Асад Дилмурод. Туйғу ва тафаккур бирлашадиган ўзан (2010)

Севимли “Ёшлик” камина учун айниқса эъзозли, негаки, орзу-ҳавасга лим-лим бўлган ўт-олов даврим, айни пайтда, илк ижодий уринишларимни доим ёдимга солиб туради. Журнал дастлабки тарихий ҳикоям “Шердор”ни жамоатчилик эътиборига ҳавола этганда қанчалар руҳланган эдим, шундан кейин неча-неча юз йиллар наридан бугунга нигоҳ қадаган мозийга бутунлай боғланган бўлсам ажаб эмас.

Умр қушдек учиб ўтди-ю, хаёлпараст ёшлигим олисда қолди, шунинг билан бирга, у ҳаётим ва қалбимга жуда яқин: мудом завқу шавқ билан безов талик ва бедорликка ундайди.

Ёруғ дунёда бадиий адабиёт аталмиш битмас-туганмас ноёб хазина мавжуд эканидан воқиф этган, дилимда сўз санъатидек тенги йўқ мўъжизалар мўъжизаси меҳру муҳаббатини жойлаган навқирон фаслдан бир умр миннатдорман.

Балки куларсиз: хаёл отида дунё кезиш, япроқ шитирлашидан ҳам ҳайратланиш, лов этиб ёнишу ўчиш, тез севинишу қайғуриш каби одатларни йўргакда юқтирган бўлсам керак. Кўпинча бирон бадиий асар оҳанрабоси таъсирига тушиб қолардим ва турли азобларга йўлиққан бадиий қаҳрамонлар ҳаётига аралашиб кетардим. Қайси вақт “Хўрланган ва ҳақоратланганлар” романини ўқиб йиғлаганим, неча кун ўзимга келолмай маъюс юрганимни хотирласам, кўксим алланечук санчиб қўяди.

Ўша кезлар нима учун шундай ғалати кечир-мишларга чулғанганим сабабини тузукли билмасдим, аммо энди анча-мунча биламан, баркамол бадиий сўз чинакам гўзаллик – эстетик қудрат бўлиб, биринчи навбатда, ақлу заковат эмас, қалб, руҳ ва сезгиларга таъсир кўрсатар экан…

Бадиий ижодни қисмат ҳисоблаб, ижод сурури ва нашидаси билан бахтини тўкис санайдиган ҳар бир кимса китоб олдида бурчли, камина бўйнида ҳам узиш қийин шундай қарз бор, агар ҳаётдан қайсидир даражада ўрнимни топиб, бирон қадам илгари босган бўлсам, бари шу содиқ дўсту ёр кўмагида амалга ошганини жону дилим билан эътироф этаман.

Камина китоб асири эдим, биронтасини албатта ёстиғим остида қўйиб ётардим, ҳатто қизиқарли воқеа-ҳодисаларини тушларимда кўрардим, бир қўлимда кетмон, бирида ўроқ тутиб, вақт топсам-топмасам, кутубхонага чопганларим эсимда ва ҳамон ўзимни романтик тафсилотларга бой эртакла-ру достонлар оламида, “Капитан Грант болалари”, “Бошсиз чавандоз”, “Гулливер саёҳатлари”, “Қоплон дара асирлари” каби жавоҳирлар уйғотган ажиб таассуротлар оғушида кўраман, демоқчиманки, китоб бугун ҳам суягувчи қадрдон ҳамдамимдир.

Афсуски, оқу қорани тузукли фарқламас баъзи сўзамоллар эндиликда бадиий китоб эскирди, хизматини тугатди, телевидение, кино ва интернет тизими маънавий тараққиёт, хусусан, санъат соҳасида алоҳида жалб қилувчи янги босқични бошлаб берди қабилида ўйламай-нетмай фикр юритишлари русумга айланди, бир ёқламаликдан иборат бундай совуқ муносабат фақат мутолаа билан улғайган чинакам китобхон авлод вакилларига нақадар оғир ботади.

