Акмал Саидов. «Дастлаб амал бўлган» (2007)

Гётенинг «Фауст»идаги бир сўз маъноси ва унинг таржимаси ҳақида

Иоганн Волфранг Гёте ўзининг шоҳ асарини яратгандан сўнг роппа-роса 200 йил ўтгач “Фауст” ўзбек тилида нашр этилди. Уни ўзбек тилига Эркин Воҳидов ўгирган эди.

Ой ўртанар, кўзларида ёш,
Бағри доғу юраги қийма.
Дер: эй, фалак, мен эдим қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?

Эркин Воҳидовнинг бу сатрлари “Фауст”­­ни таржима қилишга киришган пайт­ларда ёзилган. Буюк Гёте ўн беш минг мисрага яқин “Фауст”ни олтмиш йил ёзган. Улуғ шоирнинг фикри ва фалсафаси, у яшаган замон ва макон руҳи моҳирона берилган шоҳ асарни Э.Воҳидов ўзбек шеърияти оламига олиб кирди.

Шу тариқа “инсоният тарихининг мағзи” бўлмиш “Фауст” ўзбек халқининг ҳам мулкига айланди.

1972 йилда Ёзувчилар уюшмасида “Фауст” таржимаси тақдимномаси бўлган. Унда академик Воҳид Зоҳидов ҳам иштирок этган эди. “Бу асарни куни кеча қўлга олдим ва уни тўлиқ ўқиб чиқишга вақтим бўлмади, — деганди тақдимотда сўз олган академик. — Аммо
“Фауст”даги икки муҳим жой Эркин Воҳидов томонидан қандай таржима қилинганлиги билан қизиқиб кўрдим. Биринчиси “Теория, друг мой, суха” жумласи таржимон томонидан “Назария қуруқ оғочдир”, деб ўгирилибди. Жуда моҳирона таржима! Бу жумла “Назария қуруқдир” деб берилиши ҳам мумкин эди. Бироқ таржимон Гёте даҳосига ўта ижодкорона ёндашган. Худди шундай фикрни “Инжил”даги “Слово” сўзи таржимаси ҳақида ҳам билдириш мумкин”.

Нима учун муҳтарам академигимиз бу сер­қирра, чуқур маъноли, мураккаб фалсафий мушоҳадаларга тўла, ҳажм жиҳатидан ҳам йирик асардаги бевосита шу бир — “Калом” таржимасига алоҳида эътиборини қаратган.

“Инжил”даги бу сўз таржимаси билан боғлиқ саҳна “Фауст”да марказий ўринни эгаллайди:

“Дастлаб Калом бўлган”. Илк сатрданоқ
Мени лол этди-ку мураккаб жумбоқ,
Нима бўлди экан бунинг маъноси?
Наҳот сўз оламнинг бўлса асоси?

Трагедияда Фауст  бу  илоҳий сўз қандай таржима қилинса, маъноси тўғри бўлиши ҳақида мулоҳаза юритади. “Инжил”да илоҳий хушхабар “Азалда Калом бор эди”, деб бошланиши яхши маълум. Дарҳақиқат, ушбу илоҳий хушхабар Қуръони каримнинг
55-сураси 2 оятида ҳам келтирилган. Фауст бу ҳақда “Наҳот сўз оламнинг бўлса асоси?” дея мазкур  таърифга янги-янги маъно бахш этишга интилади. Унинг ўзи ана шундай Инсон туб моҳиятини англаш учун бетиним изланадиган файласуфдир. У борлиқнинг азали ва интиҳоси илдизларига етиш учун ҳар қандай изтиробларга ҳам тайёр. Бунга ҳатто Мефистофел ҳам ҳайрон:

Шундай уқубатда яшарки одам
Раҳмим келар ҳатто менинг ҳам.
Тангри Мефистофелнинг бу таажубига қуйи­дагича жавоб беради:
Фаустни танирсан?
Қулим.
У то тирик экан қўлингда сенинг.
Изланиш бор ерда адашиш ҳам бор.

Шайтон қиёфасидаги Мефистофелнинг ўзида изланиш руҳи ҳукмрон  бундай олимни ҳам йўлдан уришига ишончи комил. Бунинг учун у Тангридан Фаустни синаб кўришга ризолик олади.

