Баҳодир Карим. Адабий танқид — жиддий ижод (2013)

Бировларнинг талабларига эмас,
балки ўз қалбингизга қулоқ тутинг.
                                        И.Гёте

Яхши китоб яхши одамга ўхшайди. Биласиз, яхши одамнинг эзгу амаллари хотирага муҳрланади. Яхши одамнинг номи умуман инсониятга, Ғарб ва Шарққа бирдек дахлдор бўлади. Яхши одамнинг кашфиётлари, эзгу амаллари дунё кезади. Тарих саҳифаларидан ўрин олади. Мўътабар китоб­лар маънавият тарихини безайди. Тинимсиз ўқилади; дунё тилларига таржималар қилинади. Инсонлар қалбига эзгулик уруғини экади. Эзгулик уруғи тоза қалб майдонида униб ўсиб гуллайди ва мева беради. Қарашлар кенгаяди, поклик, тўғрилик, маънавий юксалиш йўллари очилади. Шу маънода на фақат бадиий асарларимиз, илмий, адабий-танқидий асарларнинг умри мени кўп ўйлантиради.

Ўтган 2012 йилда адабий танқид, адабиётшуносликка доир катта-кичик йигирмадан ортиқ китоблар нашр этилибди. Табиийки, уларнинг илмий савияси ҳам, муаллифларининг даражаси ҳам бир хил эмас. Адабиётшуносликда яшайдиган китоблар осонлик билан майдонга келмайди. Албатта, адабий жараёнда бадиий асарлар билан ёнма-ён пайдо бўлиб, уларнинг орадан чиқиши билан умрини тугатиб кетадиган танқидчилик китоблари ҳам бор. Бироқ бу йилги китоблар анча меҳнат-машаққатлар, тинимсиз изланишлар асосида ёзилгани кўриниб турибди. Айримлари вақт синовидан ўтган ва қайта мутолаага муносиб китоблардир. Бир мисол, У.Норматовнинг “Саргузаштлар сардори“ китобининг бир саҳифасида 1968-2012 санаси қўйилибди. Олимнинг Х.Тўхтабоев тўғрисида ёзган мулоҳазалари, таҳлил ва талқинлари эскирган эмас; ўн йиллар олдин танқидчи билан адиб ўртасида бўлиб ўтган суҳбатларни ҳам худди бугунгидек ўқиш ва ундан маънавий озуқа олиш мумкин. Олим “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими”, “Қасоскорнинг олтин боши” асарлари мисолида Х.Тўхтабоевнинг саргузашт романлари табиатига доир: ҳаёт тажрибаси, болаларга хос нигоҳ, баён усулидаги синтез, сатирик пафос, кўнгил дардини тўкиб солиш каби қатор индивидуал хусусиятларни очиб беради ва мисоллар билан асослайди.

А.Расуловнинг “Ғаройиб салтанат” рисоласида Х.Тўхтабоев, “Ўзлик сари йўл” китобчасида Анвар Обиджон ижоди атрофлича таҳлил қилинади. Олим фош этиш хусусиятига таяниб, “Сариқ девнинг ўлими”ни дедектив роман сифатида тақдим этади. Ўрни келганда дунё болалар адабиётининг забардаст намояндалари билан объект адиблар ижоди таққосланиши ҳам табиий таассурот қолдиради. Битта адиб ижодига махсус бағишланган китоблардан яна бири “Юлузнинг беш қирраси” деб номланади. Доцент А.Алимбеков унда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ҳаёти ва ижодини тадқиқ этади. Китоб ижодкорнинг шоир, носир, публицист, таржимон ва адабиётшунос сифатидаги қирралари юзасидан тасаввур беради. Бунда муаллиф адибнинг кундаликларидан самарали фойдалангани — унинг ижод лабараториясига кириб борганини кўрсатади.