Очиғи, жаҳолат ва худбинлик ҳиди анқийдиган юзаки қарашлар умри узоқ эмас, чиндан ҳам улар эзгу миллий қадриятлар ва анъаналар асосида тобора ривожланиб бораётган бадиий-эстетик тафаккур машъали ёруғига тоб беролмай чекинаётгани ва чилпарчин бўлаётгани кузатилади.

Башарият ўтмиши, бугуни ва эртасини бирлаштирувчи азалий-абадий диалектик мантиқ, умуман, инсон истиқболи, эзгулик ва адолат тантанасини ба-диий адабиётсиз тасаввур қилиш мушкул, демак, у мангуликка дахлдор илоҳий неъматдир.

Бундан сезиладики, ижодкор самандар каби олову оташ ичра яшаш учун маҳкумдир, аниқроғи, мудом сўз, тафаккур ва қалам билан мустаҳкам иттифоқ тузиб, уни оғишмай ижро этишдек мураккаб жараённинг фаол иштирокчисига айланиши, ниҳоят, мутлақо берк тилсим эшигини очиши лозим, бинобарин, бундай шараф фақат муносиб салоҳият соҳиби бўлган кишиларгагина насиб этади.

Пўлатдек тобланган чинакам истеъдод билан барча синовларга дош берадиган бутун эътиқод эгизакдир. Ҳар қанақа шароитда улар бўш келмай бир-бирини қўллаб-қувватлашга қодир. Айни ҳолат бадиий сўз поэтикаси жозибадорлиги, позициявий барқарорлик, фикрий исёнкорлик, мантиқий изчиллик ва фалсафий кўламдорлик миқёсини белгилайди. Агар истеъдод ва эътиқод тану жонимиз ичра ёнма-ён нафас олиб туришига зиғирча шубҳа қилсак, қалам ҳамда сўзни қийнамаганимиз маъқулроқдир.

Вақти-замонида мафкура эътиқодни четга суриб юборгани оқибатида сўз бағридаги нажотбахш чўғ ёлқини деярли сўнди, маҳорат бобида етук кўпгина санъаткорлар, ўзидан адашган сўз билан бирга, боши берк кўчалар сари юз буришга мажбур бўлишди.

Эндиликда сўз санъати бўйнига ўралган, эмин-эркин нафас олиши учун беҳад халақит бераётган жаҳолат сиртмоғи парчаланди, у ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлга киритди.

Мана шу ислоҳ самараси ўлароқ, бадиий-эстетик ва танқидий-эстетик тафаккур мезонлари тубдан ўзгарди, шу соҳаларда муҳим кўтарилишлар рўй бериб, эскича фикр юритишу қалам тебратиш ярашмай қолди ва, бемалол таъкидлаш мумкинки, бугунги миллий адабиёт ўзини излаш, ўзлиги сари интилиш орқали кутилмаган бадиий маҳорат бекатларини забт этиш мақсадида бел боғлаган адабиётдир.

Шаксиз, адабий шижоат, беҳад қувончли бўлиши билан бирга, мислсиз даражада масъулиятли, ҳатто кенг қамровли ҳамдир. Тарихан қисқа муддатда тўпланган ибратли тажрибалар бадиий ижод кўнгил эҳтиёжи, маънавий покланиш, ўзликни англаш рукнларини жамлаган заргарона нозик ҳунар эканлигини қайта-қайта эслатаётир.

Дарҳақиқат, кенг маънодаги эстетик идеални рўёбга чиқариш борасида изланиш ихтиёрий равишда юракни чўғланган фикр тиғига ўнглаган ҳолда муттасил дард чекишдан иборатдир. Худди шу ҳақиқатни назарда тутган Робиндранат Тагор бадиий адабиётнинг ягона тенденцияси туйғу деган фикрни илгари сурганди. Ростдан ҳам туйғу асар томирлари бўйлаб тўлқин каби оқувчи иссиқ қондир, шу омилсиз у жазирамада чанқаб қуриган дарахтга ўхшаб қовжирайди. Сеҳргар адиб Элиас Канетти кучайтирилган ҳис-ҳаяжонга ўралмаган поэтик сўз ҳаётийлик, жонлилик ва эстетик таъсир кучидан маҳрум бўлиши, юзаки тафсилотлар соясида ному нишонсиз қолиб кетишини қайд этгани бежиз эмас.

