Маҳкам Маҳмудов, Ҳамидулла Болтабоев. Баракали умр (2010)

Асрлар давомида алломалар, мутафаккирлар ёзиб қолдирган нодир асарлар вақт, абадият уммонидаги тафаккур кемалари бўлиб, улар доимо инсонларга илм, маърифат улашади.

Ўзбекистон филология илмида шеърият поэтикасини чуқур ўрганган олимлар Алибек Рустамов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Ёқубжон Исҳоқов қаторида Ваҳоб Раҳмоновнинг ҳам ўрни бор, десак хато бўлмас. Агар лутф қилиб айтилса, бу яхши маънода қайсар олим ижодий фаолиятининг кўп йиллари ўз ҳамкасблари ва баъзи устозларининг матншуносликдаги хатоларини тузатиш билан ўтган. Ўзи бевосита нашриётларда ишламаса ҳам, мумтоз Шарқ адабиёти асарларини чоп этувчи барча нашриётларнинг Ваҳоб Раҳмонга ҳожати тушади.

Ярим аср давомида Ўзбекистонда Алишер Навоий, Фузулий, Насимий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Мунис, Комил, Нодира, Увайсий сингари мумтоз шоирларнинг асарларини нашрга тайёрлаган кўпчилик атоқли олимлар “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да, “Шарқ юлдузи” журналида ҳам Ваҳоб Раҳмоновдан танқидий фикрларни эшитганлар. Бу олим учун мумтоз асарларни нашрга тайёрловчиларнинг мақоми-ю мартабаси, ёши эмас, балки қадимий, асл матнни, ундаги ҳар бир сўзнинг маъно товланишларини, айрим ҳозирги сўзлар қадимда бошқа, аксинча маънони англатишини ҳам билиши муҳимдир.

Ваҳоб Раҳмонов мумтоз Шарқ шеъриятининг Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Ҳайдар Хоразмий, Саййид Қосимий, Атойи, Саккокий, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб сингари алломалари ижоди уммонида дур изловчи ғаввосдай сузади, топган дурларини дўстлари, касбдошлари, замондошлари, талабаларга нисор этади. Олим “Шеър санъатлари” китобида, мумтоз поэтикага доир китобларга асосланган ҳолда, таҳлил доирасига ҳозирги ўзбек шоирларининг ижодидан ҳам намуналар келтирадики, бу асарнинг қимматини беқиёс оширади. Албатта, “Шеър санъатлари” китобига бадиийроқ ном қўйиш мумкин эди. Ҳар ҳолда, поэтикага доир асарга нафисроқ ном қўйилгани маъқул. Бироқ асар номи бугунги кун ўқувчиларига тушунарли бўлиши, асар мазмунини ўзида тўла ифода қилиши муаллиф учун муҳимроқдир. Мазкур китобда ташбеҳи мусалсал (занжирли ташбеҳ) санъатига Навоийнинг ажойиб бир ғазалини мисол қилиб келтирилган:

Ёрдин айру кўнгил мулкедурур султони йўқ,
Мулкким султони йўқ, жисмедурурким, жони йўқ.
Жисмдин жонсиз не ҳосил, эй мусулмонларким ул,
Бир қаро туфроқдекдурким, гулу райҳони йўқ.
Бир қаро туфроқким, йўқтур гулу райҳон анга,
Ул қоронғу кечадурким, маҳи тобони йўқ…

Муаллиф ташбеҳи аксга Мамарасул Бобоев шеъридан, тазод санъатига Ҳамид Олимжондан, тафреъ, тарсеъ ва муқобил санъатларига Абдулла Ориповдан мисоллар келтиради.

Олим мумтоз адабиёт таълими, танқиди ва илмида омилкордир. У ўрта мактаб ўқувчилари учун “Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат” тузиб, нашр эттирди. Танқидига келсак, илмга қадам қўйибдики, жиддий, асосли танқидий чиқишлари, муросасиз фикр-мулоҳазалари билан матншунослик соҳасида жонбозлик кўрсатиб келаётир.

Мумтоз адабиёт илмида Авазнинг “Девон”ини, Машрабнинг “Девон”ини, Алишер Навоийнинг “Хамса” ва “Лисон ут-тайр” асарларини араб ёзувидан кирилл ва лотин алифбосига кўчириб, нашрга тайёрлаган иқтидорли матшунос элликка яқин мумтоз адабиёт намуналари нашрини таҳрир этган масъул муҳаррир ҳамдир.

Алишер Навоий асарлари нашрининг қайси бир намунаси бўлмасин: “Қаро кўзум”, “Топмадим” каби йирик ғазаллар тўплами ёки “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин” сингари достонларими, Ваҳоб Раҳмонов масъул муҳаррир сифатида уларни нашрга тайёрловчиларга ёрдам берган ва ҳар бир китобдаги 500 дан 1500 тагача жиддий хатони ислоҳ қилган. У “Лисон ут-тайр” ва “Хамса” достонларининг ХХ асрдаги нашрларидан кўнгли тўлмай, олти достонни араб ёзувидан қайтадан нашрга тайёрлади. Шу ўринда олимнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан амалга оширган ишларини тилга олганда, “Бобурнома”ни филология фанлари номзоди Каромат Муллахўжаева билан ҳамкорликда ҳозирги тилимизга ўгирганини, “Ғарибинг андижонийдур” тўпламини сўзбоши ва луғатлар билан таъминлаганини, профессор Фатҳиддин Исҳоқов томонидан тузилган “Бобурнома”га қисқача изоҳли луғат”га масъул муҳаррирлик қилганини ҳам эсга олиш жоиздир.

Нозиктаъб олим Бобур “Девон”ининг нисбатан тугал 1994 йилги нашрини кўздан кечирганда:

Не анинг ишини қилмоққа илик,
Не анинг гуноҳини билмакка билик —

байтидан кўнгли тўлмаганини айтади. Асли “кунҳи” сўзини “гуноҳи” деб ўқиш мазмуннинг ҳам, вазннинг ҳам бузилишига олиб келган, чунки бу сўзнинг маъноси “моҳият”ни англатади. Шундай экан, мисрадан бировнинг гуноҳини эмас, балки масаланинг моҳиятини топиш муҳимроқ эди, деган хулосага келади.

Дарҳақиқат, Ваҳоб Раҳмонов мумтоз адабиётимиз намуналарининг бугунги кундаги нашрларини кузатганда ҳам кимнингдир “гуноҳи”ни эмас, балки масаланинг моҳиятини қидирувчи олим сифатида намоён бўлади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 23-сонидан олинди.