Қудратулла Омонов. Ўлмас достоннинг Ҳирот нусхаси (2010)

Улуғ шоир, олим ва файласуф, жамоат арбоби Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”(“Қут бергучи билим” ёки “Саодат китоби”) асари ўрта асрлар туркий ёзма адабиётининг бебаҳо ёдгорлигидир. Бу йил асарнинг яратилганига 940 йил тўлди. Муаллиф уни 1069/1070 йили ёзиб тугаллаган.

“Қутадғу билиг”нинг яратилиши ўрта асрлар Шарқ бадиий-фалсафий тафаккурида, кишилик маънавий такомилида юз берган улкан бир ҳодиса эди. Ушбу ижод дурдонаси ахлоқий-таълимий достонгина эмас, кишилик маънавияти, жамият ва давлат бошқарувининг муҳим масалаларини ўзида қамраб олган, тирикликнинг катта-катта муаммоларини билим ва ақл, адолат ўлчовлари ила ечишга йўналтирилган буюк мафкуравий асар ҳамдир. У туркий халқларнинг азалий дунёқараши, қадим фалсафаси билан ислом қарашлари уйғунлашган, оғзаки ва ёзма адабиётнинг сара анъаналарини ўзида акс эттирган бетакрор асар сифатида юзага келди.

“Қутадғу билиг”нинг учта йирик қўлёзмаси маълум. Уларнинг бири эски туркий-уйғур, иккиси араб хатида. Араб ёзувли қўлёзмалар(Наманган ва Қоҳира нусхалари), чамаси, ХIII–ХIV юзйилликлар оралиғида кўчирилган. Уйғур ёзувли нусхани эса 1439 йили ҳиротлик Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши кўчирган.

Фанда асарнинг араб ёзувли Наманган нусхаси анча кенг ўрганилган. Асар бўйича яратилаётган тадқиқотлар ҳам, кўпинча, матннинг ана шу нусха асосидаги нашрларига таянади. Асарнинг уйғур ёзувли нусхасига келсак, масала жиддий. Ҳерман Вамбери билан Велҳелм Радловдан бўлак ҳеч ким асарнинг бу қўлёзмаси устида жиддий ишлаган эмас. Қолаверса, уларнинг транскрипцион нашрлари ўша пайтдаёқ туркшуносликда танқидга учрагани мутахассисларга аён. Буни тўғри тушуниш керак, уларнинг тадқиқоти Европа туркшунослиги энди оёққа тураётган бир даврда – XIX аср охирларида яратилган. Шунинг учун қусурдан холи эмас.

Ҳозир ҳам бу соҳа жуда гуркираб кетган деёлмаймиз: уйғур хатидаги матнларни ўқиб, улар устида илмий иш яратишга қодир бўлган олимларнинг ўзи дунё туркшунослигида бармоқ билан санарли. Шунинг учунми ёки матнни ўқиб маъно чиқариш қийинлигиданми, асарнинг Ҳирот нусхаси фан эътиборидан айтарли четда қолиб келмоқда эди. Қувонарлиси, ўзбек туркшунослигида бу йўналиш бирмунча жонланиб қолди. Яқинда қадимги туркий битиглар бўйича мутахассис, туркшунос олим Қосимжон Содиқовнинг “Қутадғу билиг”нинг уйғур ёзувли Ҳирот нусхаси” (2010), деб аталган китоби чоп этилди. Китобда Ҳирот нусхасининг матн ва ёзув ўзгачаликлари, қўлёзманинг туркий матнчилик тарихида тутган ўрни тўғрисида сўз юритилади. Унда асарнинг кириш, бошдаги ўн бир боби ҳамда хотима бўлимларининг транскрипцияси, талқини ҳам келтирилган. Танланган транскрипция, илмий матн принциплари туркшуносликнинг бугунги талабларига тўла жавоб беради. Матншуносликда эргашса бўладиган йўл.

