Абдусаид Кўчимов. Дилкаш лаҳзалар (2008)

Ёши улуғларни зиёрат қилиб, пиру бадавлат оталар дуосини олиш кўнгилга ёруғлик сочадиган савоб иш. Халқимизнинг бу гўзал урф-одати ҳамиша маъанавий ҳаётимизни нурлантириб туради. Биз ҳам — Пирмат ака, Муҳаммад Али ака ва камина учаламиз шу удумга амал қилиб, янги йил эшик қоқаётган умидбахш кунларда оқсоқол адибларимиз зиёратига йўл олдик.
Ғафур Ғуломдек аллома шоирнинг шодон қаҳқаҳаларию қувноқ латифалари кун-кунора жаранглаб тургувчи Бешёғоч бозори дарвозасида учрашиб, Анҳор кўприги ёнидаги кўп қаватли бинолар сари борарканмиз, осмон очиқ, қуёш чарақлаб турар, аммо қуруқ совуқ суякка етгудек эди. Ўртадаги кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватига кўтарилиб, ўнг қўлдаги эшик қўнғироғини босдик. Атоқли адибимиз Пиримқул Қодиров яшайдиган манзил мана шу. Эшикни адибнинг меҳрибон рафиқаси София опа очди.
— Келинглар, келинглар! Хуш келибсизлар! — дея эшикни катта очиб юборди ташрифимиздан суюниб кетган София опа. — Дадаси, меҳмонлар!
— Безовта қилмадикми, аяжон?
— Бу нима деганингиз? Пиримқул акангиз билан зерикиб ўтиргандик. Худонинг ўзи юборди сизларни. Қани, ичкарига марҳамат қилинглар.
Уст-бошимизни ечар-ечмас Пиримқул аканинг ўзи қаршимизда пайдо бўлди. Бошида қалампир нусха ироқи дўппи, эгнида қалингина нимча-пўстин, бўйнини оппоқ шарф билан ўраб олган, яқинда шифохонадан даъволаниб чиққан эмасми, юзларида толиқиш излари сезилади, аммо қалин қошлари остида катта-катта кўзлари чақнаб турибди.
Устоз ҳар биримиз билан қучоқлашиб кўришди. Шу ернинг ўзида Муҳаммад Алини давлат мукофотига сазовор бўлгани билан муборакбод этди. София опамиз тўғридаги хонага бошладилар. Жимжимадор жиҳозлару тилларанг безаклардан холи, оддий ва шинам меҳмонхонада, кичик стол атрофида давра қуриб ўтирдик. Пиримқул ака дуога қўл очдилар:
— 2007 йил мамлакатимиз ва халқимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди. Мустақилликнинг 16 йиллигини, Самарқанд, Марғилон каби қадимий шаҳарларимиз тўйларини шодиёналар билан нишонладик. Муҳтарам Ислом Абдуғаниевични янгитдан Президентликка сайлаб, сиёсий маданиятимиз, маърифатимиз қанчалар камол топганини намоён этдик. Ижодкорларимиз янги асарлар ёздилар. Келаётган йилимиз бундан-да баракали, юртимиз обод, халқимиз тинч, дастурхонимиз тўкин бўлсин!
Дуодан кейин Пиримқул ака бўлиб ўтган сайлов чиндан ҳам жуда катта тарихий воқеа бўлгани, сайлов жараёнини зўр қизиқиш билан кузатиб борганини тўлқинланиб гапира бошлади:
— Умрим давомида не-не сайловларни кўрдим — шўроларникини ҳам, хорижий юртларникини ҳам, аммо бу сафаргидек эркин, ошкора, батартиб ўтган сайловни биринчи кўришим! Турли халқаро кузатувчилар ҳам бежиз юксак баҳолагани йўқ сайловимизни. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевнинг халқаро кузатувчилар номидан берган Баёноти мени, айниқса, хурсанд қилди. Юртдошларимиз мустақиллигимиз ва тараққиётимиз асосчисига ўзларининг чексиз ҳурмат ва ишончларини, меҳру муҳаббатларини ёрқин намоён этдилар.
София опа дастурхон ёзди, қанд-қурс, мева-чева дегандай, топганини келтираверди. Пиримқул ака “Қадрим” қиссасининг қайта нашр этилиши муносабати билан “Ҳуррият” газетаси мухбири келиб, суҳбатлашиб кетганини сўзлаб берди.
