Муҳаммаджон Холбеков. Лотин Америкаси романи (2012)

Лотин Америкаси адабиётининг йирик вакили, “сеҳрли реализм” адабий оқимининг асосчиларидан бири, колумбиялик машҳур адиб Габриел Гарсиа Маркес номи тилга олинганда, замонавий китобхон тасаввурида, аввало, унинг қиёфаси ва ижоди гавдаланади.
Габриел Гарсиа Маркес (1927) Кариб денгизининг сўлим қирғоғида жойлашган Аракатака шаҳарчасида дунёга келган. Иш топиш илинжида катта шаҳарга йўл олган ота-онаси, эндигина туғилган Габриелни бобоси – истеъфога чиққан полковник ва меҳрибон бувиси тарбиясига қолдириб кетишади. Болалигидан эркин ўсган, атрофдаги оламга “кўзини катта очиб қараган” Габриел, ўтмиш ва ҳозирги кун ҳақида тасаввурга йўғрилган сеҳрли хаёлларга чўмган бобоси, уйнинг муҳитига, шоирона қилиб айтганда, “худди донишманд мўйсафиддек мудраб қолган” эски уйида эшитган эртак ва чўпчаклар, афсона ва қизиқарли ҳикоялар оламига бутунлай шўнғиб кетган эди. Табиийки, бу муҳит ёзувчининг ижодига таъсир этмасдан қолмади. Габриел, айниқса, бувиси билан жуда иноқ эди. Неварасини жону дилидан яхши кўрган бувиси кичкина Габриелга жуда кўп қадим афсона ва ривоятларни сўзлаб берарди. Улар эса, ўз ўрнида, боланинг хотирасида муҳрланиб, бўлажак ёзувчининг кўпгина асарлари негизини ташкил этди. Телеграфда ишлаган калтабин отаси, уй-рўзғор ташвишидан бошини кўтаролмаган муштипар онаси бир вақтнинг ўзида ўн олти фарзандни тарбиялаш билан овора эди. 1936 йил кичкинтой Габриелни Аракатакадан олиб кетишган ота-она унга жўяли тарбия ва таълим беролмадилар. Дастлаб, уни Барранкилья шаҳридаги Сан-Хосе интернатига топширадилар, бу ерда у ёлғизликнинг “неъмат”ларини кўзёшлари билан “татиб” кўрди. Сўнгра, уни Сипакира шаҳридаги коллежга ўқишга беришади. У ерда Габриел шеъриятга қизиқиб қолади ва коллежда чиқадиган газетада фаол қатнашади. Бахтли тасодиф туфайли дўстининг онаси шаҳар кутубхонасида ишларди ва Габриелни мутолаа учун кутубхонага бепул киритарди. Макондо образи, айнан, кутубхонанинг жимжит ва чанг босган муҳитида туғилган бўлса, ажаб эмас. 1947 йил ёш Габриел Колумбия пойтахти, осмонўпар тоғлар орасида жойлашган, рутубатли об-ҳаво қоплаган Санта Фе де Боготанинг кўркига кўрк солувчи, колониал услубда қурилган ва “инқилобий ғоялар ўчоғи” деб аталган Миллий университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради.
“Ҳаёт ҳақида сўзлаб бериш учун яшаш” номли охирги ҳужжатли романида Гарсиа Маркес Богота ҳақида шундай ёзади: “Богота ўша пайтлари зулмат босган, одам қадами етмас беномнишон шаҳар эди. Шаҳарга XVI асрда конкистадорлар зулмидан қочган ҳиндулар асос солган эдилар. Менимча, ўша пайтлардан бери осмонни қоплаган булутлар тарқалмас, шивалаб ёққан ёмғир эса бир кунга ҳам тинмасди. Шаҳарнинг савдо маркази атрофида жойлашган сон-саноқсиз каҳвахоналарга кириш таъқиқлаб қўйилганди”.
Ушбу ғамгин кайфиятдаги сўзлар дард-алам, ташлаб кетилганликни, ёлғизликни англатмасди, асло. Аксинча, ёш Габриел уддабурон, ташаббускор, хушмуомалали, одамлар билан тез кириша оладиган, тил топиша биладиган некбинлар сирасидан эди. У ижод қилишни давом эттириб, Боготада чиқадиган “El Espectador” газетасида ўз мақола ва ҳикояларини эълон қилиб борди.
Дарвоқе, Гарсиа Маркес қаламига мансуб илк “Учинчи итоаткорлик” (1947) номли ҳикоянинг яратилиш тарихи Аракатака реаллигига чуқур сингиб, ушбу ҳаётбахш чашмадан ҳовучлаб илҳом сувини ичади: “…Хира фонуси билан йўлни аранг ёритиб келаётган охирги трамвайга Чапинеро бекатида ҳақиқий чалишоёқ фавн кириб, бўш жойга ўтириб олди. Трамвайда мудраб ўтирган тўртта-бешта йўловчилардан ҳеч ким уни кўриб таажубланмаганлигига эътибор бердим. Шунинг учун бўлса керак, уни якшанба кунлари болалар боғида ҳар хил майда-чуйдаларни сотиб юрган ва атайлаб ясаниб олган савдогарга ўхшатдим. Бироқ фавннинг ҳақиқатан мавжудлиги, қўл чўзса ушлаб кўриш мумкинлиги ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмасди: унинг чиройликкина шохчалари ва текисланган соқолчаси аниқ эчкиникига ўхшарди. Трамвайга кириб келганида эса, туёқчалари тақиллаганини ўз қулоғим билан эшитган эдим. Унинг олдидан ўтаётиб, терисидан таралаётган ўткир бадбўй ҳидни ҳам сездим”.
