Абдували Қутбиддинов. Ватанни севиш илми (2011)

«Икки дарё оралиғидаги жаннат». «Яратган ярлақаган манзил». «Тўрт фаслнинг тўрт гулзори». Яна… шунга ўхшаш ва бундан-да пурмаъно, самимий, ҳайрат ва парвоналик билан айтилган юзлаб таърифлар бор она Ватанимиз ҳақида.

Баъзан ўйлаб қоласан, юртимиз шу қадар гўзал бўлмаганида, тарихий мусибатлардан ҳам қутулиб қолармидик. Не-не бос­қинчилар кўз олайтириб аждодларимиз истеъдоди ҳам­да табаррук тупроғимиз меҳридан яралган бойликларни талон-торож қилиш мақсадида қилич кўтариб келмасмидилар?

Лекин бу ўйловлар шунчаки оний, баъзида инсон хаё­лига ёпирилиб келадиган пуч хаёллар каби зум ўтмай ўчиб кетади. Аслида, шу азиз тупроқда ётган етмиш етти пуштимиз ва биз — яшаётганларнинг, эртага навбати етиб келадиганларнинг номаи аъмолига — шу буюк Ватанни, нозанин, малаксиймо диёрни кўз қорачиғидек асраш, унинг зеболигини қиёмат қадар авайлаш ёзилган.

Паҳлавон Маҳмуд дейди:

“Кимдаки бўлмаса замона ғами,
Ё оламда эмас, ё одам эмас”.

Воқеан, юрт фарзанди замон билан ҳамнафас, ҳамқадам, унинг қувончу ташвишларига шерик бўлиб, ҳар дақиқада зарурат туғилса жонини беришга тайёр бўлмаса – бу жуда ҳам қайғули. Ватанга муҳаббат, унга садоқат инсон учун инсонийлик тахтидир. Бу тахтга ўтирганлар Ватандан ҳеч нарса сўрамайдилар, аксинча, мен Ватанга нима бердим дея, ўзларини юрт равнақи учун сафарбар этадилар.

Чунончи, унутмайликки, Ватан дея наъра тортиб, умрининг ҳар бир лаҳзаси муқаддас тупроғимизнинг шаъни, ор-номусини ҳимоя қилиш билан ўтган, Самарқандни мўғуллар истило қилганидан сўнг то халок бўлгунича бирор марта кулмаган, қовоғини уйиб қутурган арслонлар галасига доимо шердай ташланган мингйилликлар қаҳрамони Жалолидин Мангуберди бизнинг бобокалонимиздир. Бинобарин, унинг ҳаёти биз учун Ватанни севиш илми, уни қадрламоқ санъати, ҳақиқий фарзандлик мактабидир.

Жалолиддин Мангуберди ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Қаҳрамонликлари эл оғзида достон бўлиб афсоналарга айланган. У отаси Муҳаммад Хоразмшоҳнинг катта ўғли сифатида муҳорабаларда пишган, етук саркарда бўлиб танилган эди. Шу боис, ҳаммадан олдин Чингизхон қўшинлари кундан-кунга кучайиб бораётгани ва кун келиб Осиёнинг энг гуллаб-яшнаган ўлкасига ҳамла қилиши мумкинлигини билар, бу ҳақда отасига, сарой аъёнларига айтар, қўшинларни қалъаларга бўлмасдан, барини бир жойга тўплаб, чегарани мустаҳкамлаш зарурлигини уқтирар эди. Аммо, таассуфларки, буюк саркардага замон пешволари ишонишмади. Боз устига, унга туҳматлар ёғдириб, тахтдан маҳрум қилишга интилишди. Душманга қарши бирлашиш ўрнига шахсий манфаатлар, ўткинчи ҳою ҳавасларга берилдилар. Мўғуллар Жалолиддин айтгандек, бирин-кетин қалъаларни кулини кўкка совурди. Қудратли қўшинидан айрилгач, Орол денгизидаги ороллардан бирига яширинишга мажбур бўлган Муҳаммад Хоразмшоҳ тарихий хатосини англаб етди. Юртининг оёқ ости бўлишига йўл қўйганидан изтироб чекиб, оғир хасталикка учради. Тўнғич ўғли Жалолиддинни ҳузурига чақириб, тахтни унга топширди. Ватан озодлиги учун сўнгги томчи қони қолгунча курашишини сўраб оламдан кўз юмди.

Жалолиддин айнан шу лаҳзада илк бор шердай наъра тортган бўлса ажабмас. Даст­лаб 300 садоқатли йигити билан мўғулларнинг 700 кишилик бўлинмасини Нисода янчиб ташлайди. Бутун шарқ олами салтанатларига номалар йўллаб ваҳший галаларга қарши кураш йўлида бирлашишга даъват этади. Чор-атрофдан минг-минглаб уйи куйган, қишлоғи харобазорга айлантирилган мард ўғлонлар келиб султон аскарлари сафига қўшилади. Кўп ўтмай Кандаҳорни қамал қилиб турган мўғул қўшинларига ҳамла қилишади. Барини ер тишлатади. 1221 йили Валиён қалъасига ҳужум қилаётган бос­қинчилар тор-мор этилади. Ниҳоят, Чингизхоннинг моҳир саркардаси Шикки Хўтухи нўённинг жанговар қўшинини пухта ўйланган ҳарбий стратегия эвазига енгишади. Айтиш жоизки, бу мағлубият чингизийларнинг Марказий Осиё сарҳадларида учраган илк мағлубияти эди.

