Охунжон Ҳаким. Биз киприклар эдик… (2008)

Адабиёт олами деб аталмиш сеҳрли дунёга атак-чечак қадамлар билан кириб келаётган пайтларимда каминангизга мадад қўлини чўзган, тўғри йўл кўрсатган, руҳимни кўтариб турган устозларимни бот-бот эслаб тураман. Улар берган маслаҳатлар ҳали-ҳамон қулоқларим остида жаранглаб тургандай бўлади. Масалан, устоз Ғафур Ғулом эллигинчи йилларнинг охирида «Шарқ юлдузи» журналида босилган туркум шеърларимни ўқиб кўриб, менга: «Ўзинг кетмон сопидек бўлсанг ҳам, ашуланг катта экан-ку. Менга қара шоир бола, интим лирика билан ўралашиб қолмай, дунёга кўзингни каттароқ очиб қара, тушундингми?» — деганди. «Тушундим», деган бўлсам ҳам, академик шоир гаплари замирида жуда катта маъно ётганини кейинчалик англаганман.
Миртемир биз ёш қаламкашларни киприкларим, деб атагандилар. Биз думбулгина ижодкорлар ҳақидаги, «Киприкларим» номли машҳур шеърни ким билмайди дейсиз! Гап-сўзлари ҳалимдеккина, хуштабиат, беғубор устоз биз ёшларга енг шимариб мадад берар, шеърларимизни таҳрир этиб, газета ва журналларга тавсия қилар, илк китобларимизга муҳаррирликни ҳам зиммасига оларди.
Каминангизга бағрикенглик билан мадад бериб, бадиий ижодда қулочни кенгроқ ёзиш йўлларини кўрсатган мураббийларим Комил Яшин, Собир Абдулла, Шуҳрат, Туроб Тўла, Иброҳим Раҳим, Мирмуҳсин, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом сингари забардаст қалам соҳиблари эди.
Биз уларнинг киприклари эдик!
Адабиётимизда ўзининг муқим ўрнига эга бўлган улкан қалам соҳиби, кўп қиррали ижодкор Ҳамид Ғулом ҳам ёш истеъдодларга йўл очиб бериш, уларни мунтазам қўллаб-қувватлашда ҳамиша камарбасталик қилганини яхши биламан.
Адашмасам, ўтган асрнинг эллик тўққизинчи йили ёзида мен илк шеърий тўпламим қўлёзмасини Ёзувчилар уюшмасига олиб бордим.
Шеърий тўплам қўлёзмаси саккиз-ўн чоғли тишли-тирноқли, катта-кичик ёшдаги шоирлар, ҳатто адабий танқидчиларга ҳам тарқатилар, муҳокамада китобни «бўлади» ёки «бўлмайди» дегучи ҳакамлар мана шу одамлар эди.
Яхши эсимда, тўплам муҳокамасида бир талай ижодкорлар қатнашди. Йиғилиш бошланишига саноқли дақиқалар қолганда хонага икки басавлат одам кириб келди. Уларни кўрибоқ танидим. Ҳамид Ғулом билан Шуҳрат акалар!
Муҳокамани Ҳамид Ғулом бошлаб берди. Шеърларим ҳақида нима деркин деб, енгил қалтироқ ичида ўтирибман. Йўқ, Ҳамид аканинг сўзлари мен кутгандан бошқача бўлди. У шеърларимдан бир дастасини йиғилиш аҳлига кўрсатиб деди: “Мана, менга шоирнинг ўнта шеъри берилган экан. Ўқиб чиқиб, саккизтасининг пешанасига плюс қўйибман. Охунжоннинг аксари шеърлари мени хурсанд қилди. Шуни ишонч билан айта оламанки, бугунги кунда шеъриятимизга дадил кириб келиб, фаол ижод қилаётган Ҳусниддин Шарипов, Юсуф Шомансур, Хайриддин Салоҳ, Теша Сайдалиевлар сафига яна бир умидли ёш шоир Охунжон келиб қўшилди…”.
Ҳамид акадан кейин Шуҳрат домла ҳам шеърларим ҳақида илиқ гаплар айтгани, келажагимга умид боғлагани эсимда. Устозлар қусурлари бартараф этилгач, қўлёзма нашрга тавсия этилиши керак деган фикрни билдиришди.
Қувончдан Фарғонага қанот қоқиб учдим шекилли. «Демак, қўлимдан келаркан, — дердим ўзимга-ўзим, — демак яхшироқ ёзсам бўларкан».
Ҳамид Ғулом истеъдодли, ижодий кўлами кенг, серқирра қалам соҳиби эди. У жиддий, халқ таъбири билан айтганда, қандайдир сири бор одамдай кўринса-да, дилкашгина, очиқ кўнгил киши эди. Мен кўп йиллар Ҳамид акадан фақат яхшилик кўриб келганман. Шунга доир бир-икки мисолни айтиб ўтмасам бўлмайди. Аниқ эсимда, 1971 йилнинг декабр ойи поёнлари эди. Ўша пайтлари Тошкентда, ҳозирги «Ўзбекистон овози» газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида ишлардим. Мўъжазгина иш кабинетида ўтирсам, хона эшиги очилиб, остонада Ҳамид ака кўринди. Дарҳол ўрнимдан туриб, ёнларига бориб кўришдим, ўтиришга таклиф қилдим. Унамадилар.
