Аҳмад Отабой. Сокин дарё мавжлари (2009)

Қадим-қадим замонлардан бери поэзияда ҳеч нарса ўзгармагандек — бу азим дарё ўз ўзанларида минг йиллар бурун қандай оққан бўлса, бугун ҳам шу зайл азалий йўлидан сокин, равон ва минг бир жилва билан кетиб бораётгандек. Ҳар қайси замон кишилари кўзига у ҳар хил кўринади: янгилангандек, ўзини ўзи ислоҳ этгандек, гоҳ тошиб, гоҳ саёз тортгандек… Бироқ бу унинг ўзгариб қолганидан эмас, балки янги авлод кўзига янгилангандек тиниқиб, ўзгача тароват касб этгандек бўлиб кўринганидан; ҳар қайси авлод унда ўзини кўрганидан, кўриб ўзини таниганидан, «ўз даврининг шоири, ўз даврининг шеърияти»дан завқланганидан. Вазну туроқ, ритм ва оҳанги янгилангани билан ҳаётнинг бу Мангу Қўшиғининг фақат ижроси замонавийлашгандек. Аслида эса, тириклик ва йўқлик, хаос ва космос, муҳаббат ва нафрат каби ҳаммаси аслича: умумий универсал қонун-қоидалар, мангу тартиблар ўзгармаган. Чунончи, қадим юнон донишманди Арастунинг қуйидаги эътирофи бугун ҳам эътирозга ўрин қолдирмайди:
«Модомики, шоир (мусаввир ёки бошқа тасвирловчилар сингари) ҳаётни акс эттирар экан, демак у муқаррар равишда қуйидаги уч нарсадан бирини: ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича; ё одамлар айтаётган ва тасаввур қилганича; ё ҳаётнинг қандай бўлиши кераклигини тасвирлаши лозим бўлади».
Бу таъриф, ифода тарзининг оддийлиги боис, бир қадар «эскирган»дек туюлса-да, теранлиги билан илк битиклардан постмодернгача — кўплаб услублар, усуллар, йўналиш ва оқимларни қамраб олади ҳамда уларнинг туб моҳиятини белгилайди. Демак, ҳаётни айнан, ё тасаввурдагидек, ёхуд аслида қандай бўлиши лозим бўлса ўшандай тасвирлаш асрлар мобайнида шоирларни бирдай қизиқтириб келди. Мавзуларда ҳам ўзгариш бўлгани йўқ. Масалан, муҳаббатдек эски нарсани ҳар бир даврнинг шоирлари янгича куйлашга — боқий мавзудаги қўшиғини ўз замони созига солиб айтишга уринди. Юнон донишманди айтмоқчи, улар бу нарсаларга ё оддий тил билан, ё ноёб, ё кўчма маъноли сўзлар билан эришдилар.
Замонавий ўзбек поэзиясида бунинг турли-туман услублардаги тасдиғини топиш мумкин. Бироқ анъанавий деб таърифланадиган бармоқ вазнидаги, синалган бадиий воситаларга асосланган шеърият ўтган аср адабиётимизнинг қиёфаси ва мазмун-моҳиятини белгилади; бугунги кунда ҳам бу хусусиятлар ўзбек шеъриятида етакчи мавқега эга.
Ана шу йўналишнинг кўзга кўринган вакилларидан бири таниқли шоир Саъдулла Ҳаким.
«Қудуқдан тўкилган нур» номли бадеасида шоир болалигида кечирган бир ҳолатни баён этади: «…Қаттиқ иситмалаб ётиб қолдим. Кечалари тубсиз қудуққа шўнғиб кетардим. У жуда чуқур эди… Тушимда қудуқ тўнкарилиб қолди. У жуда баланд эди. Тубидан хира майин сарғиш нур тўкилиб турарди. Ўшанда 12 ёшда эдим…
