Абдузуҳур Абдуазизов, Муҳаммаджон Холбеков. Атоқли таржима назариётчиси (2012)

Таржима назариясига бағишланган илк тадқиқотлар ўтган асрнинг 20-йилларида юзага кела бошлаган. Уларда ҳали таржима назарияси фан сифатида эътироф этилган аниқ фикрлар билдирилмаган эди. Таржима назариясини фан сифатида таърифлаган дастлабки илмий изланишлар ХХ асрнинг 50-йилларида эълон қилина бошлади. Жумладан, рус олимлари И.Кашкин ва А.Реформатскийнинг таржима назарияси хусусидаги мақолаларидан сўнг бу соҳада баҳс-мунозаралар жонланди.

Профессор А.Реформатский ўз мақоласида “Таржима амалиёти барча фанлар учун хизмат қилса-да, таржима назарияси мустақил фан бўлолмайди. У тилшуносликнинг бир бўлимигина бўлиши мумкин”, деган фикр билан чиқди. Тез орада унинг бу фикрига қарши тилшунос А.Федоров “Таржима назарияси фан сифатида эътироф қилиниши зарур. Фақат у структурасига кўра тилшунослик йўналишига вобаста бўлмоғи керак”, деган ғояни илгари суради. Бу мунозарада Т.Савори, Э.Кари, Ж.Кэтфорд, Ж.Мунен, Р.Якобсон сингари хорижлик тилшунослар қатори профессор Ғайбулла Саломов ҳам фаол иштирок этиб, баҳс жараёнида таржимашунослик илмига кириб келди.

Олимнинг рус тилидан ўзбек тилига бадиий таржима қилишнинг айрим назарий муаммолари ёритилган илк рисоласида А.Чехов ҳикоялари таржимасида миллий ўзига хосликнинг берилиши ва фразеологизмларнинг ўгирилиши тадқиқ этилган эди. Таржима назариясининг лингвистик тамойиллари хусусидаги қарашларини такомиллаштириш жараёнида у кейинчалик рус тилидан ўзбек тилига ўгирилган таржималарда мақол ва идиомаларнинг талқини мавзусида изланди. Кузатишлари натижаси ўлароқ, устоз ўзининг “Мақол ва идиомалар таржимаси” номли рисоласини нашр эттирди. Унда мақол ва маталларнинг мазмуни ҳамда шаклининг ўзига хослиги, уларни сўзма-сўз ўгириб бўлмаслиги сабаблари, паремиология, фразеология ва идиомаларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари ҳамда уларнинг таржимаси йўлларини кўрсатишга ҳаракат қилди. Бу даврда профессор Ғайбулла Саломов сафдошлари Ж.Шарипов, А.Мухтор, Н.Владимирова, М.Расулий билан ёнма-ён туриб, ўзбек таржимашунослик фанининг шаклланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Ўша пайтда мутахассислар ўртасида таржима назариясини икки томонлама: тилшунослик ва адабиётшунослик илми нуқтаи назаридан ёндашиб талқин қилиш муаммоси юзага келганди. Чунончи, П.Топер, И.Кашкин, Л.Соболев, Г.Гачечиладзе, Е.Эткинд каби олимлар таржима – бу адабий жараён ва бадиий ижод, таржима назарияси эса адабиётшуносликка асосланган фандир, дейишган бўлса, А.Кунин, Л.Бархударов, В.Комиссаров, Я.Рецкер, А.Швейцер сингари тилшунослар таржима – бу матн билан боғлиқ лингвистик жараён, таржима назарияси ҳам лисоний таҳлилга асосланган фандир, деган фикрни илгари суришган. Ғайбулла Саломов бу хил қарашларга ўз муносабатини аниқ билдириб: “Айрим олимларимиз таржима назарияси билан шуғулланишнинг ҳожати йўқ, негаки таржима — соф амалий иш деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиш кўпгина назарий масалаларни чуқур ўрганишни талаб қиладиган ғоят мураккаб бир ишдир,” деб ёзганди.