— Гап бундай, Охунжон, — деди Ҳамид ака, — биласиз, Ғафур Ғулом нашриётига ишга юборишди. Икки-учта одам олишим керак. Сизни поэзия бўлими мудирлигига мўлжаллаб турибман. Бирга ишлаймиз, хўпми?
Сира кутилмаган бу таклифни эшитиб, Ҳамид акага анграйиб боқиб турардим. Ҳамид Ғуломдек одам мени шундай лавозимга таклиф этаяпти-я!
— Демак келишдик-а? Мен ҳозир Мақсуд Қориевнинг олдига кириб, сизни нашриётга ўтказишларини сўрайман. Йўқ демайди.
— Ҳамид ака, — дедим, — бу ёғи ғалати… Мени Фарғонага мухбир қилиб жўнатишаяпти. Буйруқ чиққан…
— Мухбирликка сиздан бошқа одам йўқ эканми? — энсаси қотиб сўради Ҳамид ака.
— Муҳаррир юртингда бирор икки йил ишлаб кел девди, йўқ деёлмадим. Шунақа бўлди.
Ҳамид Ғулом индамасдан хонадан чиқди. Мен беихтиёр ортидан эргашдим. У зиналардан тез-тез тушиб ташқарига чиқиб кетди. Пича эргашиб бордим, лекин овоз чиқариб “хайр” дейишга журъатим етмади. Устоз мендан ранжиб кетди. Ахир, у киши мени журналист эмас, шоир деб биларди-да.
Кейин ҳам шундай деб билди. Энг нуфузли нашриётга раҳбарлик қилган йиллари бу даргоҳда менинг бир неча китобларим чоп этилди. Каминангиз бу гапларни “берган худога ёқибди”, деган маънода эмас, аксинча, бу улуғ инсон биздақа «радавой»ларга ҳам бағрикенглик, диёнат билан қарарди, деган маънода айтаяпман.
…Саксонинчи йилларнинг бошлари эди. Ҳамид Ғулом Йўлдош Сулаймонга телефон қилиб, “Эртага кечки рейс билан Фарғонага учаяпман. Кўришамиз, Охунжонга ҳам айтиб қўй”, дебди. Йўлдошали (худо раҳмат қилсин) менга қўнғироқ қилиб, шундоқ-шундоқ, эртага устоз келяптилар, бирор ёққа дайдиб кетиб қолманг, деб тайинлади. Қувониб кетдим. Ўша куниёқ катта-кичиклар билан келишиб, вилоятнинг уч жойида Ҳамид Ғуломнинг китобхонлар билан учрашуви режалаштирилди.
Эртасига кечки пайт Йўлдошали иккимиз Ҳамид акани аэропортда кутиб олдик. Табиатан эҳтиросли, серҳаяжон Йўлдош Сулаймон иккимиз Ҳамид ака атрофида гирдикапалакмиз. Устозга ўз садоқатимизни кўрсатмоқчи эдик-да.
— Битта кўк чой бўлгандайди, — деди Ҳамид ака креслога жойлашиб ўтираркан.
Йўлдош Сулаймон дупур-дупур қилиб югуриб ташқарига чиқиб кетиб, тезда чой олиб келди. Ҳамид ака тирсагини қўйиб ўтирган пастаккина ялтироқ «журналний»га чойнакни қўйиб, чойни бир-икки қайтарди. Учинчи қайтаришда бўлса керак, сира кутилмаган воқеа рўй берди. Юқорида айтганимдек, серҳаяжон Йўлдош Сулаймоннинг паншахани эслатувчи бармоқлари бехосдан чойнакни туртиб юборди. Эндигина дамланган чой не кўз билан кўрайликки, Ҳамид аканинг туфлиси устига ағдарилди. Менимча, ўшанда уч кишининг томоғидан уч хил садо чиқиб, ўрнимиздан ирғиб турдик. Меҳмонимизнинг туфлиси устида чой шамаси дўппайиб турар, чойнак ерда думалаб ётарди…
Мен шоша-пиша эгилиб, чойнакни олиб, шамаларига қўл чўзаётган эдим, ногаҳон Ҳамид ака:
— Икковинг ҳам нарёққа чиқиб туринглар, — деб ўрнидан турди.
Бошимиз қуйи, итоаткорона нариги хонага чиқдик.
Йўлдош Сулаймон чуқур “уҳ” тортиб юборди. Гапнинг очиғи, бу ҳолат ҳам аянчли, ҳам кулгили эди. Мен Йўлдош Сулаймон билан қирқ йиллик қадрдон эдим. Доим бирга юрардик. Суҳбатларимиз кўпинча бадиий ижод, адабий жараён ҳақида бўларди. Икковимиз ҳам ҳангоматалаб бўлганимиз учун кунларимиз ҳазил-ҳузилсиз ўтмасди. Шу боис бўлса керак, гарчи хижолат ичида бўлсам-да, Йўлдошалининг қитиғига текким кебқолди.
