Нусратулло Жумахўжа. Дебоча матни мукаммалми? (2011)

Алишер Навоий дебочалари дастурий моҳиятга эга асарлардир. Шоирнинг лирик куллиётлари учун ёзилган иккита дебочаси мавжуд. Улар биринчи расмий девон — «Бадое ул-бидоя»га ва тўрт мустақил девондан ташкил топган мукаммал лирик куллиёт — «Хазойин ул-маоний»га ёзилган дебочалардир. «Хазойин ул-маоний» дебочаси унинг биринчи девони ҳисобланмиш «Ғаройиб ус-сиғар» девони аввалидан ўрин олган. Алишер Навоий «Мукаммал асарлар тўплами» (бундан кейинги ўринларда «МАТ»^деб юритилади) дебоча матнидан бошланади. Агар «МАТ» нашрининг матний хусусиятлари таҳлил ва тадқиқ этиладиган бўлса, ишни дебочадан бошлаш лозим кўринади. Айниқса, Алишер Навоий асарларининг «МАТ»дан-да мукаммал, академик нашрларини яратиш тадориги кўриладиган бўлса, матн ислоҳи ҳам, шубҳасиз, дебочадан бошланиши муқаррар. Зотан, «МАТ» нашридаги дебочаларда ислоҳталаб матний нотугалликлар анчагина.

Навоий дебочалари нашридаги нуқсонларни бир неча тоифага ажратиб таҳлил этиш мумкин. Жумладан, Навоийнинг насрий услубига путур етказган, дебочаларнинг бадиий санъат асари сифатидаги қимматига раҳна солган, дебоча матнининг тил хусусиятларини ўзгартирган ва ҳоказо турдаги қусурлар.

Дебочалар матнида Навоийнинг насрий жумлалари тўлиқ акс этмаган ҳолат йўқ эмас. «Ғаройиб ус-сиғар» дебочасидаги мана бу гап фикримизнинг далилидир: «Чун ул таърихдин муддате ўттию ул вақтдин фурсате ароға кирди, фалак ҳаводисининг ул қаттиғ эсадургон сарсари таскин тутти ва ул ранжу ташвирдин йиллар ранжурлиқ тортқан тандек, балки жонидин маҳжур қолған бадандек чиқтим, набзимға ҳаракат маъдуму нафасимнинг кирар-чиқари номаълум, таним ўн қатла андин заифроқким нол ва кўнглум бир замон ўз ҳолида бўлса, яна ўн соат беҳол». Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро топшириғи асосида шу дамгача паришон ва пароканда ҳолатда бўлган барча шеърларини жамлаш ҳамда «Хазойин ул-маоний»дек мураккаб куллиётни яратиш чоғидаги аҳволи руҳиясини тасвирловчи ушбу жумланинг ўртасидан («ва» боғловчиси ҳамда «ул» олмоши оралиғида) қуйидаги парча нашрда тушиб қолган: «… ул сарсар ошубидин ашким дарёсининг анжум юзига топончалар урадурғон кўлоки ором тутти…». Албатта, шу парча ўрни бўш қолмаганида, жумла шакл ва мазмун жиҳатидан тугал бўларди. Ушбу иштибоҳнинг келиб чиқишига сабаб шуки, матнда «ул» олмошининг такрорланиб келиши ва «таскин топти» ҳамда «ором тутти» маънодош феълларининг мавжудлиги матн кўчирувчи билан бирга ноширларни ҳам адаштирган. Оқибатда, «МАТ»да икки маънодош феълдан янги «таскин тутти» феъли ҳосил бўлиб қолган. Беихтиёр ҳосил қилинган бу «алдамчи» феъл нашр жараёнида матн неча қайта ўқилса ҳам, хатони кўздан қочирган.

