Низомиддин Маҳмудов. Сўз шайхининг мўъжизалари (2009)

XX аср ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси Мақсуд Шайхзода, шубҳасиз, халқимиз қалбидан чуқур жой олган атоқли сўз санъаткорларидан биридир. Шайхзодани бундай шарафга ноил қилган омилларнинг бошида унинг сўзга эътиқоди ва эҳтироми туради. Ана шу эътиқод ва эҳтиром боис у сўзга шайхлик қилади, сўзни ойдин мақсад сари етаклайди, маънан ва мантиқан “кўзи очилган” сўзлар ғаройиб мўъжизалар яратади.
Атоқли олмон тилшуноси Вилгелм фон Гумболдтнинг: “Тилларнинг хилма-хиллиги фақат товушларнинг турличалиги эмас, балки ҳар бир миллатдаги дунёни кўришнинг фарқлилиги натижасидир”, деган гапи бор.
Сўз санъаткори муайян тилда дунёни бадиий образлар орқали қайта гавдалантиради. Аммо дунёни бадиий гавдалантириш барча ижодкорларда айнан бир йўсинда бўладиган бўлса, бунинг оддий тақлидчиликдан фарқи қолмайди. Шунинг учун ҳам муайян бир тилда ижод қиладиган икки ижодкорнинг дунёни кўриши, эшитиши ва бадиий идрок қилишида ўзига хос фарқлар бўлиши бадииятнинг азалий талабидир. Зотан, ана шу фарқ ижодкор маҳорати, унинг тил ва услубдаги усталиги, ўзига хослиги тарозисининг шайини бўлиб келади. Табиийки, дунёни ўзига хос кўриш, эшитиш ва бадиий идрок этиш, аввало, бадиий тилда зуҳур этади. Шайхзода шеърияти беназир сўз мўъжизалари сифатида бунинг шаҳодатидир.
Шайхзоданинг “Шоир қалби дунёни тинглар” шеърида шундай мисралар бор:

Шоир қалбин дарчаларидан
талай товуш келиб киради…
Товушларнинг кичик, улуғи,
товушларнинг ҳиди – бўйи бор.
Товушларнинг совуқ, илиғи,
товушларнинг ранги-рўйи бор.
Товушларнинг ширин-аччиғи,
бордир ҳатто юмшоқ, қаттиғи.
Шоир рассом бўлсайди агар,
чизар эди шундан лавҳалар.

Бу мисраларда шоир кўриш мумкин бўлмаган нарсаларни кўради, эшитиш мумкин бўлмаган нарсаларни эшитади, илғайди ва уларнинг барини яхлитлигича ўзига хос тарзда бадиий идрок этади.
Шоир ўз шеърларида бундай метафоралардан катта маҳорат билан фойдаланган, аммо, таъкидлаш жоизки, уларнинг биронтасида ҳам оригиналликни унутмайди, ўзини ўзи такрорламайди. Айниқса, шоирнинг ранг билан боғлиқ ана шундай метафоралари ҳам диққатга сазовор (Умуман, шоирнинг бадиий тасвир арсеналида рангнинг, демакки, ранг билдирувчи сўзларнинг энг фаол унсурлардан эканлигини таъкидлаш мумкин). Масалан, “Уфқлар” шеърида ўқиймиз:

У нақадар зумрад уфқлар…
У ердаги кўк соҳилларда
Фируза ранг кўрфаз чайқалар
Ва ҳаво ранг нағмаларнинг
мовий нақаротлари
куйланади тилларда.