Ўтган йилги хирмон ичида бадиий ижод эгасининг адабий-танқидий мақолалари жамланган иккита китоб ажралиб туради. Ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос Отаули узоқ йилардан бери ёзган мақолаларини “Сўз санъатидан сабоқлар” номи билан икки қисмдан таркиб топган бир китобга жамлабди. Бу Отаули адабий-илмий фаолиятининг бир қисмидир. Турли адабий авлодларнинг турли савиядаги асарларига Отаулининг жиддий, холис, куйинчаклик билан билдирган муносабатларини кўриш мумкин унда. Муҳими – китобдаги мақола ва суҳбатлар Отаулининг бадиий сўзга, адабий ҳаётга, катта-кичик адиблар ижодига ўз муносабати борлигини намоён этади. Иккинчиси шоир Вафо Файзуллоҳнинг “Чақмоқ ёруғи” китоби. Бунда Вафонинг адабий-эстетик дидини, бадиий асарни тушуниш даражасини кўриш мумкин. Тарихда ижодкор кузатиши, ижодкор танқиди, ижодкорнинг адабиётшунос сифатида таҳлил ва талқинларга тақдим этиши, албатта, ўзининг жуда яхши самараларини берди. Бу соҳада ижодкорлардан айримлари академик даражасига етди. Бу анъана бугун Отаули, Вафо Файзуллоҳ ва бошқа кўпгина шоирлар, носирлар изланишлари мисолида давом этмоқда. Шу ўринда серқирра ижодкор Улуғбек Ҳамдамнинг “Янги ўзбек шеърияти” номли монографиясини ҳам жиддий тадқиқотлардан бири сифатида таъкидлашни истар эдим. Улуғбек – шоир, адиб, таржимон. Энг асосийси – илмий унвонга эга ва шу йўлда изланаётган адабиётшунос. Унинг янги китобида ХХ аср ўзбек шеърияти таснифланади; лириканинг энг муҳим илмий-назарий қирралари, ғоявий-бадиий хусусиятлари устида фикр юритилади. У.Ҳамдам китоби мақолалар тўплами эмас, шеъриятимиз табиатини ойдинлаштириб берадиган яхлит яхши бир тадқиқот.

Шу ўринда доцент У.Долимов ёзган “Миллий уйғониш педагогикаси” китобини ҳам эслаб ўтишни истар эдим. У.Долимов тадқиқотларида миллий нуқтаи назар, миллат манфаатини кўзлаш кучли. Домланинг янги китобидаги ифодаланган фикр ва муаммоларнинг ўзаро боғланиши, ўртага ташланган муаммо ечими учун келтирилган далиллар – буларнинг барчаси узоқ йиллик заҳматли меҳнат самараси. Тўғриси, бундай мутахассис олим бир-икки йил ичида ўз-ўзидан шаклланмайди. Тўғриси, бундай китоб ҳам бир-икки йил ичида майдонга келмайди.

Дарвоқе, ўтган йили нукуслик К.Қурамбаевнинг Махтумқули ҳаёти ва ижоди, ўзбек адабиётида шу шоир ижодининг бадиий талқини ва ўзбек ҳамда қорақалпоқ махтумқулишунослигига доир жиддий китоби нашр этилди (Китоб ҳақида қаранг: Б.Карим.“Илҳом чашмаси мавжлари. “ЎзАС” газетаси. 2012 йил, 11 май). Шунингдек, бир қараганда техник ишга ўхшаб кўринса ҳам, бухоролик И.Ғаниев ва Н.Афоқовалар “Жадид адабиёти ва адабиётшунослиги библиографияси” номли жуда зарур бир китобни нашр эттирди. Унда беш мингдан ортиқ манба кўрсатилган. Жуда катта меҳнат қилинган. Бундай китоблар тадқиқотчига ёрдам ва йўлланма беради. Вақтини тежаб, изланиш йўлини енгиллаштиради. Ўз вақтида Ш.Турдиев ва Б.Қориевлар тузган “Ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилиги библиографияси (1900-1941)” китобидан жадидшунослар жуда унумли фойдаланди. Шунга ўхшаш “Турон” кутубхонаси ходимаси Ф.Нуриддинова томонидан 20-30-йилар вақтли матбуотининг бир қисмини ўзида жамлаган “Миллий матбуот фиҳристи”, жадидшунос З.Абдурашидов томонидан “Таржимон”даги Туркистон материалларининг изоҳли библиографияси” тузилгани ва нашр этилганидан бохабармиз. Янги “Библиография” ҳам шулар қаторига қўшилишга ҳақли, албатта. Аммо мулоҳаза сифатида кўрсаткичда такрорлар, тизим ва имлода ҳар хилликлар, муаллифларнинг исм-фамилияларда жузъий хатолар ҳам борлигини айтиб ўтиш жоиз. Назаримда, тузувчилар бевосита вақтли матбуот манбаларидан кўра, кўпроқ турли тадқиқот ёки илмий китобларнинг “Фойдаланилган адабиётлар рўйхати”дан фойдаланган кўринади. Бунинг оқибатида жадид адабиёти даврига мутлақо алоқасиз манбалар ҳам китобга кириб қолибди.