Мен ўшанда илк бор шеър ёзганман».
Ўсмирнинг кўнглига инган нур — Яратганнинг инояти, кўнглини сўзлатишга берган имкони. Илк бор ёзилган шеър — тушида кўргани қандай бўлса шундайлигича — оддий, содда. Ўсмирнинг адабиёт ўқитувчиси эса бу «илк шеър»ни таҳрир қилиб беради: «Тўнкарилган қудуқ» — «Суви тиниқ қудуқ»қа, «Тўнкарилган осмон» — «Мовий-мовий осмон»га айлантирилади. «Зиндонбанд — инсон!» эса «Зиёбон инсон!», дея ўзгартирилади.
Қизиқ, ўсмир тушган ҳолат, тушида кўргани, ўнгида шеър ёзгани ва уни адабиёт ўқитувчиси «ажабтовур» таҳрир қилгани — буларнинг барида ғаройиб бир рамзийлик бордек. Негадир менга боланинг туши рост, ёзган шеъри ростгўйлик, ўқитувчининг таҳрири эса бу беғуборликни бежашга уриниб чапланган бўёқдай туюлади. Муаллим Ҳаётга ўхшайди, унинг талабчан, қаттиқ қўли кўрганларимизни аслида қандай бўлса шундайлигича ёзганимизни қабул қилмайди, таҳрир қилади, ранг беради, жило беради, ўзига, ўз дидига мослайди. «Мен шундан кейин кўп йиллар (эҳ-ҳ, аттанг!) тиниқ, мовий, ёруғ, силлиқ шеърлар машқ қилиб юрдим», деб ёзади шоир.
Ёруғ, силлиқ шеърлари унинг ўқувчилик пайти тутган машқ дафтарларида қолиб кетди. Илк тўплами «Ҳамал тонглари»га оламни идрок этишга чоғланган талантли қаламкашнинг самимий дил рози — жозибали образларга, табиатга тақлид қилиб чизилган ва теран фикрлар юкланган манзараларга, таъсирчан ибораларга бой ўзига хос услуби намоён бўлди. Бу услуб шоирнинг кейинги тўпламларида — «Сен кутган баҳор», «Ёз оқшоми», «Она сўз»да ўзининг такомил босқичига кўтарилди. «Сайланма»си ва «Кўнгил юзи» китобида фикр ва туйғунинг ўзига хос уйғунлигидан юзага келган, мушоҳадага бой, фикрий теранлик ва кучли ҳиссиётга йўғрилган лирикага гувоҳ бўламиз. Бу лирика ўзининг самимий ва ростгўйлиги билангина эмас, балки ҳаётийлиги ва тантилиги, фалсафий ҳукм-хулосалари — поэтик мазмуннинг чуқурлиги, ифода тарзининг замонавийлиги ва жозибаси билан ўзига тортади. Ва яна бир жиҳати — Саъдулла Ҳаким шеърларида тирикликнинг қай бир мушкулотлари, одам табиатига хос қанақа фазилат ёки қусур, муаммо тилга олинмасин, ҳар доим вазминлик, мулоҳазакорлик поэтик талқинда етакчи хусусият сифатида сақланади. Фавқулодда кескин, қатъи баҳолар, исёнкорона оҳанг унинг лирикасига бегона. Ҳар қандай ҳодиса, ҳолат талқинида табиатдан қиёс келтирилади ва шу орқали поэтик мушоҳадаларга универсал мазмун юкланади. У қатъий рад этмайди, балки муҳокамага имкон яратади, қизишиб ҳукм чиқармайди, аксинча, ҳодиса ёки ҳолатнинг азалий моҳиятига ишора қилади. Унинг ишораси ўқувчини мулоҳазага чорлайди, демак, таъсир қилади. Таъсирчанликка эса шоир тиниқ тасвирлар, гўзал манзаралар, барчага бирдай таниш қиёслар, тимсоллар, ўхшатиш ва сифатлашлар орқали эришади.

