Анваржон Ҳалимов. Бугунги ўқувчи нечта шеър ёд билади? (2008)

Мутахассисларнинг фикрича, инсон мияси миллион жилдлик китобга сиғадиган ахборотни қабул қила олар экан.

Ҳозир “Компютер хизматлари” деб ёзилган қайси бир жойга қараманг, бир гала талабалар реферат, курс иши, яна қандайдир “иш”ларни кўчиртираётган бўлади. Аслида бу каби кўчир-кўчирларнинг кимга кераги бор.

Агар талабанинг ўзи компютерда ёзаётган бўлса-ку, яхши-я. Аввало, у компютер билан тиллаша оладиган бўлади, ёзма нутқи ривожланади ва қолаверса, хотирлаш қобилияти ҳам ўсади…

Азиз газетхонларга айтмоқчи бўлган фикримиз ҳам таълим жараёнида ёдлатиш усулини кенгроқ жорий қилиш тўғрисида.

Бу хусусда тарихга бир назар солайлик. ХВ асрда зиёли, шоир бўлмоқ, адабий гурунгларда қатнашмоқ учун ўттиз минг байт (йигирма минг салафлардан, ўн минг замондошлардан) шеърни ёд билиш шарт ҳисобланган. Алишер Навоий бу муносабат билан эллик минг байт (ўттиз минг салафлардан, йигирма минг замондошлардан) ёд олганлигини ёзади.

Имом ал-Бухорий, Ибн Сино, Форобий ва Берунийдек улуғ аждодларимиз мадрасада ёдлаб таҳсил олганликлари боис оламни лол қолдирадиган буюк алломалар бўлиб етишганлар.

Бундан бир неча ўн йил аввал йирик математик ва кибернетик олим фон Нейман бутун дунё­га жаҳоншумул хабар тарқатди. Унинг кўп йиллик кузатишларига кўра, одам мияси тахминан миллион жилдлик китобга сиғадиган ахборотни эслаб қолиш имкониятига эга экан. Замонамиз олимлари эса миямизда бўлаётган жараёнлар тўқсон миллион қалин китобни тўлдиради, деган хулосага келишган.

Бир қарашда бу фикрлар ақл бовар қилмасдек туюлади. Лекин яна бир бор тарих саҳифаларини варақлаб кўрсак олимларимизнинг тадқиқотлари натижаларига қўшилмасликдан ўзга иложимиз қолмайди.

Қадим тарихчиларнинг тасдиқлашларича, Юлий Сезар ва Александр Македонский 30 минг аскар исмини ва уларнинг юз тузилишини эсда сақлаган.

Буюк ватандошимиз Имом ал-Бухорий ўз сўзига кўра, юз минг саҳиҳ (ишончли) ва икки юз минг ғайрисаҳиҳ (ишончсиз) ҳадисни ёд билган экан.

Ҳеч қандай машҳурликни даъво қилмаган оддий фуқаро Э. Гаон бўлса ҳаёти давомида ўқиб чиққан 2500 китобни хотирасида сақлаб қолган. У сира иккиланмасдан бу китоб­ларни хоҳлаган қисмини ёддан ўқиган.

Мозийдан мавзуга қайтсак-да, бугунги айрим ёшлар тўрт қатор шеърни ёд билмасдан умумтаълим мактабини битираётганини ҳам эътироф этсак. Айтишларича, бугунги кунда америкалик ўқувчилар калкулятордан кенг фойдаланишлари натижасида оддий арифметик амалларни бажаришга ҳам нўноқлашиб бораётган экан. Фан-техника ютуқлари ёшларни ақлий ял­қовлашиб қолишига сабаб бўлаётганини инкор этмаслигимиз керак.

Яқинда 10-15 та китоби нашрдан чиққан яхшигина истеъдодли шоир билан талабаларнинг мулоқоти бўлди. Табиийки, шоир шеърлари ҳақида сўради. Афсус, бирорта талаба ижобий жавоб бера олмади. Ҳолбуки, уларнинг деярли барчаси бўлажак адабиёт ўқитувчилари эдилар. Ёдлаш тугул шеър ўқимаётган бундай талабалардан эртага қандай ўқитувчи чиқиши мумкин?

Бас, шундай экан, болалар боғчасидан олий ўқув юртигача бўлган таълим масканларида ёдлатиш усулларини кенг жорий қилиш лозим эмасмикин? Бу борада педагог-психологларнинг амалий тавсиялари зарур. Қолаверса, педагог олимлар боболаримиз мадрасаларда қўллаган ёдлатиб ўқитиш тажрибаларини чуқурроқ ўрганиб, замонавий таълим жараёнларига татбиқ этиш борасида излансалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шундагина ёшларимиз глобал миқёсда фикрлайдиган, профессионал, маънавий етук инсонлар бўлиб етишадилар. Зеро, ҳукуматимиз олиб бораётган ёшлар сиёсати мазмун-моҳияти ҳам таълим самарадорлигини ошириш, келажак авлодни комил инсон қилиб тарбиялашга қаратилган.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).