Бу ҳикояда Франц Кафканинг таъсири сезилиб туради, чунки ўша йиллари Гарсиа Маркес Ғарбий Европа модернизм адабиёти, хусусан, унинг Лотин Америкаси адабиётига кўрсатган таъсирига бағишланган жиддий тадқиқот устида иш олиб боргани маълум. Ёш қаламкашга ғамхўрлик кўрсатган газета билан ижодий ҳамкорлик узоқ давом этди ва икки тарафга, сўзсиз, катта фойда келтирди. 1955 йилда газетада унинг “Бир ўлимдан омон қолган ҳарбий денгизчининг ҳикояларига асосланган саргузаштлар хақида менинг ҳақиқатим”, деб номланган ўн тўртта очерки босилиб чиқади. Уларда колумбиялик ҳарбий кемаларда контрабанда ўтказиш фактлари фош этилгани боис, ҳукумат ва ҳарбий доираларда катта сиёсий можаро кўтарилди. Кўплаб ҳарбий ва сиёсий арбоблар истеъфога чиқарилди. Бу очерклар, бир оз вақт ўтиб, аниқроғи, ўнг қанот мухолифотчилари – ҳарбийлар гуруҳи етакчиси Рохас Пинилья ҳукуматни ағдариб, ҳокимиятни ўз қўлига олганда, газета ёпилишининг сабабларидан бирига айланди. Бироқ унгача ҳали анча вақт бор эди.
Марказий ва Жанубий Америка мустамлакаларида мустақиллик учун кураш бораётган йиллари Колумбияда фуқаролик уруши бошланади. 1948 йил қирғинбарот тўқнашувлардан ўзини олиб қочган Гарсиа Маркес Картахен-де-лас-Индиас шаҳар­часида қўним топади ва у ердаги институтда ҳуқушунослик таълимини олишни давом эттиради. Айни пайтда, “Universal” газетасида ҳам ишлайди. Қудратли давлатларнинг таъсирига тушиб қолган ҳамда сиёсий, молиявий-иқтисодий манфаатлар тўқнашув майдонига айланган Колумбияда Гарсия Маркес ижодий фаолият билан бирга ижтимоий-сиёсий фаолият ҳам олиб боради. Ўқишини муддатдан олдин тугатишга мажбур бўлиб, ўзини адабиёт ва журналистикага бағишлашга қарор қилади. 1950 йилда Барранкилья шаҳрига бораркан, “El Heraldo” газетасининг мухбири сифатида тўқнашувлар марказига тушиб қолади. Бир вақтнинг ўзида “Cronica” ҳафталигида сиёсий-ижтимоий мавзуларга бағишланган рукнни (бўлимини) ҳам бошқаради. Бир неча марта унинг ҳаёти қил устида бўлган эди. Шунга қарамасдан, у ўзи танлаган йўлдан тоймади, заҳмат чекаётган оддий халқ билан ҳамнафас яшади. Айнан, шу пайтлари адиб “Уй” деб номланган катта асарга қўл уради. Эҳтимол, ушбу хомаки чизгилар, бетартиб қайдлар ва ёзувлар машҳур (у ҳақда қуйида фикр юритамиз) романнинг пойдеворини ташкил этгандир. Кураш олиб борган томонлар вақтинчалик сулҳ тузиб, давлатда омонат тинчлик ўрнатилган пайтида Гарсия Маркес билимини тўлдириш, таълимини охирига етказиш билан овора бўлиб, жуда кўп китоб ўқийди. Илмий ишида белгиланган йўналишдан четга чиқмасдан Эрнест Хемингуэй ва Уильям Фолкнер, Жеймс Жойс ва Виржиния Вулф, Франц Кафка ва Марсель Пруст ижодини пухта ўрганади. Айтиш мумкинки, ушбу машҳур адибларнинг ижоди унинг дунёқарашига, дунёни ҳис этишига, қолаверса, бадиий тафаккурига, услубининг шаклланишига катта таъсир кўрсатади.
1950 йилларда у махсус мухбир сифатида Италия ва Францияга боради, маълум вақт у ерда яшайди, ижод қилади. Қайтиш чоғи эса, Колумбияда вазият кескинлашгани боис Венесуэлла пойтахти Каракасда тўхташга мажбур бўлади ва шу тариқа ватанига қайтиши узоқ йилларга чўзилиб кетади. 1955 йили дўстлари кўмагида Гарсия Маркеснинг “Хазон барглар” номли қиссаси нашрдан чиқади. Бу асарида у ўзини жиддий насрнависдек кўрсата олди. Қиссанинг мазмуни ҳам ўзгача эди. Аслида, “хазон барглар” деб, ёзувчининг қадрдон шаҳрида ишлаб пул топиш ва қоринни тўйдириш, кенг маънода, ҳаётда ўз жойини топиш илинжида шаҳарма-шаҳар кезиб юрган дарбадар мусофирларни аташарди. Бу асарда илк бора Макондо шаҳарчаси тилга олинади. Ёзувчи қўлидан чиққан роман ва қиссаларда тасвирланган воқеа-ҳодисалар, айнан, шу шаҳарда рўй беришини унинг ижодидан хабардор бўлган ўқувчи яхши билади. Шунингдек, бу асарда Гарсия Маркес ижодида марказий ўрин тутувчи – ёлғизлик мавзуси аниқ-равшан кўрина бошлайди.