Фауст илмга ғайри табиий даражада чан­қоқ олим, у ҳамиша ҳақиқатга интилади, ҳатто ўзини Илоҳга тенглаштиради, бироқ Ер Руҳи билан учрашганидан кейин хатосига иқрор бўлиб, ўзининг нақадар номукаммаллигини англайди. Шундай бўлса ҳам, ўзида шайтонга қалбини сотмайдиган маънавий ва руҳий қудрат борлигига амин. Шунинг учун у иблис билан шартнома тузишдан ҳайиқмайди.

Мефистофел — ўта фирибгар ва ҳийлагар.  У Фаустнинг хонасида лайча қиёфасида пайдо бўлади, олим билан юзма-юз қолгандагина ҳақиқий башарасини кўрсатади. Фауст билан шайтон ўртасидаги келишувга мувофиқ Мефистофел олим ҳаётлиги даврида унинг қулига айланади.

Иблис Фаустни дастлаб “Кичик”, сўнгра “Катта давра”га “олиб киради”. Фауст гўзал Еленага уйланади, кўҳна салтанатлар маҳобатининг гувоҳи бўлади. У оламни такомиллаштириш буюк ғоялари доим барҳаёт бўлиши, эзгулик албатта тантана қилишига ишонч билан ҳаётдан кўз юмади. Фауст бошига тушган уқубатлар олдида таслим бўлмайди, кўр бўлиши, кексайишига қарамасдан, маънавий камол топади. Мефистофел унинг руҳан заиф эканлигини исботлай олмайди ва ўзи  мағлуб бўлади.

Гёте шоҳ асари қаҳрамони олим ва ҳуқуқшуносдир. У — реал тарихий шахс. Фауст ХВИ асрда Германияда яшаган, шифокорлик қилган, афсунгар кимёгарлиги ҳам маълум. Унинг ақл бовар қилмайдиган мўъжизакорлиги, исёнкор руҳи ҳақида афсоналар тўқилган. Фауст тўғрисидаги ривоятлар авлоддан авлодга ўтиб келган. Бу тарихий шахс ҳаётлик вақтидаёқ ўз руҳини шайтонга сотган, деган миш-мишлар тарқалган эди. Айнан мана шу боисдан Фауст халқ ижодиётига мансуб китоблар ва қўғирчоқ томошалари қаҳрамони бўлган. Лекин у нафақат бу билан машҳур эди.

Фауст образи Вилям Шекспирнинг замондоши, инглиз Кристофер Марло драмаси, романтизмгача мавжуд бўлган “Бўрон ва шиддат” (у шу номдаги песа муаллифи ҳамдир) оқимининг асосчиси немис Клингер романида, шунингдек, бир қанча бош­қа адабий асарларда ўз аксини топган.

“Бўрон ва шиддат” ҳаракати етакчиларидан бири, заҳархандалиги билан машҳур бўлган  Иоганн-Генрих Мерк эса Мефистофелнинг ҳаётдаги прототипи эди. Иблис билан “қариндошлик” унинг учун машъум бўлди: Меркнинг барча фарзандлари бевақт ўлиб кетади, 1791 йилда эса у руҳий хасталиги оқибатида ўзини ўзи отиб ўлдиради.

Кўриниб турибдики, Гёте Фауст ҳақида асар яратишга қарор қилган адибларнинг биринчиси эмас эди.  Аммо Фауст шахсига ёндашишдаги ўзига хослик Гетё шоҳ асарини бошқалардан кескин ажратиб туради. Трагедиянинг якунланиши худди ана шунинг далолатидир. Фауст бошқа адиблар “Фауст”лари сингари шайтонлар томонидан тилка-пора қилинмайди, аксинча, фаришталар томонидан осмонга олиб чиқиб кетилади. Фикримизча, у инсоннинг чўққилардек сарбаланд мавқеи тимсоли бўлиб, одамзотнинг ўз қудратига ишончи рамзидир.

