Cанобар Тўлаганова. Танқид эмас, таҳлил этмоқ зарурати (2013)

Адабиётшунослик ва адабий танқиднинг бугунги ҳолати, даражасини таҳлил этиш, имкон доирасида баҳолаш, умумтасаввурни ойдинлаштириш учун 2012 йил нашрлари “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журнали ва “ЎзАС”га мурожаат этдик. Танқидчилик адабий жараёндан орқада қолиб кетган ёки мудраш палласида, деган таъналар ўринлими? Ўринли бўлса, сабаблари қаерда? Танқидчиликда устувор кўриниш олган тамойиллар қайси? Умуман, адабий жараёнда бу соҳанинг ўрни қандай? – деган қатор саволларга юқорида қайд этган нашрлардан жавоб изладик. Мазкур нашр­ларда эълон қилинган юз элликдан ортиқ мақолаларни мазмун ва мавзусига кўра қуйидагича тасниф этдик:

1.Танқидий-таҳлилий мақолалар.

2. Обзор характердаги материаллар.

3. Адабий суҳбатлар.

Ҳисоботнинг бош талабларидан бири адабий танқиднинг йиллик мундарижаси ҳақида умумтасаввур ҳосил қилишдир. Диққатимизни, аввало, бевосита, адабиётшуносликнинг қайсидир назарий масалаларига дахлдор чиқишлар тортди. Адабиёт назарияси билан боғлиқ муаммоларнинг кўтарилиши, адабиётни даврлаштиришга интилиш, танқид мезонларини ишлаб чиқиш бугунги кун адабиёт илмининг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Н.Каримовнинг “Адабий танқиднинг машаққатли йўли” номли мақоласи “Ўзбек адабий танқиди тарихи” китобининг ютуқлари ва камчиликлари, ундаги чалкашликлар, қиёмига етмаган фикрлар асосли далиллар билан кўрсатилиши диққатга молик. Н.Раҳимжоновнинг Рауф Парфининг дунёни англаш тарзи ҳақида сўз борган “Сўз – ранглар билан суҳбат” мақоласи адабиётшуносликдаги ижодкор шахси муаммоси билан боғлиқ фикрлар ва шоирнинг эълон қилинмаган қўлёзмаларидан истеъфода этганлиги билан қимматли. “Шарқ юлдузи” журналида Талъат Солиҳовнинг маърузалари асосида тайёрланган “Қобиқни ёриб чиқиш саодати” мақоласида олимнинг адабиёт ва санъат билан алоқадор илмий, эстетик қарашлари, назарий умумлашмалари, бевосита ўзбек адабиётшунослигига боғлиқ кузатишлари, унинг “бадиий танқид эмас, балки таҳлил бўлиши кераклиги, адабиёт илми ёзувчининг хатолари ёки уни танқид қилиш учун эмас, балки асарни тушунишга, талқин қилишга интилмоғи лозим”, деган фикрлари тадқиқотчиларни илмий мушоҳадага, таҳлилга чорлаши, адабиётшуносликнинг назарий манзилларига йўллаши билан қимматли. Хусусан, ”ёшлар ижодида давр муаммолари, ижтимоий кайфиятнинг бадиий ифодаси ҳали ярқ этиб кўзга ташлангани йўқ”лиги, “субъективлашган”лиги таъкидланган Б.Фазлиддиннинг “Катта адабиёт остонасида ёхуд ёш шоирлар ҳақида айрим мулоҳазалар”, У.Ҳамдамнинг ”Шеър – борлиқ ва йўқлик ораси” мақолаларида муаллифлар адабий жараёнга, ёшлар шеъриятига баҳо беришга уринадилар. Ёшлар шеъриятини ўрганиб, унга муносабатини билдириш адабиётшунос-тадқиқотчилар учун долзарб мавзулигича қолмоқда. Л.Шарипованинг “Гумбазларга етар туфроқнинг бўйи”, М.Йўлдошеванинг “Мени яша, олам”, Р.Муллахўжаеванинг “Янгиланган сўз”, Қ. Йўлчиевнинг “Игнабарг шеър ва тиниш белгилари”, Б.Фазлиддиннинг “Ҳассос руҳнинг тиниқ овози” мақолаларида муаллифлар таҳлил воситасида сўзнинг поэтик қатламларини очишга, бадиий маҳорат муаммосини ўрганишга ҳаракат қилишган.

