Шодмон Отабек. Услубнинг гўзал қирралари (2010)

Талабалик йиллари Иброҳим Ғафуровнинг «Гўзал­ликнинг олмос қирралари» деган китобини талашиб-тортишиб ўқиган эдик. Бу китоб биз шу маҳалгача ўқиган асарларга мутлақо ўхшамас, бутунлай бўлакча, эркин, шоирона бир услубда битилгани боис диққатимизни тортган эди. Кейинчалик билсак, Иброҳим ака университетда ўқиб юрган кезларидаёқ устоз Умарали Норматов эътироф этганидек, талаба Ғафуровдан мунаққид Ғафуровга айланиб улгурган экан. Муаллимларимиз ўқиб чиқишга топширган мажбурий адабиётлар рўйхатидаги аксарият китоблар зерикарли туюлар, уларни мажбурият юзасидан ўқир, адабиёт илмида узоқ ҳукм сурган қуруқ академизм, иқтибосбозлик, юзакилик иллати жонимизга теккан эди. Иброҳим аканинг ўша китобида бўй кўрсатиб, нишона берган ва бизга янгиликдай туюлган фазилатлар асардан асарга мукаммаллашиб, йиллар давомида сайқал топиб, беқиёс ва бетакрор бир услуб сифатида шаклланди. Тафаккур тарзидаги ўзига хослик, сўз санъатини эстетик ҳодиса сифатида ҳис этиш ва талқин этиш, бадиий асар моҳиятига теранроқ кириб бориш, танқидни гўзалликни кашф этиш санъати деб ҳисоблаш унинг ижодида устувор йўналишга айланди.

«Адабий танқидни эссе жанрига яқинлаштириш, икки жанрни омухта қилиш учун кўп йиллардан бери уринаман», дейди муаллиф. Бу уриниш ажойиб самаралар бергани учун ҳам асарлари худди бадиий асар каби мароқ билан ўқилади. Бизда ҳали-ҳануз асл намунаси яратилмаган «Машҳур кишилар ҳаёти» туркумидаги асарларни Иброҳим Ғафуровдек потенциал ёзувчилик салоҳиятига эга бўлган қаламкашлар ёзса мақсадга мувофиқ бўларди, деб ўйлайман. Дарвоқе, Иброҳим аканинг насрий асарлари ҳам бор, фақат улар эсселари, бадиалари соясида қолгани учунми, у қадар оммалашмаган.

Санъат асари ҳақидаги асар ҳам санъаткорона ёзилиши лозимлиги кўп таъкидланади, аммо бунга амал қилиш осон эмас. Немис файласуф ёзувчиси Лихтенберг «Эй Худо, китоб ҳақида китоб ёзишдан ўзинг асра» деган эди. И. Ғафуров эса китоб ҳақида, ёзувчи ҳақида ёзишни яхши кўришлигини ўзи очиқ эътироф этади. Демак, ҳамма гап қаловини топишда. «Қалов»нинг калити эса битта – истеъдод!..

Шахсий кутубхонамда вақтим бўлганда ўқиб қўярман дея бир четга тахлаб қўйган китоблар анча тўпланиб қолган экан, вақт топиб эринмай ҳаммасини ўқиб чиқдим. Айримларини шунчаки варақлаш билан кифояландим. Менда энг чуқур таассурот қолдирган, энг кўп завқлантирган, чексиз ҳайратлантирган китоб – Иброҳим Ғафуровнинг «Шарқ» нашриётида 2008 йили чоп этилган «Мангу латофат» асари ((2006 йили чоп этилган «Ҳаё – халоскор»нинг мантиқий давоми) бўлди. Шубҳасиз, бу китобни шунчаки варақлаб ёки тез ўқиб бўлмасди. Уни ютоқиб, энтикиб,ҳайратланиб, завқланиб ўқидим.