Юқорида айтилганидек, 1955 йилдан бошлаб, “El Espectador” газетаси мухбири сифатида ишлаган Гарсия Маркес Европанинг кўплаб давлатларига боради. 1957 йилда у Москвада ўтказилган Ёшлар ва талабалар халқаро фестивалида қатнашади. Дунёда тинчлик ўрнатиш, қитъаларда яшаётган турли элат ва миллатларни бирлаштириш, маданий алоқаларни боғлаш йўлида босилган катта қадамдек намоён бўлган ушбу муҳим воқеадан олган таассуротларини Маркес бир қатор очеркларида тасвирлайди. Римда яшаган пайтлари эса “Экспериментал кинематография маркази”даги режиссёрлик курсларида ўқиб, маълум кўникмага эга бўлади ва бир нечта ҳужжатли фильмни суратга олади. Иш юзасидан Парижда юрганида, Колумбияда навбатдаги тўнтариш содир бўлиб, “El Espectador” газетасининг ёпилгани, ўзи билан бирга ишлаган дўст ва ҳамкасбларининг сиёсий таъқибга олингани ёхуд ватанини тарк этганлари ҳақида хабар топади. Шундан сўнг, у Парижда қолиб бир қатор газеталарда фаолият олиб боради. Бу йиллар адиб ўз ижодий изланиш, ўз услубига сайқал бериш борасида тинимсиз меҳнат қилади. Ёзувчи, мукаммал даражадаги бадиий ифодалиликка эришиш мақсадида, ўша пайтлари бошланган “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” қиссасини сал кам ўн бир марта қайтадан ёзади. Ушбу изланишлар самараси ўлароқ, 1957 йилда қўлёзма оққа кўчирилади.
1957 йилда Гарсия Маркес озодлик ҳавосидан енгил нафас олган Каракасда яшаркан, “Momento” журнали билан ҳамкорлик қилади. Унинг ҳаётида тинч ва сокин дамлар ҳукм сура бошлайди. У ҳали 1946 йилда, талабалик даврида танишган ва умрбод бирга бўлишга аҳду паймон қилган Мерседес Барча Пардо билан 1958 йилга келиб оила қуради. Адиб қисқа вақт Мексикада яшайди. У ерда фильмлар учун сценарийлар, журналлар учун мақолалар ёзиб, бир амаллаб кун ўтказади. 1959 йилда Нью-Йоркда ишлаб юрган кезлари унинг бирин-кетин икки ўғли дунёга келади. 1961 йил Мексикада чиқадиган “Mito” журналида адибнинг “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” қиссаси, бир йил ўтиб эса, “Гранде Онанинг дафн маросимлари” номли ҳикоялар тўплами босилиб чиқади.
1959 йил Гарсия Маркес Куба ҳукумати тасарруфидаги “Пренса Латина” информацион агентлиги билан ҳамкорлик қилади, унинг мухбири сифатида кўпгина мамлакатларда хизмат сафарларида бўлади. Гарсия Маркеснинг бетиним ҳаёти, узоқ ва яқин мамлакатларда бўлиши, сафарлардан олган таассуротлари адиб дунёқарашини янада кенгайтирган бўлса, ажаб эмас.
Тан олиш керак, Буэнос-Айресда илк нашр этилган “Ёлғизликнинг юз йили” (1966) романи ўз муаллифига оламшумул шуҳрат билан бирга, тижорат йўлида ҳам мўмайгина даромад келтирди.
“Ёлғизликнинг юз йили” романи жаҳон адабий жараёнида муаллиф кутганидан ҳам ортиқ довруғ ва ном таратди.
Романнинг яратилиши ўзига хос тарихга эга. Унинг охирги режаси 1965 йилда, узоқ фикр-мулоҳазалардан сўнг тўлиқ шаклланган эди. Шундан сўнг, ёзувчи автомобилини сотади-да, оила боқишни турмуш ўртоғининг зиммасига юклаб, ўзи деярли ўн саккиз ой кабинетига “қамалиб олади”. Эҳтимол, у ўзини Вальтер Скотт, Виктор Гюго ёки Эрнест Хемингуэйга менгзагандир. Ким билсин. Номи улуғ бу ёзувчилар машҳур асарларини яратганларида, айнан, шундай йўл тутган эдилар.