Тола қочса чийирдан қил арқон ҳам узилгай,
Қуроқ сўзлар қовушса минг бир ҳикмат тузулгай.
Осмонлигим шоҳи жон сенинг заминлигингдан,
Дур бўлса ҳам тақинчоқ оддий ипга чизилгай.

Шоирнинг «Кўнгил юзи» китобига кирган «Кўзмунчоқ» туркуми юқоридаги каби тўртликлардан таркиб топган. Бу тўртликлар осон ўқилади ва қийинчиликсиз идрок этилади. Шоир илк мисраларда бизга қандайдир хулосани ваъда қилади ва бу билан бизнинг кайфиятимизни, ҳолатимизни ўша хулосага «созлайди». Айтиш жоизки, илк мисраларда шоир ва шеърхон ўртасида кўприк солинади. Коммуникатив вазифани бажарган мисралардан сўнг биз кутган хулоса келади. Ва, албатта, бу кутилган хулоса биз кутмаган тарзда ифодаланади. (Акс ҳолда бу жўн хабардан фарқ қилмасди.) Мана шу кутилмаган поэтик ифода — кутилган хулоса (хабар, янгилик) Саъдулла Ҳакимнинг тўртликларида, шеърларида ҳам таъсирчанлик эффектини яратади. Акс ҳолда, бу мисралар ҳикмат эмас, оддий мушоҳадага, жўн хабарга айланиб қоларди.

Болалик. Кўпкари. Эсимдан чиқмас,
Чоллардан бирининг айтган сўзлари:
— От минган ҳар киши чавандоз бўлмас,
Анди эмас эшак минганнинг бари!

«Болалик. Кўпкари…», «Болаликда партадош дўстим…», умуман, болаликнинг дунёсидан олиб ўтилган таассуротлар, ширин ва аччиқ хотиралар шоирнинг бебаҳо бисотидек. Унинг шеърларидаги ифтихор туйғулари, инсоний фазилатлар тараннуми ана шу бисотдан куч олади. Тоғдаги қишлоғи, ҳамқишлоқлари — гарашаликлар билан ғурурланганда шоир мисралари шарқироқ сойдай жарангдор янграйди. Чунки унинг ишончи барқарор: «Гарашалик, агар иши кетса ҳам чап, Оқ сут берган онасини кетмас ташлаб».
Ғурур туйғуси болаликда тарбия топади. Ота-она, ака, опаси, маҳалласи, қишлоғи билан ғурурланганда боланинг кўнгли ўсади. Бу туйғу гўзалликни ҳис этишнинг илк босқичи сифатида тарбия топиб миллий ифтихоргача ўсиб улғаяди. Саъдулла Ҳаким шеърларида мана шу жараённи — бевосита шоир лирик қаҳрамонининг қалб диалектикасини кузатиш мумкин. «От ҳурмати», «Ҳамдардлик», «Боболар ўгити», «Бизнинг эллар» шеърлари шоир лирикасидаги пафоснинг манбаига аниқ ишора қилади; булар: ўзбекчилик, яъни миллий қадриятлар — ор-номус, жонфидолик, одамгарчилик, меҳр, вафо, мардлик-мардоналикдек маънавий-интеллектуал устунлар.
Ғурурдан ўсиб камол топган, кенг миқёс касб этган миллий ифтихор туйғулари шоирнинг Истиқлол давридаги Ватан мавзусига бағишланган манзумаларида баралла куйланади. Ҳуррият замони шукуҳини таъриф-тавсиф этган бутун бир туркум («Истиқлол қасидаси», «Эҳтиром», «Ўзбекистон туғроси», «Фахрия», «Янги замон шукуҳи», «Ватан фахри» ва бошқа шеърлар) миллатнинг ўзини англаши, ўзини қадрлаши, миллий ифтихор туйғусини камол топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга қўшилган муносиб ҳисса сифатида баҳоланиши жоиз. Зеро, миллатнинг ўзлигини англаши ва жаҳонда ўзлигини намоён этиши ўз юрти, аждодлари, ўтмиши ва бугуни билан фахрланиш туйғусидан куч олади. Бу туйғуни тарбиялайдиган воситалар орасида ижодкорнинг сўзи етакчи мавқеда туради. Шу маънода, Саъдулла Ҳаким лирикасида Ватан ва Истиқлол етакчи мавзулар сифатида намоён бўлади.
Она юрт табиати, иқлими, жуғрофияси, набобат олами шоирнинг деярли ҳар бир шеърида иштирок этади. Таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек, «Унинг шеърлари, ёзганларини ўқиганда Гарашанинг тоғлари, тоғ этакларига хос тоғ руҳи, фасонаси акс этиб турадиган, содда бўлса ҳам, лойсувоқ бўлса ҳам, кўркам уйли хонадонларга кириб боргандек бўласиз».
Шоирнинг лирик қаҳрамони ҳолати, эҳтироси, драмаси ёхуд завқ-шавқи бутун бир табиат ҳодисаси, манзараси тарзида тасвирланган шеърларида у ўзининг фалсафий мушоҳадаларини авж нуқтага кўтариб ифодалайди. Бундай шеърларда табиат ва унинг унсурлари жонлантириш, сифатлаш, қиёслаш воситаси эмас, балки яхлит мавжудлик сифатида намоён бўлади. Ранглар, ҳаракат ва турфа оҳанг уйғунлиги тирикликни, ҳаётнинг боқийлигини таъкидлаётган симфониядек жаранглайди.