«Мангу латофат»нинг жанри гарчи бадиалар, рисолалар деб белгиланган бўлса-да, китобнинг мазмун ва мундарижаси бу қолипга сиғмайди, қамров шу қадар кенг. Муаллиф китобнинг миллат ҳақидаги куюнчак, нозик ва теран фикр-мулоҳазалари, кузатишлари жамланган бобини «Миллатнинг биллурланиши» дея ўзига хос, шоирона номлайди. «Миллат деганда биз нимани англаймиз? Миллат қачон юзага келади? Халқ деганда нимани тушунамиз-у, миллат деганда нимани тушунамиз?» каби кўпчиликни қизиқтирган, бир умр тўлқинлантириб келган муаммо-саволларга жавоб қидиради.

«Хуллас, тил, тарбия ва маърифат билан миллат майдонга чиқади. Миллат халққа ёхуд авомга хос тарқоқликнинг тугаганлигидир. Давлатчиликнинг мус­таҳкам ва тебранмас тарзда шаклланганлигидир» деган хулосадан қониқиш ҳосил қиласиз. Миллий онгнинг уйғонишида беқиёс хизматлар қилган, фидойилик кўрсатган жадидчилик ҳаракатининг йирик вакиллари – Фитрат ва Беҳбудийларнинг фаолияти, қолдирган боқий мероси атрофлича таҳлил қилинади.

Китобнинг иккинчи, салмоқли қисми адабиёт, шоир ва ёзувчилар ҳақида, шу боис у «Адиблар гулшани» деб номланган. Муаллифнинг ёниқ, эҳтиросли сўзи туфайли таниқли адибларимиз ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимиз теранлашади, бойийди, уларнинг нурли сиймоси кўнглимизга янада яқин бўлиб қолади.

И. Ғафуров атоқли адиб Одил Ёқубов ижоди ҳақида тўхталаркан, шундай ёзади: «Менга Одил Ёқубовни ёзувчи даражасига кўтарган «Муқаддас»да ҳам, ундан кейин яратилган «Ларза», «Тилла узук», «Бир фельетон қиссаси» каби асарларда ҳам шу «Икки муҳаббат»дан эргашиб келаётган бир ЎЗАК НАРСА (таъкид бизники – Ш. О.) борга ўхшайди. Буни, янглишмасам, инсоннинг ўз-ўзини очишга, ўз майлини намойиш қилиш, иродасини кўрсатиш ва тасдиқлашга бўлган интилиш деб аташ мумкин. Булар ахир ижод ва ижодкор учун ўзак, асос нарсалар эмасми?».

Иброҳим Ғафуров худди табиб беморнинг томирини ушлаб, дардини бехато айта олганидек, ҳар бир адиб ижодидаги ўша ўзак нарсани тўғри белгилайди, шу боис айтган сўзлари жўяли, залворли, таъсирли. Шу боис унинг битикларида ўзи суйган, ўзи севган ва ихлос қўйган адибларнинг суврати ва сийрати ёрқин очилади. Ҳар бир айтган каломи, сўзи, ҳар бир фикр-мулоҳазаси адабиёт аталмиш мўъжизага буюк муҳаббат ва эҳтиромдан, ошуфталикдан туғилади. Шу боис биргина жумла билан Эркин Воҳидов ижодининг бутун маъно-моҳиятини жуда теран ва ҳаққоний акс эттира олади: «Унинг барча ёзган асарлари замиридаги самимият, маҳрамона инсонийлик, меҳр-оқибатни одамийликнинг энг юксак идеали даражасида тушуниш ва ўз асарларида шундай талқин этиш, яъни шеър-достондагина эмас, ҳаётда ҳам, ҳаётнинг ҳар қандай ҳолатларида шунга риоя этиш, оғишмай амал қилиш, Ватанга худди отага суянгандай суяниш, халққа худди онага топингандай талпиниш, юртнинг, элнинг камолини ўйлаш, орзу қилиш, унинг учун тинимсиз қайғуриш ва юрт маънавияти, тарихи ва анъаналаридан доим завқларга тўлиб юриш, қадим мумтоз шоир, муаррих, донишманд адиб аждодлар каби комилликка сажда қилиш, комилликни кўрган, унга дуч келганда дарҳол илҳомга тўлиш, ҳаяжонланиш – Эркин Воҳидовни инсон, шахс, катта санъаткор шоир сифатида ўз даври, ўз авлодининг жуда ёрқин пешқадам вакили деб қарашга имкон беради».

