Энахон Сиддиқова. Бедорлик саодати (2013)

Болалигим, беғубор ва бегидир йилларим ҳақида ўйласам, ширин энтикиб кетаман. Раҳматли отам Абдурашид Эркабой ўғли оддий деҳқон, онам Жўрахон Дадахон қизи тарбиячи эдилар. Эътиборлиси шундаки, бу зотлар рўзғордан тўрт танга пул ортди дегунча мени китоб дўконига югуртирардилар. Менинг ўқишимни, илмли одам бўлишимни жуда хоҳлаганлар. Онамнинг оналари Халча отин номи билан халқ орасида машҳур бўлган, ғазаллар битган. Лекин қўлёзмалари етиб келмаган. 36 ёшларида хасталаниб, барвақт вафот этганлар. Онам “энангга жуда ўхшайсан, ишқилиб умринг ўхшамасин, изини босгин” деб орзулаб, дуо қилардилар. Шу дуолар ижобатиданми 5 синфда ўқи­ётганимда илк шеъримни ёздим. Кейинчалик шеър­ларим “Ғунча”, “Гулхан” журналларида, тумандаги “Пахта учун” номли газетада босилганида отам билан онам ўзларида йўқ шодланишди. Ҳатто отамнинг гузарга менинг шеърларим чиққан журнални кўтариб чиқиб, ёш боладай қувониб одамларга кўрсатганлари болалик хотирамга муҳрланиб қолган.

Китоблар оламига, адабиёт оламига шўнғишимда бир қўшнимизнинг кутубхонаси ижобий таъсир қил­ганини миннатдорлик билан эслайман. Дугонам билан ўйнаб уч-тўрт эшик наридаги уйлардан бирига кир­дим-у ҳайратдан оғзим очилиб қолди. Катта хона тўла, минглаб китоблар жавонларда тахланиб ётарди. Лекин эр-хотин татар ўқитувчилар бирорта китобга қўл теккизишимга ҳам рухсат беришмади. Ўшанда 11 ёшлар чамасида эдим. Энди менинг фикру хаёлим қандай қилсам, нима юмушларини бажарсам китоб беришади, деган ўйда қолганди. Бора-бора бу зиёли оила менинг китобга бўлган меҳримни кўриб, кутубхонасидан фойдаланишга рухсат беришди. Ота-онам мен китоб жиннисини қачон ахтаришса шу зиёхонадан топадиган бўлдилар. Ҳатто онам бир неча марта китобларингни тандирда ёқиб юбораман, деб ёлғондакам қўрқитганлари ҳануз ёдимдан чиқмайди.

1972 йили Олтиариқ туманидаги 2-ўрта мактабни “олтин медал” билан тамомладим. Отам аммаларимнинг “Қиз бола ўқиб нима бўларди!” деган эътирозларига қарамай “Ўқиб олима, шоира бўлади” дея ишонч билан мени ўқишга кузатганлар. Фарғона Давлат институти (ҳозирги университет)нинг филология факультетига ҳужжатларимни топширдим. Биринчи им­тиҳондан иншо ёзиб чиқсам, отам қўлларида онам ёпган иккита бўрсилдоқ нон, чой тўла термос, остонада илҳақ турибдилар.

Ижод намуналарим устозлар назарига тушиб, 80-йилларда чоп этилган “Ёшлик” баёзларига киритилган. 1977 йили март ойида устоз Зулфияхоним уюштирган Ҳамид Олимжон ижод уйида бўлиб ўтган Республика ёш ижодкор қизлари семинарида эътироф этилгач, шеърларимни китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилишди. Аммо шу орада турмушга чиқиб, китобим қўлёзма ҳо­лида қолиб кетди. Биринчи китобим «Қоракўз турналар» 1993 йили вилоятдаги “Ёш ижодкорлар” кенгаши ҳо­мий­лигида “Чўлпон” нашриётида устозим Анвар Обиджон му­ҳаррирлигида 15 минг нусхада чоп этилганда 4 на­фар фарзанднинг онаси эдим.

Биринчи устозим ўзим ўқиган Олтиариқ туманидаги 2-ўрта мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқи­тувчиси Жамият Соҳибова эдилар. Камсуқум, са­­мимий, қаттиққўл ва ўз навбатида меҳрибон муаллима эдилар. Сўз оҳанги, талаффузи, хатти-ҳа­ракатларигача тақлид қилардим. Фарғона Давлат институтига ҳужжат топшириб, ҳар бир имтиҳондан ўтганимда муаллимам ўша куни кўчада мени кутиб турар, муваффақиятимдан ўзида йўқ қувонарди. Мандат куни институтга келиб, “мабодо ўтмай қолсанг, аппеляцияга берамиз, сен албатта ўқишинг керак”, деб кечга қадар, тушликка ҳам чиқмай натижани кутиб ўтирганлари умрбод ёдимдан чиқмайди. Фидойилик ва бағрикенглик ҳақида гап кетса ҳанузгача адабиёт муаллимам кўз олдимга келади.