Ўзбек насри тараққиётида юз бераётган ўзгаришларни, чоп этилган асарларни бадиийлик мезонлари асосида ўрганиш, даврнинг етакчи тамойилларини ойдинлаштиришга хизмат қилади. Қ.Йўлдошев, М.Йўлдошеваларнинг “Рўё”даги аросат” мақоласида А.Аъзамнинг янги романи қатламларига чуқурроқ назар ташлаш, тагмаъноларни илғаш, моҳиятга сиртдан эмас, ичдан боришга интилиш руҳи устувор. Улар ёзувчининг инсонни турли ракурслардан кузатиши, ҳаёт ҳақиқатига содиқлигини таъкидлаб, асарни тўлиғича ижтимоий бадиият намунаси деб хулосалайди. Бир ижодкор ифода услубини ўрганиб, унинг айрича сифатларига баҳо бериш, у яратган образлар тизимини ўрганиб, асар поэтикаси хусусиятларини очиб бериш мақсади йўлида ёзилганлар сирасига Ш.Ризаевнинг “Паризод”га айланган “Фаришта”, Д.Қуроновнинг “Завқимдан бир шингил” мақолаларини санаш мумкин. Тадқиқотчи М.Шералиева “Насрда лиризм ва киноя (Э.Аъзам асарлари мисолида)” мақоласида ёзувчи дунёқарашидаги анъанавий тафаккурдан четлашиш, дастлабки асарларида етакчилик қилган лиризм аста-секин кинояга айланганлигини, қаҳрамонларнинг қайта ижтимоийлашганлигини ва адибнинг ижтимоий-эстетик позициясидаги жиддий ўзгаришлар жараёнини тадқиқ этади. Кўп ҳолатларда бадиий асарнинг ижтимоий-фалсафий жиҳатларига урғу бериш, асарда кўтарилган глобал муаммолар атрофида мулоҳаза юритиш, таҳлилда асарнинг ижтимоий ва ғоявий аҳамияти масаласига кўпроқ эътибор қаратиб, асар бадиияти иккиламчи ўринга тушиб қолиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Р.Қўчқорнинг “Дарбадарликнинг бедор талқини” мақоласини ҳам шу қаторга киритиш мумкин. Китоб нашрларида йўл қўйилаётган камчиликлар чалкашликларни юзага келишига замин бўлиб, ўқувчини чалғитади, умумсавияга акс таъсир ўтказади. Охунжон Сафаровнинг “Қош қўйяман деб… ёхуд ножўя таҳрирлар оқибати хусусида”, А.Саиднинг “Биз тайёрлаган “Сайланма” бошқа”, Ҳ.Умуровнинг “Адабиёт – ҳаёт дарслиги” мақолалари бугунги кундаги оғриқли муаммолар ҳақида. Эълон қилинаётган бир қатор мақолаларда янги чиққан асарни таҳлил қилиш учун дунё адабиётидан унга мос аналог қидириш анъана тусини олган. Тадқиқотчи З.Раҳмонованинг мақоласи П.Коэло ва И.Султоннинг романлари қиёсига бағишланиб, ёзувчиларнинг асар яратишдаги ўхшашлик сабаблари қидирилади, фикрини ўзи қўйган саволларга жавобсиз, хулосасиз тугатади. Шу ўринда, Елена Белякованинг “Шарбатга тўла мева ёки бемаза йогурт” мақоласи муҳим аҳамиятга эга. Унинг Коэло асарлари ”бадиий адабиётга асло алоқадор эмас, мушоҳадалари кимларнингдир фикридан олинган иқтибосга ўхшайди” деган қарашлари гоҳида билиб-билмай қиёслаб, ёзувчининг асарларини кўтар-кўтар қилаётганларга сабоқ бўлиши мумкин. Х.Дўстмуҳаммаднинг “Жон Мильтон ва Абдулла Қодирий: “Ареопагитика”дан “Диёри бакр”га қадар” мақоласида ҳар икки ёзувчининг “ижодкор зиёли инсон” номи остида, юрт ва жамият дардида кесишадиган қирраларига эътибор қаратилган.