Шу ўринда ўзбек матншунослигида кўп ҳам эътиборга олинмаётган ва филология илмининг оёғига тушов бўлиб бораётган бир қусур тўғрисида икки оғиз гап. Илм аҳлига аён, ҳозирги илмий-тадқиқотларнинг кўпи илк манба эмас, турли нашрлар асосида ёзилмоқдаки, бу дунё фанида амалга оширилган ишларнинг қайтариғидек худди. Устига устак, нашрларимизда, ҳатто соф илмий ишларда, тарих ёки бошқа соҳадаги ишларни қўя туринг, филология соҳасидаги докторлик ва номзодлик ишларида ҳам илмий транскрипцияга кўпда амал қилинмайди. Бунинг ёмон жиҳати — ҳар қандай ёзма мероснинг илмий нашри транскрипцияда бўлуви кераклигини тушуниб етмаяпмиз. Шунинг учун матншунослик билан боғлиқ ишларимиз дунё илми даражасига кўтарилолмай, сояда қолиб кетяпти. Ҳозирги жаҳон илми талабларини назарда тутадиган бўлсак, илмий нашр дейилганда матннинг илмий транскрипцион ўгирмаси, унинг таржима ва изоҳлари, факсимили билан биргаликдаги тўлиқ тўплами кўзда тутилади. Бу жиҳатдан Қ.Содиқовнинг иши мақтовга лойиқ.

Китоб олимнинг кўп йиллардан буён қўлёзма устида олиб борган тинимсиз меҳнатларининг самарасидир. У ўзининг илмий фаолияти давомида асарнинг учала нусхасини синчиклаб чоғиштириб, айтиш мумкинки, фанда тош босадиган, қоладиган асарлар яратди. Янги чоп эттирган китобида ҳам унинг узоқ йиллик тажрибаси, айни соҳада йиққан билимларининг эткиси сезилиб турибди. Шу соҳада бошқа олимлар ҳали айтиб улгурмаган, оригинал фикрлари талай.

Қ.Содиқовнинг асар қўлёзма нусхаси ва унинг ўзига яраша белгилари, асар нусхаларини ўзаро чоғиштириш асосида айтган фикрлари аҳамиятлидир. Қизиғи шундаки, уйғур ёзувли қўлёзманинг бошқа нусхалардан фарқли ерлари кўп. Уларни ўқиб, маъно чиқариб олишнинг ўзи мушкул. Шу чоққача бу нусхани кўрган олимлар, ушбу фарқларнинг кўпини котибнинг хатоси, деб келдилар. Қ. Содиқовнинг хулосасига кўра, уйғур ёзувли қўлёзма бошқаларига қараганда эскироқ нусхадан кўчирилган. Ундаги фарқлар котибнинг хатолари эмас, мазмун билан боғлиқ. Унинг котиби қорахонийлар даври тилини жуда яхши билган ва матнга уқув ила ёндашган. Қўлёзма қунт билан ўрганилса, асар ва унинг мазмуни билан алоқали кўп тугунлар ечилади, илк нусха (муаллиф варианти) сари йўл очилади.

Асар нусхаларини ўзаро чоғиштириш асосида айтилган мулоҳазаларга бир-икки мисол. Асарнинг Наманган нусхасида дастлабки тўрт боб сарлавҳаси арабча аталган. Қолган сарлавҳалар эса туркийда. Муҳими шундаки, уйғур ёзувли Ҳирот нусхасида илк тўрт бобнинг сарлавҳаси ҳам туркий аталган. Қўлёзмалар орасидаги бу фарқ аниқ бир хулоса айтишга имкон беради. Қ. Содиқовга кўра, бошда(муаллиф нусхасида) боб сарлавҳаларининг бари фақат туркийда эди. Кейинчалик, асар мақаддимасидаги бошланғич бобларнинг сарлавҳалари Шарқ ислом китобат анъанаси йўлини тутиб, арабчага ўгирилган. Шунга кўра, асарнинг уйғур ёзувли Ҳирот нусхаси қандайдир эскироқ нусхага асосланганлигини тахмин қилиш мумкин.

Мавжуд нусхаларнинг ҳеч бири тўлиқ эмас. Бир нусхадаги боб бошқасида тушиб қолган ёки уларнинг айримлари қўшиб юборилган. Байтларининг сони ҳам ҳар хил: бир нусхада бор байт бошқасида учрамайди…

Матншунослар буни яхши билади: асарнинг муайян бир нусхаси устида ишлаганда баъзан мазмунни очиб бериш қийин кечади. Ана шундай ўринларда асарнинг бошқа қўлёзма нусхаларини чоғиштириш илмий изланувчига асқотади; ўзини қийнаган тугунлар ечилиб, асосли, янги-янги ўй-фикрлар туғилаверади. Бунга бир-икки ўрнак берамиз.

Тадқиқотчининг ёзишича, эзгу ишлар қилмоқликка бағишланган тўққизинчи бобда, тил ва сўз таърифида шундай байт бор (байт Наманган нусхасидан олинган):

Уқуш кўрки сўз-ул, бу тил кўрки – сўз,
Киши кўрки юз-ул, бу юз кўрки – кўз.

