Нурбой Жабборов. Дилидаги тилида эди (2009)

Фурқатнинг “Шоир аҳволи ва шеър муболағаси хусусида” номли назмий асари, Фитрат, Чўлпон ва Вадуд Маҳмуднинг адабий рисолалари ҳамда мақолаларидан бошланган янги замон шеършунослиги Ойбек, Ғафур Ғулом сингари академик адиб ва шоирларимиз, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов сингари нуктадон олимларимиз томонидан бойитилди, ривожлантирилди. Бу борада Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Озод Шарафиддиновнинг илмий фаолияти, айниқса, таҳсинга лойиқдир.
Устоз олимнинг “Замон, қалб, поэзия” номли китоби ўша мураккаб ва зиддиятли замонда шеъриятга янгича нуқтаи назарни ифодалагани, назмий асарларни баҳолашнинг Озод Шарафиддиновга хос мезонлари акс этгани билан аҳамиятлидир.
Озод Шарафиддинов шеъриятга ўзига хос мезонлар билан ёндашади. Бу мезонларнинг биринчиси ва олим асарларининг асл моҳиятини акс эттирадигани – ҳақиқатпарастлик. Ана шу мезон уни адабиётдаги, хусусан, шеъриятдаги ўртамиёналикни фош этишга ундади. Буни профессор Бегали Қосимов қуйидагича баҳолаган эди: “Табиат унга (Озод Шарафиддиновга — Н.Ж.) адабиётни нозик ҳис қилиш ва муносиб баҳолаш салоҳиятини ҳамда уни рўй-рост айтиш жасоратини берди. Унинг ижодда ўртамиёналикка, “кўлмак давралар”га (А.Орипов ибораси) тоқати йўқ эди… Лекин ҳамиша ижоди ва фаолияти “қиличнинг дами”да кечди. Чунки у ўртамиёна яшай олмасди, ўртамиёна сева олмасди. Айримлардек кўнглидагини яшира олмасди. Дилидаги тилида эди”.
Олимнинг илк асарлариданоқ шеъриятимизнинг юксак чўққиларга кўтарилишига халақит бераётган камчиликларга эътибор қаратиши сабабини ҳам ана шу ҳақиқатпарастлик мезони билан изоҳлаш мумкин. Унинг “…баъзан заиф шеърларнинг остида атоқли, хизмат кўрсатган, ҳатто йирик шоирнинг имзоси туриши”ни таассуф билан таъкидлаши боиси ҳам шунда. Номдор муаллифлар томонидан ёзилган, ўша замон мафкурасига ҳар жиҳатдан мос, лекин бадиият талабларига жавоб бера олмайдиган битиклар ҳақида “Шеърми шу асар? Поэзия борми унда?”, деган ҳақли саволларни фақат Озод Шарафиддинов сингари фаҳмида мезони бор олимгина ўртага ташлаши мумкин эди ўша замонда.
“Ҳар қандай шеър поэзия бўлавермайди, — деб ёзади олим. — Агар поэзиянинг моҳияти вазн ва туроқлардан, қофия ва аллитерациялардангина иборат бўлганда, маълум бир маънони маълум бир оҳангда ифодалашдан нарига ўтмаганда, дунёда шоирликдан осонроқ иш бўлмас эди. Агар шундай бўлса, ўртача саводи бор, эси бутун ҳар қандай одамни бир ҳафта ўқитиб, бинойидек шоир қилиш мумкин бўларди. Унга ҳатто чиройли ўхшатишлар, аниқ сифатлашлар, оригинал метофоралар топиш йўлини ҳам ўргатиб қўйса бўларди. Ҳолбуки, бундай эмас. Поэзия газетанинг информация жанридан фарқ қилади. Шоирлик — инсон фаолиятининг энг қийин, мураккаб томонларидан биридир. Шоир деган одам ўткир фикр юритиш қобилиятига, шоирлик талантига эга бўлиши лозим. Талант бўлмаса, ҳар қанча уринган билан чинакам поэзия намуналарини яратиб бўлмайди”.
Орадан қарийб ярим аср муддат ўтган бўлса ҳам, устоз шеършуноснинг бу фикрлари аҳамиятини заррача ҳам йўқотган эмас.