Китобда адибларнинг ижоди билан таржимаи ҳоли, шахсияти бир бутунликда, яхлит олиб қаралади. Яқин ўтмишда ўтган таниқли адиблар ҳақида гап кетганда, муаллиф айрим олимлар каби «Ҳа энди, улар ўз даврининг фарзанди эди» каби умумий мулоҳазалар билан чекланмайди. Улар санъатининг бетакрор жиҳатлари нозик таҳлил қилинади, айни чоғда дунёқарашларидаги мураккабликлар, фарқли томонлар ҳам холис кўрсатилади. Бу ўринда муаллиф қиёслаш усулидан унумли фойдаланади. Фитратлар, Қодирийлар шўролар замонида ўзларини озод ҳис этмаганлари, Абдулла Қаҳҳор каби адиблар эса ўзларини озод инсон деб ҳис қилиб, қизил мафкурани қабул қилганликлари тўғри таъкидланади. Айни чоғда муаллиф ўз фикрини ягона ҳақиқат тарзида тақдим этмайди. Келажакда Абдулла Қаҳҳор ижоди бошқача талқин қилиниши ҳам мумкинлигига ишора қилади.

Қиёслаш орқали таниқли мунаққидлар – Озод Шарафиддинов ва Умарали Норматовлар ижоди, истеъдодининг ўзига хос томонлари холис ва теран ёритилади.

Таниқли Ҳамзашунос олим Лазиз Қаюмов ҳақидаги кузатишлар ҳам бетакрор, диққатга сазовор: «Ҳамза деган оғизга бол тутарди. Фақат мафкура чегаралари ва меъ­ёрларига сира сиғмайдиган Ҳамзадай улуғ миллатпарвар ва озодлик жарчисини мафкура платформаларига ва унинг чегаралари ичига сиғдириш, тортиб олиб киришга уринарди. Ҳамзанинг серқирра ижоди ва тарихий фаолияти эса бунга сиғмас ва ўз бошига исён қиларди».

Бу мулоҳазаларда И. Ғафуровнинг очиқ айтолмаган, айтишга истиҳола қилган фикрлари ҳам бўй кўрсатиб турибди. Андишали, маданиятли олим шу тариқа тўла-тўкис айтолмаган гапларини китобхоннинг фаҳму фаросатига ҳавола этади. Марифатли китобхон учун ёзади ва шундай китобхонни орзу қилади.

«Мангу латофат» бошдан оёқ озодликка, ижод эркинлигига ташналик, империячилик, истилочилик, зўравонлик ва қатағон сиёсатига, қизил мафкурага қарши чексиз нафрат руҳи билан суғорилган. Усмон Носир ҳақидаги «Қисматнинг овози» бадиасида бу ғоя айниқса бўртиб кўринади. Ушбу аламли битикларни ҳотиржам, ҳаяжонсиз ўқиш мумкин эмас:

«Даҳшатли Сибир ўрмонларида яланғоч кўксини ўйиб қонга ботирган Усмон Носир!

Сенинг шеърларингда қисматинг ҳайқиради!

Гуноҳинг нима эди, сени бунчалар шафқатсиз забун қилдилар?!»

Адабий муҳитда, турли давраларда «Шеъриятни ҳеч ким Иброҳим акачалик чуқур тушуниб, таҳлил қилолмайди!» деган гап юради. Бу эътирофда жон бор, албатта. «Шеърни таҳлил қилиш жуда ҳам гўзал қизнинг кипригини санаш билан баравар. Киприк санашга берилиб кетиб, гўзалликнинг асл моҳиятидан бехабар қолиб кетасиз» деб ёзади мунаққид. Маълум муддат бошқа ишларга андармон бўлган мунаққид шеърият таҳлилидан андак узоқлашган ва мухлислар унинг асарларини соғиниб қолишган эди. Китобда муаллифнинг Ойбек, Зулфия, Шайхзода, Абдулла Орипов, Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким шеърияти ҳақидаги ўзига хос, оҳорли мулоҳазалари ўрин олган. Айниқса, сўнгги йиллар шеърияти ва адабий жараён ҳақидаги теран кузатишлар, кутилмаган хулосалар ногоҳ ўқувчини сергак торттиради, уни фикрлашга, мушоҳадага чорлайди.