“Esquire” (Эсквайр) журналига берган интервьюсида адиб шундай дейди: “…Қара­моғимда хотиним ва жажжи икки ўғлим бор эди. Ўзим PR-менежер бўлиб ишлардим ва онда-сонда киносценарийларни таҳрир қилиб турардим. Китобни ёзиш учун эса ишдан воз кечиш лозим эди. Мен машинамни гаровга қўйдим ва пулларни Мерседесга топширдим. Ҳар куни у қандай бўлмасин менга қоғоз, сигарет, умуман, ишлаш учун зарур бўлган нарсаларни етказиб турарди. Китоб ёзиб бўлинганда биз ёр-биродарларимиздан 5000 песо қарз бўлиб қолганлигимиз маълум бўлди. Бу катта пул эди. Айни пайтда, менинг жуда муҳим китоб ёзаётганим ҳақида овоза тарқалган бўлиб, атрофдаги дўкондорлар бу ишда баҳоли қудрат кўмак бериб, ўз ҳиссаларини қўшмоқчи бўлганликларини маълум қилишди. Чучварани хом санашибди! Қўлёзмани ноширга жўнатиш учун 160 песо керак бўлиб турганида ихтиёримизда бор-йўғи 80 песо қолувди. Ўшанда, мен Мерседеснинг хамир қориштиргичи ва соч қуритадиган фенини гаровга қўйдим. Бу ҳақда хабар топган хотиним: “Роман ёмон чиқмаса майлига эди”, деб мени юпатган эди. Ўшанда, роман жаҳон адабиёти сара асарлари қаторидан ўрин олишини ким ҳам билибди, дейсиз”.
Аурелиано Буэндиа оиласининг олти авлоди ҳаётида содир бўлган ғайриодатий, ғай­ри­ахлоқий, ғайритабиий, ақл бовар қилмас, қонунга зид воқеа ва ҳодисаларни тас­вирларкан, Гарсия Маркес юксак бадиий маҳорат билан Буэндия оиласига у ёки бу даражада мансуб кишилар ҳаётга умид-ишонч билан қарайдиган шодмон ва сабр-бардошли кашшоф (жаннат боғидек сўлим гўша Макондони Аурелиано Буэндиа биринчи бўлиб топган)лардан борган сари насли айниётган разиллар, ерда бесаранжом-бесаришта ҳаёт кечираётган, аранг кун кўраётган девоналарга айланаётганини кўрса­тади. Романда Аурелиано Буэндиа сулоласи тарихида замонавий маданият замирида ётган индивидуализмнинг гуркираб яшнаши, тараққий этиши ва завол топиши жараёни кузатилади. Бу асослими, йўқми деган саволга жавобни ахтариш айни пайтда вақтни зое кетказишдир. Асарни ўқиган ҳар бир ўқувчи ўзича хулоса чиқаради. Айтмоқчимизки, Гарсия Маркеснинг аксар асарларида кўтарилаётган ёлғизлик ҲАЁТ деб номланган машаққатли йўлда инсонни муқаррар кутиб турган охирги, хазонрезга ўхшаш ҳаёт палласи, унинг хотимасидир. Аурелиано Буэндиа сулоласининг сўнгги вакили ҳаёт билан видолашгач, бирпасда кўтарилган тўполон шамол қурт-қумурсқа ва чумолилар кемириб, кукунга айлантириб ташлаган Макондони ер юзидан учириб кетди.
1967 йилда босилиб чиққан романнинг биринчи нашри ҳақида Чили шоири Пабло Неруда: “Эҳтимол, бу роман “Дон Кихот” давридан кейинги испан тилидаги улкан ғалаба, кутилмаган янгиликдир”, дея ўзининг ижобий фикрини билдиради. Муаллиф эса мутлақо бошқа фикрда эди. Интервьюда мухбирнинг: “Агар сиз меҳр-мурувватли, саховатпеша сеҳргар бўлганингизда нима қилган бўлар эдингиз?”, деган саволига, у тўғридан-тўғри, виждонан: “Ёзганларимнинг ичидан “Ёлғизликнинг юз йили” романини чиқариб, ёқиб ташлаган бўлардим. Мен бу китобни ёзганимдан уяламан, чунки менга маълум сабабларга кўра уни яхшилаб ёзишга вақт етмади”, деб жавоб беради. Адиб, ўз фикрини давом эттираркан, жумладан, шундай дейди: “Ақл-идрок нуқтаи назаридан қараганда, “Бузрукнинг кузи” романимнинг бадиий савияси анча юқори. Ҳар ҳолда аминманки, “Бузрукнинг кузи” – мени тоабад унутилишдан сақлагувчи асардир. Пол­ковник Аурелиано Буэндиа ким бўлган – тарихий шахс ёхуд кўчанинг номими, деган саволга бош қотирилмайдиган, умуман, эсга олинмайдиган пайти “Бузрукнинг кузи” мени қутқаради. Маъсума Гўзал Ремедиос оппоқ, шаҳват доғи тегмаган чойшабда кўкка кўтарилиши ёки бир-бирига яқин қариндош ота-онада бутун авлод бошига тушган лаънатнинг аломати ризо – манҳус калтакесак туғилгани ҳақида ҳикоя қилувчи роман “адабий зилзила” деб аталиши мутлақ нотўғридир”.
Нима бўлганда ҳам, ёзувчи олифтагарчилик биланми ёки дилидагини яширмай, очиқчасига гапираяптими, йўқми, билмаймиз. Бу муҳим эмас. Танқидчилар миф яратиш санъати, афсоналар ижодиёти ва “сеҳрли реализм” бадиияти хусусида баҳс-мунозара юритган бир пайтда, Гарсия Маркес ўзи ёзган китобларда ҳамма нарса ҳаётдан “кўчириб” олинган деб таъкидлашдан чарчамайди.