Ҳақиқатпарастлик — мунаққид учун муҳим фазилат. Агар у ҳақиқатпараст бўлмаса, бадиий ижоддаги халтурага, шеъриятдаги назмбозликка бефарқ қараса, ҳеч қачон адабиётнинг равнақига хизмат қила олмайди. Аксинча, унинг заволига сабабчи бўлиши мумкин. Устоз шеършуноснинг “Замон, қалб, поэзия” китобидан ўрин олган “Лирика ҳақида мулоҳазалар” мақоласида ҳам ҳақиқатпарастлик фазилати яққол кўринади. Лирикада индивидуалликка, ўзига хосликка интилиш зарурлигини таъкидлаган олим “Ҳар бир шеър — у ҳаётимизнинг қайси томонига бағишланган бўлмасин, турмушимизнинг қайси соҳасини акс эттирмасин — шоирнинг кашфиёти бўлиши лозим”, деб ҳисоблайди.
Олим ҳақиқатпараст шеършунос сифатида ўтган асрнинг эллигинчи йиллари шеъриятига хос икки камчиликни алоҳида ажратиб кўрсатган эди. Булардан биринчиси, жонли инсон туйғуларини, ҳис-ҳаяжонларини, фикрларини ифодалашдаги примитивлик, иккинчиси эса, замондошимизнинг маънавий дунёсини бутун бойлиги ва мураккаблиги билан ифодалай олмаслик. Бу камчиликларнинг бугун яратилаётган айрим шеърий асарларда ҳам учрашини устоз шеършуноснинг назм тараққиётига хос қонуниятларни нозик илғаши, нуктадонлиги билан изоҳлаш мумкин.
Маълумки, шўролар замонида шеърият олдига бахт ва шодликни куйлаш вазифаси қўйилган эди. Ғам-андуҳни, армон ва изтиробни тасвирлаш ёхуд шеърият олдига шундай талабларни қўйиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши муқаррар эди. Ўша мураккаб шароитда образ яратишда теран ўй, эҳтиросли завқ, енгил ҳазил қатори ҳасрат ва мунгдан ҳам фойдаланишга даъват этиш адабиётшуносдан чинакам жасоратни талаб қиларди. Қаловини топиб, ана шундай талабни қўя олгани ҳам устоз олим учун ҳақиқат ҳар нарсадан устун бўлганини кўрсатади.
Озод Шарафиддинов ҳақиқатпараст сифатида наинки ижод аҳлига, ҳатто ўзига нисбатан ҳам шафқатсиз экани ҳайратланарлидир. Акс ҳолда “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” мақоласида олим ўз шахсиятига, ҳаётий аъмолига бобурона нигоҳ ташлай билармиди?! Ёхуд “Мувашшаҳ” сарлавҳали эссесида: “…мен адабиётшунос сифатида Абдуллажоннинг ижодидан уч-тўртта мақола эълон қилганман-у, лекин унинг ижодини ҳар томонлама тадқиқ этувчи, ХХ аср шеъриятида, қолаверса, жаҳон шеъриятида Абдулла Орипов феноменини тўла бўлмаса-да, бир қадар мукаммалроқ очиб берадиган дурустроқ бир мақола ҳам ёзган эмасман. Ҳар гал бу ишга киришмоқчи бўлганимда, бу шеърият қаршисида қаламимнинг бениҳоя ожизлигини ҳис қилардим”, тарзидаги эътирофларни ёза олармиди?!
Шеършуносликдаги Озод Шарафиддиновга хос иккинчи мезон — юксак профессионал билимга асосланган талабчанликдир. Олимнинг фикрича, шеър чинакам юксак поэзия даражасига кўтарилиши учун индивидуал услуб ва стилларнинг ранг-баранглиги, бойлигига эришмоқ зарур. Фалсафий мулоҳазаларни ҳам, чуқур ўйларни ҳам, драматизм билан суғорилган кечинмаларни ҳам ифодалашга, йирик масштабли, қабариқ образлар яратишга имкон берадиган услублар кераклигини таъкидлайди у. Шеъриятнинг ҳам, умуман, адабиётнинг ҳам асосий услуби — социалистик реализм, деб эълон қилинган бир замонда бундай талабни қўйиш осон бўлмагани аниқ. Бундай талабни фақат Озод Шарафиддинов сингари фаҳмида мезони бор олимгина ўртага қўйиши мумкин эди ўша замонда.