— “Қадрим” қирқ беш йил муқаддам ёзилган эди. У вақтларда мустабид тузум етакчи саноат корхоналарида ишлаш иштиёқидаги миллий кадрларни, айниқса, қишлоқ ёшларини менсимас эди. “Ўзбеклар далада кетмон чопишдан бошқасига ярамайди”, деган ақида ҳукмрон эди. Мен тарихимизни, тилимизни, динимизни камситган, миллий кадрларни писанд қилмаган ана шу ақидаларга қарши ёзганман бу асарни. Унда янги газ конларида бошқа миллат ёшлари билан теппа-тенг ишлаган, мураккаб техникаларни бошқарган ўзбек йигит-қизларининг муҳаббати, меҳнати тасвирланади. Мустақиллик туфайли газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётида етакчи ўринга айланди. Минглаб иқтидорли ёшлар улкан корхоналарда замонавий техникани маҳорат билан бошқаряпти. Асар қаҳрамонларининг ҳаёти, тажрибалари ана шундай ёшларимизга ибрат бўлиши мумкин деган ниятда, баъзи таҳрир ва тўлдиришлар билан қисса қайта нашр этилди.
— 2007 йил Пиримқул Қодиров йили бўлди. Бир томонда “Қадрим”, бир томонда “Амир Темур сиймоси”! — ҳазиллашди Пирмат Шермуҳамедов. — “Амир Темур сиймоси”нинг тақдимоти ҳам зўр бўлган эди.
Ҳазил Пиримқул акани завқлантириб юборди:
— Тақдимот ташкилотчиларидан қарздорман. Бу асарни, Бобур Мирзо тақдирига дахлдор бошқа асарларни ёзиш мобайнида Соҳибқирон ҳазратларининг ҳаёти билан бирмунча яқинроқ танишдим. Чексиз уммонга ўхшайди бу улуғ зот!
Амир Темур ҳазратларидек буюк сиймонинг руҳи поклари олдида ўзбек халқининг, айниқса, зиёлиларнинг қарзи жуда катта. Муҳтарам Президентимиздан бошқа бирон киши ҳали ана шу қарзни узолган эмас. Ислом Абдуғаниевич тарихда биринчи бўлиб Соҳибқирон даҳосини бутун салоҳияти билан оламга намоён қилди. Бобомизга нисбатан тарихий адолатни тиклади. Соҳибқирон фаолиятидаги устувор йўналиш, шу пайтгача кўпгина тарихчилар таъкидлаб келганидек, фақат фотиҳлик ва жаҳонгирлик эмас, балки она Ватанини мустамлака зулмидан қутқариш, истиқлол ва адолатни қарор топтириш бўлганини кўрсатиб берди.
— Амир Темур соҳибқирондан гап очилса, Пиримқул акангизнинг қулфи-дили очилиб, касаллигию совқотгани ҳам эсдан чиқиб кетади. — София опа тобора жўшиб бораётган адиб елкасига қалинроқ жемфер ташлади. — Неча йиллар бўлди, авлиё бобокалонларимиз руҳи билан гўё бирга яшайдилар. — Опанинг овозида озгина гинахонлик билан бирга турмушдошига адоқсиз ҳурмат, фахру ғурур ва дарё-дарё муҳаббат мужассам эди.
София опа… Эллик беш йилдан буён Пиримқул Қодировдек ҳассос сўз санъаткори билан бирга нафас олиб келаётган, яхши-ёмон кунларда ҳамиша ёнма-ён юрган фидойи, садоқатли аёл! Улар бундан қарийб олтмиш йил аввал илк марта учрашадилар. Ўша пайтда София Самарқандда 7-синфни тамомлаб, Москвада ўтказилган гимнастикачилар мусобақасида юқори натижаларга эришган ва Чирчиқ яқинидаги мактабларнинг бирида турган бўлади. Мухбир Пиримқул эса ёшлар газетасига мақола ёзиш мақсадида қизни қидириб, шу жойга боради. Улар мактаб ҳовлисида, сув бўйида, дарахт соясида тик туриб суҳбатлашадилар. Кейинчалик, Пиримқул Қодиров университетнинг 5-курсида ўқиётганида унга иккинчи бор кўзи тушади. Бошқа йиғинларда яна дуч келадилар. Қисқаси, 1952 йили Самарқандда тўй бўлиб, келин-куёвлар Москвага жўнаб кетишади. Пиримқул Қодиров аспирантурада, София Технология институтида ўқир эди ўша кезлар. Урушдан кейинги оғир йиллар эмасми, ёш оила қийинчиликларга ҳам дуч келади. София оилага ун, ёғ, шакар, макарон олиш учун номерни кафтига кимёвий қалам билан ёзиб, беш-олти соатлаб навбатда туради, қийин кунларнинг бирида эса билдирмай онаси инъом қилган олтин соатини сотиб юборади. Болаларини боғчага