Бойбўта Дўстқораев. Ваннайчахоннинг дарди ёхуд Чўлпоншуносликдаги айрим муаммолар хусусида (2009)

Севимли газетамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” саҳифаларида(2008 йил, 3 октябр ва 28 ноябр, 2009 йил 10 апрел ва 26 июн) адабиётшунослар — Наим Каримов ва Баҳодир Каримнинг Чўлпоннинг айрим шеърлари юзасидан ўзаро фикр алмашишлари буюк адиб фаолияти юзасидан муайян мулоҳазалар уйғотгани билан ҳам аҳамиятли бўлди. Шундай бўлиши табиий эди. Зотан, Чўлпондек атоқли сиймо ҳар куни дунёга келавермайди ва бундай буюк шахс ҳар қандай миллатнинг ҳам пешонасига битавермайди. Шу боис, ўз даврида ўзбек миллатининг эрки, озодлиги учун кураш рамзига айланган бу буюк инсонга алоқаси бор ҳар қандай ҳодиса, ҳар бир ашё биз учун қадрли ва аҳамиятли бўлиши шубҳасиздир.

Энг аввало, “ЎзАС”даги олимларнинг фикрлари бир қанча саволларга жавоб беришни тақозо этганини таъкидлаш зарур. Чунончи, Чўлпон шеърлари бадиий маҳорат нуқтаи назаридан бир хил эмаслигининг боиси нимада? Атоқли шоир шеърларининг кўпларини муҳиблари ёдлаб олишгани бор гап, бу борада мемуар адабиётимизда далиллар етарли даражада мавжуд. Босилмаган, аммо хотиралар орқали бизгача етиб келган айрим шеърларни бугун, шоир вафотидан сўнг етмиш йилдан зиёдроқ вақт ўтгандан кейин, “уники” дея олиш учун асосий мезон, ишончли далил нима бўла олиши мумкин? Умуман олганда, Чўлпоннинг айрим шеърлари ҳақида ҳали-ҳамон турли-туман тахмин, фаразлар мавжудлигининг сабаби не? Бизнингча, чўлпоншунослик мана шу саволларга ҳам жавоб изласа, у янада тиниқлаша борган бўлади. Камина ҳам Чўлпон ижоди билан бир оз бўлса-да, шуғулланиб келаётганим учун ушбу саволларга баҳоли қудрат жавоб беришга уриниб кўрсам…
Чўлпон шеърлари бадиий маҳорат нуқтаи назаридан бир хил эмаслигининг боиси, бизнингча, ижодий фаолиятининг кўп қирралилиги билан боғлиқ. Унинг мумтоз шеърлар намунасига айланиб улгурган асарлари, образли қилиб айтганда, илҳом парисининг қанотида учган шоир Чўлпон томонидан ёзилган. Булар: “Гўзал”, “Сирлардан”, «Бинафша», «Пўртана», “Қаландар ишқи” каби шеърлар. Бошқалари эса, турли газеталарга мухбирлик фаолияти давомида ёзган катта-кичик хабар ва корреспонденцияларига, жиддий ва ҳажвий мақолаларига, халқаро мавзудаги шарҳларига “қўшимча” тарзда битилган назмий иловалардир. Аниқроғи, публицистик руҳдаги шеърлардир. Бундай асарлар “публицист-шоир Қаландар” ижодининг маҳсули. (“Қаландар” Чўлпоннинг аксари публицистик руҳдаги) асарларига қўядиган имзоси). Бу хил шеърларининг кўпларини шоир ҳаётлиги пайтида нашр эттирган тўпламларига киритмаган. “Ҳадрада улоқ”, “Икки бош, бир тана”, “Лузон”, “Эътироф”, “Чопон ва паранжи” кабилар шундайлар сирасига киради. Бу ҳодисани қандай баҳолаш