9-синфдан бошлаб тумандаги “Пахта учун” газе­таси қошида ташкил этилган “Ижодкор” тўгарагига қат­наша бошлаганман. Бу тўгарак машғулотлари мени ҳа­қиқий шеърият оламига олиб кирган. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон ўша йиллари газетада иш­лар ва ижодий тўгаракни бошқарар эдилар. Улар маъқул бўлган шеър­ларимизни нафақат туман газетаси, вилоят, республика матбуотига илинар, тинмай ўқишимиз, ёзишимиз учун рағ­бат уйғотардилар.

“Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон ада­биёти ва санъати”)газетасининг 1977 йили 7 март со­нида адабиётимизнинг улуғ дарғаси, устоз Эркин Во­ҳидов ижодимга “Оқ йўл” тиладилар. Бу мен учун чинакам тақдир ёрлиғи эди. Ўша йили республика ра­диосида устозим – Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиева “Оқ йўл” бердилар. Аллоҳ тақдиримга улуғ устозларни битган экан. Лекин мен уларнинг ишончини оқлолдимми, йўқми, билмайман. Улар билан ҳар сафар юз кўришганимда ана шу қарздорлик ҳисси изтиробини туяман.

Шу пайтгача ёзганларимнинг ҳаммасидан ҳам кўнг­лим тўлмаган. Чунки бутун умрим давомида ташкилий ишлар, турмуш ташвишлари билан бўлиб, ижодга кўнглим буюрганидек вақт топа олмадим. Энг яхши асаримни яратиш орзуси ҳали армон.

Биласизми, донишмандларнинг вақт қилич кабидир, сен уни кесмасанг, у сени кесади, деган сўзларида жуда теран фалсафа мужассам. Бугун замон шу қадар шиддатли, мураккаб ва учқурки, баъзан қилмоқчи бўлган ишларинг, режаларинг вақтнинг қуюнига тушиб қолаётгандай. Улгуролмаётган, кўнглингни тўл­дирмаётган юмушларинг­нинг армони, изтиробларинг қалбингни қийма-қий­ма қи­либ ташлаётгандай. Назаримда, замон билан ҳам­на­фас, ҳамқадам бўлиш ақл-заковатнигина эмас, руҳий бедорлик, курашчанликни ҳам талаб этади.

“Адабиёт катта йўлга қўйилган улкан ойина, унда ҳар бир миллат ўзини кўриб туради” деб ёзган эди бир франсуз файласуфи. Дарҳақиқат, ҳар бир халқнинг қуд­рати унинг адабиётида акс этади. Адабиёт ватан каби муқаддас. Буюк адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт ўлса, миллат ўлади ёки адабиёт яшаса, миллат яшайди. Чунки буюк адабиёти бўлмаган халқ юксак миллий руҳ, ру­ҳониятга эга бўлолмайди.

Бугун мамлакатимизда барча соҳаларда мислсиз ўзгаришлар рўй бермоқда. Буни бутун дунё тан олиб ту­рибди. Лекин энг буюк ўзгариш, юксалишлар одамлар­нинг онгида, халқ маънавиятида, дунёқараши ва тафак­курида содир бўлмоқда. Бугуннинг одамлари кечаги ўз­беклар эмас. Энди уларни танлаган, ўзлари англаган ҳа­қиқат йўлидан ҳеч ким тўхтата олмайди. Мана шу жуда қисқа даврда рўй берган эврилишлар, юксалишларда адабиётнинг улкан хизмати бор. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқат.