Дарҳақиқат, “Ёлғизликнинг юз йили” романининг дастлабки 8000 донаси бир ҳафта ичида тарқаб кетди. Унга нисбатан “адабий зилзила” иборасини ишлатган перулик адиб Марио Варгас Льоса сўзларига қараганда, ушбу романда бадиий тўқима маҳсули – дастлаб қишлоқ, кейинчалик шаҳарга айланган Макондо – Лотин Америкаси, унинг асосчиси Аурелиано Буэндиа ўз авлодлари билан эса – дунё тимсолига айланди. “Ёлғизликнинг юз йили” – бу ҳақиқий адабий чангалзор, сеҳр-жоду, мажоз ва афсонадан иборат фантастик махлуқот”, деб ёзганди америкалик танқидчи Уильям Макферсон. У Лотин Америкаси адабиётининг дурдона асари, “сеҳрли реализм бадиий йўналишининг ёрқин давоми”, дея эътироф этилди.
Дарҳақиқат, “сеҳрли реализм” деб аталмиш бадиий йўналишнинг ўзига хос хусусиятлари – бу ғайриоддий характер ва ғайритабиий, таъбир жоиз бўлса, “мўъжизавий” воқеа-ҳодисаларни аслига монанд, “реалистик”, то майда тафсилотигача тўғри, ҳеч бир хаспўшлаш ёки бўрттиришга йўл қўймаган тарзда тасвирлашдир. Гарсиа Маркеснинг икрор бўлишича, “реал ва фантастик бўлиб кўринган нарсалар ўртасида ўтказилган аниқ чегарани бузишга қарор қилдим, чунки мен гавдалантириб кўрсатмоқчи бўлган дунёда бундай ғов-тўсиқ йўқ эди”. Унинг қаҳрамонлари учун “насроний одоб-ахлоқ”, “жумҳурият анъаналари”, “чет эл валютаси етишмовчилиги”, “ижтимоий тараққиёт” каби тушунчалар замонавий ақл, онг ва “яратувчанлик қобилият”ининг маҳсулидир. Уларга эса инсу жинс, “ёмон ва яхши” арвоҳларга ишониш, афсунгар жодулари ва ёмон одамларнинг “кўз тегиш”и каби тушунчалар анча яқин, чунки улар шундай “сеҳр”лардан иборат дунёда яшайдилар.
Романда юз йил ёлғизликка маҳкум этилган Буэндия сулоласининг тарихи муфассал ҳикоя қилинади. Муаллиф ҳар доим ҳар хил – машҳур денгиз қароқчиси Френсис Дрейк давридан бошлаб, турли тарихий даврларга мурожаат қилади. Роман сюжети қизиқарли воқеалар билан шунчалик тўйинтирилганки, амалда фабула (тасвирланган воқеалар силсиласи)ни қисмларга ажратиш имкони йўқ, романнинг ҳар бир саҳифасида муҳим воқеалар юз беради.
“Ёлғизликнинг юз йили” романини идрок қилиш, “мағзини чақиш” бошқа модернист ёзувчиларнинг интеллектуал романларига қараганда, анча осон ва мароқли. Гарсиа Маркес ўз вақтида телесериаллар учун сценарийлар ёзгани шунчаки кўнгилхушлик, вақтичоғлик машғулоти бўлмаган, балки унинг ижоди учун маҳорат мактаби вази­фасини ўтаган. У тўлиқ англаган ҳолда “сара жамият” вакилларига эмас, балки оддий ўқувчиларга мақбул қилиб матн яратади. Шу сабаб роман оммабоп китобга айланди. Аслида, сценарийнавислик нуқтаи назаридан қараганда, Гарсиа Маркесни ҳақиқий постмодернист ёзувчи, десак бўлади. 1969 йил америкалик танқидчи Лесли Фидлер қаламига мансуб постмодернизм манифестидек янграган “Чегараларни босиб ўтинглар, жарликларни кўмиб ташланглар” мақоласидаги асосий фикр сифатида “оммавий” ва “элитар” санъат ўртасида чегараларни йўқ қилиш талаби кўтариб чиқилган эди.
Бу жиҳатдан қараганда, Гарсиа Маркеснинг “сеҳрли реализми”, мифология ва диний хурофотларига асосланган онгги ва тафаккурига йўғрилган бадиий методи оммавий китобхонга қаратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Ижодкорнинг фикрича, китобхонга дунёни, айнан, шу тарзда тасвирлаш тушунарли бўлган. Масалан, Хосе Аркадио тунларни бедор ўтказиб, аллақачон ўлиб кетган лўли Мелхиседек (Маликсидқ) билан гаплашиб чиқиши ўқувчини ажаблантиради. Бироқ “сеҳрли реализм”нинг оддий реализмдан фарқи шундаки, унда қандайдир бир ғалати, реал ҳаётда мумкин бўлмаган воқеа-ҳодислар рўй берганлигида эмас, қолаверса, улар одатий, ҳар куни бўлиб турадиган воқеа-ҳодисаларга айланганлигида, яна – темир буюмларни ўзига тортувчи магнит кучи, майда нарсаларни катталаштириб кўрсатувчи лупа, “замонамизнинг буюк кашфиёти”дек тақдим этилган муз, сув ва овқат орқали юқувчи уйқусизлик дарди, хуллас, шу ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар қандайдир сеҳрли нарсадек англанганлигидадир.
