Асад Асил. Гўзалликка ошуфта кўнгил (2008)

Шоир ва журналист Азим Суюннинг ажойиб ташкилотчилик қобилияти, ҳақиқатнинг юзига тик боқиши, айниқса табиат гўзалликлари ошуфтаси эканлиги ҳақида кўп эшитган эдим. Аммо яқиндан танишувимиз 1999 йилнинг баҳорида бўлди. Сўлим Бўстонлиқ туманидаги улкан тоғлар бағрида табиатга нисбатан содир этилган бир шафқатсизлик ҳақида очиқ-ойдин ёзиб, матбуотда ёритолмай, сарсон эдим.

Азим Суюн “Ўзбекистон овози”га бош муҳаррир бўлибди, учрашиб кўрайин-чи, деган хаёл билан қабулхонага кириб бордим. Азимжон очиқ чеҳра билан кутиб олиб, дардимни тинглагач, муовини Салим Ашурга рўпара қилди:

— Бу тоғлик йигит табиатнинг ҳақиқий жонкуярларидан, мақоласини кўриб чиқиб, имкон қадар яқин кунларга режалаштиринглар!

Салимжон ҳам пайсалга солмай, мақолани деярли ўзгаришсиз 1999 йил 6 апрель сонида чоп эттирди. Табиат кушандаларига кўпдан бери бунақа зарба берилмаган экан, шекилли, пастдан тепагача зир югуриб қолдилар. Тирноқ остидан кир қидирувчилар ҳам топила қолди. Бу ҳолатдан ташвишланиб, яна Азим Суюнга учрашдим.

— Далилларингиз етарли, гувоҳларингиз тирик. Ҳақиқатни ёзгансиз, ҳаммамиз сизни ҳимоя қиламиз, — деди Азимжон қатъий. – Текширувчилар билан бирга юринг-да, бор гапни яна ўрганиб келинг, керак бўлса бу мавзуга яна қайтамиз!..

Худди шундай бўлди: комиссия билан бирга Пском бағридаги Урунгач тоғларига бориб, рўй берган воқеаларни яна бир бор исботлаб келдик. Натижада “Ўзбекистон овози”нинг 1999 йил 1 июнь сонида “Меҳмон овчилар” сарлавҳали яна бир танқидий мақола чиқди. Азимжоннинг дадиллиги туфайли ҳақиқат учун бўлган “кураш”да биз ҳақ бўлиб чиқдик. Шундан кейин ҳам Бўстонлиқ табиатини асраш мавзусида қатор чиқишлар бўлди. Уларда ҳам, албатта, ўзига яраша муаммолар кўтарилган эди.

– Шу жойларни бориб, тоғу тошларни кезиб, бор ҳақиқатни мен ҳам ўз кўзим билан кўрсам девдим, – таклиф киритиб қолди бир кун Азимжон.

– Сиз ўйлаганчалик осон эмас, йўллар жуда хатарли, – эҳтиёткорлик қилдим мен.

– Бу ёғидан ташвишланманг, тоғу тошлар фарзандимиз, бақувват техника топилса, бас.

Шундай қилиб, Ўгам-Чотқол Давлат табиат миллий боғи нозирлари бошлиғи Абдураҳмон Ғойибов, Азим Суюн ва мен Чотқолнинг энг баланд чўққилари бўлмиш “Қоронғи тўқай” сари жўнадик. Тикка ўру қирлардан иборат йўллар, тезкор сойлар даҳшатли кўринар эди. Аммо Азимжон бу оғир сафарнинг бошидан охиригача сираям пинагини бузмади. Хуллас у: “биз ҳам тоғликлармиз” деб бежиз айтмаган экан.

Тоғдан тушиб, Ғазалкент шаҳрига яқинлашар эканмиз:

– Анови тоғлар этагидаги бизнинг қишлоққаям кириб ўтмайсизми, – таклиф қилдим мен.

– Ахир бу маконда Сирожиддин Сидқий Хондайлиқий ҳазратлари туғилиб ўсган-ку! Ул зот қишлоғини албатта зиёрат қилиш керак!