Гёте асарида олим Фаустнинг хонаси готик услубдаги қоронғу равоқлар сифатида тасвирланади. Бу Ўрта асрлар даврининг зоҳид инсон тўғрисидаги тасаввурлари билан уй­ғунлашиб кетган. Фауст ҳар қандай қилиб бўлса-да мана шундай ўзини ўраб турган, чекланган олам,  биқиқ хонаси тутқунлигидан озодликка чиқишга талпинади. Зеро, ўз-ўзини камол топтиришнинг интиҳоси бўлмайди. Изланувчан тафаккур олим олдига ҳамиша янги, янада мураккаброқ вазифалар қўяверади.

Фауст — фавқулодда серғайрат, битмас- туганмас куч-қудратга эга фаол инсон. Ёрдамчиси Вагнер эса унинг тескарисидир. Вагнер учун билим — бу оламни ва ўзини идрок этиш эмас, балки ўқиб тугатилган китоблар сони билан ўлчанадиган соф миқдорий тушунчадир.

О`рта аср фани сохта илмийлигидан ҳафсаласи пир бўлган Фауст афсунгарликка берилади. Бу у оломоннинг ҳамду саносини истеҳзолик билан қаршилаган учинчи саҳнада намоён бўлади. Олим Коинот билан муштарак бўлиш, унинг сир-синоатларини билиш истагида тажриба ўтказиб, сал бўлмаса ўзини ҳалок этаёзганди. Гарчи Фауст ибодатхоналарга кўп қадам ранжида қилавермаган бўлса ҳам, бевосита черков бонги жаранглари ва хор қўшиғи уни ҳушига келтиради, ўзи содир этаётганларининг куфрлигини англашига имкон беради.

Гётенинг ушбу асари қарийиб 60 йил (!) давомида битилди ва шу сабабли у ўзида адибнинг ҳаёт тажрибаси ҳам, теран, яширин маъноларни ҳам  мужассамлаштирган. Гёте худди асар қаҳрамони сингари олим ва ҳуқуқшунос бўлганлиги, айниқса, эътиборга моликдир.

Гёте Фауст тилида  шундай дейди:

Илоҳият ила банд бўлдим,
Файласуфи хирадманд бўлдим.
Илми ҳуқуқ, илми табобат —
Барчасини ўргандим…

Фауст эса тарихий шахс сифатида фақат олим эди.

Гётенинг Фауст шахсига бу таърифи унинг борлиқ тўғрисидаги тасаввурлари инъикосидир, деган фикрни туғдиради. Бу ҳолда Фауст нима учун шайтонлар томонидан тилка-пора қилинмаганлиги тушунарлидир. Чунки муаллиф ўзининг ҳақлигига ишончи комил.

Одатда, трагедиялар фожеали тугайди. Бироқ асар синчковлик билан мутолаа қилинмаса, “Фауст”да бундай якуннинг ўзи йўқ. Барча трагедияларга танлаш зиддиятлари хос. Англашимизча, танлаш муаммоси борлиқни янада чуқурроқ тасаввур этишнинг давомини танлашдан иборатдир. Бунинг иккита йўли бор, аммо иккаласининг ҳам боши берк, интиҳоси ҳалокатли. Фауст шайтон билан қабиҳ шартнома тузади, Мефистофел ундан нимани исташини, нимани талаб қилишини билади. Бироқ ўзи учун ниҳоятда фожеали битим, уни қароридан қайтаришга ожиз. Чунки у ҳаётини билимларини муттасил такомиллаштириб боришсиз тасаввур қила олмайди.

Олимни севиб қолган бегуноҳ қиз Маргарита Гретхеннинг тақдири ҳам аянчли. У зиндонга ташланади ва ўлимга маҳкум этилади. Ҳолбуки, у ҳали жуда нав-ниҳол:

Гўзал эдим ғоят бир замон,
Ҳусним мени ўлдирди, аён.
Ёр ёнимда эди у чоқда,
Ҳозир эса йироқ-йироқда…

Шундай қилиб, Гёте асарида, фикримизча, иккита фожеа мужассамлашган. Фауст нима қилиб қўйганлигини англайди, у Мефис­тофелдан нафратланади, шайтон эса ўз нав­батида уни “майда махлуқ” деб атайди. Бироқ унинг Мефистофел билан ёнма-ён бўлишдан бошқа иложи йўқ. Мефистофел бамисоли кўланка сингари ундан ажралмайди,  бирор дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмайди.