Навоий дебочалари мутафаккирнинг адабиёт ва бадиият ҳақидаги фикр-ғоялари, илмий-назарий таҳлил ҳамда умумлашмалари мужассамлашганлиги билангина эмас, балки матн услуби ранг-баранг бадиий усуллар воситасида зийнатланганлиги билан ҳам бадиий санъат намуналаридир. Нашр жараёнида уларнинг бирортаси зарар кўрса, бамисоли кулоллик ё чиниворлик санъати намуналарининг бир нозик қирраси ёки безаги сингани сингари, ушбу асарларнинг бадиий қимматига раҳна етади.

Матнга бегона сўзнинг қўшилиб қолиши ҳам унинг санъаткорона қимматини пасайтиради. Шундай ҳолатга «Бадое ул-бидоя» дебочасидан далил:

Олиб юз барқдин суръат саманди,

Янги ой ул ой саманди сийнабанди.

Иккинчи мисрада «ой» сўзининг ортиқча такрорланиши байтнинг вазнини ҳам бузган, гўзал мазмунига ҳам путур етказган.

Дебочалар бадииятида сажъ санъати етакчилик қилади. Дебоча матни қофияли наср тизмасидан иборат, десак ҳам муболаға бўлмайди. Чунки Навоий насрида бирорта сажсиз жумлани топиш қийин. Сажли жумлаларда қофиялар занжирий бутунликда ифодалансагина, у мазмунга зебу зийнат, мусиқий оҳангдорлик бағишлай олади. Агар қофия занжири бирор нуқтада узилиб қолса ёки унинг бирор ҳалқаси тушириб қолдирилса, шубҳасиз, бадиий баркамоллик сакталикка дучор бўлади. Афсуски, дебоча нашрида шундай ҳодисалар учрайди.

«Бу ҳамди мазкур ва санойи мастурға кўнгул мойил ва тил қойил бўлуб, кўнгулга ором ва тилга ком етишмагай, то рисолат буржининг мунир ахтари ва нубувват дуржининг самин гавҳари ва «мо янтиқу ан-ил-ҳаво» таронасининг мушорун илайҳи ва «ин ҳува илло ваҳйун йуҳо» хазонасининг муътамадун алайҳи ва «ана амлаҳу» дурудининг мутакаллими наътининг туҳфаси анга восита ва дурудининг ҳадияси анга васила бўлмағай».

«Бадое ул-бидоя» дебочасидаги сажъ санъати асосига қурилган ушбу жумлада 11та қофия қўлланган, 22та қофиядош сўз ишлатилган. Улар қуйидаги луғавий бирликлардан ташкил топган: мазкур-мастур, мойил-қойил, ором-ком, бурж-дурж, ахтар-гавҳар, тарона-хазона, илайҳ-алайҳ, афсаҳ-амлаҳ, суруд-дуруд, мутаранним- мутакаллим, восита-восила. Кўриниб турибдики, маржондай тизилган сажъ силсиласининг сўнгги ҳалқасига нашр жараёнида путур етган. Бу «восила» сўзининг қофиядошини «васила» шаклида ёзиш оқибатида юз берган. Бир қарашда, мазмунга зарар етмагандек кўринади. Бироқ биргина товушдошликнинг йўқолиши бадиий мукаммалликка раҳна солган.

«Бадое ул-бидоя» дебочаси «Фасоҳат девонининг ғазалсаролари» ибораси билан бошланади. «Ғазалсаро» сўзи «МАТ» нашрида «ғазалсарой» шаклида берилган. Бу — иштибоҳли ҳол. Бунда «саро» сўзи навоийхон нигоҳида ҳозирги адабий тилимиздаги макон маъносини билдирувчи «сарой» сўзи билан чалкаштирилган бўлади. «Ғазалсарой» сўзидан «ғазалнинг саройи» деган абсурд маъно чиқади. Ҳолбуки, сўз санъати оламида бундай тушунча йўқ. «Ғазалсаро» сўзи ҳозирги адабий тилимиздаги «мотамсаро», «ғурбатсаро» сўзларига шаклан ўхшашдир. Ушбу қўшма сўз таркибидаги иккинчи сўз форс тилидаги «сароидан» — «куйламоқ» феълининг ҳозирги замон ўзаги «саро» — «куйла»дан олингандир. «Ғазалсаро» — газал айтувчи, ғазалгўй, газалнавис, ғазал ёзувчи, ғазал пешқадами каби маъноларни англатади.

