Асад Асил. Алқор, нега кўзинг тўла ёш (2010)

Илиққина бўлиб турган қиш ҳавоси бирданига кескин ўзгарди. Қибладан кўтарилган совуқ изғирин шиддатли қор қуюнини олиб келди. Туни билан тинмаган қор эрталабгача тизза баравари бўлди. Жамики тирик жонлар ўзларини пана пастқамликларга урдилар. «Одамлар ва улар қўлидаги паррандаю ҳайвонларга ҳеч гапмас. Ёз бўйи ҳаракат қилиб, қишликларини ғамлаб қўйишган. Бечора ёввойи жонзотларга қийин.»

Шундай хаёллар оғушида боққа тикилиб турар эканман, катта ўрик дарахти кундаси панасидаги бир парча ерга қорашақшақ келиб қўнди. Шу жойга тушган битта туршак қушчани ўзига жалб қилган эди. Қорашақшақ анча вақт давомида силкина-силкина атрофни обдан кузатди. Парда ортидан кўча аниқ кўринар, мени қараб турганимни қушча пайқамасди. Қорашақшақ туршакни бир чўқиб кўрди-да, яна безовталаниб, у ёқ-бу ёққа аланглаб олди. Унинг митти қалби қандайдир ҳавфни, кимдир ўзини кузатаётганини сеза бошлаган эди. Бошқа томондан тун бўйи очқаган қорин ғами учиб кетишга йўл қўймасди. Хуллас, қорашақшақ азонда топган озуқасини минг бир ташвишда чала-чулпа еди-да, баралла сайраб, учиб кетди. Назаримда у хўракни омон-эсон ўзлаштира олгани учун Яратганга шукроналар айтиб кетгандек эди. Шўрлик, қушча! ­­Ҳар куни, айниқса қорли-қировли қиш фаслида не-не хатарларни бошидан кечирмайди, дейсиз! Яхшиямки, учиш имконияти бор унда. Учолмайдиган ёввойи жониворлар аҳволини энди бир тасаввур қилиб кўринг-а !