«Ҳозир аксар истифода қилинаётган шакллар бир тусли ва номавзунки, уларни эслаб қололмайсиз. Мингта шеър – битта шеърга ўхшайди баъзан. Юзлаб шеърлардан тузилган тўпламлар баъзан битта шеърнинг турли вариацияларидай туюлади. Булар адабий ўқишлар сустлашгани ва уларда изчил системанинг йўқлиги натижасидир» деб ёзади муаллиф.

Китобнинг мавзу доираси анча кенг. Учинчи – «Ахлоқни соғиниш. Ҳаё – халоскор» деб номланган бобда муаллиф маънавий, ахлоқий, фалсафий масалалар ҳақида ўта куюнчаклик билан, айни чоғда жиддий ва теран мулоҳаза юритади. Оламнинг ва одамнинг номукаммаллигидан куйинади, қайғуради, комил инсонни орзу қилади. Бу жиҳатдан у буюк ўтмишдошларига ўхшаб кетади.

Достоевскийнинг дунёни гўзаллик қутқаради деган машҳур ҳикмати бор. Иброҳим Ғафуров замона зайли ва глобаллашув шароитидан келиб чиқиб, масалага сергакроқ назар ташлаган ҳолда бўлакча, ҳаётийроқ ёндошади:

«Ер юзида тугал оқиллик, меъёр ва ирода билан яшамоқдан ўзга чора қолмади.

Оқиллик, меъёр ва ирода!

Одамзодни шу уч нарса қутқаради. …Яқин орада барча одамзод шу фикрга келади».

Бу – бутун цивилизация тараққиётини синчков кузатган донишманднинг хулосаси! Унга қўшилмоқдан бошқа илож йўқ!

Муаллифнинг умидбахш, некбин башорати ижобат бўлишига ишонгинг келади.

Иброҳим аканинг китобга, мутолаага ошуфталиги ўзи бир достон. Биринчи китобнинг шукуҳи, нашъу намоси ( дарҳақиқат, илк китоби чиққан муаллифнинг қувончи беқиёс, бетакрордир) ҳақида самимий ҳаяжон ва лиризм билан суғорилган ҳикоясининг ўзи бир достон. Навоийни қандай ўқиб ўргангани ўзи бир достон, Навоийни тушуниш қийин дея танбаллигини, ҳафсаласизлигини хаспўшловчиларга зўр ибрат! У болалигидан китобга астойдил меҳр қўяди, (бу ихлос бир умр давом этади) бошқа тенгдошлари каби ҳайитликда ўйинчоқ ёки бирон ширинлик эмас, китоб ундиради. Керакли китобларни ўсмирлик ва ёшлик йилларидаёқ ўқиб чиқади. Шу нарса унинг ҳаёт йўлини, тақдирини белгилайди. Бу – унинг бахти ва омади эди.

Яхши китобхон билганларини бошқаларга ҳам илинади, ўқиган китобларидан бошқаларнинг ҳам баҳраманд бўлишини истайди. Муаллиф Абулфайз Байҳақийнинг «Тарихи Масъудий» китобини ўқиб, қаттиқ таъсирлангани, бу ҳақда Одил Ёқубовга гапириб бергани, адиб ҳам бу асарга қизиқиб, ундан сўраб олиб ўқигани ва оқибат ижодий ғоя туғилиб, «Кўҳна дунё» романи яратилганини мароқ билан ҳикоя қилади.