Шундай қилиб, қишлоғимизнинг энг диққатга сазовор жойлари: Сидқий ҳазратлари туғилиб ўсган ёнғоқзорли ҳовли-жой, азим чинорлар, қадимий аждодларимиз яшаган Қўрғонтепа ва ундаги ер ости нажот йўлаги, етти авлиё ўтган манзилларни бирма-бир зиёрат қилгач, шоир бизнинг хонадон меҳмони бўлди. Бир озлик ҳордиқдан сўнг оралиқдаги сой бўйига ўтдик. Жўрғадан шовуллаб оқаётган сувга юз-қўлларини чайиб олган Азимжон бирдан жиддийлашди:

– Ҳозиргина ичган чойимиз мана шу сувданми?!

– Ҳа, албатта. Бу жилға тоғ булоқларидан оқиб келади…

– Кўрдим булоқларингизнинг аҳволини! – меҳмоннинг авзойи бутунлай ўзгара бошлади. –Ичавериб, ўрганиб кетгансизлар-да, ҳайвонлар гўнги, яна алланима балоларнинг сувдаги мазасини сезмайсизлар ҳам. Сиз қишлоқ оқсоқолисиз, тоғдаги шу булоқларни қувурларга “қамаб”, қишлоққа ичимлик суви келтириш чораларини кўрсангиз бўлмайдими?

– Анча йилдан бери шунинг ҳаракатидамиз, аммо шароитни кўрдингиз: чангалзорлар, қоятошлару тик қияликларни ёриб, беш-олти чақиримга ариқ кавлаш керак. Бунинг устига бир-икки эмас, бир неча ташкилоту ва яна қандайдир раҳбарларнинг розилигини ҳам олиш керакмиш…

Азимжон икки тиззасига кафтларини шарақлатиб урганча ўрнидан қўзғалди:

– Ана шунақа машмашаларни ҳал этиш учун оқсоқоллик курсисида ўтирибсиз-да! Қишлоқ аҳлини ҳашарга бошланг. Хондайлиқда қанча хонадон бор?

– Бир ярим мингга яқин…

– Ҳар бир оиладан биттадан забардаст йигит ёки ишга яроқлилар чиққан тақдирда ҳам бир ярим минг одам! Бу ҳазилакам кучми? Уларга бош бўлиб қишлоққа зилол сув олиб келсангиз, қурган гузарингиз, таъмирлаган йўл-кўприкларингиз биргина бу савоб олдида ўтаверсин! Сув келтиришга тўғаноқ бўлаётган ташкилот ва раҳбарлар билан гаплашишни менга қўйиб беринг!

Ўйлаб қарасам, умрида илк бора қишлоғимизга ташриф буюрган бегона бир инсон шунчалар куйиб-пишяптию, мен бўлсам…

– Ростдан ҳам бу ишга бош қўшасизми?

– Вой оқсоқол-эй, бу ишдан бўйин товлаб бўларканми? Эшигимиз сиз кабилар учун ҳамиша очиқ!.. Хуллас, кейинги гал сув жўмрагидан оқаётган зилол булоқ сувидан чой ичамиз, деган умиддаман.

– Насиб қилса, албатта шундай бўлади!..

Бу келишувдан сўнг уч йил давомида фаоллар билан қишин-ёзин тиним билмадик. Юзлаб ҳашарлар уюштирдик. Бу ишларда Азимжон ҳам четда турмади. Қачон борсам бош муҳаррир мени хуш кайфиятда кутиб олар, керакли ташкилот раҳбарларига куюнчаклик билан қўнғироқлар қиларди. Гўё ўз уйига сув олиб келаётгандай…

Қишлоғимиз аҳли қоятошлар остидан отилиб чиқувчи шифобахш ва зилол булоқлар сувидан ичаётганига икки йилдан ошди. Жўмракларимиздан сув оқа бошлаган дастлабки кунлардаёқ қишлоғимиз учун азиз ва қадрдон бўлиб қолган шоирни кўп бор зилол булоқлар сувидан чой ичишга таклиф қилдик. Бизларнинг-ку, ишимиз битди. Лекин Азимжон меҳмондорчилик учун вақт топа олмай юрибди.

«Тошкент ҳақиқати» газетаси,

2008 йил 27 февраль сони.