Қишлоғимиз рўпарасида салкам тўрт минг метр баланддаги Қорақия тоғи қад кериб туради. Болалигимизда қишлоғимиз овчиларининг ўзаро сухбатларига қулоқ тутардик. Бировлари, «Қорақияга кийиклар келибди, фалон мерган иккитасини отволибди», деса, бошқалари, «Алқорлар ҳам пастлабди, аммо отишолмабди», дея қўшимча қилишарди. Алқорни сўраб билсак, ёввойи қўй экан. Уларни овлагани ҳақидаги мақтанишларниям эшитганмиз. Хуллас, бора-бора Чотқол тоғининг бир бўлаги бўлмиш Қорақия тоғида алқор у ёқда турсин, кийиклар хам кўринмайдиган бўлиб кетди. Хозирга келиб Чотқолда ёввойи қўйлар бутунлай қолмаган, дейишади. Бу жониворларни кўриш бизларга насиб этмас экан, деб юрганимизда “Қизил китоб”лар чиқарилди. Уларга ёввойи қўйларнинг турлари ва яшаш жойлари киритилган эди. Ёзилишича, ёввойи қўйларнинг муфлон, арҳар ёки алқор деб номланган турлари мавжуд экан. Бизнинг мамлакатимизда кам учрайдиган алқор ёки Северцев қўйи деб аталадиган жониворлар Нурота, Оқтов ва Томдитов тизмаларидагина сақланиб қолибди. Энди ушбу ноёб жониворлар изига тушиш имконияти туғилган эди. Юқорида айтганимиздек, қадим барча тоғларда учрайдиган ёввойи қўйлар бутунлай йўқолиб кетиши аниқ эканини сезган хушёр ва жонкуяр одамлар ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида улар муҳофазаси учун илк қадамларни қўйишибди. Аввалига ҳимояланадиган ҳудудлар белгилашибди. 1975 йилда эса Нурота Давлат қўриқхонаси ташкил этилибди. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, бу ҳар акатлар ўз самарасини бера бошлабди. Тўқсонинчи йилларга келиб алқорлар сони Нурота тоғларида бироз барқарорлашибди. Аммо вазият барибир мураккаблигича қолмоқда эди. Қўриқхонадан четга чиққан жониворлар омон қолмасди. Уларнинг душманлари кўп: бўрилар, дайди итлар, хонаки чорва моллари, энг даҳшатлиси — одамлар! Қандай қилиб алқорларни яна кўпайтириш, қадимгидек пода-пода бўлиб юришларини таъминлашга эришиш мумкин? Шундайин эзгу ва олижаноб мақсад йўлида изланаётган Нурота қўриқхонаси жамоаси таклифига биноан ушбу ҳудудлар ҳимояси бўйича анча салмоқли ишлар амалга оширилди. Табиат муҳофазасига оид жаҳон тажрибаларидан келиб чиқиб, Нурота тоғлари, Жанубий Қизилқум ва Айдаркўл атрофларини Халқаро Биосфера қўриқхоналари тармоғига киритиш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бўлажак мазкур биосфера қўриқхонасининг ўзига хос томони шунда эдики, белгиланган ҳудудларда яшовчи аҳоли олижаноб мақсад йўлида фаол иштирок этмоғи лозим. Лойиҳага кўра, Жанубий Қизилқум, Айдаркўл ва Нурота тизма тоғлари биосфера қўриқхонаси сифатида қамраб олиниши керак. У уч қисмдан иборат бўлмоғи, биринчи – ядровий ҳудуд мутлақо соф табиий ҳолда сақланиши шарт. У эса иккинчи қисм – муҳофазаланадиган ҳудуд қуршовида бўлади ва ҳар қандай ташқи таъсирдан қатъий ҳимояланади. Муҳофазалаш ҳудудида эса табиатга зид бўлмаган хўжалик фаолиятлари учун рухсат этилади. Энг катта – учинчи ҳудуд ривожланиш ҳудуди саналади. Ушбу минтақада иқтисодиётнинг экологик ва ижтимоий барқарор ривожланиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, хўжалик юритишда анъанавий услублар ва табиатни асровчи замонавий технологияларга йўл очиб берилади. Мақсад битта: биосфера қўриқхонаси иқтисодиётини ривожлантириш, экологик таълимот ва бу соҳадаги илмий-текшириш ишларини ягона бир тизимга мужассамлаштириш атроф-муҳит химоясида узоқ муддатли барқарор ривожланишга эришиш учун мўлжалланган. Олижаноб мақсадлар билан чиройли бошланган бу фаолият, афсуски, ҳанузгача охирига етказилгани йўқ. Чамаси, маблағ танқислиги, айрим тўсиқ ёки сансоларлик каби сабаблар бунга имкон бермаётган бўлса керак.

1992 йилдан буён Нурота Давлат қўриқхонаси директори лавозимида ишлаб келаётган Қўчқор Қўрғонов табиат муҳофазаси, хусусан алқорлар ҳимояси бўйича яхши бир таклиф билдирди. Унинг айтишича, алқорлар кўпинча қўриқхона чегарасидан чиқиб, Самарқанд вилоятининг Пойариқ ва Қўшработ туманларига қарашли тоғлардаги кунгай томонларда ўтлар эканлар. Етти минг гектар атрофидаги қўриқланмайдиган бу ҳудудларда уларни ҳар ким бемалол овлайверади. Ушбу кўнгилсиз ҳолатга чек қўйишнинг ягона чораси – уни қўриқхона ихтиёрига ўтказишдир. Буларнинг ҳаммаси она-Табиатимиз ва унинг ноёб бойликларини асраб-авайлаш йўлидаги изланишлардир…

