Низомиддин Маҳмудов. Ижод ва умр камолоти (2011)

http://ziyouz.com/images/uz/kuchimov.jpgБадиий сўзнинг мақсади азалдан китобхонни камолот дунёсига даъват этишдан иборат бўлган. Шу боис, адабиётга чинакам хизматни тақдир деб билганларни жамият ардоқлайди, иззат-икром қилади. Зотан, рост ва расо сўзи билан ижодкор жамиятнинг равнақу ривожи йўлида меҳнат қилади, изланади, айни пайтда, бадиий сўз ўз ижодкорини ҳам, адабиёт муҳибини ҳам маънан юксалтиради, бойитади. Ана шундай маҳоратли ва эл эътирофига сазовор ижодкорлардан бири Абдусаид Кўчимов ўзининг бетакрор бадиий сўзини камолотга етказган таниқли адиб, шоир, публицист, ижтимоий ҳаётда ҳам фаол инсондир.

Илк шеъри ва мақолалари мактаб давридаёқ матбуотда босилган Абдусаид Кўчимов бундан қирқ йил бурун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факултетини битирган. Қирқ йил мобайнида сўзга ихлос ва садоқат, мунтазам меҳнат, тинимсиз изланиш асносида ижодкор тобланиб, ҳавас қилса арзигулик эъзозу эътибор топди.

Унинг дастлабки фаолияти болалар газетаси билан боғлиқ. Шу газетада у оддий мухбирликдан бош муҳарриргача бўлган машаққатли йўлни ҳалол меҳнати, тинимсиз изланиши билан босиб ўтди, шу улуғ ва мўътабар даргоҳ ҳаваскор қаламкашга ёзишни ўргатди, журналистика оламига олиб кирди. Болаларга аталган беғубор сўзни топишдай мушкул санъатни, болаларнинг ўзидай иддаосиз ижодининг тамаллари ҳам шу дорулфунунда шаклланди, айни чоғда, ташкилотчилик қобиялияти ҳам худди шу дорулфунунда камолга етди.

Абдусаид аканинг газета макети устида ишлаш жараёнларини кўп бор кузатганман. Бунда менинг диққатимни тортган жиҳатлардан бирини айтай. Материалларни жойлаштиришдаги мантиқий таносибни топишдан ташқари, сўзнинг ичу ташини кўра билган моҳир синчи сингари у турли шрифтлар, шакллар ва бошқа типографик воситалар орқали фикрни бола шуурига теранроқ ва осонроқ етказиш имконларини топиш пайидан бўларди. Унинг сўзни гўё қўлида салмоқлаб, чамалаб кўриб, газетанинг энг кўринадиган жойига қўядигандай ҳаракатларига мен, газета ишидан унчалик хабардор бўлмаган, аммо олий мактабда тилдан, айнан сўздан дарс берадиган одам, жуда катта ҳавас ва ҳайрат билан қарардим.

Бир куни хонасида суҳбатлашиб ўтирган эдик. У она тили, тилимизнинг пайдо бўлиши, ёзувнинг юзага келиши, тилимиздаги сўзлар тарихи каби масалаларни болаларбоп тилда тушунтирадиган китоб ёки мақолалар йўқ даражада эканлигини, аммо бу мавзу болалар учун нафақат қизиқарли, балки уларнинг маънавий-маърифий камоли учун фавқулодда зарурлигини куюнчаклик билан айтиб, газетага шундай кичик-кичик мақолалар ёзиб беришимни сўради. Мен болалар учун бирон-бир нарса ёзмаган эдим, шу иштибоҳимни айтдим. Абдусаид ака болаларбоп материаллар баён услубининг ўзига хос жиҳатлар борасидаги маслаҳатларини берди. Ана шу даъват ва маслаҳатлар асосида “Тил қандай пайдо бўлган?”, “Ўзбек тилининг пайдо бўлиши”, “Ёзув қандай пайдо бўлган?”, “Тилимиздаги ўз сўзлар тарихи”, “Ўзлашган сўзлар тарихи” каби ихчам мақолалардан иборат бир туркум болаларбоп материаллар ёздим ва улар газетада босилди.

Абдусаид Кўчимов ўзбек болалар адабиётининг кўзга кўринган вакили сифатида ҳам насрда, ҳам назмда баракали ижод қилиб келмоқда. Унинг “Кашфиётчи болалар”, “Менинг Ўзбекистоним”, “Тошбургут”, “Менинг юлдузим”, “Чаноқ”, “Ҳалқа”, “Икки баҳор”, “Умид дарахтлари” каби кўплаб китоблари болалар дунёсининг бадиий инкишофи, дақиқ ва дилбар кўзгулари сифатида адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган, ўзбек болалар адабиёти хазинасидан муносиб жой олган. Бу асарларида собиқ шўро давридаги жамият ҳаётининг оғриқли муаммолари бола тафаккури элагидан ўтказилиб, кўрсатилган.

Фаол ижодкор сўнгги йилларда катталар учун ҳам бир қатор назмий ва насрий асарлар, ҳароратли публицистик мақолалар ёзди. Истиқлол туфайли халқимиз қўлга киритган улкан ютуқларни, Ўзбекистонни, унга адоқсиз муҳаббатнинг фарзлигини ёниқ ҳаяжон билан тараннум этган бадиий сўз намуналарини яратди. “Баланд тоғлар”(2002), “Кўзларимнинг қароғидасан”(2006) каби китобларига кирган, шунингдек, матбуотда эълон қилинган бир қанча шеърларида буни яққол кўриш мумкин.