керак? Бизнингча, ижобий. Негаки, барча буюк ижодкорлар содир бўлган сиёсий-ижтимоий воқеаларга ўз даврининг, муайян халқ ёки миллатнинг фарзанди сифатида муносабат билдирганлар. Бундай муносабат уларнинг фаол гражданлик нуқтаи назарининг ифодаси ҳисобланган. Шуниси ҳам борки, Чўлпон шеъриятига хос бундай ҳол ўз давридаёқ турли талқинларга сабаб бўлган. Биргина мисол. Чўлпонни шўро мафкураси нуқтаи назаридан илк танқидни, аниқроғи, “ур-йиқит” сиёсатини Айн(Олим Шарафиддинов: 1903 —1943) “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1927 йил 14 февралдаги сонида чоп қилинган “Ўзбек шоирлари: Чўлпон” мақоласи билан бошлаб берганди. (Изоҳ: 1922 йили “Ўзбек ёш шоирлари” номли 104 саҳифали шеърлар тўплами нашр этилган бўлиб, ундан Фитрат, Чўлпон, Боту ва Элбек шеърлари жой олганди. Мунаққидлар ўз даврида мазкур тўплам, унга киритилган шеърлар ҳақида тақризлар, мақолалар эълон қилишган. Ана шу жараёнда “ўзбек ёш шоирлари”/ёки “ўзбек шоирлари”/ ибораси аксари ҳолларда сарлавҳага олиб чиқилган. Айн мақоласи сарлавҳасининг биринчи қисмида шу анъана кўринади.) Айн мақоласида Чўлпон шеърлари мафкура жиҳатидан шўроларники — пролетариатники эмас, унда бадбин зиёлилар мафкураси акс этган, демак, у ўшаларнинг шоири деган фикрни илгари суриб, шоирни кескин танқид қилганди. (Шўролар даврида муайян адибни пролетариат ижодкори эмас, асарларида бадбин зиёлиларнинг, бошқача айтганда, янги тузумга душман табақанинг мафкураси акс этган, дейиш охири бахайр тугамайдиган ҳукм чиқариш билан баробар эди.) Айн мақоласида ифодаланган бу қадар шафқатсиз ёндашувга ўша пайтда ёш шоир бўлган Ойбек эътироз билдириб, “Чўлпон. Шоирни қандай текшириш керак?” деган методологик характердаги мақола билан чиқади(“Қизил Ўзбекистон”, 1927 йил, 17 май). Шундан сўнг баҳс бошланиб, Айннинг Чўлпонга нисбатан нуқтаи назарини қувватлаб, Ойбек фикрларига қарши Усмонхон Эшонхўжаев(1898 — 1938) “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1927 йил 22, 23 ва 27 июн сонларида “Мунаққиднинг мунаққиди” сарлавҳали мақоласини эълон қилган. У Чўлпон шеърларида “шўроларга душман табақа мафкураси акс этганлигини” қувватлабгина қолмай, унда чинакам шоирлик истеъдоди ҳам йўқ, деган ҳукмни айтишгача борган. У ўз фикрини исботлаш учун Чўлпоннинг “Мен шоирми?” деган шеъридан “ўзига керакли мисраларни” далил сифатида келтиради. Айни пайтда, у шоир Чўлпонда “собитқадамлик йўқлиги»ни, яъни бадиий маҳоратига кўра бир хил шеърлар ёзмаслигини ҳам кўрсатмоқчи бўлган. “Чўлпонда, — деб ёзади у, — собит йўқлиғини унинг “Икки бош, бир тана” шеъри яхшироқ кўрсатади. Мисол учун, мана бу сўзлар Чўлпонники деса ким ишонади?

Мақсад — олтун,
Олтун — қонун.
Ҳақиқат — ўт,
Ҳуқуқ — тўп, пулемёт!”