Умуман олганда, алқорларнинг ҳозирги аҳволи қандай? Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида алқорлар хаётидан тайёрланган буклетни табиат ҳимоячилари бизга тақдим этдилар. Ундаги суратларда бечора жониворлар юраклари така-пука, қаёққа қочишни билмай жонсарак. Яна бир тасвирда онаси зовга, боласи орқага тикилганча қотиб туришибди. Улар кутилмаганда гумбурлайдиган ўқ овозини кутмоқдалар. Бечора жониворлар аҳволини кўрган қалбида меҳри бор ҳар бир одамнинг кўнгли бузилади. Тасвирга олингандан кейин ўн-ўн беш йиллар ўтибди. Бу орада улардан ном-нишон қолдимикин?! Беихтиёр ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб: «Жайрон, нега кўзинг тўла ёш?!» сатрлари қулоқларимиз остида жаранглайди. Унга қўшимча қилиб: «Алқор, нега кўзинг тўла ёш?!» деб ҳайқиргимиз келади!.. Шу ўринда бир юпанчли ҳолат ҳам бор. Қўриқхона директорининг ишонч билан таъкидлашича, айни дамларда ҳудудда икки мингга яқин алқорлар яшамоқда. Қанийди, улар ўзларидан кўпайишиб, нафақат Нурота тизмалари, балки Бахмал, Зомин, Чотқол сингари тоғларимиз бағирларида ҳам эркин-эмин яйраб, бехавотир ёйилиб юрсалар!

Бошланишда тилга олганимиз — қорашақшақ каби паррандаю даррандаларни, ҳатто энг ҳуркак ва хушёр жониворлардан саналмиш алқорларни ҳам қаҳрли қиш пастликларга озуқа излаб тушишга мажбур этади. Улар одамлар кўмагидан аллақачон умидларини узганлар. Биз меҳрга зор бечораларни шафқат ва мурувват билан эмас, балки турли қуроллардан ёғилувчи ажал ёмғири билан кутиб олишга одатланиб қолганмиз!..

Нурота тизма тоғлари теварагидаги туман ва қишлоқлар аҳолиси бундай ёвузликлардан ҳоли эканига ишонгимиз келади. Уларнинг бағри кенглиги, жонзотларга меҳри борлиги учун Нурота бағрида ҳануз алқорлар жон сақлаб, яшаб юрибдилар. Қодир Аллоҳга яқин бандалар – авлиёлар макон топган жойлар ҳамиша тароватли ва барокотли бўлган. Нурота ҳам шундай улуғвор диёрлардан бири. Унинг бағридаги тирик жонларга озор бериш оғир гуноҳ саналади. Шу билан бирга, барчамиз очиқ тан олишимиз керак бўлган бир ҳақиқат ҳам бор. Яъни атроф-муҳит ҳимоясига доир эзгу тилак ва таклифлар ижроси қанча кечиктирилса, аянчли воқеалар шунча кўп содир бўлаверади. Бир мисол тариқасида айтсак, Нурота алқорларини ҳам, умуман табиатимиздаги бошқа кўплаб ноёб жонзотларни ҳам бора-бора мангуга йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас. Демак, табиат муҳофазаси хусусида иш олиб бораётган барча ташкилотлару инсонлар бир ёқадан бош чиқариб, Нурота Биосфера қўриқхонаси лойиҳаси каби ибратли ташаббусларни қўллаб-қувватлашлари ва охирига етказиш учун керакли барча чора-тадбирларни кўришлари лозим. Шу йўл орқали атроф-муҳит мухофазаси сохасида катта ва қувончли натижаларга эришишимиз мумкин.

 

ОЛАМ БАҒРИ БУТУН БЎЛСИН

Ҳаётда ҳеч ким рад эта олмайдиган ҳақиқат борки, унга барча баравар жон куйдиришга мажбур. Бу табиат муҳофазаси масласидир…

Ушбу муҳим ишга Мустақил Давлатимиз ўзининг илк қадамлариданоқ алоҳида эътибор билан ёндаша бошлаган эди. Жумладан, 1993 йил бошида Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги махсус Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат атроф муҳит мувозанатини сақлашда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг хуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб берди. Унда инсон ва табиат орасидаги муҳит мувозанатига путур етказмаслик қонун-қоидалари кафолатланган.