Ушбу байтнинг маъноси: “Уқув(яъни заковат)нинг кўрки сўздир, бу тилнинг кўрки – сўз, Кишининг кўрки юздир, бу юзнинг кўрки – кўз”.

Эътибор қаратилса, биринчи сатрнинг маъноси ғализ эканини англаш қийин эмас: унда “уқувнинг ҳам, тилнинг ҳам кўрки сўз” экани таъкидланмоқда.

Асарнинг уйғур ёзувли Ҳирот нусхасида ушбу байт бошқачароқ берилган – мантиқда изчиллик бор. Ундаги байт қуйидагича:

Уқуш кўрки тил-ул, бу тил кўрки – сўз,
Киши кўрки юз-ул, бу юз кўрки – кўз.

Маъноси: “Уқувнинг кўрки тилдир, бу тилнинг кўрки — сўз, Кишининг кўрки юздир, бу юзнинг кўрки — кўз”.

Кўринадики, асарнинг Наманган нусхасини кўчираётган котиб, чарчаганиданми, бехосданми, биринчи гапдаги тил сўзининг ўрнига сўз деб ёзиб юборган. Ҳирот нусхасида эса ана шу байт асос қўлёзмадан тўғри кўчирилган.

Тадқиқотчининг эътиборини тортган яна бир мисол. Асар муаллифи Юсуф Хос Ҳожибнинг ёши билан боғлиқ бўлган бир маълумот асарнинг Наманган нусхасида шундай берилган:

Teгурди менга элги элик яшим,
Қуғу қилди қузғун туси-тег башим.
Ўқир элик эмди менгар кел тею,
Пусуғ бўлмаса, бардим эмди нару.

Маъноси қуйидагича бўлади: “Эллик ёшим менга қўл тегурди,

Қора қузғун тусидек бошимни оқ(қуш) қилди [яъни: соч-соқолим оқарди]. Эллик (ёш) энди мен томон кел, деб чорламоқда,

Пистирма (яъни ўлим) бўлмаса, энди нари бораман”.

Ушбу байтларда адиб ўзи тўғрисида маълумот берар экан, ёшининг элликдан ошиб олтмиш томон кетганлигини таъкидлаяпти. Лекин биринчи сатрда “Эллик ёшим менга қўл тегурди” деб, кейинги байтда ҳам “Эллик(ёш) энди мен томон кел, деб чорламоқда” дейилгани қизиқ. Чамаси, бу ўринда ҳам котиб тасодифан янглишиб кетган: кейинги байтдаги алтмиш сўзининг ўрнига элик деб ёзиб юборган.

Тадқиқотчига кўра, асарнинг уйғур ёзувли Ҳирот нусхасида ушбу байтлар тўғри берилган:

Teгурди менга элги элик яшим,
Қуғу қилди қузғун буши-тeг башим.
Ўқир эмди алтмиш менга кел тею,
Пусуғ чиқмаса йўлда, бaрдим саю.

Бу икки байтнинг маъноси қуйидагича бўлади: “Эллик ёшим менга қўл тегурди, Қора қузғун тусидек бошимни оқ(қуш) қилди [яъни: соч-соқолим оқарди]. Энди олтмиш (ёш) менга кел, деб чорламоқда, Йўлда пистирма [яъни ўлим] чиқмаса, у томон бораман”.

“Қутадғу билиг” нусхаларини ўзаро чоғиштириб ўрганишнинг аҳамияти катта. Муҳими, Ҳирот қўлёзмасининг қадри бошқа нусхалардан оз эмас, унинг ўзига яраша ютуқлари ҳам бор. Матнлар бир-бирига чоғиштирилганда асарнинг илк, муаллиф нусхаси сари йўл очилади.

Бир мисол: “Қутадғу билиг”нинг Наманган нусхасидаги боблар фиҳристи “Ети кавакиб ўн ики буруж” (“Етти юлдуз, ўн икки бурж”) деган сарлавҳа билан бошланган.

Қоҳира нусхасининг боблар мундарижасида бу сарлавҳа “Ети кавакиб, ўн ики юлдузни аюр”, деб берилган.