Асар “Бағишлов”ига ҳам алоҳида тўхташ даркор. У, биринчи қарашда, трагедияга умуман алоқадор эмасдек. Муқаддимадан шоир директор буйруқларига итоат этишга рўйхуш эмаслиги равшан бўлади. Зеро у — санъаткор, ижодкор, қалб амри билан иш кўради. Нима ҳақда ва қандай ёзиш унинг измидадир. Фауст ҳам Ўрта асрлар жамияти қоидалари асосида яшашни хоҳламайди. У ўз тақдирининг соҳибидир.

Гётенинг “Фауст”и ўзида нафис шеъриятни, мумтоз мукаммалликни ва теран фалсафий тафаккурни мужассамлаштиради.

Гётенинг “Фауст”и инсонпарварлик тафаккурининг чўққисидир. Инсон, унинг эҳтирослари юксаклиги ва барқарорлиги, ҳаёт ҳақиқати ва мазмуни, бетиним изтиробий изланиш, парвозлар ва тубанлик, Ҳурлик ва Муҳаббатга эга бўлиш ҳақидаги буюк драматик эпопеядир.

Гётенинг “Фауст”и мисли кўрилмаган эҳтирослар оташи, ақл қайроғи,  битмас-туганмас донолик чашмаси, асрларга ва минг йилликларга татийдиган асардир.

Гёте ота-онаси билан яшаган уйда “Инжил” ҳар куни мутолаа қилинадиган китоб бўлган. Дин тарихига бўлган қизиқиш унда жуда эрта уйғонган. У “Инжил”ни муттасил мутолаа қилиб улғайган. Гёте “Инжил” тили — ивритни ўрганган. У Исо Масиҳ китобини ивритда ўқиб тугатган.

“Менинг тилларни ўрганишга ва Муқаддас китоб маъносини чақишга бўлган интилишим, — деб эътироф этган эди шоирнинг ўзи, — тасаввуримда гўзал ва шонли мамлакат, унинг атрофидагилар, қўшнилар ҳамда минглаб йиллар муқаддам шу бир парча ерни улуғлаган халқлар ва воқеаларни ҳаётбахш гавдалантиришга олиб келди”.

Гёте болалигидаёқ Муқаддас Бешкитобдан катта парчаларни ёд биларди. Франкфуртда ҳурматга сазовор адлия маслаҳатчиси, ҳуқуқшунос бўлган отаси бундан жуда ғурурланарди.

“Инжил” Гёте учун худди шеърий образлар ва сюжетлар булоғи эди. У бутун умрини бахшида этган “Фауст”да “Бағишлов”дан тортиб бош қаҳрамон ўлимининг якуний саҳнасигача “Қадимги аҳд”дагига ўхшаш кўплаб манзаралар, шахсларга дуч келиш мумкин. Бундай икки юздан ортиқ ўхшашликлар борлиги ҳисоблаб чиқилган. Гётенинг энг севимли китоби бўлган, Юҳанно баён этган Муқаддас хушхабардан олинган манзара айниқса ўхшашдир. Гётенинг “Бағишлов”ида худди Муқаддас Китобдагидек Тангрининг шайтон билан мулоқоти такрорланади.

“Инжил”да Тангри шайтонга савол беради: “Сен менинг қулим Аюбга эътибор бердингми?” Гёте асарида ҳам Мефистофелга “Фауст­ни биласанми?” саволи берилади ва “У менинг қулим” деб қўшимча қилинади. Бу ерда гап фақат юзаки ўхшашлик тўғрисида кетаётгани йўқ. Аксинча, бундан жуда теран фикр англанади: инсон синов қилинмоқда, унинг руҳи ҳам синовдан ўтмоқда.

Мефистофел образи Муқаддас Китоб руҳида талқин қилинади. Аммо Фауст образида, унинг умидсизлигида (Муқаддима, олимнинг хонасидаги саҳна) Экклезиаст китоби, ундаги “беҳудадан беҳуда уриниш”лар ғояси инсон саъй-ҳаракатларининг бесамаралиги аск-садоси ифодасини топган. “Фауст”нинг иккинчи қисмида бош қаҳрамон образида Масиҳга хос хислат сезилади.