Ўтган йилда муаллифлар жамоаси ёзган адабиётшунослик мажмуалари, дарслик­лар ҳам босилиб чиқди. Заҳматкаш олим Н. Каримов таваллудининг 80-йиллиги муносабати билан чоп этилган “ХХ аср ўзбек адабиёти масалалари” ўтган йилнинг жиддий китобларидан бири бўлди. Мажмуада ўттиздан ортиқ муаллиф ўз илмий мақолалари билан қатнашди. Улар орасида академикдан тортиб, илм йўлига кириб келаётган ёшларгача бор. Тўплам мундарижаси, мавзу йўналиши ранг-баранг. Китоб ҳақиқатан ҳам ўтган аср ўзбек адабиёти тарихига, адабий танқидчилиги, фольклоршунослиги, ҳозирги адабий жараён, қиёсий адабиётшунослигига тегашли долзарб масалаларни қамраб олган. Кенг қамровга эга бу китоб олимга илмий жамоатчиликнинг ҳурмат-эҳтироми рамзи сифатида қабул қилиш ўринли. Аслида Н.Каримов илмий ижод қамрови жуда кенг адабиётшунос. Бу жиҳатни ҳаётий-илмий далилларга, теран муҳокамаларга ниҳоятда бой бўлган “Адабиёт ва тарихий жараён” номли китоби ҳам исботлаб турибди.

Ўтган йили Б.Назаров, А.Расулов, Қ.Қаҳрамонов, Ш.Аҳмедоваларнинг “Ўзбек адабий танқидчилиги тарихи” дарслиги майдонга келди. Бир йил ичида талаб бўйича икки марта босилди. Шунинг ўзи ҳам дарсликнинг нақадар аҳамиятли, зарур эканини кўрсатади. Унда ўзбек адабий танқидчилигига хос энг асосий даврлар, энг муҳим илмий тамойил ва босқичлар қамраб олинган. Адабиётшунос-мунаққидларнинг ижодий фаолиятига махсус саҳифалар ажратилган.

Суюкли адибимиз Худойберди Тўхтабоевнинг табаррук 80 ёши муносбати билан юқорида тилга олинган У.Норматов, А.Расуловларнинг китоби қаторига яна бир китобни — ёзувчи ўз замондошлари наздида қандай ижодкор шахс эканини кўрсатувчи “Дунёга танилган адиб” номли жамоа тўпламини ҳам қўйиш лозим. Унда йигирмадан ортиқ муаллифлар қатнашган; бешта суҳбат берилган. Бошқа миллат зиёлиларининг эътирофлари, таниқли адиб ва китобхонлардан келган қатор мактублар ўрин олган. Табиийки, манбаларнинг саккиз фаслга махсус тақсимлаб, ҳар бирига адиб тилидан жиндай қувлик ва топқирлик билан шеърий сарлавҳалар қўйилганини китоб тартиб бериш маданиятидаги ўзига хос топилма, деб баҳолаш мумкин.