Устоз шеършуноснинг қарашича: “Индивидуал услуб, стиль, манера, албатта, биринчи навбатда, шоир шахси билан, унинг воқеликка ўзича мустақил ва оригинал қарай олиш қобилияти билан, ўзи кўрган муҳим нарсаларни оригинал формада ифода қилиб бериш истеъдоди билан боғлиқ”. Бу жуда ҳам муҳим, ҳеч бир замонда аҳамиятини йўқотмайдиган талаб. Бинобарин, миллий шеъриятимиз, ҳатто жаҳон поэзияси тарихида ҳам ана шундай шахсиятга эга шоирлар бениҳоя кам экани бунинг исботидир.
Шеършунос олим ўтган асрнинг эллигинчи йиллари лирикаси ҳақида мулоҳаза юритар экан, унинг тараққиётига тўсиқ бўлаётган қуйидаги беш йирик камчиликни қайд этади: 1) жимжимадор, баланпарвоз стил; 2) сохта стил; 3) тасвирнинг ғоят рангсизлиги, бадиий воситаларнинг камбағаллиги, такрорнинг устунлиги; 4) тасвир воситаларининг ночорлиги; 5) шеърий маҳорат масалаларининг диққат марказидан четда қолаётгани. Бу сингари камчиликлар шеъриятимизнинг бугунги вакиллари ижодида ҳам учраши шеършуносликда бундай талабчанлик мудом зарурлигини кўрсатади.
Олим шеършунослигига хос учинчи мезон — изланувчанлик. У шеъриятда изланиш руҳи ҳукмрон бўлиши зарур, деб ҳисоблайди: “Санъат, поэзия ҳамиша санъаткорнинг воқеликка янгича муносабатидан, янгича қарашидан, янгича фикрлашидан бошланади”. Муттасил изланиш, ҳар бир шеърда бирон янгилик кашф қилишга интилиш руҳи Миртемир ижодида кучли эканини таъкидлаган олим ёш истеъдодларни ундан ўрганишга чақиради. Миллий шеъриятимиздаги бунинг акси бўлган, изланиш ва кашфиёт руҳидан маҳрум, баёнчиликка асосланган асарларни кескин танқид қилади. Шеърият ҳаётий воқеликни шунчаки қайд қилувчи эмас, ундаги ҳеч ким пайқамаган, ҳали ўзгалар сезишга улгурмаган поэтик гўзалликларни инкишоф этиш йўлидан бориши зарурлигини уқтиради.
Поэзиянинг интеллектуаллиги — ижоддаги изланувчанлик самарасини белгиловчи бош омил. Бироқ бу тушунча ҳар доим ҳам адабиётшунослар, шоиру адиблар томонидан турлича талқин этилган, унга муносабат ҳар хил бўлган. Озод Шарафиддиновнинг бу борадаги нуқтаи назари ҳам ўзига хос. Жумладан, олим бундай ёзади: “Баъзилар поэзиянинг интеллектуаллиги деганда, ғоят мураккаб ташбеҳларни, бениҳоя мавҳум фикрларни тушунишади. Менимча, бу тўғри эмас. Чинакам интеллектуаллик ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларнинг чуқурлиги ва оригиналлигида кўринади”. Лирикада интеллектуаллик чуқур бўлишининг аҳамияти ҳақида баҳс юритган олим у поэзияда фалсафий лириканинг кучайишига, ўткир умумлашмаларнинг кўпайишига олиб келишини алоҳида таъкидлайди.