Обзор характеридаги мақолалар гуруҳига тақриз, мулоҳаза ва ижодкорларнинг таваллуд куни муносабати билан ёзилган намуналарни жамладик. А.Расуловнинг “Шовқинот бандилари” номли мақоласи Э.Аъзамнинг “Шовқин” романига тақриз асносида талқин ва таҳлил этиши билан характерли. Мақоланинг хийла қисмида роман воқеаларига тўхталинса-да, мунаққид асарнинг туб моҳиятини зукколик билан англай билган. Бу ўринда яна-да асосли, илмий хулосаларга келувчи фикрлар айтиш эҳтиёжи сезилади. Бунга муҳтарам олим А.Расуловда ҳам, романда ҳам имкон етарлича эди… У.Норматов “Новелла бағридаги туғён” мақоласида А.Йўлдошевнинг “Пуанкаре” новелласини инсон руҳиятига ўзгача тарзда нигоҳ ташлашга ундаб, ўзбек насрида воқеа бўла оладиган асар, деб таърифлайди. Устозларимиз У.Норматов, А.Расуловнинг фаоллиги, янги нашр этилган асарларга ҳозиржавоблиги, жонкуярлиги ибратга лойиқ. Айни пайтда, фаоллик ва тезкорлик муҳтарам устоз У.Норматов “юқорида айтилганлар асарнинг изчил таҳлили эмас, илк мутолаа чоғида туғилган ҳаяжон, ўй-мушоҳадалар изҳори, холос”, деб таъкидлаганидек, эҳтирос, ҳаяжон илмий мушоҳадага асосли замин бўла олмайди.

Баҳс, мунозара, талқину таҳлилларнинг кўплиги адабиётшуносликнинг ривожига хизмат қилиши аниқ. Гоҳида биргина муаллифнинг кетма-кет ёзган тақризига кўзингиз тушиши мумкин. Шоира Ҳ.Аҳмедованинг қуйидаги сўзлари жуда ўринли: “Адабиёт майдонига соф туйғуларию орзулари билан кирган, кираётган ижодкорларнинг битта китоби чиқар-чиқмас уч-тўрт бетлаб мақтовнома тақризларнинг чиқаётгани қайсидир маънода уларнинг ижодига “суиқасд” деб биламан. Адабий танқидчилар кўзини каттароқ очишса, яхши бўларди. Назаримда, ўқувчилар ҳам, ижодкорлар ҳам, оловли, тоза баҳсларни, ҳақиқатдан сув ичган тақризларни жуда соғинган…”

Бугунги кун адабий танқидчилигининг асосий муаммолари адабий суҳбатларда ўртага ташланиб, гап мазмун маъноси билан адабий жараёнга, адабий танқидга бориб уланади. Суҳбатларнинг деярли барчасида адабий жараёндаги модерн, постмодерн усулда яратилаётган асарлардан қониқмаётгани, бундай асарларнинг ўқувчиларга “юқмаётгани”дан, куйиниш ҳисси устувор. Бундай асарларни яратиш эҳтиёжга айландими, тақлид ва таъсирнинг фарқига бора олаяпмизми? Шу каби саволлар суҳбатларнинг барчасида кўндаланг бўлган. Муносабат, изоҳ турлича. “Афсуски, модерн тамойилида битилган асарларда табиийликдан кўра, атайинлик, илҳомга қараганда тақлидчилик сезилиб, ўз заминидан узилиб” қолиш хавфи айтилса, (И.Ҳаққул.“Кимки беишқ илми дониш истагай…”) Н.Норматов ва А.Улуғов “Биз излаётган ҳикматлар” суҳбатида бу қониқмаслик ҳисси эътироз оҳанги билан алмашиб, бу усулда яратилаётган асарлар “юқумсиз”, мавҳум, “тушунарсиз” эканлиги, Болтиқбўйи, Лотин Америкаси адабиётидаги анъаналарни жорий қилиш бизга тўғри келмаслиги айтилади. Нима учундир ўзбек китобхони модерн типдаги асарларни қабул қилиши бир оз оғирроқ кечмоқда. Уларнинг ёзилиш жараёни ҳис қилинганми, пишиб етилганми, шунга эҳтиёж борми? Ифодада, тасвирда янги йўл қидириш яхши, аммо бу миллий замин негизида бўлмоғи зарур. Бу аср бошидаги Чўлпоннинг янги йўл қидиришига ўхшайдими? Бизнингча, йўқ. Чўлпоннинг оғриган миллат дардига эм қидириши, истакнинг исёнга айланиши, бу йўлда жасорат кўрсатиши бугунги кун ижодкорига ибрат бўлмоғи лозим. Бугунги кун ёзувчиларимизга айнан шундай жасорат етмаётгандай…