Шундан сўнг Чингизхон жазавага тушади. Эҳтимол, шу пайтда у Муҳаммад Хоразмшоҳ ўғли Жалолиддинга ўз қўшинини бир неча йил олдин ишониб топширганида чегарадаёқ мўғуллар мағлуб бўлиши муқаррарлигини ўйлаб қўрқиб кетгандир. Таассуфки, Жалолиддиннинг деярли кўн­гиллилардан иборат қўшини пухта тайёргарлик кўрган қўшинга қўққисдан ҳужум қилавериш оқибатида ҳолдан тойган эди. Бундан фойдаланган Чингизхон Жалоллидин ва унинг аскарларини Ҳинд дарёси қирғоғига сиқиб келади. Саркардаларига Жалолиддин ва унинг оиласини асир олишларини буюради. Нақл қилишларича, шунда Чингизхон тасаввурига сиғдира олмаган ҳодиса юз беради. Жалолиддин оиласини дарёга чўктиради. Қилич ялан­ғочлаб ваҳший тўдалар орасидан тўрт минг йигити билан ёриб ўтиб оти билан дарё­га сакрайди. Дарё­нинг ўртасида от тўлқинлар устига отилиб чиқади. Жалолиддин қиличини Чингизхонга қаратиб қатъият билан силтайди. Нақл қилинишича, Чингизхон буни кўриб “Ота ўғил шундай бўлиши керак!” деган экан.

Жалолиддин шундан кейин ҳам Чингизхон қўшинларига тинимсиз зарбалар бераверади. Аммо унинг шарқ халқлари орасида “халоскор” сифатида чексиз ҳурмат-еътиборга сазовор бўлаётгани ҳукмдорларга ёқмайди. Жалолиддин кўтарган озодлик байроғи остида бирлашиш ўрнига, унга қарши жанг қилишга аҳд қилишади. Натижада Жалолиддин ҳам шарқ ҳукмдорлари, ҳам мўғул босқинчиларига қарши курашишга мажбур бўлади.

Унинг энг сўнгги жанги ҳам босқинчиларга қарши кечади. Яраланган, қилич кўтаришга ҳоли қолмаган буюк инсонни мукофот олиш илинжида юрган бадбахт кимса хиёнаткорона равишда ўлдиради.

Жалолиддин Мангуберди ҳалок бўлгач, шарқ осмонини қора тутун қоплайди. Яримта ойга ўхшаш оловли қилични кўтариб, мазлум халқларни ҳимоя қилишга қодир бошқа мард топилмайди. Султоннинг ишончини сотган ҳукмдорлар ҳам мўғуллар қўлида ҳалок бўлишади. Ачинарлиси, бирор миллат, элу элатдан Жалолиддиндек саркарда Соҳибқирон Амир Темурга қадар етишиб чиқмайди.

1998 йилда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини нишонлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинади. Унда Жалолиддин Мангуберди жасоратини, тарихимизда тутган беқиёс ўрнини, Ватанга муҳаббатини, ёрқин хотирасини эъзозлаш ва қадрлаш, тарғиб-ташвиқ қилиш билан бир қаторда унинг шарафига Урганч шаҳрида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш белгилаб берилади. 1999 йил, 5 ноябр куни давлатимиз раҳбари ушбу ёд­горлик мажмуаси очилишига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзлаб, шундай деган: “У бизнинг озодлигимизга, истиқлолимизга тажовуз қилмоқчи бўлган ҳар қандай ёвуз кучга қарши тик туриб курашишга, мардона зарба беришга қодирлигимизнинг тасдиғи ва тимсолидир.

Бу баҳодир зотнинг муборак номи, унинг қаҳрамонлиги келажак авлодларга, биринчи галда сиз билан бизга, тарихий хотира олдида бошимизни мағрур тутиб яшамоғимиз учун тўла ҳуқуқ беради”.

Ҳа, Жалолиддин Мангуберди бизга ғурур бахш этган зот. Ўз навбатида Султон Жалолиддин Истиқлол туфайли қадр-қиммат, эҳтиром, эъзоз топгани ҳам айни ҳақиқат. Муаррих Насафийнинг Жалолиддин Мангуберди ҳақида ёзган китобида қуйидаги жумлалар бор: “Унинг ботирлигига келганда айтиш керакки, султон арслонлар орасидаги энг кучли шер эди. Бир сўзли, кек сақламайдиган, очиқ кўнгил, тўғри одам эди. У жиддий шахс эди.” Илло, Ватанимиз тинчлигини қўриқлаётган ҳарбийларимизнинг ҳам ҳар бири ана шу таърифга мос эканига ишонгинг келади. Чунки озод юртимизнинг ҳар бир фарзанди қалбида Жалолиддин Мангубердидан мерос — жасорат ва Ватанга муҳаббат машъаласи бор.

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).