— Тавба, қаторлатиб қисса-ю романлар ёзиб ҳаммани қойил қилиб юрган одам эплаб чой қуёлмаса-я! Э, қўполдан тўнгак ўргилсин! Сизнинг қадамингиз етган жойда албатта ағдар-тўнтар бўлмай илож йўқ…
— Бўлмағур гапларни қўйсангизчи юрагимни сиқмай, — Йўлдошали тўнғиллаб мендан нарироқ кетди.
Атайлаб ёнига бордим.
— Ҳали менинг гапим бўлмағур бўпқолдими? Тунов куни тўйда ёнингизда ўтириб қолган кўҳликкина аёлга хушомад қилиб, тарелкасига лавлаги салат солиб бераман, деб оппоқ кўйлагини лолақизғалдоқ қилиб қўйганингизни ҳамма кўрди. Буям бўлмағур гапми? Шунақа мисолларни яна келтирайми?
— Бўлди-да энди! Ҳамид ака кечиримли одам. Кечирса керак-а? — тасалли берувчи гап истаб менга умидвор боққанди ўшанда соддагина қадрдоним Йўлдош Сулаймон.
— Билмадим, — дедим жўрттага мужмал қилиб, — ишқилиб… чиқай-чиқай деб турган романингизнинг бошига ўзингиз сув қуймаган бўлсангиз бўлди. Энди… Всё!
— Бўлди деяпман! — зарда қилди суҳбатдошим, — сиздан бирорта маънили гап чиқадими ўзи?
Шу пайт Ҳамид ака турган хона эшиги очилиб, у кишининг боши кўринди. Ҳайтовур, чеҳраси очиқ эди.
— Ғиди-бидиларинг тугаган бўлса, бу ёққа киринглар.
Бошимиз қуйи, итоаткорона хонага кирдик. Жиддий, сири бор Ҳамид ака қаршисида ер сузиб ўтирибмиз.
— Йўлдошали, — деб сукутни бузди Ҳамид Ғулом, — аввало сизни қувонтирадиган гап. Романингиз тўртинчи кварталнинг ўрталарига чиқади. Ўттиз минг тираж ёнига яна ўттиз минг қўшиб қўйдим.
— Ие, яхши, яхши! — деб ирғиб ўрнидан туриб кетди Йўлдош Сулаймон, — тираж катта бўб кетибдику! Яхши! Яхши!
— Ўқиладиган китобнинг тиражиям катта бўлади! — деганди ўшанда Ҳамид ака ўзига хос салмоқ билан. Кейин менга қараб: — Охунжон, туринг, чойни бу гал ўзингиз обкелиб, ўзингиз қуясиз, — деб қолди кулимсираб. Йўлдош Сулаймон ўзига сиғмай ўтирарди.
Дарҳол чой келтирдим. Ўша оқшом Ҳамид ака билан мириқиб гаплашгандик.
У киши билан хайрлашиб ташқарига чиқишимиз ҳамон раҳматли Йўлдошали менга ёпиша кетганди:
— Сиз боягина «романингизнинг бошига ўзингиз сув қуйдингиз» деб, ўтакамни ёрувдингиз. Ҳамид ака мени қанақа қувонтирганини кўрдингизми!
— Бўлмасачи! — дейман бепарво, — Ҳамид ака сизнинг чойнак билан боғлиқ бояги ҳунарингизга жавобан…
Йўлдош Сулаймон биқинимга туртиб, «қитмир», деб қўйганди ўшанда. Мана энди бир қоп ёнғоқдеккина Йўлдош Сулаймон ҳам орамизда йўқ. Дунёнинг ишлари шунақа. Устозларнинг киприклари тўкиляпти. Бевақт тўкилган киприклардан бири талантли адиб, ҳаммага яхшилик қилгиси келадиган беғубор инсон Йўлдош Сулаймон эди. На чора…
Биз, Ҳамид аканинг ижодини кўп йиллар ўқиганмиз ва ўқийверамиз. Истиқлол йилларида Ҳамид Ғулом яна бир очилди. Умрининг охиригача адиб мустақиллигимизни олқишлаб ажойиб шеърлар ёзди, кўплаб ўткир, эҳтиросли публицистик чиқишлар қилди. Қисқаси, сўнгги нафасигача устоз Ҳамид Ғулом ўткир қаламидан айро нафас олмади.
Бир вақтлар бизнинг бошимизни силаб, қаторга қўшган устозларимиз дунёни тарк этишган, жойлари жаннатлардан бўлсин. Уларни эслаб, хўрсиниб қўясан киши. Лекин, таскин берадиган нарсаям бор. Бу шу улуғ зотлар яратиб кетган асарлар.
Қалбимиздан ҳам, китоб жовонларимиздан ҳам жой олган асарлари!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2008 йил 7-сонидан олинди.