Асад Асил. Бунёдкорлик ўзимизга боғлиқ (2009)

Мен маҳалла оқсоқолиман. Қишлоғимизда сўлим бир гузар барпо қилмоқдамиз, ичимлик сув муаммоларини ҳал этяпмиз, ўтмишдан қолган чала қурилишларни охирига етказиш учун курашяпмиз. Шу туфайли турли жойларда, ҳар хил ёшдаги одамлар орасида бўлишга тўғри келади. Эзгу ишларимизга хайрихоҳ, тўғриликни қўллаб-қувватловчи, олис истиқболни кўра олувчи бағрикенг инсонлар жуда кўп. Уларга умумманфаат йўлида мурожаат қилсангиз бажонидил ёрдам берадилар, ҳеч бўлмаса, кўнглингизни кўтаришади, тўғри йўл-йўриқлар кўрсатишади, фойдали маслаҳатларини аяшмайди.

Бунга қарама-қарши ўлароқ орамизда шундайлар ҳам борки, йўқ бўлсанг, беролмайди, бор бўлсанг, кўролмайди. Шундайларнинг катта ёшдаги оқсоқоллар орасида учраб туриши эса жуда-жуда ачинарли ва хунук ҳолдир. Мана бир мисол. Қишлоғимиз марказида гузар яратиш жараёнида кетма-кет ҳашарлар уюштирдик. Ҳашарлар чоғида ўзимиз ҳам белкурак ва кетмон билан ишлар эдик. Уч-тўрт нафар ёши ўтиб қолган кишилар эса шундоққина кўриниб турадиган пастқамликда давра қуриб, эл кўзида маишат қилишарди. Аввалига ўзлари уялишар, инсофга келиб қолар, деган умидда индамадик. Бу ҳолнинг ҳадеб такрорланавериши менинг бардошимни тугатди. Уларнинг тепасига бордим-да:

– Уят эмасми, томоқларингиз жуда қақраб кетаётган бўлса, уй-уйларингизда ичинглар! – дедим баланд овозда барчага эшиттириб.

Маҳаллаларда тўкис иш олиб бориш, айниқса, ободончилик, улкан қурилишларни рўёбга чиқариш осон эмас. Майда-чуйда ишларни ҳашар йўли билан бажариб ташлаш мумкин. Катта бунёдкорликларни-чи? Айтайлик, марказий кўчаларни асфальтлаш, кучли техникалар воситасида кўприкларни таъмирлаш, чала қолган улкан биноларни битказиш сингари ўнлаб масалаларда, албатта, туман раҳбарлари билан бамаслаҳат иш олиб борилади, архитектор каби мутахассислар жалб этилади.

– Бунёдкорликни шундай амалга ошириш керакки, юз йил ўтганда ҳам у одамлар кўзини қувонтириб турсин! – дейди қатъий ишонч билан туман ҳокими Қамбарали Эшонқулов, гузардаги пастқамгина қурилаётган биноларга ишора қилиб. – Бунинг ўрнида махсус лойиҳа асосида қоматдор бинолар тиклаш лозим, токи гузар ҳақиқий замонавий гузар қиёфасини олсин! “Қишлоққа бўлаверади”, каби эскича гапларни қўйинглар. Қишлоқлар, маҳаллаларни келгусида шаҳар ва қўрғонлардан қолишмайдиган даражада юксакликка кўтармоғимиз лозим!..

Туман ҳокимининг ибратомуз бу қатъияти ва дадиллиги қишлоқ бунёдкорлари руҳини кўтариб юборди. Архитекторлар тайёрлаб берган махсус лойиҳа асосида қайта бошланган кўркам қурилишлар олдинма-кетин битказиб борилмоқда. Қишлоғимиз марказида сўлим гузар ва машҳур адиб Сирожиддин – Сидқий Хандақлиқий мажмуаси май ойига қадар тўла-тўкис битиши мумкинлигига ҳаммамизда ишонч пайдо бўлди.

Мен узоқ йиллар давомида ўзимча “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йили қачон келаркин”, деб ўйлаб юрардим. Мана, атрофлича ўйлаб, даъват этилган «Обод маҳалла йили»га атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммолари ҳам албатта бевосита боғлиқдир. Ахир, тоза ҳаво, тиниқ сув, покизалик обод маҳалланинг асосий ва ғоятда муҳим тармоқларидан эмасми?! Хуллас, энди ободончилик, умуман, ҳар қандай бошланган савобли ишлар юқоридан тўла-тўкис қўллаб-қувватланади. Бундай жўшқин ҳаракат ва ташаббусларни ҳеч бир сунъий тўсиқ тўхтатиб қололмайди. Зилол сув юзидаги хаслар олиб ташланади.

Бизнинг қишлоғимизда Обод маҳалла йилига оид ишлар тобора гуркираб бормоқда. 2003 йил Хондайлиқда чиндан ҳам улкан бунёдкорликлар йили бўлади. Қишлоқ гузари теварагидаги дўконлар, дорихона, айланма йўл ва бошқа иншоотлар тўла-тўкис қуриб битказилади.

Ҳа, эзгу ниятли инсонлар кутган ёруғ кунлар келди, орзулар бирин-кетин рўёбга чиқаяпти.

“Халқ сўзи” газетаси,

2009 йил 14 февраль сони.