Биласизлар, улкан адабиётшунос, мунаққид Матёқуб Қўшжонов камтар, камсуқум, ўзини ҳа деб кўз-кўз қилавермайдиган бир инсон эди. Домла ҳатто ўз асарлари библиографик кўрсаткичини тузмаган, бировга айтиб ҳам туздирмаган экан. Бу амалий иш ҳозирга қадар бажарилмай турибди. “Матёқуб Қўшжонов замондошлари хотирасида” китоби ҳам тўрт йил босилмасдан ётди. Бунинг ҳам бир ҳикмати бор экан. Китобнинг таваллуд санаси М.Қўшжоновга ўхшаган ҳақгўй, адолатпарвар, қатъиятли икки инсон – Бегали Қосимов (“Бегали Қосимов замондошлари хотирасида”) ва Шавкат Раҳмон ҳақидаги (“Шавкат Раҳмонни хотирлаб”) китоблари билан бир пайтга тўғри келди. Бу инсонлар фаолияти ва уларга тегишли китобларда қандайдир руҳий яқинлик; ўзига хос рамзий маъно бор. Ҳар учала хотира китобида ҳам сунъийлик, мажбурият остида ёзилган хотиралар деярлик кузатилмайди. Одатда, хотира ёзувчи ўзини тарғибига, “мен-мен”сирашга ўтиб кетади. Назаримда, ҳар учала китобдаги манбаларнинг кўписини муаллифлар қалб амри билан, ҳатто хотира китобини мутлақо хаёлларига келтирмаган ҳолда ёзган кўринади. М.Қўшжонов ҳақидаги китобдаги “Жонкуяр”, “У кишим – устоз, мен – шогирд”, “Домла”, Б.Қосимов хотирасига бағишланган китобдаги “Хотира қаъридаги изтироблар”, “Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими”, “Адабиётшунослигимиз Ҳамлети”, Шавкат Раҳмонни тўғрисида ёзилган “Рассом хотиралари”, “Шеъриятга кўчган шахсият”, “Нон ҳиди” каби мақолалар самимийлиги, чинлиги, бутунлиги, дарду изтироби билан ажралиб туради. Б.Қосимов тўғрисида ёзилган ҳаққоний бир фикрга кўзим тушди: “Ҳеч кимдан бирор нарса кутмас, конгрессларда учрашиб қолганимизда кулимсираб турган юзида дўстликдан ҳам вафо топмаган, дўстликдан ҳам хиёнат кўрганлик изтироби сезилиб турар эди”. Домланинг ниҳоятда таниш бир қиёфаси кўз ўнгимда гавдаланди. Тўғриси, бу хотира китобларидаги кўпгина мақолалар турли даврларда, айримлари ўша ижодкорлар тирик пайтида вақтли матбуотда босилиб чиққани маълум. Тузувчилар ҳар кимга махсус айтиб хотира ёздирмасдан ўша манбаларни тўплаб китоб ҳолига келтирибди. Бу ҳам хотира китобларига тартиб беришнинг ўзини оқлайдиган бир усулидир.

Бугунги ёш авлод М.Қўшжонов, Б.Қосимов, Шавкат Раҳмон каби фидойи, қалб кўзи очиқ ҳақиқий ижодкор, маърифатпарвар шахсларни яхшироқ таниши, уларнинг ибратли йўлидан сабоқ олиши керак. Хотира китобларининг адабиётшунослик тарихида шундай хизмати ҳам бор, албатта.

“Мумтоз сўз” нашриёти “Маърифат фидойиси” рукнида ўтган адабиётшуносларни хотирлаш ва уларнинг асарларидан намуналар саралаб, қайта нашр этишдек хайрли ишни бошлаганига анча бўлди. Бу йил шу рукндаги бир китоб адабиётшунос Ботирхон Акромовга бағишланди…

Ҳар қандай фан соҳанинг келажаги умидли ёшларга кўз тикади. Илм-фандаги коперникона кашифётлар ёшлардан кутилади. Бадиий ижодда, айниқса, истеъдодли ёш шоирлар тез довруқ қозонади, назарга тушади. Аммо илмий ижод йўлида шароит нисбатан бошқача. Бу йўл машаққатли йўл, бекатлари ҳам кўп: ўқиш, англаш, тушуниш, ўрганиш, таснифлаш, тушунтириш, таҳлил ва талқин этиш… “ХХ аср ўзбек адабиёти масалалари” тўпламига кирган ёшлардан Беҳзод Фазлиддин, Сафарали Қурбоновларнинг мақолаларини ўқиб хурсанд бўлдим. Ора-орада матбуотда кўринаётган Отабек Сафаров изланмоқда. Саъдулла Қуроновнинг “Ифода ва ифодавийлик”, Комил Ҳамроевнинг “Шукур Холмирзаев ҳикояларида композиция” номли дастлабки ихчам рисолалари нашр этилди. Бадиий асарлар моҳиятини англайдиган ва қарашларини ўзига хос тарзда ифодалайдиган ёш адабиётшуносларнинг етишиб келаётгани одамни қувонтиради. Албатта, ёшлар келажагидан фол очиш ортиқча иш. Илмий унвонларга қизиқишлари табиий, айни дамда, адабий жараён юкини зиммаларига олишларига ҳам умид қилиш мумкин. Тирикчилик деган баҳайбат ўпқон қопқасидан омон ўтишса, бирёқламалик, юзакилик, шуҳратпарастлик каби енгил йўллардан узоқ юришса, тозалик ва тўғрилик уларнинг илмий ақидасига айланса, бундай изланувчи ёшлар умидни оқлайди.