Парчадаги ҳар бир мисрада ранг билдирувчи сўз бор, яъни зумрад, кўк, фируза ранг, ҳаво ранг, мовий. Бу сўзлар умумий бир яшил-мовий рангнинг турли нозик жилваларини ифодалайдики, шоир уларни жамлаш орқали дунёнинг турфаранглиги, покизалиги, гўзаллигининг расмини чизгандай бўлади. Айниқса, ҳаво ранг нағма ва мовий нақарот тарзидаги синестетик метафоралар ўзининг кутилмаганлиги, оҳорлилиги билан шоир бадиий хаёлотининг нафис топилдиғи сифатида шеърхон диққатини дарҳол жиловлайди. Фаросатли ўқувчи ҳаво ранг нағмаларнинг мовий нақаротлари ифодасининг мовийлиги гоҳ қуюқлашиб, гоҳ суюқлашиб долғаланаётган, чайқалаётган денгиз юзидаги бетиним тўлқинларнинг мунтазам (нақаротдай такрор-такрор) қатланиши расми эканлигини тасаввур этар экан, оддий сўзларнинг бундай сипо ва инжа тўлқинлари унинг қалбига ҳам ҳайрат шаклида оҳиста кўчади.
Шайхзоданинг аксарият шеърларида тирик табиатнинг нафаси, тиним билмаган дунё ҳаракатининг турли пардалардаги саслари мунтазам садоланиб туради, тириклик тилсимотининг мураккаб симфонияси гоҳ жўшқин, гоҳ мискин ва гоҳида мажҳул бир оҳангларда эшитилади. Бундай таъсирли тасвирни юзага келтирмоқ учун шоир тилимизнинг бой бисотидан энг уйғун бирликларни битта-битталаб сайлаб-териб олади. Табиийки, у айни бадиий ниятининг реал рўёбига мувофиқ тарзда кўпроқ ўзаги товушга ёки образга тақлиддан иборат сўзлар (шовулламоқ, вовулламоқ, ялтирамоқ каби), шунингдек, маъно таркибида “товуш, овоз” унсури мавжуд бўлган, яъни гап, садо, ашула, нағма, товуш, тингламоқ каби “овозли” сўзларга мурожаат қилади. Шоирнинг “Товушлар” шеъридан олинган қуйидаги парчаларда бундай сўзлар яратган симфонияни тинглаб, ҳузурланмасликнинг имкони йўқ: “Шўртепанинг алоҳида бир гашти бор кечаси… Разм солиб тинглайман… ҳар товушнинг бор ҳикмати ва ўз сабаби… Ана кўппак эснаб-эснаб увуллайди… Ана машинанинг ўлчовлик нафаси… Ана девор орқасидан… ҳаволанди ашула… Ана товуш: синчалаклар чийиллар, Чигирткалар чарчамасдан чириллар… Ана бошқа товушлар бор ҳовузда, Вақирлар қурбақалар… қаҳқаҳалар янграб кетар олисдан… Визиллайди энди ювош шаббода… Фақат бу саволнинг акси садоси – “Ки-им ке-раааак…” Бориб қўнар теракларнинг шохига… Шариллайди сувлари ширин-ширин… Трактор тариллайди далада… Товушлар бор, демак, ҳаёт бор… Демак, биз ҳаммамиз тирикмиз… Кўзларни юмиб, уйғоқ дунёни Тингламоқ лозим!..”.
Шайхзоданинг жонлантириш асосидаги метафоралари ҳам кутилмаганлиги ва оҳорлилиги, ҳолат тасвири учун фавқулодда уйғунлиги билан алоҳида диққатга сазовордир. Масалан, “Товушлар” шеърида Ой жилмайиб чақиради чаманга, Сой йўталиб чақирар анжуманга тарзидаги гўзал мисралар бор. Албатта, ойнинг жилмайиши унчалик ҳам янги ташбеҳ эмасдир, аммо сойнинг йўталиши фақат Шайхзодага хос оригинал ва ўткир, жонли ва жозибали метафорадир. Ёки шоир “Деразалар ўчирди Каттакон кўзларини… Ой булутни кўрпадек ўраб олган бошига… Сойда сувлар ухлайди, Толлар тонгни ўйлайди” (“Чунки…” шеъри) каби мисраларида жонлантириш орқали тунги сокинлик, осойишталикнинг гўёки ҳаракатдаги манзарасини чизгандай бўлади, шоирнинг усталиги билан ҳолат ифодалайдиган сўзлар ғайриихтиёрий бир тарзда ҳаракатлангандай бўлади.
Маълумки, баҳор келиши билан тунлар қисқаради, кунлар эса узаймоққа бошлайди. Танти табиатнинг тириклигини тараннум этмоқдан толмаган Шайхзода мазкур қонуниятни ҳам шунчаки эмас, балки тиниқ туйғу билан, бир чимдим интим интиқлик эпкини билан, ёшаришнинг эрка авжию эркин мавжи билан тасвирламоқ учун сўзларга шайхона йўл кўрсатади, уларнинг чинакам мўъжиза кўрсатишлари учун имкон яратади. Бунинг бетакрор намунаси мана будир:

Ана, тупроқ тирилди
ва уйғонди дарахтлар…
Кундан-кунга улғаяётган
кундузлар
кечаларнинг белини сиқиб,
соатлардан, дақиқалардан
лола ранг уфқларга
рухсат сўрайди.

(“Баҳор нашидаси” шеъри.)
Қуйидаги мисраларда ҳам кундуз, тун ва тонг образлари ҳақиқий сўз санъаткорининг тарбияси билан тириклик сувидан баҳраманд бўлиб, дилбар бир тасвирга кирган:

Кундузлар тунларнинг
сочин тарамай,
ўполмас тонгларнинг
пушти ранг лабин.