Иброҳим Ғафуровнинг мумтоз адабиётни ҳам, замонавий адабиётни ҳам бирдай маҳорат билан мағзини чақиб, нозик таҳлил қила олиши (бундай мунаққидлар бизда саноқли) аввало Оллоҳ юқтирган истеъдодга ўша мутолаа маданияти эш бўлиб, яхши самара бергани натижасидир. Айни чоғда қаламининг қудрати ва услубининг гўзаллигини ҳам шу икки омил билан изоҳлаш мумкин. Мен аслида ушбу мақолани Иброҳим Ғафуров услубига бағишламоқчи эдим. Шундай қилсам ҳамма нарса жой-жойига тушадигандек туюларди. Мен бу услубни таърифлайдиган сўз, иборани кўп қидирдим: гўзал, бетакрор, жозибадор, ғаройиб, оҳорли, мафтункор… Кўтаринки сўзларни қўллашга иймандимми, бундай таърифлашга журъат қилолмадим. Балки «Оддий сўзларни усталик билан уйғунлаштириш санъати» десам тўғрироқ бўлармикин? Балки бу услубнинг сеҳру жодуси заминида шунчаки она тилни аъло даражада билиш ва уни теран, нозик ҳис эта билиш салоҳияти ётар? Нима бўлганда ҳам бу услуб бетакрор, беқиёс. Уни таърифлашга сўз қидириб бош қотиргандан кўра «Иброҳим Ғафуров услуби» деган мавзуда диссертация ёзиб қўя қолган маъқулдек туюлади. Ижоди шунга арзийди, шунга имкон беради. Таржимонлик маҳоратининг ўзи ўнлаб илмий ишларга мавзу бўла олади.

Дарҳақиқат, сўз туйғуси ўткир, сўзга, адабиётга ошуфта кўнгил И. Ғафуров услубидан завқланмаслиги, ҳай­ратланмаслиги мумкин эмас. Бизда адабиёт ҳақида, ижод ва ижодкор ҳақида шу маҳалгача ҳеч ким бундай ёзмаган эди. Тилнинг, сўзнинг гўзаллиги ва қудрати, чексиз имкониятларини фақат ёзувчи, шоир эмас, олим, мунаққид ҳам намойиш эта олиши мумкин экан. И. Ғафуров гапга чечанлигини, сўзамоллигини кўрсатиб қўйиш учун шундай ёзмайди, гапни айлантирмайди, бодилик қилмайди, у борлиқни, адабиётни шундай англайди ва шундай ҳис этади, ҳиссиётларини сизга ҳам «юқтиради», унинг фикрлаш тарзи, услуби шундай, ҳаммаси табиий! Ўзини мажбур қилиб ёзмаётганига, ёзганлари фақат илҳом маҳсули эканига ишонасиз. У сўз уммонида балиқдек эмин-эркин сузади. Гоҳо қуйилиб келаётган фикрларини қоғозга туширишга улгуролмаётгандек туюлади. Шунда унга оҳанг ёрдамга келади. Мусиқачиларда сўз тугаган жойда оҳанг, куй бошланади деган гап бор. Унинг матнидаги бетакрор оҳанг сизни аста-секин аллалаб, ўз оғушига олади, сеҳрлайди. Услубдаги жозиба, маънодаги улуғворлик, эҳтирос ва кўтаринкилик ҳам ана ўша оҳанг орқали зуҳур бўлаётгандек туюлади. Ана ўша оҳанг, услуб туфайли Ойбек шунчаки Чўлпонни ҳимоя қилиб мақола ёзмайди, балки «фарёд қилади», Одил Ёқубовда янги асар яратиш ғояси туғилди эмас, «ғояси ёнди» дейилади…

Чуқур маърифий билим билан омухта бўлган бу ноёб услуб гўзалликнинг олмос қирраларини кашф этишда қўл келаётир. Айни чоғда бу услуб руҳиятимизда кўтаринки, эзгу туйғулар уйғотади, сўзга, сўз санъатига меҳру ихлос уйғотади.