Муттасил изланувчанлик — Озод Шарафиддинов шеършунослигига хос хусусият. Мустақилликка эришилгач, олим “Адабиётда диний оҳанглар” сарлавҳали мақола ёзди. Унда диний мавзуга бағишланган барча адабий тур ва жанрлардаги асарлар қатори шу йўналишдаги шеърият намуналари ҳақида ҳам теран кузатишларини баён этди. “Модернизм — жўн ҳодиса… эмас” сарлавҳали адабий суҳбатда жаҳон ва ўзбек адабиётидаги шакл ва услуб борасида олиб борилаётган изланишларга холис баҳо берди. Дарҳақиқат, адабиётда, шеъриятда пайдо бўлган бирор ҳодиса устоз олимнинг тийрак назаридан четда қолган эмас.
Озод Шарафиддинов шеършунослигига хос тўртинчи мезон – ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий камолотига қанот бағишлашдир. “Замон, қалб, поэзия” китобидаёқ олим шеъриятимиз ривожида ёшларнинг ҳиссаси катта бўлаётганидан, поэзиянинг эртасига ишонч ва умид билан қараш мумкинлигидан беҳад қувонган эди. Устоз шеършуноснинг Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари ХХ аср ўзбек шеъриятининг забардаст вакиллари, адабиётимиз қаҳрамонларини илк шеърлариданоқ қўллаб-қувватлагани, уларнинг ижодий камолотига қанот бағишлагани бунинг далилидир.
Олимнинг “Ниҳоллар” мақоласи адабиётга дадил кириб келаётган ёш истеъдодлар ижодига бағишланган. У Теша Сайдалиев, Ҳусниддин Шарипов, Охунжон Ҳакимов, Хайриддин Салоҳ, Тошпўлат Ҳамид, Юсуф Шомансур, Ҳабиб Саъдулла каби ўша даврнинг ёш ижодкорлари шеърий тўпламларини истеъдоднинг юзага чиқиши сифатида баҳолади. Гулчеҳра Жўраева, Эътибор Охунова сингари аёл ижодкорларнинг дадил қалам тебратаётганидан қувонди. Оригиналлик талантнинг дастлабки белгиси эканини таъкидлаган олим тематика, жанр, поэтик образлар ва шеърнинг бошқа компонентлари поэзияда бош мақсад эмас — восита, бош мақсад эса воқеликни оҳорли акс эттириш, унинг муҳим томонларини, янги қирраларини очиб бериш, деб билади. Ижодкор фақат санъаткоргина эмас, ўткир зеҳнли мутафаккир, чуқур идрокли файласуф ҳам бўлиши кераклигини, ёшлар бугунги адабиётимиз тақдири учун жавобгар эканини уқтиради.
Олим бугун эл ардоғидаги кўплаб истеъдодларга чин маънода устозлик қилди. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг ижодий истиқболи ҳақида билдирган қуйидаги фикрлари ҳам буни тасдиқлайди: “Шоирлар ҳар хил туғилади. Шоирларки бор, гўдак атак-чечак қилиб йўл юришни ўргангандек, кўп йиллар давомида шеърият алифбосини ўзлаштиради, ҳар хил шоирларга эргашиб кўради, изланади ва бора-бора қийналиб бўлса-да, ўз йўлини топиб олади. Шоирларки бор, биринчи қадамлариданоқ ҳаммани лол қолдириб, туйғуларини, ҳисларини, фикрларини тутилмаган образларга буркаб, “афсоналарнинг тушига кирмаган сўзлар”да куйлай бошлашади. Уларни “ёш шоир” деган тушунчага сиғдириш қийин. Улар ёши кичик бўлса-да, шеъри, шеърий тафаккури балоғатга етган бўлади. Назаримда, Сирожиддин Саййидни ана шундай “тайёр” шоирлар тоифасидан десак хато бўлмайди”.
Умуман, Озод Шарафиддиновнинг шеърият ҳақидаги тадқиқотлари шеършунос қандай бўлиши кераклиги, поэзияни баҳолашда қай бир мезонларга таяниш зарурлиги ҳақида теран хулосалар чиқариш имконини беради. Ишонч билан айтиш мумкинки, худди ана шу фазилатлари боис олимнинг бошқа асарлари қатори шеърият таҳлилига оид илмий ишлари ҳам мудом миллий адабиётимиз равнақига, шеършуносларнинг янги навқирон ва салоҳиятли авлодларини тарбиялаб етиштириш ишига муносиб хизмат қилаверади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 5-сонидан олинди.