(“Йилларнинг саломин йилларга элтиб…” шеъри.)
Мазкур шеърда Бу йил осмонга етди бошимиз, Фазода учаркан ватандошимиз мисралари бор. Таъкидламоқ жоизки, шоир боши осмонга етмоқ иборасини жуда ҳам усталик билан қўллаган, яъни бир пайтнинг ўзида мазкур иборанинг ҳам асосий маъноси (ҳадсиз хурсанд бўлмоқ) намоён бўлган ва айни пайтда бу иборанинг тўғри маъноси ҳам реаллашган. Демакки, мазкур бирлик тўлиғича шоирнинг бадиий нияти рўёби учун хизмат қилган.
Шайхзода шеърларида сўзларнинг ғайриодатий бирикмалари ҳам бот-бот кўзга ташланади. Шоир бундай бирикмаларни тузар экан, у тил қонуниятларига нописандлик ёки зўрлик қилмайди. Ҳассос сўзчи сифатида у тилнинг ботинида, туб қатламларида яширинган сўз қўшилиши имкониятларини бадиий ниятига мувофиқ тарзда ишга солади. Бунинг натижасида кутилмаган сўз қўшилмалари юзага келади, улар шеърхон диққатини ўзига жалб қилади ва уни ўйлашга чорлайди, алал-оқибат ўқувчи бу қўшилмаларда пинҳон бўлган маъно инжаликларини кашф этади. Масалан, “Бинафша” шеърида ошиқнинг туйғулар талошидан тилининг калимага келмаслигини тасвирлар экан, Бу балки гўлликдир, агарда билмасанг, Бу соқов ғазалдир, сукутни англасанг, деб ёзади. Айтиш мумкинки, соқов ғазал ғайриодатий бирикмаси бетакрор бадиият билан юкунган. Шоир шеърларидаги яна чол аср, хумпар қуш, танбал дақиқа, шумшук ҳайкал, шеърга шинел кийдирмоқ, йўлсиз йўл каби кўплаб ана шундай бирикмаларни эслаш мумкин.
Шайхзоданинг тилдаги мавжуд қонуниятларни суиистеъмол қилмаган, балки теран ҳис этган ҳолда янги сўзлар ясаши ҳам ибратлидир. Шоир ясаган янги сўзлар (тилшуносликда “муаллиф неологизмлари” деб юритилади) тасвир аниқлиги, нарса-ҳодиса ёки белгининг муайян жиҳатларининг қабариқ таъкиди, умуман, поэтик мақсад учун тўласича хизмат қилади. Масалан, “Ой билан суҳбат” шеърида тундалик сўзи бор:

У чоқда ўқиймиз биз
лирик дафтаринг,
кундалик эмас,
тундалик дафтаринг.

Кўриниб турганидай, шоир кундалик сўзининг қолипи асосида тундалик сўзини ясаган, бу янги сўз “Ойнинг тундаги фаолиятини қайд этувчи дафтар” маъносини бемалол ифода этадики, бу айни ўриндаги бадиий тасвир аниқлиги учун фавқулодда мувофиқдир. Шоир томонидан маҳорат билан ясалган бундай янги бирликларга кўплаб мисоллар келтириш мумкин: юлдузбоз, чўлистон, жангбоз, нафосатбоз, хилватий, жойпарастлик, ойбачча, қишбой, лаҳзадош, фазошумул, парвозкор, тиним куни (дам олиш куни), серкадар, жангий, шодмижоз, ғайратманд, дамсоз, саломобод каби.
Сўзга буюк эътиқод ва эҳтиром билан қараган, сўзнинг залвори ва қудратли зарбини тугал тасаввур қилган, унинг битмас-туганмас сиру синоат манбаи эканлигига имон келтирган Шайхзода қайси мавзуни қаламга олмасин, сўзга заргарона муносабатда бўлган, унинг шеърларида чинакам бадиий юксиз сўзлар йўқ. Шайхзода шеъриятини яхлитлигича сўздан беназир чақинлар яратиш бобидаги улкан ибрат мактаби дейиш мумкин. Унинг сўз шаклидаги кароматлари ўзбек адабиётидаги бетакрор мўъжизалар сифатида шеърият муҳиблари қалбига ҳамиша ҳайрат ва ҳузур бахш этаверади, шунинг учун ҳам унинг умри минг йиллик тилимизнинг умридай боқийдир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 7-сонидан олинди.