Китоблар муносабати билан мунаққиднинг тарихий миссияси устида ҳам кўп ўйладим. Истайсизми-йўқми адабий танқид адабиётшуносликнинг муайян бир соҳаси бўлгани ҳолда адабиёт назариясига ҳам, адабиёт тарихига ҳам жуда жуда алоқадор. Адабий танқид адабий жараён билан тирик. Янги назариялар шу жараёнда туғилади ёки янги ном олади. Адабиёт тарихига муносиб адабий сиймо ва унинг асарлари ҳам адабий жараён элагидан ўтади. Дунё адабиётшунослигининг тажрибаси шундай. Аввалдан ҳам ўйланиб келаман. Мунаққид бу ижодкор одам. Адабий танқид ҳам ўзнинг специфик хусусиятига эга ижоднинг бир тури. Адабий танқидчи адибларнинг таваллуд кунларида қўлларида гул тутиб саҳнага чиқадиган нозанин ҳам, кафгири билан қозон ковлаб, тўйда хизмат қиладиган ошпаз ҳам эмас. Негадир адабиётчи-мунаққидлар айнан кимларнингдир таваллуд айёмларида ноёблашиб, гўёки бир зарур “матоҳ”га айланади. Мунаққиднинг бундай хизмат турида жуда енгиллик ва юзакилик сезилади. Ҳолбуки, адабиётшунос-мунаққиднинг вазифаси бундан кўра жиддийроқ, илмийроқ, оғирроқ, юклироқ, масъулиятлироқдир…

Аслида, ҳар қандай матн таркибидаги гап бирор маънони ифодалаши лозим. Бир мақолада ёзилади:“Глобал герменевтикада матн трансформацияси орқали глобал характер касб этгани ҳолда, уларнинг қаҳрамонлари оддий коинот зарраси характеридан чиқиб, фазовий характерга эга бўлишини эслатади” (М.Тожибоев. “Ш.ю”, 2012 йил, 4-сон.). Неча бор такрор ўқиш билан англашнинг имкони бўлмади. Мақолада шу тарздаги қандайдир ажнабий тилдан қилинган нўноқ таржимани, эслатадиган ўринлар талайгина эди.

Шу юқоридаги гапни ёзсамми-ёзмасамми, деган ўй билан юрган кунларнинг бирида қўлимга самарқандлик А.Носировнинг “Одил Ёқубов романлари поэтикаси” китоби келиб қолди. Ўқидим ва беихтиёр: “Мана, азизлар бўлар экан-ку!”, дедим бор овозда. Бирорта одам тушунмайдиган тилда ёзса, ахир бўлар экан-ку! Китобда адиб романлари ва ўзбек олимлари китобларидан олинган кўчирмалар тушунарли ифодасини топган. Русча таржималарининг айримларида эса маъно йўқ. Китоб муаллифи ёзган, чуқур илмийга ўхшайдиган гаплари ғалати, маънисиз, бир қайнов ичидаги гаплардек таассурот қолдиради. Масалан: “Роман жанри поэтикаси тизимлараро ўзаро алоқалар уюшмаси тиғизлигидан иборат” (6-бет), “Эстетик онг жанр аниқлигини асослайди. Бадиий шакл жорийлиги воқеликка ижодий муносабатни уюштиради. Ҳиссий идрок узви тасаввур яхлитлигини тақозо этади. Демак, бадиийлик мезони ва имконияти мантиқий тадрижи атама миқёси аъзолари ранг-баранглигини тасдиқлайди” (7-бет), “Давр руҳияти тадқиқи яхлитлиги қаҳрамон фаолиятига сингдирилган ижодий концепция мундарижасида тугал моҳият касб этади” (8-бет). Тўғриси, одам кетма-кет бундай ребусларни ечишда анча эсанкираб қолади.

Давом этайлик: “Шу маънода, жанр табиати хилма-хил поэтик уюшмаларни жипс­лаштиради. Шакл, мазмун ва услуб ўртасидаги бадиий муносабатни қайта тиклаш унинг асосий поэтологик вазифаси саналади” (14-бет), “Фалсафий-ижтимоий-руҳий умумлашма теранлиги талқинни лаҳзада идрок этишга имкон бермайди, таҳлил мантиғини тадқиқ саҳнига кўтаради” (17-бет). “Муаллиф қабариқ тасвир қоришиғида инсон идрокини банд этган ижтимоий-руҳий муаммоларни кўндаланг қўяди. Хотиралар динамикасида қайта тикланган имконият асар йўналишини ташкиллайди” (18-бет). Исталган бир саҳифани очиш мумкин; мисоли чиқади: “Ижод фалсафаси ва муаммо муайянлиги синтези, руҳ маънавияти ва синтактик танлов муштараклиги, муаллиф концепцияси позитив характери ва тасвир қабариқлиги яхлитлиги ёзувчи поэтологик мундариждасининг ўзига хос хусусиятларидан далолат беради” (88-бет).

