Бахтиёр Назаров. Қалби орзуларидек кенг эди… (2008)

Ўзбек болалар адабиётининг ХХ аср 60 — 70-йилларигача бўлган даврини кейинги даври билан қиёсласак, гарчи бу даврлар орасида узвий боғлиқлик бўлса-да, кейингиси аввалгисидан жиддий фарқланишини сезмаслик мумкин эмас. Бунинг талай сабаблари бор, албатта. Ана шу сабабларнинг айримлари бадиийликка эътиборнинг кучайгани, болалар адабиётига хос хусусиятларнинг ижодкорлар томонидан чуқурроқ эгаллана бошлангани, айниқса, йирик жанрларда асарлар юзага келгани, болалар адабий танқидчилигида ҳам жиддий ўзгаришлар юз бергани, янги авлод ижодкорларининг майдонга келгани билан изоҳланади.
Сафар Барноев ана шу янги авлодга мансуб ёзувчи эди. У дастлабки тўпламлари биланоқ болалар адабиётига янги ҳаволар олиб киришга интилди, деярли қирқ йиллик ижоди билан болалар шеърияти, ҳикоячилиги, қиссачилиги ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Унинг жуссаси болалигидаёқ меҳнатда тобланиб тарашланди. Отаси урушга кетгач, рўзғорни тебратишда онасига таянч бўлди. Қўлигул онаси Рўзигул холанинг ёпган нонларини уйлари яқинидаги гузарга элтар, қайтишда, албатта, йўл ёқасидаги китоб дўконига кириб ўтарди. Турмуш уринишлари, болалиги ҳақида гапирганда: мен тўғри маънода ҳам, кўчма маънода ҳам нон қадрини яхши биламан, дерди Сафар ака. Айниқса, болалигимда онам ёпган нон иси, мазаси, ранги юрагимга, кўзимга муҳрланиб қолган, дерди.
Тошкентда Сафар ака билан университетда бирга ўқидик. Унинг ёши биздан бирмунча катта бўлишига қарамай, буни сездирмасликка ҳаракат қилар, доим ўзини тенг тутар эди. Пахта теримига чиққанимизда, терга ботиб астойдил меҳнат қилар, гулхан атрофидаги шеърхонликларда камсуқумлик билан иштирок этарди. Кўпчилик бошловчи болалар шоири сингари унинг ҳам Қуддус Муҳаммадий “Сандал”ида исиниб, “Печка”сидан тафт олгани шундоққина сезилиб турарди.
Онгли ҳаёти адабиётнинг ичида кечган шоирнинг оилавий турмуши ҳам адабиёт билан боғланиб кетган эди: меҳрибон аёли Малика опа билан дастлаб адабиёт тўгарагида танишган эдилар. Сафар ака ёзган асарларнинг илк ўқувчилари, танқидчилари ҳам Малика опа ва фарзандлари эди. У оилага, фарзандларга, дўстларга ниҳоятда садоқатли эди. Ўзи кирган давраларни, суҳбатларни гуллатарди. Қалби орзуларидек кенг, хаёллари жаҳонгир эди.
Биз — даврадошларидан ёши каттароқ бўлгани учун ҳазиллашиб у кишига баъзан Сафар ота, деб мурожаат этардик.
Баҳор кунларидан бирида қайсидир боғга чойхўрликка кирдик. Сафар ота, Рауф Зоҳир, Нўъмон, Ортиқбой, мен… Ҳали чой буюриб улгурмаган ҳам эдикки, нариги даврада ўтирганлар таниш чиқиб қолишди ва бизни ўз ёнларига таклиф этишди. Давра кенгайди, суҳбат қизиди. Дўстларимиз қаторида ёзувчиларни яқиндан танимайдиган, лекин ижодга ишқибозлар бор экан. Биз Сафар акага гап орасида бир-икки бор “Сафар ота”, деб мурожаат қилганда бояги йигитлардан бири даст ўрнидан туриб, “ипе, Назир Сафаров, ўзлари бўладиларми, кечирасиз устоз, қоронғу тушиб, бироз танимабман”, деб қолса бўладими. “Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, Назир Сафаров деганлари нечта бўлади, битта бўлади-да”, деб қўйди Сафар ака одатига кўра ўнг қўлини шеър ўқиётгандагидек бир-икки силтаб. Бояги йигит Назир Сафаровнинг роман, ҳикоя, очеркларини жуда севиб ўқишини тўлқинланиб гапира кетди ва бот-бот Сафар акага мурожаат қилиб, “Қаранг-а, сира сиз билан бир дастурхон атрофида ўтираман деб ўйламаган эдим, омади юришган одам эканман”, деб қўярди пешонасидаги терни артиб, астойдил. Сафар ака ҳам салобат билан бир-икки бош силкиб суҳбатдошининг фикрларини маъқуллаб қўярди. Бундан таъсирланган йигитнинг ҳиммати билан дастурхон бир-икки бор янгиланди, қайноқ ва муздек ичимликлар мўл бўлди…
Сафар Барноевнинг бутун умри меҳнат билан ўтди. Нашриётда, журналларда, Ёзувчилар уюшмасида баракали фаолият олиб борди. Хусусан, нашриётда муҳаррир бўлиб ишлаганда кўпдан-кўп дўстлари, таниш-нотаниш шоир, ёзувчиларнинг китоблари чиқишига бош-қош бўлди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида Халқ таълими вазирлигида хизмат қилиб, маориф соҳасига мустақиллик руҳини сингдиришда жонбозлик кўрсатди. Ўша пайтда амалга оширилган кўпдан-кўп миллатпарварлик, ватанпарварлик ғоялари билан суғорилган ишларнинг мактаб ҳаётига, ўқувчилар онги ва қалбига сингишида Сафар Барноевнинг ҳиссаси бор. “Гулхан” журналига Сафар Барноев муҳаррирлик қилган йиллар ҳам изсиз ва самарасиз кетмади. Асар ва муаллифларга талаб кучайди, журнал ранг-баранглашди, ўқувчилари доираси кенгайди, болалар адабиётига янги номлар “Гулхан” ёғдулари орқали кириб келди.