Бу аснода, Гарсиа Маркеснинг ўз холаси ҳақидаги хотиралари диққатимизни тортади: “…У аломат аёл эди. Кунлардан бир кун у очиқ айвонда кашта тикиб ўтирганида, битта ажина-жиннига ўхшаш жувон каттакон тухумни кўтариб келди. Тухумда ўсимтаси бор экан. Бу нарса жувонни, дастлаб, ҳайратга, сўнгра, қўрқувга солди: “Муқаддас Биби Марьям ўз паноҳига олсину, бу ўсимтада шайтоннинг қўли бўлса-чи?!. Бу тухум инсу жинсларнинг иши бўлгани турган гап”, деди у. Нима сабабдан билмадиму, лекин холамнинг уйи қишлоқда сеҳр-жоду ишлари бўйича ўзига хос маслаҳатхонага айланган эди. Ҳар сафар фавқулодда нарсага дуч келиб ёки ғалати воқеага учраб, жавобини тополмасдан, одамлар бизникига келиб сўрашар эди. Холамнинг бу чигал масалаларни осонликча, ортиқча куч ишлатмасдан ҳал этишидан ҳангу манг бўлиб қолар эдим. Кўз ўнгимда бўлаётган сеҳр-жодудан азбаройи қўрқиб, қаерга яширинишни билмасдим. Нимаси биландир бу сирли ва мўъжизакор маросимлар мени ўзига тортарди. Тухум кўтариб келган жувонга қайтайлик. Жувон холамдан сўради: “Қаранг, нима учун тухумда бундай катта ўсимта бор? Холам жувонга сирли боқиб, кўзларини юмиб, бўғиқ оҳангда: “Бу қонхўр аждаҳонинг тухуми. Қўрада олов ёқинглар”, деб буйруқ бердилар. Холам, алланималарни пичирлаб, тухумни оловга ташлаб юборди ва тухум куйиб, палағда сасиб, бир пасда йўқ бўлиб кетди”. Ушбу табиийлик, софдиллик, соддалик “Ёлғизликнинг юз йили” романига калит берган бўлса, ажаб эмас. Бу романда ҳам даҳшатли воқеалар ва мудҳиш манзаралар тасвирланади, бир вақтнинг ўзида афсонавий ва ҳайратомуз, ғалати уйдирмалар ҳикоя қилинади.
1982 йилда Гарсиа Маркес адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлди. Нобель қўмитасининг расмий баёнотида: “…фантазия ва реаллик қоришиб бутун бошли қитъанинг ҳаёти ва муаммоларини ўзида акс эттирган роман ва ҳикоялари учун”, дегувчи сўзлар бор. Нуфузли мукофотни топшириш маросимида Швеция Фанлар академияси вакили Ларс Йюлленстен ўз нутқида: “Кўп йиллар мобайнида, Лотин Америкаси ада­биёти шундай куч-қудратни кўрсатдики, уни бошқа адабиётларда учратиш амримаҳол. Гарсиа Маркес асарларида… испанча барокко, европача сюрреализм ва бошқа модернистик оқимларнинг таъсири аралашиб кетган… нафис услубни юзага чиқарган, энг муҳими, оптимистик руҳда янграйди… Гарсиа Маркес ўз сиёсий қарашларини яширмайди, у иложсиз, бенасиб қолганлар тарафида туриб, уларга жабр-зулм ўтказиш ва улардан иқтисодий фойдаланишга қарши чиқади”, дейилган.
Жавобан сўзланган нутқида эса, Марказий ва Жанубий Америка ҳаёти, шарт-шароити хусусида тўхталаркан, Гарсиа Маркес туб ва кўчириб келинган халқларни эксплуатация қилиш мавзусига ҳам жиддий эътибор қаратди. “Ўйлайманки, – дейди у, – нафақат Лотин Америкаси ҳаётининг адабий ифодаси, балки объектив воқелиги ҳам Швеция Фанлар академиясининг диққат-эътиборига лойиқдир”. Фикрини давом эттираркан, Гарсиа Маркес: “Ҳеч ким биров учун ўлиш ёки яшаш қарорини қабул қилмайдиган, муҳаббати ҳақиқий, бахти эса – амалга ошадиган, юз йил ёлғизликка маҳкум этилганлар эса, охир-оқибат, бахтли яшаш ҳуқуқини ўз қўлларига олган утопия яратгани учун жавобгарликни ёзувчи ўз зиммасига олади”, деб, ҳақиқатга қанчалик яқин эканлигини яна бир карра исботлайди.
Кўпгина тадқиқотчилар Гарсиа Маркес ижодига Франц Кафка, Жон Дос Пассос, Виржиния Вулф, Альбер Камю, Эрнест Хемингуэй ва, айниқса, Уильям Фолкнер таъсирини алоҳида таъкидлайдилар.
Ҳақиқатдан ҳам, Гарсиа Маркес ўз ижодида уларнинг услуб ва бадиий тажри­баларидан моҳирона фойдаланади. Унинг ижодида XX аср ўрталарида майдонга келган ва инсон ҳаётининг фалсафий тушунча ва категориялар тилида ифодалаб бўлмас мутлақ ноёблигини биринчи планга чиқарган фалсафий йўналиш – экзистенциализм руҳидаги оҳанглар – “ташлаб кетилган”дек ҳис этилаётган ёлғизлик, шахсий қадр-қимматни, инсонийлик хислатларни сақлаб ёки кундалик турмушнинг икир-чикирларига бутунлай шўнғиб, унга бардош беришда яққол кўринади.