Бу шеър ўз даврида халқаро аҳвол вазияти таъсирида ёзилган публицистик руҳдаги, яъни фашизм ва пацифизмнинг (Европада умумий яраш тарафдорлиги шиорини илгари сурган маслакнинг) бир танадан ўсиб чиққан иккита бош эканлиги ҳақидаги асар. Шу боис, уни Чўлпоннинг юксак бадииятли шеърлари билан тенг қўйиб бўлмайди.
Чўлпон табиатан бадиҳагўй шоир бўлгани учун ўрни келганда ҳар қандай воқеа-ҳодисани шеърга солиб ифодалаган. Истеъдодли санъаткорларга митти шеърлар бағишлаб, ҳадя этган. Бунга ХХ асрнинг 20 — 30-йилларида шўроларнинг моҳир фельетончиси ҳисобланган Комил Алиев(1905 — 1939) ёзганларидан бир мисол келтириш мумкин. У шўроларнинг мафкуравий мухолифи бўлган Чўлпонни “фош” этиш мақсадида ёзган “Ақлли жинни” сарлавҳали фельетонида шоир айрим совет муассасалари раҳбарларининг хонаси (қабули)да бўлганида турли-туман қоғозларга аксилшўровий руҳдаги шеърий парчалар қолдириб кетади, деган фикрининг исботи тариқасида қуйидаги фактни келтиради: «У «Эпоха»(давр) попирус қутисиға мана бу шеърни ёзиб:

Бундай эпохани чекиб тугатинг,
Куллари кўкларга соврилиб кетсин!
Энди бу бечора одам боласи
Оловсиз, тутунсиз кунларга етсин! —

дейиши билан «камбағаллар даври — биз, бойлар, майда буржуазия лаганбардорлари, мафкурачиларини ёндирди. Бу даврнинг (меҳнаткашлар даврининг) кули кўка соврилиб, ер билан яксон бўлсин», деб қичқиради», деган хулоса чиқаради(«Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1927 йил, 12 октябр). Чўлпон шўролар ҳокимиятининг «пахта мустақиллиги» учун кураш сиёсати ўзбек деҳқони бошига қандай машаққатлар келтираётганини ифодалаб, ўтган асрнинг 20-йиллари охирида «Пахтажан, пахта…» мисраси билан бошланадиган тўртлик ёзган. Бу тўртлик ҳам шоирнинг шу хилдаги кайфияти маҳсулидир. Шоир Чўлпоннинг кайфиятини эса, ўтган асрнинг 20-йилларида миллий истиқлол курашида фаол қатнашган шоир Олтой(Боис Қориев: 1903 — 1977)нинг шўро махсус идораси ходимларига 1930 йил 10 ноябрда берган терговида айтган гаплари муайян даражада ойдинлаштиради. «Айтиш керакки, — дейди Олтой, — мен 1924 йилдан бошлаб матбуотда Чўлпонга қарши мақолалар билан чиққанман. Чўлпон билан учрашиб қолганимизда, у менинг чиқишларимга муносабат билдириб, «Менинг асарларимни халқ севади, уни жуда яхши кутиб олади», дерди ва шеърларининг юксак бадиийлиги у илгари сурадиган ғоялар билан чамбарчас боғлиқлигини айтиб, бизнинг инқилобий ғояларимизга хайрихоҳ эмаслигини, бу ғояларни у бадиий шаклга солиш мумкину, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмаслигини яхши биламан, «Сизларнинг асарларингизни ҳеч ким ўқимайди, шўро воқелигини юксак бадиий шаклга солиш мумкин эмас», деганди». Албатта, бу гапларни Олтой қандай ҳолатда айтганини эътибордан соқит қилиш мумкин эмас. Шундай бўлса-да, мазкур фактда муайян ҳақиқат ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди.
“Қора кийган қизил тўй” фелъетонида эса, Комил Алиев Чўлпоннинг ўзи ёзган аксилшўровий шеърларини маслакдошлари орасида қандай тарғиб қилгани ҳақида эҳтиросли фикр юритади. Фельетон Ўзбек давлат драмтеатри актёри, асли андижонлик Исҳоққори Каримовнинг 1928 йилнинг июн ойида бўлган тўйи муносабати билан йиғилган аксилшўровий издиҳомга бағишланган. (Исҳоққори Каримов миллий истиқлол курашидаги иштироки учун 1929 йили шўро махсус хизмати ходимлари томонидан Мунавварқори, Салимхон Тиллахоновлар гуруҳи билан қамоққа олинган, Сталин қирғинқатағони қурбони.) Тўй кунлари алоҳида даврадагиларга шоир Чўлпон шўро мафкурачилари нуқтаи назарида “аксилшўровий, миллатчилик руҳидаги шеърлар” ҳисобланган парчаларини ўқиган. Буни фельетончи қуйидагича тасвирлайди: “Халқ тарқала бошлағон эдики, Чўлпон тўрдағи айвонға чиқиб, парёстиқни энгагига босиб, мозийсидаги қора тарихнинг кирлик саҳифаларини бирин-кетин варақлаб чиқди. Атрофини қуршаб олғон “ўнлар тўдаси”ни бир қатор бошдан-оёқ кузатиб чиқиб, ўзининг бу парчасини баланд овоз билан ўқий бошлади:

… Эй, совуқ эллардан
муз кийиб келганлар,
У қўпол товшингиз
қирларда йўқ бўлсин.
Эй, менинг боғимдан
мевамни терганлар
У қора бошингиз
ерларга кўмилсин…”.

Мазкур шеърга таҳририят ёки муаллиф томониданлиги кўрсатилмаган ҳолда қуйидагича изоҳ берилган: “Чўлпоннинг бу “Хазон” сарлавҳасидаги парчаси русларга қарши айтилган ва матбуотка чиқмаган бўлиб, бу парча ҳозир ҳам Чўлпоннинг муҳиблари оғзида достон бўлиб юради”(“Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1928 йил, 27 июл). Қизиғи шундаки, мазкур изоҳдаги “матбуотка чиқмаган” дейилгани тўғри эмас. Бу шеър мазкур тўйдан беш йил муқаддам “Фарғона” газетасининг 1923 йил, 16 ноябр сонида босилган. Бундан шундай хулоса ҳам чиқарса бўлади: Чўлпоннинг ўз даврида талайгина шеърлари муҳибларининг оғзида юрган, шу боис, уларнинг қайси бири матбуотда эълон қилингану, қайсилари эълон қилинмаганини эслаш қийин бўлган.
Чўлпон андижонлик бўлгани ҳолда, шароит тақозоси билан Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Москва каби шаҳарларда яшаган. Баъзиларида танишларининг уйида, айримларида эса ижарада турган. Шоир Чўлпон ҳам кўпчилик ижодкорларда учрайдиган паришонхотирликдан холи бўлмаган. “Туркистон” газетасининг 1923 йил 12 апрел сонида унинг шундай эълони босилган: “Яқинда менинг бир дафтарчам(тетрадь) йўқолди. Қоғоз муқовалиқ ул дафтарчага сўнг вақтда ёзғон шеърларимни йиғиб, кўчирган эдим. Агар янгилишмасам, у дафтарчада “Ўйнамоқ ва кулмак истар экан”, “Қиш олдида”, “Қушнинг эсдалиги”, “Нома”, “Қора рўмоллиққа”, “Эчки уйнатувчи қизға” номлиқ шеърларим бор эди. Шуни кўрган-билган ўртоқлар бўлса, ўзимга қайтармоқларини сўрайман. Шунинг йўқлиғи иккинчи шеър мажмуамнинг чиқмаслиғиға сабаб бўлуб турадир”.
Бизнингча, буларни хотира асосида тиклаш мумкин бўлмаган шекилли, мазкур шеърлар шоирнинг иккинчи тўплами “Тонг сирлари”га кирмаган. (Тўғри, тўпламдан “Қиш олдида” деган шеъри жой олган. Бу шеър йўқолган дафтардагими ёки бошқатдан ёзилганми, ҳозир аниқлаш мушкул.) Хулоса шуки, Чўлпон турли шаҳарларда яшаган уйларда унинг айрим шеърлари фаромуш бўлиб қолиб кетмаганмикан? Халқимиз Қуръони карим хати бўлган араб ёзувида битилган бир парча қоғозни ҳам азалдан ташлаб юбормасликка, эҳтиётлаб бир четга қўйишга ҳаракат қилган. Чўлпоннинг турли шаҳарларда кимнинг уйида ёки қандай бинода яшаганини аниқласа бўлади. Яқинда профессор. Н. Каримов “Икки халқ адиби” сарлавҳали мақоласида(“ЎзАС”, 2009 йил, 9 октябр) самарқандлик зуллисонайн ижодкор Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ҳақида ёзаркан, адиб яшаган уй ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида таъмирланаётганда эски жомадон ичидан 200 дона дафтар топилганини, улар ёзувчининг турли йиллари ёзилган бадиий асарлари эканлигидан хабар берганди. Маълумки, Чўлпон ҳам 1927 йили мана шу хонадонда бирмунча вақт яшаган(унгача Мирзо Қўқонбойнинг қўшниси бўлган Абдулаҳад Маъруфжоновнинг ташқарисида ижарада турган). Ким билади дейсиз, “Лаби ҳовуз” мавзеида бўлган бу ҳовлиларнинг қай бир бурчагидан шоирнинг ҳам ҳозиргача номаълум қолаётган қайсидир асари “лоп” этиб чиқиб қолса ажабмас, умидли дунё!
Чўлпоннинг шеърлари ҳақида ҳали-ҳамон турли мулоҳазалар, фаразлар мавжудлигининг асосий сабаби шоир шўро мафкурачилари томонидан 1927 йилдан бошлаб муттасил тазйиқ остида бўлгани учун матбуотдан унинг асарлари учун ўрин берилмаган. Шу боис талайгина шеърлари халқ орасига оғзаки шаклда тарқалган. Иккинчи сабаб, Чўлпоннинг баъзи насрий достонлари, драмалари, хусусан, мелодрамалари халқ оғзаки ижодидан баҳра олган ҳолда ёзилган. Улардаги айрим парчаларни шоирники ёки халқники дейиш учун синчиклаб тадқиқ этиш зарур. Биргина мисол. “Туркистон” газетасининг 1922 йил 23-сонида Чўлпоннинг “Ўктабир қизи” сарлавҳали насрий достони эълон қилинган. Достон эндигина навниҳол сингари қад ростлаётган, халқ орасида “Ваннайча” деган ном олган ашулачи қизнинг ёвузларча ўлдирилиши муносабати билан ёзилган. Унда қуйидаги тўртлик келтирилади:

