарларни талашиб-тортишиб ўқиш даражасидан анча-мунча йироқ. Мен санаб ўтган муаллифларнинг асарлари эса, гарчи улар детектив-саргузашт эканига қарамай, фақат “вақтни ўлдириш” учун эмас, балки бетакрор маънавий-руҳий завқ, озуқа олиш учун ҳам ўқилади.

А.УЛУҒОВ: — Албатта, яхши нарса харид қилишни бирданига ўрганиб бўлмагани сингари, бадиий асар сифатида тақдим этилаётган китобларнинг ҳам асл ёки “хом-хатала” эканини сезиш учун анча “қоқилиб-суриниш”га тўғри келади чоғи. Бу жараёнда китобхонларнинг адабий диди шаклланади. Кимдир умр бўйи олди-қочдидан иборат саргузашт, детектив асарларга ишқибозлигича қолса, кимдир Навоий, Достоевский даҳосини англашга интилади. Ҳеч қачон ҳамманинг диди, дунёқараши, тушунчасини бир хил “қолип”га солиб бўлмайди. Олди-қочди воқеаларга тўла, ўткир сюжетли асарларнинг ишқибозлари кўп бўлишининг боиси шундаки, бу хил асарларни ўқиш куч талаб қилмайди: овқатланаётиб ҳам уларни бемалол мутолаа қилиш мумкин. Навоийнинг бир ғазалини, Достоевский романининг бир саҳифасини ўқиб уқиш учун эса анча ўйланишга, мулоҳаза юритишга тўғри келади. Шу боисдан кўпчилик миясини машаққатга қўядиган жиддий асарлардан кўра, “тезҳазм” роман, қиссаларни ўқиб, “жангари” филмларни кўриб, мароқланади. Қувиш, қочиш, ўлдириш, қасос олишдан иборат “жангари” филмларни томоша қилиш, тўс-тўполон воқеаларга тўла асарларни ўқиш аста-секинлик билан дийдани қотириб, кишини шафқатсизликка мойил қилиб қўяди. Шундай экан, кишилар маънавиятига беқиёс зиён етказадиган ҳар қандай “оммабоп” асарга сергаклик билан муносабат билдириб, жамоатчиликка унинг “баҳо”сини айтиш керак. Бу, албатта, биринчи галда адабий танқидчилик зиммасидаги долзарб вазифадир.

О.МУХТОР: — Ҳозир нима кўп — газета, журнал кўп. Уларни “тўлдириш” учун ҳар хил маза-матрасиз “асарлар” ҳам босилаяпти. Пул тўлаб, бирон мутахассис кўздан кечирмаган китоблар ҳам нашр этилаяпти. Танқидчиларимиз холисликни унутиб, уларни баъзан ҳатто мақташаяпти ҳам. Уларнинг анъанавий адабиётга қанчалик алоқаси бўлмаса, саргузашт, детективга ҳам шунчалик алоқаси йўқ. Китобхонлик севияси пасайиб кетганидан, яхши билан ёмонни ажратмайдиган ҳолат юзага келаяпти. Бинобарин, токи адабиётга муносабат даражасини кўтармагунча, сўз олдида масъулият ҳақида гапириш ортиқча.

Б. КАРИМ: — Танқидчилик нафақат “бозор адабиёти”га муносабатда жим, балки адабиётнинг бошқа соҳаларига муносабатда ҳам жим турибди. Чунки бугун танқид ёзадиган ёшлар йўқ. Диссертациялар ёзаётган, тақризлар ёзаётган, гўё илмий деб аталмиш атамаларга мўл мақолаларни ёзаётган адабиётчилар кўп. Аммо танқид майдони бўш. Бу гапларим ёшлари улуғ, муҳтарам мунаққидларга тегишли эмас. Улар ўз зиммаларидаги миссияларини қойилмақом қилиб адо этганлар. Бугун: “Мен “бозор адабиёти”га баҳосини бераман, унинг санъатга ҳеч қандай дахли йўқлигини ёки чинакам санъат намуналари эканлигини кўрсатиб бераман”, деб майдонга чиқадиган танқидчи йўқ. Агар ўшандай марди майдон бўлиб, “бозор адабиёти”нинг баҳоси бериб турилса, бугунгидай суҳбат уюштириб ўтиришга ҳам зарурат қолмас эди. Хўш, вазиятдан қандай чиқиш мумкин? Хўш, “бозор адабиёти” ҳам, жиддий асарлар ҳам, умуман, адабий жараён етарлича баҳоланмаётган экан, бунинг учун нима қилмоқ керак? Қани танқидчи? Борми? Йўқми? Нега у жим? Танқидчи йўқ! Демак, бу соҳадаги вазифалар ечимини адабиёт жонкуярлари, адабиёт фидойилари — ижодкорларимиз, шоир ва ёзувчилар ўз зиммаларига олишлари керак эмасми? Бу жиддий гап. Бу яқин кечмиш адабиётимиз тажрибаларидан келиб чиққан бир фикр. Чўлпоннинг аксар мақолаларида театр асарлари баҳолаб берилган эди. Фитрат — адабиётшунос эди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзоданинг қарашлари ўз вақтида адабий жараён учун жуда муҳим бўлган.
Шу маънода, Баҳром Рўзимуҳаммадга ўхшаш айрим ижодкорларнинг ўша салафларимиз анъаналарини давом эттираётганини маъқуллайман.
“Бозор адабиёти”ни баҳолаш биргина танқидчининг иши эмас. Агар ўша асарлардан маънавият, адабиёт зиён кўрса, унинг яроқсизлигини айтиш ҳар бир адабиёт жонкуярининг бурчи.