Айрим тадқиқотчилар Гарсиа Маркесни буюк ёзувчи, унинг шоҳ асари – “Ёлғизликнинг юз йили” романини эса – жаҳон адабиёти зарварақларида мангу қолажак асар деган фикрга асосли шубҳа билдиришади. Масалан, 1983 йилда америкалик мунаққид Жозеф Эпстайн “Изоҳлар” (“Commentary”) номли адабий-бадиий, ижтимоий-публицистик журналидаги “Шундай ҳам зўрмисиз, Габриэл Гарсиа Маркес?” номли мақоласида романнависнинг композицияни тузиш маҳоратига тан беради, аммо “унинг тийиқсиз фантазияси, “санъаткорона” услуби охир-оқибат меъдага уради”, деб мухтасар хулоса қилади. “Ижтимоий-сиёсий аҳамиятидан холи олиб қараганда, – давом этади Жозеф Эпстайн, – Гарсиа Маркес ҳикоялари ва романлари маънавий-маърифий соҳасида аҳамиятини йўқотади, одоб-ахлоқ меъёрларидан чиқиб кетади. “Буюк колумбиялик” ўз болалигининг жумбоғини ечиш мақсадида, бутун ҳаёти давомида изланади”. Ҳа, аҳён-аҳёнда шундай бетакаллуф фикрлар ҳам учраб туради.
Тўғрисини айтганда, Гарсиа Маркес яратган адабий маконда ҳукм сураётган одоб-ахлоқ хусусида жиддий фикр-мулоҳаза юритишнинг ҳожати борми, йўқми, деган савол туғилади. Илк йирик асари “Хазон барглар” қиссасидан тортиб, то “Ҳаёт ҳақида сўзлаб бериш учун яшаш” (2002) деб номланган охирги ҳужжатли романигача бўлган давр мобайнида, Гарсиа Маркес ҳеч қачон маънавият, одоб-ахлоқ мезонлари хусусида фикр-мулоҳаза юритишга жазм қилмаган эди. Шунга қарамасдан, унинг асарларида очиқдан-очиқ беҳаёлик, ахлоқсизлик ҳам йўқ эмас.
Ўзининг сон-саноқсиз интервьюларида ушбу адабий ҳодиса хусусида саволдан қочиб қутулолмаслигини яхши билган Гарсиа Маркес ярим чин, ярим ҳазил тарзда жавоб беради: “Ўйлашимча, Карпентьер “сеҳрли реализм” деб, аслида, реаллик дегувчи мўъжизани, айни, Лотин Америкаси, хусусан, Кариб денгизи мамлакатлари реаллигини шундай номлайди… У – сеҳрли… Ҳа, ишонинг менга… Бу ерда шунақаси бўлиб туради…”
Оддий қилиб айтганда, Гарсиа Маркес бадиий тўқиманинг унга кераги йўқлигига ишонтирмоқчи бўлади. 1979 йилда Гаванада яшаган пайтлари, “Bohemia” журнали мухбири Мануель Перейра билан суҳбатда Гарсиа Маркес шундай дейди: “Фантазия – бу Уолт Дисней. Мени эса бу нарса умуман қизиқтирмайди. Агар менинг асарларимда бир грамм фантазия тополсалар, мен хижолат чеккан бўлардим. Бирорта китобимда фантазия йўқ. Масалан, “Ёлғизликнинг юз йили” романидаги Маурисио Бабилоньянинг сариқ капалаклари билан боғлиқ бўлган машҳур саҳнани олайлик. У ҳақида: “О, нақадар гўзал фантазия!” дейишади. Жин урсин, у ерда ҳеч қандай фантазия йўқ! Бўлмаган гап! Аракатакадаги уйимизга ҳар замонда бир уста келиб турганини жуда яхши эслайман… Бувим қўлига латтани ушлаб, оқ капалакни ҳайдаганини эслайман. Жаҳллари чиққан бувим: “Жин урсин! Мен бу капалакни ҳайдаб кўчага чиқаролмаяпман. Бу уста ҳар сафар келганида капалак уйга учиб киради…”
…Таъкидлаш лозимки, Гарсиа Маркес ижоди Колумбия ва Венесуэлла минтақасида етакчи мавқе тутган адабий анъаналар билан узвий боғлиқ, айни пайтда, мухолифлари ҳам бор. Бир томондан, унинг машҳур ўтмишдоши, “ям-яшил жаҳаннам” адабиёти асосчиларидан бири Хосе Эустасио Ривера ҳамда Лотин Америкаси адабиётида етакчи мавқе тутган “бадавийлик – цивилизация” қабилидаги анъанавий мифологемани кўтариб чиққан Ромуло Гальегосларнинг бадиий тажрибаси Гарсиа Маркесга фойда келтиргани аниқ. Бошқа томондан эса, унинг услуби ҳам, бадиий тўқимаси маҳсули бўлмиш Макондо образи ҳам Эрнест Хемингуэй ва Уильям Фолкнер таъсиридан холи деб бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, Гарсиа Маркес ҳеч қачон “Шимолий америкалик марди калон”ларнинг ижобий таъсирини инкор этишга журъат этолмаган. Лекин Уильям Фолкнернинг Йокнапатофаси билан у таниш бўлмаганида ҳам, Макондо шаҳарчаси, барибир, унинг тасаввурида туғилар эди. Ахир, бахтли тасодиф туфайли, Хуан Карлос Онеттининг тасаввурида, бир вақтнинг ўзида ҳам хаёлий, ҳам жўшқин ҳаётга монанд Санта-Мария шаҳарчаси пайдо бўлди-ку. Бошқача айтганда, Макондо – тор маънода, экватор иқлимида яшаётган, тропик чангалзорлар қоплаган, бирваракайига икки – Атлантика ва Тинч океанлари пўртана тўлқинларига, енгил шабадада мавжланиб қуйилаётган садоларига чўмилган Колумбия, кенг маънода эса, виқорли тоғ, серсув дарё, жазирама саҳро, ям-яшил дашту биёбонларнинг сеҳрли диёри – Лотин Америкасининг тимсолига айланган шаҳарчадир. Макондо кўп жиҳатдан Гарсиа Маркес туғилиб ўсган Аракатака, қолаверса, у тақдир тақозоси билан бир неча вақт яшашга мажбур бўлган, ишлаган ва ўз кўзи билан кўрган кўплаб катта ва кичик шаҳарларга ўхшайди. Ўша жойларнинг иқлими, муҳити, табиати, яшаш тарзи унинг 1950 йилларда яратилган ҳикоя ва қиссаларда ўз аксини топган ва Гарсиа Маркеснинг энг машҳур романига ўзига хос дебоча бўлган десак муболаға бўлмайди.