Ҳирот нусхасидаги боблар фиҳристида эса, бу сарлавҳа бир оз фарқли. У “Ети юлдуз, тўрт яғиз, ўн ики ўкакнинг ўгдукини аюр”, дейилган. Шу ўринда сарлавҳадаги тўрт яғиз бирикмасига эътибор қаратсак. Ундаги яғиз – асли ранг маъносини билдиради. Бу сифат бадиий асарларда, хусусан, “Қутадғу билиг”да ҳам ерга нисбатан қўлланилган: яғиз ер – қўнғир ер. Кўчма маънода “ер”нинг ўзини ҳам билдиради, яғиз деганда “ер, тупроқ” тушунилади. Боб сарлавҳасига келсак, унда тўрт яғиз дейилмоқда, буни “тўрт ер” деб тушунилмайди; уни унсур, элемент, материя дея англамоқ керак: тўрт яғиз – “тўрт унсур” дегани. Ана шунда матнга мос тушади. Чунки ушбу бобда етти юлдуз, ўн икки бурж ва тўрт унсур тўғрисида сўз юритилган. Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчи юқоридаги сарлавҳани “Етти юлдуз, тўрт унсур, ўн икки буржни мадҳ этганини айтади”, деб ўгиради. Унинг юқоридаги мисолга таянган ҳолда қайд этишича, яғиз сўзи илк маъносида “унсур”ни билдирган, қолган маънолари эса ўшандан урчиган.

Булардан кўринадики, муаллифнинг кўзи тириклигидаёқ асарнинг бир қанча варианти бўлган. Бизгача сақланган қўлёзмалар бир нусхадан эмас, унинг турли вариантларидан кўчирилган, деб қараш тўғри бўлади.

Ўтмишда асар қўлёзмаларининг тарқалиши, асарнинг туркий адабиёт кечмишидаги донғи-овозаси тўғрисида ҳам тадқиқотчининг жўяли хулосалари бор. Унингча, асар қўлёзмаларининг ХIII—ХV асрларга тегишли экани, айниқса, уйғур ёзувли нусханинг темурийларнинг йирик маданий, адабий марказларидан бўлмиш Ҳиротда кўчирилгани ўта аҳамиятлидир. Бу — унинг қорахонийлар замонидагина эмас, кейинги асрларда ҳам туркий адабиётда катта ўрин тутганидан далолат беради. “Қутадғу билиг” Ҳирот адабий муҳитида маълум ва машҳур эди. Ўша кезлари асарнинг бизгача етиб келмаган нусхалари бўлгани табиий. Ҳасан Қора Сайил Шамс бахши бизга маълум бўлган Ҳирот нусхасини ўша қайсидир қўлёзмадан кўчирган.

Асарнинг мавжуд қўлёзмалари ичида араб ёзувли Наманган ва Қоҳира нусхалари эскироқдир. Араб ёзувли нусхалар бўла туриб, уйғур хатида янги бир нусханинг кўчирилгани қизиқ. Бу ҳодиса ёзув амалиёти, хусусан, ўша кезлар турк-ислом маданий муҳитида уйғур ва араб ёзувларининг тенгма-тенг ишлатилганлиги билан боғлиқ. Қ.Содиқовнинг фикрига қараганда, муаллиф ўз асарини уйғур хатида ёзган, кейинчалик у араб ёзувига ҳам ўгирилган. Шу йўсин ХI — ХV юзйилликларда асарнинг уйғур ҳамда араб ёзувли қўлёзмалари кенг тарқалган. Шуларга таяниб, “Қутадғу билиг”нинг кунимизга қадар етиб келмаган бошқа нусхалари ҳам икки хил ёзувда битилган, дея тахмин қилса бўлади.

Қ. Содиқовнинг кузатувича, учала нусханинг матни бир-бирига тўла мос тушмайди. Қўлёзмаларнинг бири бошқасидан кўчирилган эмас. Уларга бутунлай бошқа-бошқа нусхалар асос бўлганлиги аниқ. Шу ўринда мавжуд қўлёзмаларнинг қай бири қадимийроқ нусхадан(эҳтимол илк нусхадан) кўчирилган, деган сўроқнинг туғилуви табиий. Бу хусусда унинг хулосаси шундай: уйғур ёзувли Ҳирот қўлёзмаси, кейинги даврга тегишли эса-да, бошқаларига кўра эскироқ нусхадан кўчирилган. Чамаси, унга асос бўлган қўлёзма ҳам уйғур хатида эди.

Шу ва шунинг сингари ютуқлари билан ушбу китобни матншунослик соҳасидаги янгилик деса арзийди.

Қудратулла Омонов,

филология фанлари номзоди, доцент

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 30-сонидан олинди.