Бевосита Ғайбулла Саломовнинг ташаббуси билан чоп этила бошланган “Таржима санъати” илмий мақолалар тўпламларида О.Шарафиддинов, Ж.Шарипов, Ю.Пўлатов, Н.Владимирова, Ҳ.Дониёров, И.Боролина ва бошқаларнинг таржима назарияси ва амалиётига бағишланган мақолалари босилди. Масалан, 1961 йили нашр этилган тўпламдаги устоз адабиётшунос ва таржимон Озод Шарафиддиновнинг “Бадиий таржиманинг баъзи принциплари” сарлавҳали мақоласида ўша даврда рус тилидан ўзбек тилига қилинган таржималар таҳлил қилиниб, қаттиқ танқид остига олинган эди. Мақолада муаллиф, жумладан, шундай талабларни қўйган: “Таржима — оригинални ғоявий ва бадиий акс эттириш формасидир. У ўқувчига оригинални мумкин қадар тўла ва чуқур билиш имкониятини бера оладиган бўлиши керак. Ўқувчи таржимани ўқиб, оригинал ҳақида тарихий жиҳатдан тўғри тасаввурга эга бўла олсин. Бунинг учун таржимада асарнинг умумий мазмуни ва умуман бадиийликни тўғри бериб қўйишгина кифоя қилмайди. Таржимон таржима қилинаётган асарнинг ўзига хослигини, авторнинг индивидуал услубини ҳам бера олиши керак”. Ғайбулла Саломов олимнинг бу фикрларни давом эттириб, таржиманинг лингвистик масалалари ҳақида сўз юритаркан, “Таржимон халқнинг тили, тарихи, этнографияси, маданиятидан яхши хабардор бўлишдан ташқари, сўз танлашда ўзига хос дидга ҳам эга бўлиши зарур”, дейди.

Олим бадиий таржиманинг лексик-фразеологик масалаларига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, уни янада тўлдириб, “Тил ва таржима” номли салмоқдор монографиясини нашр эттирди. Монографияда рус тилидан ўзбек тилига таржима қилишнинг бир қатор муаммолари қамраб олинган. Унда таржиманинг асосий “қурилиш материали” бўлган сўз, унинг фонетик жиҳати, семантик ва услуб хусусиятлари ҳамда таржима жараёнида синонимлардан фойдаланиш каби илмий мавзуларнинг муфассал таҳлилини кузатамиз. Шунингдек, монографияда таржима амалиётида муаллиф услубини акс эттириш, миллий колоритни сақлаш масалалари хусусида ҳам қимматли фикр-мулоҳазалар илгари сурилган.

Профессор Ғайбулла Саломов ўз фаолиятини, асосан, олий ўқув юртларида “Таржима назарияси ва амалиёти” фанини ўқитишни йўлга қўйишга қаратди. Дастлаб у олий ўқув юртлари учун “Таржима тарихи”, “Таржима назариясига кириш”, “Умумий таржима назарияси” курслари бўйича дастурлар тузди. Шунингдек, “Таржима назарияси ва адабий таҳрир масалалари” ва “Таржима асослари” ўқув қўлланмаларини нашр эттирди. 1978 йили ўзининг узоқ йиллик педагогик фаолияти самараси бўлмиш “Таржима назариясига кириш” дарслигини яратди. Ушбу дарслик ўтган йиллар мобайнида олий ўқув юртларининг филология факултетларида “Таржима назарияси ва амалиёти” фанини ўқитишда асосий манба бўлиб келди. Яна бир жиҳати, бу йилларда устоз ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)да ташкил этган “Таржима назарияси” кафедрасини республикада ўқув-услубий ва илмий марказга айлантиришга ҳаракат қилди. Кафедра қошида ўнлаб ёш тадқиқотчилар таржима назарияси йўналишида илмий изланишлар олиб боришди. Бу йилларда Н.Комилов, К.Жўраев, Н.Отажонов, М.Саипова, М.Бақоева, О.Кузин каби ёш тадқиқотчилар профессор Ғайбулла Саломов раҳбарлигида номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Шу билан бирга, олим илмий изланишларини изчил давом эттириб, рус тилида таржима назарияси ва адабий таҳрир муаммоларига бағишланган ўқув-услубий қўлланмасини нашр эттирди. Унда таржимашунослик тарихи, таржиманинг адабий жанрга муносабати, таржимада миллий руҳни бера билиш, таржима бирликлари, бадиий асардаги образлар тилини ўгириш билан боғлиқ ва шеърий таржима муаммолари, драматик асарлар таржимаси каби кўплаб масалалар изоҳланган. Айниқса, таржима қилинган асарларга баҳо бериш, яъни таржима танқиди, таржимани аслият билан қиёслаб таҳлил қилиш муаллиф назарида четда қолмаган.