Қалин чангалзорларнинг одам қадами етмас ичкарисига бориб Макондо шаҳрига асос соларканлар, “Ёлғизликнинг юз йили” романи персонажлари, қайсидир бир маънода Х.Э.Риверанинг “Гирдоб” номли роман қаҳрамонлари босиб ўтган йўлни такрорлайдилар. Бироқ ўз қаҳрамонларини “ям-яшил жаҳаннам” чакалакзорларига ғарқ этаркан, Гарсиа Маркес вақти-соати келгунча табиатнинг қарши ҳаракатини ҳис этиб кўришга имкон бермайди. Аурелиано Буэндиа сулоласининг биринчи вакили ва унинг содиқ ҳамроҳлари “бадавийлик”нинг “цивилизация” билан тўқнашувидан вужудга келиши эҳтимоли – хавф-хатарни сезмайдилар. Қалбларида индивидуализм деб аталмиш иллатнинг уруғини олиб юрганларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Макондода, дастлаб, ҳамма ўзаро тенг, тўкин-сочин дастурхон атрофида фаровон ҳаёт кечиришади… Бироқ бундай хотиржам ва сокин, роҳат-фароғат ҳаёт узоққа бормайди. Макондони, нафақат, нафс балосига йўлиқиш, балки шаҳватпарастлик, тийиб бўлмас ҳирс, бадахлоқлик, риё, золимона ҳокимиятчилик, амри фармонлик каби иллатлар зулматга айлантиради. “Ердаги Боғи Эрам”дан ҳеч кимни ёқасидан олиб қувмайдилар – у ердан ўз ихтиёри билан кетишади. “Жаннатдан ташқарида”ги беҳад катта дунёда яшаб кўриш иштиёқи шу қадар кучлики, уни тўхтатиб, йўлини тўсиб бўлмайди. Роман давомида “нариги дунё чопарлари”, “цивилизация нишоналари” Макондони тўлқинга ўхшаб босиб олаверади. Цивилизацияга яқинлашиб, туташ нуқталарни, ўхшаш жиҳатлар борлигини аниқлаш, унинг заҳарли ҳавосидан нафас олиш, ҳалокатга етакловчи меваларидан татиб кўриб Макондо ҳамма нарсани: қонли урушларни, сиёсий фитналарни, қирғин келтирувчи эпидемияларни, “банан ширкати” ўрнатган адолатсиз, шафқатсиз тузумнинг оқибатларини ҳам бошидан кечиради.
Демак, дастлаб, Макондо – Боғи Эрам, жаннатмакон юрт. Лекин бу сўлим гўша, тўкин-сочин ўлка, ҳаётбахш заминда яшовчилардан айримлари катта дунёга қочишни, озодликка чиқишни орзу қилишади. Бундай “гуноҳ”нинг, аниқроғи Одам Ато ва Момо Ҳаво инъом этган нозу неъматлардан юз ўгиришдан бош тортиш, итоатсизликни намойиш этишнинг оқибати – муқаррар ёлғизликдир.
Бу ҳаёт прозаси. Уни тийиб бўлмайди. У “санъаткорона”, юксак маҳорат билан ишлов берилган, сайқаллаштирилган. Эҳтимол, у, америкалик танқидчи Жозеф Эпстайн таъбири билан айтганда, ахлоқсизлиги билан меъдага тегар, лекин қўшиқдан сўзларни олиб ташлаб бўлмайди. Қайсидир бир маънода, Колумбия реаллиги аллақачон Гарсиа Маркесни “ёзиб” бўлди. У Колумбиянинг сеҳрли, фусункор кунларининг ширинсухан, хушовоз қуйчиси бўлиб қолаверади.

«Шарқ юлдузи» журналининг 2012 йил 6-сонидан олинди.