«Й» ҳарфини ортиқча қўллаш қусури бошқа қатор сўзлар амалиётида ҳам кузатилади.

Шафиъ эткил они жовид, илоҳий,

Мени ҳам қўймағил навмид, илоҳий.

Мазкур байтда сўзнинг «илоҳи» шаклини қўллаган маъқул эди. Эски ўзбек ёзувида сўзнинг охири «йо» билан тугаши ҳозирги ёзувда ҳам уни ҳамма вақт «ий» ёки «й» билан якунлаш лозимлигини билдирмайди. Агар мисралар охиридаги сўз сифат бўлса, унинг нашрдагидек ёзилиши тўгри бўларди. Ҳолбуки, бу ўринда «илоҳи» сўзи от сўз туркумига мансуб ва у Оллоҳга мурожаат маъносини англатиб, ундалма вазифасида келган. Сўзни бу ўринда фақатгина «илоҳи» эмас, балки «илоҳо» шаклида табдил этиш ҳам мумкин. Ушбу сўз «Муножот» асарида неча марта келган бўлса, ҳамма ўринда «илоҳи» ёзилгани ҳам (МАТ, 16-жилд) фикримизни тасдиқлайди.

Бутун ўзбек мумтоз адабиётидаги сингари, Алишер Навоий ижодиётида ҳам форсий изофа фаол қўлланади. У икки сўз ўртасида келиб, қаратқич-қаралмиш муносабатларини ифодаловчи «-и» қўшимчасидир. Изофа билан бирга изофа занжири, деган тушунча ҳам бор. Изофанинг бир неча — икки ва ундан ортиқ сўзларда уюшиб келиши изофа занжири дейилади. Мумтоз матнлар табдилида изофанигина эмас, изофа занжирини ҳам тушунмаслик оқибатида тушириб қолдириш ҳолатлари кўп учрайди. Масалан, «Бадое ул-бидоя» девони дебочасидаги бир жумла таркибида изофа занжири қуйидагича бузилган: «…ҳусн хайлин гулбарги узор боғи ва наргиси бемор чароғи…». Асли, бу парча қуйидагича ёзилса, тўғри бўларди: «…ҳусн хайлин гулбарги узори боғи ва наргиси бемори чароғи…». Унда иккита изофа занжири бор: 1. «гулбарги узори боғи». Уни ҳозирги ўзбек тилига ўгирадиган бўлсак, «ёрнинг жамолининг боғининг гулбарги, деган маъно ва қаратқич келишиги қўшимчалари уюшган қаратқичли занжир келиб чиқади. 2. «наргиси бемори чароғи». Буни ҳозирги ўзбек тилига ўгирадиган бўлсак, «ёрнинг касалманд кўзларининг нури», деган қаратқичли занжир келиб чиқади. Бироқ нашрда изофа занжири бой берилган матндан шундай мазмун чиқмайди-да.

Матншунос бўлиш учун эски ўзбек ёзувидаги матнларни ўқий олиш лаёқатининг ўзи етарли эмас. Матнчи, албатта, адабиётшунос ҳам бўлиши, мумтоз матн устида изланар экан, бадиий адабиётнинг сеҳру синоатини чуқур ҳис қилган ҳолда ишлаши лозим. Бўлмаса, матндаги нозик бадиий усуллар назаридан четда қолиб кетаверади. Хусусан, бадиий наср тадқиқида матнчи ҳар бир жумлада сажъ санъати яширинган бўлиши мумкинлигидан бохабар туриши талаб этилади. «Ғаройиб ус-сиғар» девони дебочасининг «МАТ» нашри шундай бошланади: “Шукру сипос ул қодирғаким, чун адам осойишгоҳидин вужуд оройиши огоҳлариға жилва берди…». Матнда сажъ борлигини ҳис қилмаган матнчи «осойишгоҳ» сўзининг қофиядоши «оройишгоҳ»ни «оройиши огоҳ» деб ўқиган. Агар у сажни ҳис қилганида, бундай хатога асло йўл қўймаган бўларди.

