Ғулом Абдиев. Генерал Жўрабекнинг чевараси (2009)

Норқобил деган дўстим “Сени бир фариштасифат момо билан таништираман”, — деб мени Қарши шаҳрининг Бешкент ариғи бўйидаги ўн олтинчи хонадонга бошлади. Уйда онахон ёлғиз экан. Бизни кўриб, у кишининг юзида хурсандчилик белгиси пайдо бўлди.

— Келинглар, болаларим ўтиринглар, — деди ая бир менга, бир ҳамроҳимга юзланиб. Онахонга қарайман. Қўлида оқ тошли тасбеҳ, диван устида мункайибгина ўтирибди.

Бироз нафас ростлаб олганимиздан кейин дўстим онахонни “Ўзбекнинг биринчи генералларидан ҳисобланган Жўрабекнинг чевараси” деб таништирди. Шу лаҳза тарихчи олим Обод Жўрақуловнинг “Генерал Жўрабек қадрияти” рисоласини ўқиб чиққаним ва ундаги ўзбек генерали ҳақидаги хотиралар кўз ўнгимдан бир-бир ўта бошлади…

* * *

Жўрабек 1840 йили Китоб беклигига қарашли Гулгунпуш қишлоғидаги Қаландар қори ўғли хонадонида туғилган. 1852 йили Бухоро амири Нас­рулло Шаҳрисабзга бостириб кириб, шаҳар аҳлини асир олади. Улар орасида 12 ёшли Жўрабек ҳам бор эди. Тўрт йил амир хизматида бўлган Жўрабек, унинг ишончини қозонади ва тўқсабо (полковник) унвонини олишга эришади. Ўн олти ёшида эса тан олинган лашкарбоши лавозимини эгаллайди.

Амир Музаффар Бухоро амирлиги сарҳадларига тобора яқинлашиб келаётган чор Россияси қўшинларига қарши жанг эълон қилганда Жўрабек ва Бобобек бошлиқ Китоб ва Шаҳрисабз бекликлари Бухоро амири билан ўзаро низолари бўлса-да, бирлашиб жангда қатнашиш истагини билдирадилар.

Зирабулоқ яқинида бўладиган урушга тайёргарлик кетаётганида Самарқандда рус чоризмига қарши халқ қўзғолони бошланади. Самарқанднинг озодлиги учун курашаётган минглаб кишилар Жўрабек ва Абдумалик тўра бошчилигида Шаҳрисабздан келаётган 20 минг кишилик қўшин ва қасоскорларга қўшилиб, Самар­қанддаги қўзғолончилар сафини тўлдиради. Натижада Самарқанд чоризмга қарши умумхалқ курашининг ўчоғига айланади.

Аммо Фон Кауфман ҳийла ва катта куч билан Бухоро амирига адолатсиз сулҳга имзо чектириб, Россия империясининг измига бўйсундиришга эришади. 1870 йилнинг кузига келиб Китоб ва Шаҳрисабз бекликлари ҳам босиб олинади. Озодлик ҳаракати йўлбошчилари — Жўрабек ва Бобобек эса Қўқон хонлиги ҳудуди ор­қали Қашқарга ўтиб, у ерда куч тўплаб, душманга зарба бериш ниятида чекинишади. Бироқ, Қўқон хони Худоёрхон уларни ўз ҳудудида қўлга тушириб, Фон Кауфман ихтиёрига топширади…

Профессор Ш.Юсуповнинг ёзишича, асир сифатида Тошкентга генерал-губернатор ихтиёрига мажбуран жўнатилган Жўрабек билан Бобобек бу ерда анча вақт уй қамоғида сақлангач, Россия фуқаролигини қабул қилишга ва чор ҳукумати армияси хизматига ўтишга мажбур бўлишади. Шу тариқа Жўрабек 12 йил Туркистон генерал-губернаторлиги маъмуриятида таржимонлик қилади. Сўнг бу икки бек Қўқон хонлигининг Ўзган, Хўжанд шаҳарларини истило қилишда ҳамда М.Д.Скоблев отрядида Андижонни штурм қилишда қатнашади. “Китоб тумани” тўпламида таъкидланишича, Жўрабек Скоблев экспедициясига қўшилиб, Қўқон хонлигини қон тўкмасдан забт этишда ўзининг тактик маҳоратини намойиш этади…

Аммо кўп ўтмай Жўрабек чор Россиясининг Туркистон халқларига нисбатан амалга ошираётган сиёсатининг асл моҳиятини тушуниб етади ва унда норозилик кайфияти шакл­лана бошлайди. Айниқса, Фон Кауфман вафот этиб, унинг ўрнига 1882 йилда генерал-губернатор этиб тайинланган генерал-лейтенант М.Г.Черняев даврида бу яққол сезилади. Жўрабек генерал Черняев фаолиятини очиқча танқид қилади, у тутган йўл адолатсиз эканини айтади. Черняевга нисбатан Туркистондаги норозилик уни 1884 йилда ўз юртига кетишга мажбур қилади. Ундан кейинги генерал губернаторлар Жўрабекнинг маҳаллий аҳоли ўртасидаги обрў-еътиборини инобатга олиб, у билан муносабатини яхшилашга уринадилар…