Чиндан, тажриба кўрсатадики, бадиий тасвирда оғриқли ва оташин кечинмалар гавҳардек товланиб туриши, яъни маҳорат ўзанида изтироблар билан тафаккур туташуви рўй бериши мақсадга мувофиқдир, негаки, фақат шундай ҳолатларда сезгиларни жунбушга солувчи ҳужумкор психологик бўҳрон содир бўлади.

Асли, шу жиҳатдан синчиклаб қаралса, сўз санъати кўникмаси қалб ва ақлу идрок, заковат ва сабру бардошни қайта-қайта ийлаб пишитадиган ҳаловатсизлик чиғириғига менгзайди ва у мунтазам равишда ҳар хил адабий тажрибалар устида заҳмат чекишга даъват этади.

Катта-кичик изланишлар баҳона билдимки, қаршида чўзилиб ётган, мисли йўқ уқубатларни яширган ўнқир-чўнқир йўл тасаввур қилганимдан кўра узоқроқ, аниқроғи, ниҳоясиз. Ана шу чегараси йўқ чегара қошида руҳий тушкунликка тушмай, турли шубҳага бормай, куйиб-ўртанмай ҳаракатланиш мумкин эмас.

Тер тўкиш онлари фақат сўз ва қалам билан ҳасратлашиш, улар юрагига қўл солиш кифоя қилмайди, аввало, ёлғиз ўзинг билан ўзинг муттасил олишиб, дилингни шафқатсизларча тинмай тафтиш қилишингга тўғри келади. Ҳаётий воқеа-ҳодисалар, таассуротлар, изтиробу қувончларни шунчаки қайд этиб ўтиш муҳим эмас, муҳими – уларни юрак қони билан меъёрида тасвирлаш ва теран талқин қилиш орқали ўзлик моҳиятини англаш сари боришдир.

Агар тошда гул ундириш азобидан зиёдароқ қийноқлару тўлғоқлар эвазига, орзу-умидларинг, ғам-қайғу ва армонларингни бошлаган асаринг мазмуни, эстетик идеалинг ва қаҳрамонларинг дунёсига кўчириш вазифасини эпласанг, елкангдан улкан тоғ қулагандек енгиллашасан, тийиқсиз оғриқлар ҳаловатга эврилади. Агар ниятингга етолмасанг, дилингни эзаётган тугун ечилмай қолаверади. Жонингга ботиб турадиган ўша тугун ижод ҳадеганда ушалмас армон, дилдаги майсалаши қийин умид, олисдаги ишғол этиш душвор довон эканлигидан бот-бот огоҳ этади.

Талабалик йилларимда Озод ака: “Ёзувчилик чаманзор боғдан гул териш эмас, аксинча, қора меҳнат – дўзах азоби, индаллоси, ҳар гал устулга ўтиришдан илгари қалинроқ шим кийиб олиш керак”, дея ҳазиломуз насиҳат қиларди. Сўз санъатига чуқур ихлос қўйган устоз ўгити таг-заминида пинҳон ҳақиқатни теранроқ англашим учун анчагина муддат керак бўлди.

Ҳамон эсимда, Озод ака насрий асар, қайси жанрда битилмасин, ҳар жиҳатдан, хусусан, архитектоник жозиба талабига биноан, тилсимли бўлиши зарурлигини мунтазам уқтирарди. Мана шу хислат-ни ҳозирги янгиланиш эҳтиёжи кенг кўламда тақозо этаётгани барчамизни сергак торттиради.

Шаксиз, бу борада юқори самарага эришиш учун, бирламчи, теран поэтик ва фалсафий ифодалар, мажозий образлар, мифология, мистика ва романтизм, тасаввуф таълимоти имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим, иккиламчи, сюжет аввалида йилт этган мақсад учқуни бир маромда аланга олишини таъминлаш зарур, токи пировард натижада ўқувчи дилига ҳарорат бағишласин.