Орадан кўп ўтмай, 1993 йил октябр ойи бошларида Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Экология ва саломатлик икки йиллигини ўтказиш тўғрисида” Қарори эълон қилинди. Қарорда қайд этилгандек, Ер шарининг деярли барча минтақалари қаторида Марказий Осиё ҳам экологик ҳалокатлардан ҳоли эмас. Бу ҳол биргина Орол денгизи фожиасида яққол кўриниб турибди. Умуман олганда, Орол фожиасини бутун олам фожиаси дейиш мумкин. Зеро, табиатдаги ҳаёт ҳеч бир чегарани тан олмайди. Мисол тариқасида қушлар ҳаётини кузатадиган бўлсак, Ер шари улар учун бўлинмас макон эканлигини кўрамиз. Улар бутун ер юзини кезиб юришади, истаган жойларидан макон танлайдилар. Ёзилмаган бу қонун-қоидалар бошқа жониворларга, ҳатто ўсимлик оламига ҳам хос. Аллоҳнинг бу неъматлари олам бағрини тўлдириб, борлиқни яйратиб- яшнатиб, кўзларимизга қувонч, қалбларимизга қувват бахш этиб туради. Улар инқирозга юз тутган сайин олам бағри мунғайиб, ғариблашиб, ҳувиллаб боради.

Биз тенгилар эсимизни таниганимиздан буён ташвишли бир ҳолатнинг гувоҳимиз. Болалигимизда, яъни, олтмиш-олтмиш беш йиллар аввал табиат қўйнида узоқроққа ёлғиз боришга ҳайиқардик. Қалин чакалакзорлар бора-бора салобатли ўрмонга айланар, ҳар қадамда турли-туман ёввойи жонзотларга дуч келардик. Анҳору ариқ тугул, кичик жилғаларда ҳам ғиж-ғиж балиқ яшар, тайёр бу ўлжани кўпинча овламасдик ҳам. Ҳар куни балиқ еявериш барчанинг жонига тегиб кетгани туфайли яна ўлжа олиб келсак, даккига қолардик. “Ўзинг тозала, увол бўляпти-ку, бечоралар!”- дея опа-оналаримиз уришиб беришарди. Бу гаплар ҳозир чўпчакка ўхшайди. Чунки жилғаю анҳорлар бу ёқда турсин, ҳатто дарё ва кўлларда ҳам балиқларнинг барча турлари кескин камайиб бормоқда. Тоғларда-ку, онда-сонда тоғчумчуқлар йўлиқмаса, бошқа тирик жонларни кўриш амримаҳол бўлиб бормоқда. Тоғли ҳудудларни ўзларича тақсимлаб олган хусусий чорва эгалари ҳамма ёқда ҳукмрон. Марказлардан келадиган назоратчиларнинг кўнгилларини овлаб қайтариб юбориш улар учун ҳеч гап эмас. Шу ўринда, бунақа ташвишлар олдини олиш, табиатдаги ўпирилишларни тўхтатиш, қайта тиклаш учун қандай чора қўллаш керак, деган ҳақли савол туғилади. Айни дамларда қишлоқ жойларда, айниқса тоғли ҳудудларда ишсизлар сони кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бизнингча, тоғли ҳудудларни, ҳатто ариқ ва сойларни ҳам жонкуяр, дадил ва узоқни кўра билувчи одамларга маълум муддатларга муҳофаза учун топшириш мақсадга мувофиқ бўлса керак. Ушбу вазифани туманлар ҳокимликлари раҳбарлигида фуқаролар йиғинлари, маҳаллалар, назоратчи ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширишлари мумкин. Дастлаб жараён қийин кечиши табиий, талаб кучайтирилса, изчил тушунтириш ишлари олиб борилса, ҳаммаси изга тушиб кетиши муқаррар. Натижада кўплаб одамлар ишли бўлади, она-Табиат бора-бора албатта тикланади. Энг муҳими, қадимги гўзалликлар жонланиши қаторида моддий манфаатдорлик ортиб, бебаҳо табиий маҳсулотлар кўпаяди…

Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” китобида: «…олижаноб фазилатлардан бутунлай узоқ бўлиб яшайдиган, ҳаётнинг маъно-мазмунини ўзича талқин қиладиган шахслар оз эмас. Минг афсуски, улар ўзларини дунёнинг ҳақиқий эгасидек ҳис қилишга уринадилар. «Йўлини топибдими, қандини урсин», дейдиганлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди…» дея айтган кескин фикрлари табиат ҳимоясига ҳам айнан тааллуқлидир. Атроф-муҳит кушандалари ҳозирги «бемалолчилик»дан фойдаланишиб, кўнгиллари тусаган ҳар хил номаъқулчиликларга қўл урмоқдалар. Узун ташланган арқон албатта бир кун йиғиштириб олинади. Афсуски, бу орада она- Табиат озор чекаверади, йўл қўйилган йўқотишларнинг эса ўрнини қоплаш жараёни анча қийин кечади. Истеъмолимизда “сабру қаноат” деб аталмиш чиройли сўз бор. Сабру қаноатда яшаганлар албатта бир кун кўзлаган муродларига етадилар. Бироқ «сабру қаноат»ни табиат муҳофазасига унчалик қўллаб бўлмас экан. Бинобарин, бу борада қанча сабрли бўлсак, шунча кўп нарсаларни йўқотиб қўядиган кўринамиз…

Мен Айдаркўлда бир неча марта бўлганман. Зеро, унинг қадимгиси билан ҳозиргисини ўхшатиш мумкин эмас. Тоғларни тақсимлаганларидек, Айдаркўлни ҳам хозир «тўрчи»лар ўзаро бўлишиб олган эканлар. Шунга ўхшаш яна бир мисол айтамиз. Ўзбекистонда ягона Миллий боғ мақоми берилган ҳудуд барпо этилганида қалбларимиз қувончларга тўлган эди. «Энди жаҳондаги, айниқса Европадаги Миллий боғлар сингари ажойиб гўшалар вужудга келса керак», каби ширин хаёлларга ғарқ бўлганмиз. Ҳатто «Ўгом-Чотқол табиат Миллий боғида яқин келажакда табиат рисоладагидай тикланади, жаҳон туризмининг нуфузли бир бўстони барпо этилади, табиатнинг турли-туман жонзотлари атрофимизда яйраб-кезиб юрадилар!» дея матбуотларда чиқишлар қилганмиз. Миллий боғ фаолиятини номига муносиб даржага кўтариш учун бошданоқ ҳамма шарт-шароитлар яратилган, етарли маблағлар ажратилагн эди. Ҳатто 2000 йил март ойи бошида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Чимён-Чорвоқ зонаси табиий бойликларини сақлаш ҳамда ҳудудни ўзлаштиришга комплекс ва изчиллик билан ёндашишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарор ҳам қабул қилинган эди. Буларнинг бари Миллий боғ фаолиятида тубдан ижобий бурилиш ясаш учун кенг йўл очмайдими? Тўғри, ушбу Миллий боғ фаолиятига боғлиқ бир хушхабар тарқалди: Бўстонлиқ туманидаги олис Пском қишлоғида Пском дарёси устига замонавий кўприк қуриб битказилибди. Демакки, бу ҳудудда атроф-муҳит мувозанатини тиклаш ва сақлаш учун яна бир қадам қўйилибди. Шояд, иш шундай давом эттирилиб, Миллий боғ яқин йилларда ҳақиқий мақомига эга бўлса!…

Ёшлар келажагимиз, она-Табиатнинг бағри бутунлиги биринчи навбатда улар учун керак! Шу нуқтаи назардан олиб қараганда бир таклиф туғилади: табиат муҳофазасига оид мавзуларни барча билим дагоҳларида асосий фанлар қаторида ўқитиш ва тингловчиларни жиддий имтиҳонлардан ўтказиш вақти келдимикин? Ушбу муҳим масалалар ижроси биринчи навбатда Табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, экологик жараён билан шуғулланаётган депутатлар, қолаверса, ҳаммамизнинг зиммамизга тушади. Мақсад битта: бутун олам бағри тўкис бўлмоғи лозим. Ўзини четга олишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

“Гулистон” журнали,

2010 йил 6-сон.