Кўплаб хизматлари учун 1876 йилда Жўрабекка подполковник, 1880 йилда полковник, 1901 йилда генерал-маёр ҳарбий унвони берилади. Академик В.В.Бартольд “Туркистоннинг маданий ҳаёти” асарида генерал Жўрабек билан суҳбатда бўлгани ҳақида ёзади. Жўрабек шундай дейди: “Подшо (рус подшоси) ҳукмронлиги худди мўғул ҳукмронлигига ўхшайди. Уларда ҳам, русларда ҳам юқори лавозимларга ёмон кишилар — худбин, шахсиятпараст ва молпарастлар тайинланган”.

1906 йил генерал Жўрабек Тошкентдаги Қорасув канали ёнидаги боғ ҳовлисида номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилади. Унинг ўлимини тарихчилар ва тадқиқотчилар турлича талқин қиладилар. Кимдир бу ишда Туркистон генерал-губернаторининг қўли борлигини айтса, баъзилар бунга унинг жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали билан махфий учрашувлари сабаб бўлган, дейишади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Жўрабекнинг сирли ўлими чор Россияси ҳукуматига бориб тақалади!

* * *

— Мен генерал Жўрабекнинг чеварасиман, — дейди ая. Хаёлдан чекиниб, яна юзларидан нур ёғилиб турган онахонга термуламан. У киши гапида давом этади:

— Генерал Жўрабек онам Шарофат аянинг бобокалони бўлган. Отам — Носирхон Исоқов эса Амир Саййид Олимхоннинг ғазначиси бўлиб ишлаган.

Ая чуқур хўрсинади, “уф” тортади, хотиралар силсиласида ғамгин қиёфага киради. Бир паст тин олиб яна давом этади:

— Онам Шарофат аянинг отаси яъни менинг бобом Оқсарой беги эди. Отам Қаршидан бориб, аямга уйланган. 4 та фарзанд кўришган. Опаларим Турсунпошшо, Меҳринисо, акам Муродхон ҳамда мен… 3 ёшда эканимда ота-онамдан ажралиб, етим қолганман. Этимнинг кўргани қурсин! Эҳ-ҳей!… Отам Носирхон Исоқовни Фрунзе оттирган… “Подшонинг ғазначиси бўлгансан, тиллоларни топиб бер”, деган-да! Отам сир бой бермаган шекилли 6 ой қамоқда ушлашган. 1929 йиллар бўлса керак: отам ўзи билган — яширин хазиналарни уларга кўрсатган, аммо барибир уни ўлдиришган! 3 ёшлик бола нимани ҳам эслай оларди, болам. Менга бу ҳақда қамоқхонада отамга қоровуллик қилган Сойипов деган миршаб гапириб берганди. Ўшанда отам: “Русларнинг қўлида ўлмайин. Отса ҳам ўз миллатдошим Мулла Султонни чақиринглар, у отсин!” — дебди. Н осирхоннинг қатъий илтимосига биноан Мулла Султон ҳукмни ижро қилган экан…

Шундан сўнг амаким Отахон эшон ва янгам Ашурхон аянинг қўлида қолдим. Кўп азоб-уқубатлар чекдим. Қаровсизлик оқибатида касалликка чалиндим. Бир куни қизамиқ чиқиб, юқори ҳароратда бўлганман. Шунда янгам Ашурхон ая болаларига қизамиқ юқишидан қўр­қиб, амакимдан яширинча Хўжаилғор қабристонига олиб бориб ташлаган. Мени яккабоғлик Наримон бобо деган киши топиб олиб, иккинчи амаким Икромхонга олиб келади. Этимга озор берсанг, Аллоҳнинг Арши ларзага келади-я, — дея роса гапиради. Бир йилдан сўнг, 4 ёшимдан яна Отахон эшон амакимизникида яшаганман. Йиллар ўтиб, Низомхон Очилов деган инсонга турмушга чиқдим, бола-чақалик бўлдик. Саккиз нафар фарзандимиз бор — ҳаммаси ўғил. Шундан 3 тасини боқиб олганман. Аллоҳ менга қиз бермади!.. Лекин Худога шукур, ўғиллар келинлар хабарлашиб туришади. Э, қаричилик ҳам қурсин. Икки йил бўлди, оёғим ишламай қолди. Мана, 86 йилдан бери юрагимнинг тубида яшаб келаётган дардларимни эшитдинглар. Энди у оғир кунлар ортда қолди, болам. Ҳозирги яхши кунлар пешонамизда бор экан, Яратганга минг шукур!..

Аянинг суҳбатини тинглар эканман унинг сийратида ўзбек генерали Жўрабек Қаландар қори ўғлининг сиймосини кўргандек бўлдим. Зотан, миллат озодлиги учун курашган, миллат ғурурини ўз сиймосида кўрсата олган генерал Жўрабекнинг қони авлодлари томирида оқаётир…

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).