Навоий дебочалари тилида шундай сўзлар борки, улар турли матншуносларимиз томонидан турлича ёзиб ва чоп этиб келинмоқда. Қуйидаги сўзлар шулар жумласидандир: фиҳраст — феҳраст, шафиъ — шафе, воқиъ — воқе, васиъ — васе, рафиъ — рафе, зойиъ — зое, ломиъ — ломе, мониъ — моне, шойиъ -шое, тобиъ — тобе, вақойиъ — вақое, шоҳики — шоҳеки, баний одам — бани одам, одамийзод — одамизод, савдойий — савдойи, бойирий — бойри, турлуг — турлук, маъдилат — маъдалат, иҳсон — эҳсон, рифоҳият — рафоҳият, маърифатомиз -маърифатомез, мавъизатангиз — мавъизатангез, саодатомиз — саодатомез, ҳайратангиз — ҳайратангез, шавқангиз — шавқангез, оташангиз — оташангез, фитнаангиз — фитнаангез, убну-с-султон — ибнус-султон, хоқону-бну-л-хоқон — хоқон ибн ул-хоқон, ҳўйю — ҳўю, сийту садо — сайту садо. Ушбу сўзларни қандай қилиб тўғри ва бир хил ифодалашни илмий асосларда келишиб олишимиз керак. Зотан, бу муаммо Навоийнинг бошқа асарлари матнида ҳам мавжуд. Бизнингча, қуйидаги қоидаларга биноан иш тутиш мақсадга мувофиқдир. 1.Матндан кўзланган мақсад ва мазмуннинг юзага чиқишига раҳна солмайдиган шаклни танлаш. 2. Сўзларнинг ҳозирги адабий тилдаги кўринишларига яқинроқ шаклларини қўллаган маъқул. Шунда уларни тушуниш замонавий китобхон учун қулайроқ бўлади. Масалан, юқорида келтирилган сўзларнинг иккинчи вариантларидан қуйидагилари ҳозирги адабий тилимиздаги шакллари билан айнан бир хил: шафе, воқе, зое, моне, тобе, баниодам, савдойи, эҳсон. Буларни 1976 йили «ФАН» нашриётида чоп этилган «Ўзбек тилининг имло луғати» ва «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан кўриб билиш мумкин. Бундай сўзларни ортиқча мураккаблаштиришнинг асло ҳожати йўқ. 3. Сўзларнинг ҳозирги имлодаги нашрларда хато чоп этилишига мумкин қадар имкон бермайдиган шаклларини ишлатиш ўринли бўларди. Масалан, вақойиъ, одамийзод, убну-с-султон сўз шаклларида хато ўтиши имконияти кўпроқ. Вақое, одамизод, ибн ус-султон вариантларида хатога йўл қўйиш эҳтимоли камроқ. 4. Сўзларнинг ҳозирги адабий тилимиздаги айрим сўз қўшимчаларига шаклан уйқашлиги билан чалкашлик туғдирадиган қўшимчали шаклларидан сақланиш тўғри бўларди. Масалан, ҳайратангиз, шавқангиз, оташангиз, фитнаангиз сўз вариантлари қўшимчалари ҳозирги адабий тилимиздаги вазифангиз, танангиз, натижангиз каби сўз қўшимчаларига шаклан уйқаш, мазмунан ўзгачадир. Ана шу уйқашлик мумтоз сўзни фарқлаш, тўғри тушуниш, тўғри ёзишда чалкашлик туғдирмаслиги учун ҳайратангез, шавқангез, оташангез, фитнаангез вариантларини қўллаш иштибоҳнинг олдини олади. Зотан, ушбу форсий сўзлар аслиятда ҳам шундай ёзилади. Араб ёзувида эса сўзлар вариантликка эга эмас.

Демак, юқоридаги нуқсонларнинг бартараф этилиши Алишер Навоий дебочалари матни замонавий нашрларда мукамаллашувининг муҳим омилидир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 12-сонидан олинди.