Жаҳон таржимашунослиги илмида 80-йилларга келиб таржима назариясининг тилшунослик йўналиши янада такомиллашди. Адабиётшунослик йўналишига мансуб И.Кашкин ва Г.Гачечиладзенинг “реалистик таржима назарияси” ўрнини Д.Дюришиннинг “таржима халқаро адабий жараён тараққиётида муҳим ўрин эгалловчи адабиётлараро коммуникатив воситадир” деган концепцияси эгаллади. Профессор Ғайбулла Саломов ва шогирдлари Д.Дюришин концепциясига монанд илмий тадқиқотлар олиб боришга киришдилар. Натижада олимнинг “Адабий анъана ва бадиий таржима” номли тадқиқоти юзага келди. Унда муаллиф Шарқ ва Ғарб адабиётларидан ўгирилган таржималар ўзаро адабий алоқа ва таъсир масаласи доирасида тадқиқ этилган. Шунингдек, таржимада услуб ва услубий мослашув ўзбек таржимонларининг ижодий методи такомилида орттирилган бой тажрибалар замирида ёритиб берилган. Ўзининг навбатдаги китоби – “Таржима ташвишлари” номли монографиясида эса устоз таржима жараёнининг таржима техникаси ва таржима санъати билан боғлиқ жиҳатларини таҳлил қилиб, таржимага эҳтиёж туғдирувчи асосий омиллар, пировард натижада эришилган ҳосила, яъни муайян таржима туфайли ватан адабиётида пайдо бўлган сифат ўзгаришлари хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Профессор Ғайбулла Саломов раҳбарлигида таржима назарияси кафедрасида амалга оширилган тадқиқотлар нафақат республикамизда, балки собиқ иттифоқ ва хорижий мамлакатларнинг йирик таржимашунос олимлари диққатини ўзига тортди. Масалан, россиялик профессорлар П.Топер, Ю.Левин, словакиялик адабиётшунос олим Д.Дюришин ана шу кафедрада маърузалар ўқиб, ёш тадқиқотчиларнинг илмий ишларига тақризлар бердилар. Натижада, Б.Илъясов, Ю.Нурмуродов, Ғ.Хўжаев, С.Хаитов, Қ.Тожиев, Т.Жўраев, А.Умаров, С.Олимов, З.Исомиддинов, С.Азимов сингари ёшлар номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилишди.

Таржимашунослик илмида бой тажриба ва билим эгаси бўлган Ғайбулла Саломов 1982 йили “Адабий анъаналар ва бадиий таржима муаммолари” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Ўз тадқиқотида у “Анъана ва ҳозирги адабий жараён”, “Ўзбек адабиётида Шекспир анъаналари”, “Таржима – таъсир – таржима”, “Бадиий таржимада услуб”, “Миллий-услубий ўзига хослик ва бадиий таржимада услублаштириш принциплари”, “Шеърий таржимада ритмик трансформация”, “Ижодий билингвизм анъаналари” каби бир қатор долзарб муаммоларнинг ечимини топишга эришди. Ишда олим таржима назарияси соҳасида узоқ йиллар олиб борган кузатишларини якунлаб, таржима назарияси мустақил, ҳам тилшунослик, ҳам адабиётшуносликка мансуб умумфилологик фандир, деган якуний хулосага келади.

Устоз сермаҳсул ижод соҳиби эди. Унинг тилшунослик, адабиётшунослик, таржима назарияси ва амалиёти ҳамда маънавият ва маърифатга доир бир неча китоблари нашр этилган. Олим Усмон билан ҳаммуаллифликда чоп эттирган “Тилим – қулфи дилим” (2003) номли рисоласида унинг яхшигина шоир эканлигига ҳам гувоҳ бўламиз. Қуйидаги мисралари бу фикримизга далил бўла олади:

Ҳофиз куйламаса она тилимда,
Жиров жирламаса она тилимда,
Олим ўйламаса она тилимда,
Толиб тингламаса она тилимда…
Яшамоқнинг борми маъноси?…

Атоқли олим умри поёнида талабаларга “Таржима назарияси ва амалиётидан маърузалар матни”ни совға қилди. Унда таржимашунослик асосларига доир масалалар ёритилган ва тест саволлари илова қилинган. Бу китобида профессор Ғайбулла Саломов: “Муаззам истиқлол даврининг таржималари шу улуғвор даврнинг мақсади, талаби ва вазифаларига мос ва муносиб бўлиши лозим”, деб ёзган.

Ўзбекистонда таржима назарияси ва амалиёти ҳақида сўз очилганда, албатта, атоқли олим Ғайбулла Саломов асос солган илмий мактабнинг хизмати алоҳида эътироф қилинади. Бугунги кунда устознинг шогирдлари унинг ишини давом эттириб, таржима назарияси ва амалиётининг янги қирраларини кашф этиш йўлида фаол изланишлар олиб бормоқдалар.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 50-сон