Тўғриси, илмий-фалсафийга ўхшаб кўринган бу иншолар анча мужмал. Аслида, теран тасаввур қилинмаган нарсалар хусусида мужмал фикрлар баён этилади. Китоб гарчанд роман поэтикасига бағишланган бўлса ҳам, унда энг асосий поэтик унсурлар тизимли равишда текширилган эмас. Афсуски, ўтган 2012 йил китоблари орасида шу тоифадагилари ҳам учради. Абдулла Қодирий айтади: “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак. Тузилган жумлани ёзувчининг ўзигина тушуниб, бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб. Аслида ёзувчилик айтмоқчи бўлган фикрни ҳаммага баробар англата билишда, орага англашилмовчилик солмасликдадир” . Бу гап адабиётшунос-мунаққидга ҳам тегишли.

Яна бир мулоҳаза. Бугун интернетга кириб, турли манбаларни таржима қилиб, ямоқчилик билан ҳам нафақат мақолалар, балки рисолалар, китоблар “ясаб ташлаш” осон юмушга айланди. Бугун ҳар қандай соҳада чуқур илмий тафаккур маҳсули бўлган умрбоқий китобнинг тадқиқот ўлароқ “яралиши”дан кўра интернет маълумотлари ёки стилистик ўйинлар билан уч-тўртта китобдан олинган кўчирмалар орқасида китоб “ясаш” жараёнлари ҳам кузатилади. Бундай “ясама”ларни жамловчилар муаллифлик даъво қилмагани ва ўзлари инсоф билан “Кўрганларимдан кўчирганларим” деган махсус рукн остида китоблар туркумини эълон қилишлари адолатдан бўлар эди. Шу маънода ҳар қандай ижод соҳасида мустақил тафаккур, виждон, инсоф, уят, андиша каби тушунчалар бугун ҳар замондагидан кўра ноёброқ саналади.

Хўш, ўтган йилги бу йигирмадан ортиқ китоблар қайси нашриётларда босилди? Шундай савол қўйиш тўғрими? Одатда давлат нашриётлари ўзларида чиқараётган китобларга адабиётшунослар сўзбоши, сўнгсўз ёки матбуотда тақриз ёзишларини маъқул кўришади. Аммо адабиётшунос олимларнинг китобларини босиш масаласида аҳвол қандай? Ҳар бир нашриёт ақалли битта олимнинг китобини босадими? Режага киритадими? Олимнинг китоби тез сотилмаслиги аниқ. Шу боис босишдан манфаат ҳам йўқ.

Мен китобларнинг нашр қилинган жойлари билан қизиқдим. Улар “Тафаккур”, “Академнашр”, “Ношир”, “Турон-иқбол”, “Мумтоз сўз”, “Муҳаррир” каби нашриётларда босилибди.

Бу хусусий нашриётларни камситиш учун айтилаётган гап эмас. Бугунги хусусий нашриётлар ичида фақат пул кетидан қувавермайдиган, ўз қиёфаси ва позициясини шакллантирганлари бор. Биласизки, мен санаган нашриётларда муаллифлар китобларини ўз ҳисобидан чиқаради; сотиш учун сарсон юради. (Тўғриси, “Адиб”да 4 та, “Фан”да иккита, “Шарқ”да битта адабиётшунослик китоб босилди. Кейинги учтасининг ҳам моддий томони муаллиф ёки ҳомий зиммасига тушган бўлса керак. Бу рақамларда хатолик бўлиши мумкин).

Адабий танқидий китоблар ҳам давлат нашриётларида босилса, уларни ёзган одамларга қалам ҳақи берилса, қандай яхши бўлар эди. Тўғриси, бу ҳодисанинг содир бўлиши йил ўтган сари ширин хаёл ва орзу-истак томонга қараб кетмоқда.

Хулосаларимни махсус рақамлаб илова қилмоқчи эмасман. Чунки юқорида айтган мулоҳазалар ичида хулоса ҳам, таклиф ва тилаклар ҳам бор.