Хўш, нуқул руҳият ва кўнгил тебранишлари ифода этилган сюжетсиз асарлар фаол тарзда ташаббусни эгаллаётгани ушбу тамойиллар қимматини туширадими? Йўқ, асло, аксинча, уларни янада ку-чайтириш ва ҳатто тағин ҳам жиддийроқ қўллашни тақозо этади, фақат кескин психологик талқин билан бойитилган асарларгина қолипларни синдиради ва келгусида иккинчи умрини яшайди.

Бугунги кунда ҳар қандай қолип қалам эркини чеклаб, бадиий-эстетик тафаккур тараққиётини маҳдудликка гирифтор этувчи кушанда эканлиги яққол исботланди. Тайёр қолип ҳатто ақлу идрокни кишанлаб, истеъдод оёғига болта уради, сираси, дил қуши қаноти қайрилдими, демак, сўз ва фикр ҳеч қачон бемалол ҳаракат қилолмайди.

Эътиқод, қатъият ва ҳурлик туйғусидан узоқлашган сўз эгилувчан ва беқарор бўлади, арзон маслакларга эргашиб кетади. Инсоний изтироблар билан бирдам покланишга мойил сўз ёнида ўз қобиғига ўралашиб, фақат ўз кўмачига кул тортадиган тамагир ва хушомадгўй сўз ҳам мавжуд эканини инкор этолмаймиз.

Фаҳмимча, ижодкор моддий борлиқ манзаралари, ҳаёт ва жамият пасту баландини фақат ўзигагина хос бетакрор нуқтаи назар орқали мустақил кузатиши ва ўрганиши зарур. Ижодкор турфа сурону риёзатлар моҳиятини пухта англамай, зиддиятли кечинмалар уммонида бемалол сузмай, бўёқлар мусиқаси, сукунат ҳайқириғини ҳушёрона тингламай қудратли халоскор омил саналган гўзаллик билан юзлашиши амри маҳол, умуман, мангу тирик-лик ва кураш қонун-қоидаларини, зуҳуран эмас, бо-тинан текшириш кўникмаси юксак бадиий маҳорат учун мустаҳкам замин яратувчи асосий ишончли қуролдир.

Фақат қалб кўзи олам ва одамни тўла-тўкис ҳиссий билиш ва идрок этиш имконини беради. Фақат шу усул воситасида поэтик сўз қадрини юқори кўтариш ва ҳали ҳеч бир назар тегмаган руҳий олам қатламларига дадилроқ саёҳат қилиш мумкин…

АДИБ ҲАҚИДА

1947 йилда Самарқанд вилояти, Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғида туғилган.

1971 йилда Тошкент Давлат университети журналистика факультетини битирган. Кўп йиллар журналистика ва ноширлик соҳасида фаолият кўрсатган.

Ҳозирги вақтда “Шарқ юлдузи” журнали наср бўлими мудири бўлиб ишлайди.

“Осмоннинг бир парчаси”, “Афросиёб сукунати”, “Кўчки” каби ҳикоя ва қиссалар китоблари чоп этилган.

“Тош бургут”, “Сирли зина”, “Шердор”, “Мулк”, “Гириҳ”, “Интиҳо”, “Мезон буржи”, “Оқ аждар сайёраси”, “Оймомо кулчаси”, “Тоғлар, сукут сақламанг” каби қиссалар; “Маҳмуд Торобий”, “Паҳлавон Муҳаммад”, “Фано даштидаги қуш” сингари романлар муаллифи.

Асарлари рус, украин, қозоқ, тожик ва уйғур тилларига таржима қилинган. Москвадаги “Молодая гвардия” нашриёти қисса ва ҳикоялардан иборат “Каменний сокол” китобини (1987) нашрдан чиқарган. Туркияда босилган Туркий халқлар адабиёти қомусига “ Маҳмуд Торобий” романидан боб киритилган. “Девона” адабий сценарийси асосида бадиий фильм суратга олинган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 10 (239)-сон.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!