Бу воқеага анча йиллар бўлди. Бир тадбирга так­лиф этилган ижодкорлар бирин-кетин минбарга чиқиб шеър ўқияпмиз. Шу пайт залнинг охиридан кимдир “ҳадеб шеър ўқийверасизларми, қўшиқдан бўлсин” деди. Бу гапни секин шивирлаб эмас, бақириб айтди. Ҳамма ҳангу манг бўлди. Кимлардир ўтирган жойида эътироз билдирди. Гапнинг рости, дилимиз оғриди. Баъзан тадбирларга ўзини-ўзи таклиф қилиб, сўз сў­раб, зўрма-зўраки, енгил-елпи сатрларига гулдурос қарсаклар сўраётганларни кўр­ганда ҳам шундай ҳолатга тушамиз. Лекин қанчалик куюнмайлик, бадиий дидимизнинг ўтмаслашиб бораётганлигига қай­сидир маънода ижод аҳли кўпроқ айбдор деб ўй­лайман. Чунки тоқат қилиб бўлмас даражада бўш, саёз, тижорат учун ёзилган “асарлар” бугун кўпайиб кетди. Шу “асарлар”га сўзбоши ёзиб, халққа тақдим қилаётганлар устоз ижодкорлар эканлиги эса яна-да қайғули.

2007 йили устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон бошчилигида бир гуруҳ таниқли шоирлар, санъаткорлар вилоятимизга ташриф буюрдилар. Туман ҳокимлиги тадбирни чекка ҳудуддаги бир маҳаллада таш­кил этибди. Кечки пайт меҳмонлар би­лан бирга тадбирга бордиму нафасим ичимга тушди. Тадбирга қишлоқ аҳолиси деярли ёппасига кўчиб чиққан. Гузарга йиғилган мингга яқин одамнинг ярми ерга шолча тўшаб, чўкка тушган. Болаларнинг қий-чуви, тўс-тўполонидан бошингиз айланади.

– Шу ерда тадбир ўтказиб бўладими? – дедим тадбир ташкилотчиси, туман маънавият-маърифат мар­­кази раҳбари Ваҳоб акага.

– Шу қишлоққа яқин йилларда бирор шоир ёки санъаткор қадам босиб келгани йўқ. Шунга… халқнинг сўровига кўра…

Ваҳоб ака бир шовқин-сурон қилаётган болаларга, бир меҳмонларга қараб хижолат тортди. Биров шеър эшитармикин, меҳмонларнинг дили оғримаса бўлди, деган андиша билан ноилож тадбирни бошладик. Даврада шеър қўшиққа, қўшиқ шеърга уланди. Бир зумда қий-чув, шовқин-сурон тинди, “тиқ” этган товуш эшитилмайди. Оналарининг қучоғига сингиб кетган миттигина болачалар кўзидаги ҳайрат, руҳидаги чақинни, одамларнинг шеъриятга, санъатга муҳаббатини кўриб гапирган гапларимдан хижолат тортдим. Ҳа, ижод аҳлининг халқ ичига юриши, адабий учрашувлар, байрамлар, ижодий давралар халқимиз қалбидаги янгича тафаккур, маънавий сарчашмаларга руҳий оби ҳаёт беради. Сўз илоҳий қудратга эга, у юради, ҳаракатга келади. Яхши сўз ҳам, енгил-елпи, тумтароқлари ҳам. Яхши сўз инсонни комилликка етакласа, маънавиятга, эзгуликка хизмат қилмайдиган енгил-елпи китоб­лар, куйлар халқнинг бадиий дидини, дунёқарашини ўтмаслаштиради. Ватанпарварлик туйғуларига болта уради. Инсонни тубанлик ботқоғига ботиради. Айрим ёшларимизнинг енгил-елпи мусиқа бангисига айланиб бораётгани ғоят ташвишланарли ҳол. Миллий адабиётимизга соя солаётган, ахлоқсизликни ташвиқ қилаётган китобларнинг кўпаяётгани ва қўлма-қўл ўқилаётгани ҳам жиддий ташвишланишга арзийди деб ўйлайман. Афсуски, бу каби салбий ҳолатлар адабиётшуносларнинг ҳам, жамоатчиликнинг ҳам адолатли баҳосини олганича йўқ.

Менинг бу ҳаётдаги яна бир шукронам шуки, фарзандларимда болаликдан китобга муҳаббатни тарбиялай олдим, шу сабаб улар ҳаётда ўз ўринларини топишди, деб ўйлайман. Беш нафар фарзандимнинг тўрттаси олий маълумотли, катта қизим Нилуфархон олима, педагогика фанлари номзоди, Фарғона Давлат университети педагогика кафедраси мудири. Қи­зим Ферузахон ҳуқуқшунос, Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг судяси. Нигорахон педагог-журналист. Ўғлим Мардонбек ижтимоий соҳа мутахассиси, кенжа қизим Моҳинур Тошкент жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабаси. У шеър, ҳикоялар ёзади, инглиз, немис тилларидан таржималар қилади. Турмуш ўртоғим меъмор, ҳозирда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида инженер-конструктор бўлиб ишлайди.

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 3-сон.