Иброҳим Ғафуров ижоди ҳақида замондошлари анча-мунча иш қилишган бўлса-да, унинг феномени ҳали ҳазм қилинмаган, ўрганилмаган. Уни тўла-тўкис ўрганиш, ҳис этиш иши аввало унинг услубидан бошланмоғи лозим. Катта адабиёт остонасида турган ёшлар айниқса унинг тил маҳоратини синчиклаб ўрганишлари керак.

Иброҳим ака сўзларнинг маъно товланишларини ниҳоятда нозик илғайди ва бундан унумли фойдаланади. Янги сўз ва тушунчаларни (масалан, тангдиллик, неомумтоз, миқёсли тасвир усули, муҳаббат фани каби) дадил истифодага олиб киради. Айрим сўзларнинг этимологиясини (масалан, фан сўзини) тилшунос олимдан ҳам кўра зуккороқ, чуқурроқ таҳлил қилади.

Биз ҳар куни эшитиб, ўқиб юрадиган севги, муҳаббат деган сўзларни синоним – маънодош деб ўйлаймиз. Муаллиф бу сўзлар орасидаги нозик фарқни шундай шарҳлайди: «Муҳаббат бир томонлама бўлмайди. Лекин мана севги, яхши кўриш эса тамомила бир томонлама бўлиш эҳтимолидан узоқ эмас. Севги ва яхши кўриш бир томонлама, яъни жавобсиз бўлиши мумкин. Унинг ожизлиги, аянчлилиги шунда. Лекин муҳаббат ҳабибликда ва доимо икки томонлама, яъни англанган ҳодисадир. »

И. Ғафуров китобининг «Ноёб сўзлар поэзияси» бобида айрим шоирларнинг ҳозирги китобхонга тушунарли бўлмаган сўзларни (ҳатто луғатлардан ҳам маъносини топиш қийин бўлган сўзларни) кўп қўллагани учун асосли равишда танқид қилади. Ажабо, устознинг ўзи ҳам китобида шундай сўзларни бемалол қўллайди. Буниси қандоқ бўлди дея аввалига ҳайрон бўлдим. Ўша сўзларни ўзим ҳам яхши тушунмаганим учун қаламда белгилаб қўйган эдим, эринмай луғатларга қараб, аксариятининг маъносини билиб олдим. Шу баҳонада сўз бойлигим ортди ва… устозни тушундим. Китобхон шу баҳонада луғат титкилаб, сўз бойлигини орттирса ўзига фойда экан!

«Мангу латофат»нинг сўнгги бобига устознинг кундалик матбуот учун ёзган оддий, ўртамиёна мақолалари ҳам киритилганки, улар муаллифнинг бошқа, баркамол асарлари соясида қолиб кетгандек туюлади. Шунингдек, Усмон Носирнинг исму шарифи айрим ўринларда Носирий деб аталиши ҳам сал эриш туюлади. «Қутлуғ қон»да Холматнинг ўчи (?) ҳақида гапирилади, аслида Ёрмат бўлиши керак. «Уфқ» романидаги ота Икромжон ўз ўғли Турсунбойни отиб ўлдиргани (?) (бундай воқеа бўлмайди) айтилади. Китобнинг бошқа бир саҳифасида эса бунга тамомила зид фикр айтилади. Натижада ўқувчи чалғиб қолиши мумкин. Тўғри, бундай жузъий нуқсонлар юксак савияда ёзилган китобнинг ғоявий, бадиий, маърифий аҳамиятини пасайтиролмайди, албатта. Ҳарқалай, бундай нуқсонларнинг бўлмагани маъқул.

«Умрда шундай бир палла келади: донишмандлик палласи, – деб ёзади муаллиф ўз китобида. – Ақл чироғи равшан тортиб, равшан ёниб, равшан, ишончли зиё таратадиган палла».

Бу сўзларни бемалол муаллифнинг ўзига нисбатан қўллаш ҳам мумкин. Иброҳим Ғафуров истеъдоди жилоларидан, ақл чироғидан, тафаккуридан, илҳом булоғидан таралаётган зиё мудом бизни фикрлашга, маънавиятга, маданиятга чорлаб туради. Тилагимиз – бу зиё ҳеч қачон сўнмасин.

“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 2 (231)-сон.