Ватанпарварлик, Ватанга садоқат, миллатнинг бирлиги ва биродарлиги, юрт ҳурлигига посбонлик каби нодир туйғуларнинг бадиий тасвири Абдусаид Кўчимов шеъриятида алоҳида ўрин тутади. Унинг бу туркумдаги шеърларининг ҳар бирида “Бу муқаддас Ватан сизу бизникидир – Бизникидир бу улуғ юрт, бизникидир” тарзидаги фахр-ифтихор манаман деб туради. Ватаннинг, миллатнинг расолиги ва равнақига раҳна солувчи иллатларнинг ичини, моҳиятини очишда ҳам шоир тилимизнинг теран имкониятларидан моҳирона фойдаланади. “Илтижо” номли шеърида шундай сатрлар бор:

Гузарталошликлар,
Хонталошликлар
Неча бор сўлдирди Туронимизни,
“Сен — қипчоқ”, “сен — ўғиз” –
Қонталошликлар
Ўлдирди имону имконимизни.
Шукрким, таланган,
Топталган Ватан
Туғу туғросини, бахтини топди.

Парчадаги гузарталошлик, хонталошлик, қонталошлик сўзларини ўз бадиий мақсадига уйғун равишда шоирнинг ўзи ясаган. Бу сўзлар тарихда миллат қисматида мудҳиш оқибатларга сабаб бўлган маҳаллийчиликнинг сийрати ва суратини таъсирчан баён этиш имконини берган. Кишилик жамияти ривожига дахл қиладиган қусурлардан яна бири хушомадгўйликдир. Шоирнинг бу ҳақда шундай мағзи тўқ бир тўртлиги бор:

— Одамзод ҳеч қачон бўлмас мукаммал,
Хушомадгўйликни тиқмаса гўрга!
— Дўстим, бунинг учун ҳаммадан аввал
Кафан тикиш зарур хушомадхўрга.

Шоир хушомадгўйнинг “адресати” – хушомадни қабул қилувчи, хушомаднинг истеъмолчисини ифодалаш учун хушомадхўр шаклидаги сўзни ясаган. Бу сўз эса шоирнинг бадиий мақсадига фавқулодда хизмат қилган. “Талаб бўлмаса, таклиф бўлмайди” тарзидаги бозор иқтисодиётининг азалий қоидасидан шоир усталик билан фойдаланган ва хушомадгўйликни йўқотиш учун хушомадга эҳтиёжмандни гумдон қилиш ақлнинг иши эканлиги ҳақидаги бадиий хулосани гўзал шаклда ифода этган.

Абдусаид Кўчимов ўз шеърларида тилимизнинг ана шундай туганмас лингвопоэтик имкониятларини тугал ишга солиш салоҳиятига эга ҳассос шоир эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. У нафақат янги сўз ясайди, балки мавжуд сўзларни хилма-хил бадиий маъно-мазмун билан юкунтиради, сўз билан шоир ўртасидаги муҳаббатнинг табиий жавоби ўлароқ “ипактан” мисралар туғилади. Мана бир мисол. Унинг “Эгасиз уй” номли жуда чиройли рамзий шеъри бор. Ундаги қиссадан ҳисса шуки, “Эгаси йўқ уйга, эгасиз уйга Сичқонлар, илонлар бўлади ҳоким.” Шеърда шундай мисралар борки, уларда сўзнинг лингвопоэтик замзамалари бетакрорлиги, оҳорлилиги, қуюқлиги билан ўқувчини тамоман ром этади:

Шу-шу ўт-оловни туш кўрар ўчоқ,
Ўт-ўлан қоплаган супа паришон.
Чакалак-ўрмонга айланган чорбоғ,
Шикаста ўй сурар занглаган кетмон…

Абдусаид аканинг ҳассос шоир, нуктадон носир, тажрибали журналист сифатидаги улкан ижодий салоҳияти “Эл сув ичган дарёлар” (2009) номли китобида бўй-басти билан намоён бўлган. Унда адибнинг ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида ўзларининг муҳташам, муқим ўринларини топган ижодкорлар билан мулоқотлари ва бу мулоқотлар таъсирида туғилган адабий-ижтимоий ўйлар, ҳамкасблари, турфа воқеалар ҳақидаги хотиралари самимий эсселар шаклида жамланган.

Бу йил Абдусаид Кўчимовнинг “Сайланма”си босмадан чиқдики, бу заҳматкаш, катта иштиёқ билан мунтазам ижод қилаётган адиб умрининг муҳташам бир бекатида кўтарган хирмоннинг залвори ва салмоғини намоён этади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров ана шу “Сайланма”га ёзган сўзбошисида шундай бир ўхшатиш билан тилак билдирган: “Абдусаид Кўчимов ўсаётган мевали дарахт: кўркам, басавлат; шиғил-шиғил меваси, қуюқ сояси бор дарахт. Бу дарахт баланд бўлиб ўсгани сари мевалари баракали, ширин ва йирик бўлиб бораверишини тилайман”.

Бадиий сўзга садоқат билан хизмат қилиб келаётган, рост сўзга адоқсиз ихлос билан яшаётган дўстимнинг ижод боғидаги мевалар ҳамиша шиғил-шиғил ва ширин бўлаверсин.

Низомиддин Маҳмудов,

филология фанлари доктори, профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 20-сонидан олинди.