Й.СОЛИЖОНОВ: — “Бозорбоп” асарларга адабий танқиднинг муносабати сезилмаяпти десак, танқидни бироз камситган бўламиз. Онда-сонда бўлса-да, жиддий танқидий мақолалар босилиб турибди. Бунда, айниқса, “ЎзАС” газетасининг хизматини алоҳида таъкидлаш керак. Афсуски, ҳозир танқидни ҳеч ким эшитмай қўйди, танқид қилган одам ёқмай қолди. “Фалончими? Э, у адабиётни тушунмайди!” деб, мунаққидларни саводсизга чиқарадиганлар кўпайди. Хусусий газеталар ва нашриётлар эса ўша-ўша — бундай енгил-елпи асарларни жадаллик билан босишни давом эттирмоқда.

А.ЙЎЛДОШ: — Менинг назаримда, ҳамма соҳада бўлгани каби, адабиётда ҳам тараққиётни ҳамманинг ўз касбини (ҳунарини) виждонан адо этиши белгилайди. Адабий танқидчилар — профессионал адабиётшунослар. Ҳар қандай асарнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиш айнан танқидчиларнинг вазифаси. Ахир, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйгани маъқул-да. Аммо бир пайтлар қўлма-қўл ўқиладиган “Очиқ хат”лар ёки танқидий мақолалар бугунги кунда анқонинг уруғига айланиб бормоқда.
Ҳалол, самимий танқид, холис баҳо, аввало, асари танқидчининг назаридан ўтган ёзувчи учун, ана ундан кейин бошқа қаламкашлар учун қадрли.
Мен ҳатто “Асаримни бирон танқидчи ўқиб, очиқ фикрини айтса қанийди”, дея орзу қилиб юрган бир ижодкорни ҳам биламан. Нимагадир бу қаламкашга йўлиққан танқидчиларимиз минг истиҳола ва андиша ила асарни умумий йўсинда мақтаб қўйишдан нарига ўтишмаяпти экан. Юз-хотирчилик адабиёт тараққиётига хизмат қилмаса керак…

Х.ДЎСТМУҲАММАД: — Давра суҳбатимиздан аён бўлаётган муҳим хулосаларимиздан бири шуки, адабий жараён муносабат билан тирик. Назаримда, ҳозирги миллий бадиий тафаккур савияси бирмунча парокандалашиб қолгандек туюлади, адабий танқидчилигимиз эса фаол эмас. Конкрет таҳлиллар, чоғиштиришлар, умумлашма хулосалар, баҳс-мунозаралар кўзга ташланмаяпти. Мисол учун, “Алкимёгар”нинг уч хил таржимада эълон қилингани адабиётимизда фавқулодда воқеа бўлди, лекин танқидчиларимиз жим. Ваҳоланки, шу баҳонада қанча фикр қайнаб чиқиши, жумладан, саргузашт ва детектив йўналишдаги “бозор адабиёти” ва бадиий сўз масъулияти хусусидаги қарашларни ўртоқлашиш мумкин эди. Умид қиламиз, бугунги давра суҳбатимиз ижодкорларга ҳам, мунаққидларга ҳам яхши маънода бир туртки бўлар.

Давра суҳбатини Маҳмуд Саъдий ва Аҳмад Отабоев ёзиб олди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 2-сонидан олинди.