Боқий “Фаустнинг “Бағишлов”и  “Инжил”га тақлиддир. Бу ўзлаштириш Гётенинг ўзи томонидан тасдиқланган: “Менинг “Фауст”имдаги манзаралар Инжил тасвирлари билан баъзи ўхшашликка эгалиги рост, — дейди Гёте ўз котиби И.П.Эккерман билан инглиз ёзувчиси Жорж Байроннинг тақризини муҳокама қилар экан, — бироқ бунинг учун мен айбланишдан кўра, мақташга лойиқман”.

Ҳар икки тасвирнинг  мос тушганлиги, айниқса, “Инжил” матни ҳам драматик шаклда баён қилинганлиги назарда тутиладиган бўлса, бу ҳайрат уйғотмасдан қолмайди. Асарда Мефистофел пайдо бўлишидан олдинги саҳнада, яъни Фаустни душман куч эгаллаб олишидан бир дақиқа аввал олим Муқаддас Китоб таржимаси билан машғул бўлади. У “Инжил” муаллифи хулосасини тузатишни ва уни янгича ифодалашни хоҳлайди. Бундан пайдо бўлган ғурурланиш туйғуси уни шайтоний кучга изн беришига мойиллик туғдиради.

“Инжил” биринчи шеъри (сано)сидаги “Даст­лаб Калом бўлган” тарзида қилинган таржима маъқул тушмаган олим даставвал уни “Дастлаб Идрок (Синн) бўлган”, сўнгра: “Дастлаб Қудрат (Крафт) бўлган”, тарзида талқин қилади.

Бироқ у бу таърифларни ҳам рад этади ва ниҳоят “Дастлаб Амал (Тҳат) бўлган”  деган иборага тўхтайди. Бу таржима унга ҳатто Масиҳникига қараганда маънони  тўғрироқ ифода этадигандек туюлади. Лекин Фауст ўзининг аввалги икки таърифи сингари буниси ҳам рад этилишга муносиб, деган фикрга келади.

“Калом”, “Сўз”нинг илоҳий мазмун-моҳияти буюк Алишер Навоий “Хамса”сининг “Ҳайратул-аброр” достонида бутун қирралари билан акс эттирилган:

Сўз келиб аввалу
Жаҳон  сўнгра,
Не жаҳонки кавн ила
Макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса
Нуктаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза
Йўқса куҳун,

деб ёзади ғазал мулкининг султони. Яъни сўз олам яратилишидан аввал пайдо бўлган. Муқаддас Қуръоннинг Ар-Раҳмон сураси (78-оят)да ҳам шундай дейилади:

“Меҳрибон (Аллоҳ) Қуръонни таълим берди. (У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди”.

“Ҳайратул-аброр”даги “кун” арабча “к” ва “н” ҳарфлари қўшилиб “кун”ни ташкил этади. “Кун” эса “ярат”, “ижод қил” маъноларини англатади.

Ҳазрат Навоий таърифига кўра “Сўз жон бўлиб, руҳ анинг қолипидир. Кимнинг танида руҳи бор бўлса, сўзга эҳтиёж сезади:

Жон ўлуб ул, руҳ анинг қолиби,
Ким танида руҳ, анинг толиби.

Достонда сўзнинг қудратига бағишланган яна бошқа жуда кўп ҳам файласуфона, ҳам шоирона мисраларга дуч келамиз:

Сўз била куфр аҳли мусулмон бўлуб,
Сўз била ҳайвон деган инсон бўлуб,
Ҳам сўз ила элга ўлумдин нажот,
Ҳам сўз ила топиб ўлук тан ҳаёт.

Гердер “Инжил”даги ушбу матн ва юнонча илоҳий атама — “Логос” (“Сўз”)ни шарҳлаб, ўзининг “Янги Аҳд”га “Шарҳлар”ида ёзади: “Сўз!” Бироқ таржима қилинганда немисча “Сўз” илоҳий “Калом” ифодалаган “Мазмун!”, “Ирода!”, “Амал!”, “Фаол Севги!” тушунчаларини бермайди. Гёте борлиқ, тарихийлик ва табиийликни ўз тушунчасига мувофиқ идрок этиб, ушбу таърифларнинг барчасидан “Амал” тушунчасини афзал кўради: “Дастлаб Амал бўлган”,  дейилади шеърда.