жойлаш учун ўша ерга ишга киради. Оила деб студентлик бахтидан воз кечади. Москвада ўзбекча ёзадиган машинисткалар бўлмагани туфайли ўзи ёзишни ўрганади. Ёзувчининг илк асарлари ва таржималарини тунлари ухламай оққа кўчириб беради! “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” романлари ўтган асрнинг саксонинчи йилларида беш-олти йиллаб босилмай, таъқиққа учраган кезда ўзича адолатсизликка қарши исён кўтариб, олти кун туз тотмай очлик эълон қилади… Адиб бу тўғридаги қалб туйғуларини “Эллик беш йиллик умрнинг беш лавҳаси” номли эсдаликларида миннатдорлик билан ҳикоя қилган…
— Ёш ўтган сайин одам совуққа чидамсиз бўлиб қолар экан, бир пайтлар тизза бўйи қорда ҳам ялангоёқ чопиб кетаверар эдик. — Адиб жемферга ўраниб олади. Чиндан ҳам буюк Соҳибқирон мавзуи Пиримқул аканинг қулфи-дилинигина эмас, баҳри-дилини ҳам очиб юборгандек эди. — Энг баланд тоғ чўққиси худди шундай баланд чўққидан кўзга яққол кўринади. — Узилиб қолган фикрини яна давом эттирди у. — Биз ҳам Амир Темур сиймосини юртимиз мустақиллигидан сўнг аниқ кўрдик, дилдан ҳис қилдик. Соҳибқироннинг ҳаёт-фаолиятига доир асл манбалар кенг истеъмолга киритилди. Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон”, Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур”, Муҳаммад Алининг “Буюк салтанат” асарлари адабиётимиздан муносиб ўрин олди. Лекин, бу табаррук сиймонинг очилмаган фазилатлари ҳали беҳисоб. Юзлаб илмий тадқиқотлар, бадиий асарларга эҳтиёж бор. У зотнинг жаҳон эътиборини қозонган улуғ зафарлари Олтин Ўрда ва Йилдирим Боязид босиб олган ўлкаларда ҳам мустамлака зулмини йўқотишга замин яратгани, Соҳибқирон қадимий ватанимиз Туронзаминни чингизийлар империясининг бир ярим асрлик жабр-зулмидан халос қилиб, адолатли буюк давлат тузгани, беш юз йиллик сулола асосчиси бўлгани ҳали адабиётимизда тўла ифодасини топган эмас.
— Ҳарбий маҳоратини айтмайсизми! — суҳбатга қўшилади Муҳаммад Али. — 1366 йилда 243 навкари билан беш минг кишилик ёвдан Қаршини тортиб олишининг ўзи бир катта китоб!
Пиримқул ака:
— Бобур Мирзо 134 йил ўтиб, 1500 йили бобокалонининг худди шу жасоратини такрорлайди. 240 довюрак йигити билан тунда Самарқанд қалъасига ҳужум қилиб, Шайбонийхоннинг минг-минг кишилик қўшинини шаҳардан қувиб чиқаради.
Пирмат Шермуҳамедов:
— Эрмитажда бир ёдгорлик кўрганман. Амир Темур бобомиз бир тарихий воқеани улкан харсангтошга она тилимизда ўйиб ёздирган экан.
Пиримқул ака:
— Тўғри, 1391 йилда Тўхтамишхон тажовузига қарши 200 минг қўшин билан жангга бораётганда Дашти Қипчоқ марказидаги Улуғтоғга ёздирган… Фақат бу эмас, Турон халқи 1370 йили Амир Темурга олтин тож кийдиради, белига тилла камар боғлаб, мустақил Турон давлати подшоси сифатида тахтга чиқаради. Шу билан Ватанимизнинг олтин даври бошланади.
Амир Темурнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс. У Туркияда эришган ғалабаси туфайли “Европанинг халоскори”га айланди, ХIV — ХV асрда бутун дунёни катта қадамлар билан олға боришига асос яратиб берди. — Пиримқул аканинг хотира ҳофизаси кенглиги, беш юз, минг йил бурунги воқеалар, уларнинг ой ва куни, жойлари, саноқсиз иштирокчилар номини аниқ-тиниқ айтишлари кишини ҳайратга солади. У фактларни эслабгина қолмай, ҳар бирига муносабатини ҳам билдиради. — Темур бобомиз лашкарларига қандай муносабатда бўлганини ҳали кўпчилик билмайди. Рус тарихчиси Якубовский: ”Чингизхоннинг аскарлари ҳарбий юриш пайтида ярим оч ҳолда бўлар эди. Қорни тўқ този овга ярамайди, қорни оч бўлса жон-жаҳди билан ўлжа талашади, деб Чингиз навкарларини шу кўйга солган”, дейди.