Сафар Барноев ижодида ўзбек болалар адабиётининг ранг-баранг муаммолари, чунончи, болалар тақдирида ўчмас из қолдирган уруш даҳшатлари акс этган. “Чеҳралар” тўпламидаги шеърлар ва балладаларнинг, “Афғон ҳикоялари” туркумидаги асарларнинг асосий қисми ушбу мавзуни бадиий ёритишга бағишланган.
“Қирқ еттинчи йил ҳикоялари” деб номланган туркумга кирган асарларида — бутун бир авлоднинг — уруш тугаган паллаларда вояга етган, оқ-қорани тушуна бошлаган, кўнгли бир умр ярим бўлиб қолган болалар авлодининг қиёфаси акс этган. Бу авлод кейинчалик ўсиб-улғайди, эл-юрт хизматига камарбаста бўлди. Улар орасидан олимлар-у шоирлар, косманавт-у давлат арбоблари етишиб чиқди. Ота дийдорига тўймаган бу авлоднинг бир вакили сифатида Сафар Барноев “Ота ўғли”, “Дадамнинг қўллари”, “Дадам ҳақида қўшиқ” асарларида ўша давр болаларининг армонларини тасвирлаган.
Адибнинг ижоди, асарлари ўз вақтида эътироф этилди, муносиб баҳоланди. У Ғафур Ғулом номидаги мукофот соҳиби бўлди, “Офарин” мукофотини қўлга киритди. Шеърлари, ҳикоялари ўндан ортиқ тилларга таржима қилинди. Хусусан, уруш ҳақида ёзиб, айниқса, унинг даҳшатларини ўз бошидан ўтказган рус, украин, белорус, чех, поляк китобхонларини қойил қолдириш осон эмас. Сафар Барноевнинг уруш мавзуидаги шеър, ҳикоялари ана шу халқлар китобхонларига маъқул келиб, уларнинг тилларига таржима қилиниб, чоп этилган экан, бу ўзбек адиби маҳоратининг тан олинганидан далолатдир.
Ёзувчи ижоди фақат ушбу мавзудаги асарлар билангина чекланмаган, албатта. Ҳаётда ўзининг мустақил ўрнини топишга интилаётган ёшлар, ўсмирлар дунёсига хос муаммоларни ёритиш Сафар Барноев ижоди учун бегона эмас эди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун унинг “Тоғдаман”, “Биринчи табассум”, “Соғинч” сингари тўпламлари, “Синфдошлар”, “Кийик боласи”, “Данак” каби ҳикоялар ҳамда “Оқ лайлаклар” сингари қиссаларига назар ташлаш кифоя. Хусусан, кичик ҳикоялардан ташкил топган “Кичкина Хўжа Насриддин” қиссаси ХХ аср сўнгидаги ўзбек болалар адабиётининг гўзал намуналаридан биридир. Бу асар ўз вақтида ўн минг нусхада нашр этилиб, жуда тез тарқалиб кетгани, ёзувчининг мухлислари кўплигини, у болаларнинг севимли адиби даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Бу қиссаси билан адиб ўзбек болалар адабиётига кичкина Хўжа Насриддин образини олиб кирди. Кичкина Хўжа Насриддиннинг ўзига хос саргузаштлари тасвири орқали ажойиб бир образ яратиб, ўзбек болалар адабиётининг кўркам биносига мустаҳкам ғишт қўйиб кетди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 22-сонидан олинди.