Туёқ излари ёмғир сувига тўлди,
Ўтлоққа тўкилди ой синиқлари.
Толғин тонгга қадар давомли бўлди
Айғиру биянинг хуш қилиқлари.

Ҳаво бўйсара қиз лабидек ширин,
Ҳаловат ёйилди борлиққа сокит.
Бостирма ёнида юлқиб занжирин
Ойга хониш қилди баҳайбат бир ит…

Ёмғирнинг поклантирувчи суви, ўт-ўланларда ялтираб ётган ой шуъласининг жилвалари, муаттар ҳаво — булар бари ғоятда табиий ва бор жозибаси билан киши руҳиятига кўчади. Беихтиёр тирикликка, борлиққа шукроналар айтасиз, табиатнинг сирли ва яшашга, яшаришга даъваткор қудратини ҳис этасиз. Ёмғир сувига руҳингиз чўмилгандек, дилда кину ғуборлар аригандек ўзингизда улкан бир рағбат сезасиз…
Саъдулла Ҳакимнинг табиат ва инсон, борлиқ ва руҳият, манзара ва кайфиятнинг яхлитлиги, уйғунлигини тараннум этган бу каби шеърларида мен шоир лирикасининг энг авж пардаларини кўраман, эшитаман. Унинг ҳаётий фалсафаларни, маънавий-ахлоқий мантиқларни узукдаги кўздек нозик ва жозибали тарзда ифодалаган тўртликлари, шеърларидан фарқли ўлароқ, олам бутунлиги ва шу бутунлик ичидаги муқаддас боғлиқликни бирор-бир фасл, табиат ҳодисаси ёхуд ҳолати тасвирига кўчирган шеърлари икки муҳим хусусияти билан алоҳида ажралиб туради: биринчидан, бу туркум шеърларда сиртдан сокин табиатнинг ички шиддати, динамикаси, иккинчидан, тасвирга сингдирилган сурур ва ҳаётий, инсоний завқ-шавқ. Шоир саратон тонги манзарасини ҳаракатда кўрсатаркан («Саратон» шеъри), қатор келган тиниқ лавҳаларда («Кўк гумбази гўё улкан сариқ том», «Тошлар сув остида балиқдай сузар», «Кетмон соясида мудрайди ғайрат») тириклик шавқининг барқарорлигини бадиий далиллайди ва саратон қуёшининг «қаҳрабо томчилари» «нафис ётоқларга тўкилиши» орқали борлиқнинг нашъу намосини қуйидаги мисраларга муҳрлайди:

…Ер қизи таратиб мушку анбарлар
Эриниб уйғонар.
Малоҳат билан
Қўш ёмбига ёпар ипак сийнабанд
Ва бир жуфт зарғалдоқ қуёш томчисин
Аста тақиб қўяр қулоқларига…

Саъдулла Ҳаким тириклик қувватини, ҳаёт сурурини мисралар қатига сингдиради, поэтик ибораларга, айни табиатнинг ўзидан олган манзара, лавҳаларга жойлайди. Шу боис, унинг шеърияти, сиртдан қараганда, сокин, равон оқаётган дарёдек туюлади. Бу дарёнинг ички шиддатини, тўлғоқларини қуёш нурларига беланган сержилва мавжлари ошкор этиб туради. Ҳали бу дарёнинг руҳга рағбат, ҳаётга иштиёқ, идрокка теранлик бахшида этадиган сеҳру таровати кўп дилларни гўзаллик, нафосат оламига ошно қилади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 30-сонидан олинди.