Адабиётда эстетик идеал, уни яратиш муаммоси У.Норматов ва Ҳ.Болтабоев “Бугунги адабиётда эстетик идеал ва қаҳрамон муаммоси” суҳбатида бугунги ўзбек нас­ридан, савиясидан У.Норматов фикрларида кўтаринкилик, қониқиш ҳисси сезилса, Ҳ.Болтабоев қарашларида бир қадар сергаклик, эҳтиросга берилмай аниқ мушоҳада қилишга интилиш кўпроқдай. “Қаламдан бошқа қуролим йўқ” суҳбатида Э.Аъзам “янгича услубларни англамайдиган бир нодон бўлсанг, мен нима қилай?!” деган иддаолардан оғринса, А.Аъзам (С.Ўнар билан суҳбатда) “Адабий танқидчилигимизда мезон бўладиган фикрлар, етакчи танқидчиларимиз йўқ. Адабий-танқидий тафаккур беэга қолгандек, унинг таъсир кучи йўқолиб, ўзи таназзулга юз тутди” деб куйинади. Бу қарашлар Қ.Йўлдошевнинг “Ўзбек синчилиги ўзбек адабиётининг олдида бора олмаяпти, ҳатто, ёнма-ён ҳам кета олмаяти, ортидан бораётир, етиб олай деб ҳам югураётгани йўқ. Йўналтириш, рағбат йўқ даражада”, деган мулоҳазалари юқоридагиларни тўлдиради. Юқоридаги суҳбатлардан ўзининг йўналиши, мазмуни билан ажралиб турадиган У.Ҳамдам ва Р.Раҳматнинг “Ижодий эркинликнинг тотли мевалари суҳбатида бевоста ўзбек насридаги “янгиланиш” ҳақида сўз юритилиб, Р.Раҳмат адабий танқидчилик тор доирада фикрлаши, жаҳоний мутолаанинг кўнгилдагидек эмаслиги, балки шу жиҳат янги типдаги асарлар моҳиятни англашга тўсиқ бўлаётганини қайд этса, У.Ҳамдам “янги адабиётнинг миллий заминда илдиз отганлиги, бу адабиёт Европа модерн адабиётидан кўчирилган нусха ёки унга тақлид эмас, бошқачароқ шакл ва мазмунга эга ўз адабиётимиздир”, деб ёзади. Суҳбатни умумий махражга келтирсак, кейинги давр насрида ифодаю усуллари билан янгиланган ўзбек адабиёти дунёга келганлиги эътироф этилади.

Ҳисобот юзасидан умумий хулосаларимиз қуйидагилардан иборат:

– адабий танқидчилик, даражаси қандай бўлишдан қатъи назар, маълум маънода ўзининг борлигини кўрсатмоқда, аммо сурат сийратга, савияга кўрсаткич бўла олмайди;

– жаҳон адабиётшунослигининг тажрибаларига таянган, айни пайтда, ўзлигини намоён этувчи миллий адабиётшунослик ва адабий танқид мактабини яратиш, чинакам адабий танқидчиликка эга бўлиш вазифаси ҳали-ҳануз кун тартибида турганлиги сезилмоқда;

– мақолаларда қайта баён қилиш руҳи устувор бўлиб, шахсий мулоҳоза бадиий қонуниятни кўрсатувчи илмий-назарий хулосаларга айлангандагина, ўзбек адабиётшунослиги ривожига хизмат қилади;

– бадиий матнни таҳлил ва талқин қилиш адабиётшунослик илмининг муҳим талаб­ларидан бири бўлиб қолмоқда;

– ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидини адабиёт назарияси негизида илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш ва унинг тизимга солиниши долзарб аҳамият касб этмоқда. Билдирилаётган фикрлар илмий мезонлар асосида айтилмоғи, бу эса мудраб турган адабий танқиднинг уйғонишига туртки бўлмоғи зарур.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 3-сон.