Кенгроқ мушоҳада қилинса, инсон “Инжил”даги ушбу “Калом”дан бошқа ўта теран маъноли, кенг қамровли сўзни излаб топа олиши амри маҳол. Эҳтимол Муқаддас Китобда қайд этилган, Исо аланга орасида эшитган  “Алиф удир” (“аз ест
сый”)ни у билан бир қаторга қўйиш мумкиндир. Бунда “удир” Яратувчига тааллуқли бўлмаган ҳолда “Тангри”ни ифодалашини назарда тутиш жоиз. “Инжил”даги “Калом”да эса макон ва абадиятдаги “Яратувчи Тангри” тасвирланган. “Калом” (логоc) таърифи бир йўла унисини ҳам, бунисини ҳам мужассамлаштиради.

Бироқ бу ўринда “Калом” дейилганда муайян, лутф этиладиган ва эшитиладиган сўз англанмайди. Балки умуман “Сўз”, яъни туғилишимиз билан руҳимизда пайдо бўладиган “тафаккурнинг маънавий гавдаси” эрмиш “Калом” ва “ушбу маънавий гавданинг моддий либоси — товуш” бўлган ҳамда уни ифодаловчи “Калом” тушунилади. Бу, ҳеч бўлмаганда, инсонга нисбатан худди шундайдир. Инсон нутқ тафаккури билан бирга туғилади, аста-секин ривожланади, тобора кўпроқ муайян маънавий шакл касб этади ва, ниҳоят, ташқи мулоқот амалига ўтиши учун маънавий тасаввурдан руҳий тасаввурга — товуш либосига ўралади. Буларнинг барчасида аниқ мантиқ: ибтидо, равнақ, босқичма-босқичлик мавжуд. Унда чекланганлик, муваққатлик, инсонийлик хусусиятлари кўзга ташланади.

Илоҳий Сўз, аксинча, “Тангри” — ҳам “Яратгувчи Парвардигор”,  ҳам мавжуд бўлган Тангри, ҳам Тангри ҳозир бўлган, ҳам яралган Тангридир”. У Тангри иродаси маҳсули, ундаги мавжудот, бироқ у билан қўшилиб кетмаган ва у билан бир хил бўлмаган, ибтидосига эгадир. Чунки у ижод маҳсули ва ибтидосиздир, яъни бевосита илоҳий ижоддир. Тангри эса абадиятда амал қилади. Абадиятда эса шундай бўлган, шундай ва шундай бўлади. Булар айни бир нарсадир.

Фаустнинг “Инжил”даги бу муқаддас иборани бутун мукаммаллиги билан ифода этишга муваффақиятсиз уриниши бу тушунча қанчалик кенг қамровли эканлигининг ёрқин тимсолидир.

Фауст томонидан қўлланилган “Калом”, “Идрок”, “Амал” ифодаларининг ҳар бири ўзида “Инжил”да мукаммал ҳолда ифодаланган  “Калом”нинг фақат бир қисми холос. Ҳар қандай ижодиёт учун:

биринчидан,  “Идрок” (ният, режа ва ибтидо);

иккинчидан, “Қудрат” (имконият ва восита);

учинчидан, “Амал” (содир этиш ва интиҳо) зарур.

Ҳар ҳолда инсонга хос барча ижодиётлар шу тарзда кечади.

Илоҳий ижодда собитқадамлик йўқ: унинг идроки айни вақтда восита ва амалдир. Буларнинг барчаси эса айни вақтда унинг ўзидир. Мазкур тушунчаларнинг барчаси “Инжил”даги “Калом”да жам бўлади, унда “Идрок”, “Идрок шакли” ва “Идрок ифодаси” мужассамлашган.

“Калом” (“Инжил”даги маъносида) фақат Танг­рига тегишлидир; инсон уни англай олмайди. Инсон фақат моҳияти кенг қамровли, Тангри Каломининг худди атомларидек бўлган “Сўз”га эга. Бундан Тангрининг “Калом”и — Тангрининг ўзи эканлиги хулосаси келиб чиқади. Буни тасаввур этиш учун ҳаётий ўхшатиш келтириш мумкин. Бутун бир иморатни унинг бўлаклари таркибига кирадиган зарралар орқали тасаввур этиб бўлмайди. Худди шунингдек, “Калом”ни ҳам инсоний сўз орқали ифодалаш мумкин эмас.

