Хосият Бекмирзаева. Бобур шеъриятида ҳижрон тимсоли

Ҳар бир шоир ўз ҳис‑ҳаяжони ва кечинмаларини жонли ва ёрқин тарзда акс эттириш учун рангларга ҳам асосланади. Талантли шоир таъбир жоиз бўлса, рангларни гапиртиради айтмоқчи бўлган фикр боқача манзара касб этади.

Маълумки, Шарқ шеъриятида ишқ мавзуи кўп ҳолларда бевосита ҳижрон ва айрилиқ мотиви орқали тасвирланади. Бу ҳолат Бобур шеърияти учун ҳам хосдир. Бобур фақат анъанавий ошиқликда эмас, инсон ва шоҳликда ҳам ҳижрон шоири. Унинг кўнглида ёрдан жудолик ҳислари билан элу юртдан айрилиқ ҳис‑туйғулари уйғунлашиб кетган. Шунинг учун унинг ғазал ва рубоийларда Ҳижрон поэтик образ даражасига кўтарилган. Ҳатто шаҳслантирилган. Бобурнинг ҳасби ҳолидан пухта хабардор бўламан деган киши аввало шоирнинг ҳижрон ва ғурбат хусусидаги шеърларни атрофлича мушоҳада қилмоғи керак.

Бобурнинг асосий ғаними ва уни доимий равишда қийновчи шафқатсиз мухолифи ҳижрон.

Ҳижрон ғамидин заиф жоним сўлди
Ғурбат алами бирла ичим қон бўлди.

Ёрдан жудолик, яқинлардан, молу давлатдан айрилиш албатта оғир. Бироқ ҳижроннинг энг азобли, энг оғиқлиси ватандан йироқлик. Бунда хусусан юртга қайта олмаслик туйғуси чинакам қийноққа айланади. Шу боисдан шоир олис Ҳиндистонда туриб айрилиқ азобларини тортар экан, тассаввурида “жон қуши” Ҳижрон қафасида бўғилиб, ғурбат “азиз умрни” соат сайин кемираётгандай бўлади.

Ҳижрон қафасида жон қуши рам қиладур,
Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.
Не навъ битай фироқу ғурбат шарҳин-
Ким, кўз ёши номанинг юзин нам қиладур.

Ҳақиқатда ҳам “фироқу ғурбат”ни шарҳлаш, шарҳлаганда ҳам уни ниҳоясига етказиш мумкин эмас. Мана шунда шоирга гўё ранг ёрдамга келади. У ўзининг ҳолини сарғайган хазон япроғидан фарқламай қолади.

Хазон япроғи янглиғ гул юзунг ҳажрида сарғардим,
Кўруб раҳм айлагил, эй лола рух, бу чеҳраи зарди,

Адабиётшунос И.Ҳаққул ушбу матлаъ билан бошланадиган ғазални – манзара ғазал, унда гўё икки яратувчи-икки сувраткаш иштирок қилади: бири – табиат, иккинчиси – шоир, дейди. Чиндан ҳам шундай.  Бу “Хазон япроғи” ибораси алоҳида олинганда ҳам лирик қаҳрамон аҳволини шарҳлайди. Зотан, ҳижрон дарди у туфайли унинг чеҳраси сарғайганки, қисмати ҳам “хазон япроғи”га ўхшаш. Айни пайтда буни ёрнинг гул юзи, лола каби гулгун чеҳраси бўрттириб намоён этади. Бу ўринда бошқа бир жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Чунки Бобурда куз фасли, айниқса, хазонрезлик манзараларига қандайдир бир ошуфталик бўлган. “Бобурнома”да ушбу фикрни тасдиқлайдиган кўплаб қайд ва ифодалар мавжуд. Масалан: “Боғи Вафоға себаргазор, анор дарахтлари сап-сариғ хушранг хазон бўлубтур”; “Душанба куни хазон сайриға Исталифға борилди”; “…Истарғачда бир яхши хазонлиқ боғда тушуб, суҳбат тутулди” ваҳаказо. Демак, хазон ва сариқ рангнинг Бобур шеърларидан кенг ўрин эгаллашига табиат ҳам таъсир кўрсатган. Ғазалнинг навбатдаги байтини ўқиймиз:

Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Аёғингға тушуб барги хазондек мунча ёлбордим.

Хазон япроғи−дарахтдан узилган япроқ. Маъшуқа гулга ўхшаса−да, унинг “саркашлиги” қадди расо сарв кабидир. Ошиқ сарв дарахти тагига тушган баргдек ёр оёғига бош уриб ёлворади. Бу ҳолат ҳам сариқ ранг ёрдамида ёритиб берилган. Гул ва хазон япроғи тазоди навбатдаги байтда давом эттирилади:

Латофат гулшанида гул киби сен сабзу хуррам қол,
Мен арчи даҳр боғидин хазон япроғидек бордим.

Бу гапни ёр билан хайрлашув деб тушуниш ҳам мумкин, жонажон диёр билан видолашмоқ деб қабул қилса ҳам бўлади. Лекин “Латофат гулшани” − гўзаллик гулшани. Ёр ана шу бўстоннинг гули. Ўзини хазон япроғи каби ҳис қилган лирик қаҳрамон ёрга олдин ёлворган бўлса, энди унинг умри ҳеч завол кўрмаслигини тилайди. Негаки унинг қисмати аниқ: “бу даҳр боғидин хазон япроғи янглиғ” кетиш. Хўш эл‑улус нима дейди? Мана шоирнинг жавоби:

Хазондек қон ёшим, сориғ юзумдин эл танаффурда,
Баҳар ранге, биҳамдиллоҳ, улусдин ўзни қутқордим.

Тилимизда “қон ёш” ибораси бор, лекин “қон ёшнинг” хазондек бўлиши ва уни “сориғ юз”да акс этиши янгича ифода. Баҳар ранге турли ранг дегани. Ва у улусдин ўзни қутқазишдаги қийинчилик чекишни таъкидлайди.

Рангшуносликда сариқ ранг руҳнинг куч‑қувватга тўлишини ифодалайди, деган фикр айтилган. Бобур шеърларидаги сариқ ранг сиртдан қаралганда маҳзунлик, ғам‑андуҳ, шикасталик каби ҳолат ва кайфиятларни акс эттираётгандай туюлса‑да, аслида улар дунёнинг кўпдан‑кўп азобу уқубатларига бардош бера олган. Руҳнинг кучи, толмас ҳаракатини ифодалайди. Шунинг учун Бобур шеърларини ўқиган киши ҳеч қачон тушкунлик ва сўлғинликка берилмайди.

Бобур оддий туюлган тушунча ва деталлардан катта маъно ва умумлашмалар,  хулосалар чиқаришга ғоятда моҳирдир. Шоир ҳеч бир фикрни шунчаки айтмайди, ҳеч бир мисрани шунчаки битмайди. Юқорида кўрганимиз, шоир шеърларида туйғуларини, кечинмаларини, изтироб, турли хил холатларни ифодалашда ранглардан фойдаланган.