Ҳаводаги бўз тўрғай,
Бўзламасанг не бўлғай?
Ваннайчахон дардини
Сўзламасанг не бўлғай?

Бу тўртлик кимга мансуб: халқ ижодигами, муаллифгами? Зеҳн солиб қаралмаса, тадқиқотчи адашади. Мазкур тўртликнинг халқ томонидан тўқилгани шубҳасиз. Зеро, унда Култегин ёдномаларидаёқ учрайдиган халқона йўқлов(марсия) акс этиб турибди. Шоир уни ўз асарига моҳирона “пайванд” қилиб юборган. Негаки, Ваннайча халқ қизи эди, халқ унга атаб юракларни эзиб юборадиган йўқлов ҳам битган демоқчи. Демак, Чўлпоннинг бу хилдаги асарларини ҳам ниҳоятда диққат билан текширмоқ, тадқиқ этмоқ талаб қилинади.
Энди асосий масала — матбуотда босилмаган, аммо шоирнинг муҳибларидан ёзиб олинган шеърларнинг қайси бири Чўлпонники, қайсиси уники эмаслигини қандай аниқлаш мумкин, деган саволга жавоб бериш учун ҳаракат қилайлик. Очиғи, буни қатъий аниқлаш осон иш эмас, лекин бажариш мумкин бўлган масала. Негаки, Чўлпоннинг шеърларига хос “ранг”, руҳ, услуб мавжуд. Асосий мезон ана шу унсурлар бўлиши мумкин, балки лозим. Қандайдир бир сўз Чўлпон оҳангини, тилини, услубини англатиб бериши турган гап. Фақат мана шу нарсаларни ҳафсала билан топа олиш керак. Ўйлаймизки, чўлпоншуносларимиз бундай муаммони шараф билан ҳал қила олади. Шундагина чўлпоншуносликни янада тиниқлаштириш учун интилган ҳам бўламиз.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 45-сонидан олинди.