Ўз аскарларини овчи итларга менгзаган Чингизхон уларни фақат талончилик ҳисобига яшашга, жангда олинган ўлжалар билан бойишга ўргатган. Амир Темур эса навкарларига инсон сифатида қараган, уларга мунтазам маош тайинлаган. Ҳарбий юришлар пайтида аскарларини “укулка” деб аталадиган қўшимча маош билан рағбатлантирган. Боязид билан бўлган жанг арафасида барча сипоҳийларга етти йиллик маош олдиндан берилган экан.
Пирмат Шермуҳамедов:
— Амир Темурни баъзи тарихчилар македониялик Искандар ва римлик Юлий Цезарга ўхшатишади…
Пиримқул ака:
— Бу унчалик ҳам тўғри эмас. Аввало, икки ўртада минг йилдан ортиқ давр ётибди. Искандар 34 ёшида Ғарбда Ўрта денгиздан тортиб, Шарқда Амударё ва Гангагача чўзилган улкан империя яратади. Бир зиёфатдаги майхўрликдан кейин йигирма кун қаттиқ иситмалаб ётиб, тўсатдан вафот этади. Юлий Цезар эса ёши элликдан ошганда подшолик мақомига эришган. Собиқ республикачилар унга суиқасд уюштиришади. Цезар бунга парво қилмай, кўчаларда ҳам қўриқчисиз юраверган. Натижада, 56 ёшида суиқасд қурбони бўлади. Искандар ҳам, Цезар ҳам, биринчидан, ўз ажали билан ўлмаган, иккинчидан, иккови ҳам ўзидан кейин сулола қолдиролмайди. Амир Темур эса улардан фарқли равишда узоқ умр кўрди, кўзи тириклигида қудратли сулолага асос солди ва бу сулола 500 йил давр сурди.
Муҳаммад Али:
— Амир Темур ҳаёти, фаолияти талқинида жуда кўп хатоликлар ҳам бор. Бир қанча манбаларда Амир Темур саводсиз бўлган, деган асоссиз камситишлар мавжуд.
Пиримқул ака:
— Бундай туҳматларни ХV асрда Ибн Арабшоҳ бошлаб берган. Кейинчалик бошқалар давом эттиришган. Рус олимлари В.В.Бартольд, А.Ю.Якубовский, инглиз олимаси Хилда Хуккем шулар жумласига киради. Лекин биронтаси ўйлаб кўрмайдики, бесавод одам 24 ёшида баҳодир саркарда сифатида тарих саҳнасига чиқиши мумкинмиди? Бесавод одам “Темур тузуклари” каби беқиёс асар ярата олармиди? Амир Темур ўз муҳрига “Рости — русти”, яъни “Куч — адолатдадир” деган сўзларни бежиз ёздирган эмас. Ниҳоятда илмли, маърифатли бўлган аллома бобомиз учун муҳридаги сўзлар ҳаётий эътиқод бўлган. Умр бўйи шу эътиқодга амал қилган, бошқалардан ҳам адолатни талаб қилган. Ўзга мамлакатларга қилган юришларида ҳам шу эътиқодида собит турган. Россияни чингизийлар зулмидан озод қилганида, Александр Невскийдек машҳур княз ҳам қарши чиқолмаган босқинчиларнинг шафқатсиз солиқларини бекор қилган. Боязидни енгиб, уни аср олганида ўз ўтови ёнидан унга махсус ипак чодир ўрнаттирган. Боязиднинг хотини ва қизларини барча хизматкорлари билан ўз ихтиёрига қайтарган. Ваҳоланки, у замонларнинг биронта ғолиб подшо бундай олижанобликни хаёлига келтирган эмас. Мана шунга ўхшаш чалкашликларни тўғрилаш ҳам ўзбек зиёлилари олдида турган муқаддас вазифалар сираси киради.
Шу орада София опа икки-уч кириб, “толиқиб қолмадимикинлар”, дегандек Пиримқул акага маъноли-маъноли қараб қўйдилар. Аммо Пиримқул аканинг тушунгиси йўқ. Қарийб икки соатдан буён Соҳибқирон ҳазратлари ҳақида, асосан, ўзи сўзлаётганига қарамай, тобора тетиклашиб, кучга тўлиб, фикрлари қайнаб бораётгандек, гурунгни тўхтатгиси келмасди. Улкан адибимиздан зўрға жавоб олдик. Хайр-хўшлашаётганда:
— Дилкаш гурунгларни соғинган эканман, эзмалик қилган бўлсам узр, — дедилар миннатдор оҳангда. — Роҳатландим, енгил тортдим. Узоқлашиб кетмайлик. Келиб туринглар.
Биринчи қаватга тушиб кетгунимизча, Пиримқул ака билан София опа эшик олдида кузатиб туришди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 5-сонидан олинди.