Бизнинг барча сўзларимиз, яъни биз ифодалаган ва ифодаламаган, алоҳида ва жам қилинган фикрларимиз бирор яхлит нарсанинг парчаси, холос. Бу занжир қанчалик улкан ва у нималарни қамраб олганидан қатъий назар унинг биринчи ҳалқаси абадиятга, ҳамма нарсани анг­латувчи Каломга. Тангрига занжирбанд бўлмаса, ҳеч нарсага тегишли бўлмаган бир бўлакдир холос. Бу, охирги ҳолатда У узлуклик хусусиятига эга бўлмайди. У Паскалнинг таърифича, маркази ҳамма жойда, айланаси эса ҳеч жойда бўлмаган доиранинг тўғридан-тўғри радиусидир.

Барча буюк асарлар сингари Гётенинг “Фауст”и ҳам фалсафий ҳикматларга бойдир. Бу беҳуда назарияпарастлик билан жонли турфа ранг ҳаёт ўртасидаги номувофиқлик ҳақидаги маш­ҳур таърифга ҳам тааллуқлидир:

Назария —  қуруқ оғочдир,
Аммо яшнар ҳаёт дарахти.

Доимо барҳаёт “ҳаёт дарахти” фалсафаси бизга тарихий, маданий манбаларга ғоят эҳтиёткорлик билан, таъриф жоиз бўлса, Гётеча муносабатда бўлишни тақозо этади. Гётенинг ижоди Киплинг ғояси асоссизлигини очиқ-равшан исботлайди. “Гётенинг шарқ фалсафасига яқинлиги менинг йўлимни ёритиб турди, руҳимга мадад бўлди”,  деб ёзган эди Э. Воҳидов.

Буюк немис шоири Шарқ маданиятини, хусусан Шарқ мумтоз адабиётини жуда яхши билган. Хусусан, у Ҳофиз шеъриятига таъзим қилган, ўзи унга шогирд тушишга тайёрлигини билдирган. “Фауст”даги бир лавҳа фикримизни яққол исботлайди. Чунончи, Фауст худди Шарқ достонлари қаҳрамонларидан Фарҳоддек замин қаъридаги кўзгуда тенгсиз бир малак суратини кўриб, ўн тўрт яшарли соҳибжамол Маргаритага ишқи тушади:

Ёйилмай, таралмай ул тутам булут
Оҳиста шарқ томон учиб кетмоқда.
Мен ҳайрат ичида унга боқурман:
Ана шу юмалоқ шаклидан аста
Бошқа кўринишга ўтди.
У турли сувратлар
Қаршингда қилур намоён.
Ростми бу кўрганим? Нурга йўғрилган
Юксак чўққи узра бўлади пайдо
Маъбудалар каби гўзал бир аёл.

Бугунги кунда жаҳоннинг ҳамма мамлакатларидаги инсонлар — улар қайси динга эътиқод қилишлари ёки ҳеч бирига эътиқод қилмасликларидан қатъий назар тарихий, шу жумладан, диний меросга ҳам Гёте каби ҳурмат билан ёндашганларида “карикатуралар можароси” каби жиддий зиддиятлар рўй бермасди, ислом дини моҳиятини тушунмасдан уни терроризм билан боғлашга беҳуда уринишларга дуч келинмасди.

Шу нуқтаи назардан исломга муносабатни ҳам Гётедан ўрганиш керак. Бетакрор ижод соҳибининг асарлари, шу жумладан, “Фауст” ҳам динлараро, маданиятлараро, миллатлараро бағрикенглик намунасидир. Улар Шарқ ва Ғарб тсивилизатсияларини уйғунлаштириш мақсадларига ҳам хизмат қилмоқда, дейиш учун ҳамма асослар бор.

Шунинг учун ҳам Гётенинг буюк “Фауст” трагедиясидан келиб чиқадиган пировард асосий хулоса  қуйидагича:

Ким — эрк, ҳаёт деб жанг қилолса ҳар кун —
Эрку ҳаёт учун ўша муносиб!

Акмал САИДОВ,

профессор

«Ҳуррият» газетасидан олинди.