Иброҳим Мирзаев. Адибнинг бир нутқи (2007)

Ғафур Ғуломга сўз берилган вақтда Абдулла Қодирийнинг оила аъзолари ўтирган жойда қандайдир ғовур-ғувур бўлиб ўтди… Ғафур Ғулом нутқида, менинг назаримда, ёзувчи ижодининг ижобий томонлари, унинг адабиётимиз тараққиётида тутган ўрни етарли даражада ёритилмади. Мазкур анжуман бўлганига 40 йилдан ортиқроқ  вақт ўтгани учун бўлса керак, шоирнинг айрим сўзлари хотирамдан кўтарилган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасининг 2006 йил 15 октябр сонида Шерали Турдиевнинг «Абдулла Қодирий кечасида сўзланган нутқ» деган мақоласи эълон қилинди. Унда Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллигига бағишланган анжуман ҳақида, айниқса, Абдулла Қаҳҳор нутқи ҳақида анча батафсил маълумот берилган.

Мен юбилей мажлисининг бевосита иштирокчиси бўлганим учун шу анжуман ҳақида айрим мулоҳазаларни билдиришни лозим кўраман.

Мен ўша вақтларда (1964 йил баҳори) Ўзбекистон Фанлар академиясининг Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида илмий котиб бўлиб хизмат қилар эдим. Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллиги арафасида бизлар юқори мартабали кишиларга мурожаат қилиб, юбилейни қандай ўтказиш ҳақида маслаҳат сўрадик. Улар Тил ва адабиёт инс­титутида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда илмий мажлис ўтказинглар, деган мазмунда кўрсатма беришди.

Тил ва адабиёт институти ўша вақтда Ўзбекистон телевидениесининг ёнида, ҳозирги Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейига туташ бинонинг иккинчи қаватида жойлашган эди. Биринчи қаватда эса Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ва мажлислар зали бор эди. Анжуман шу залда ўтказиладиган бўлди.

Мазкур анжуманнинг ўтказиладиган куни ва соати олдиндан белгиланган бўлишига қарамай, ўша куни институт раҳбарлари бошқа бир муҳим мажлисга боришлари керак бўлиб қолди. Олдинроқ инс­титут фаолияти юқоридан тузилган комиссия томонидан қаттиқ тафтиш қилинган эди. Шу комиссиянинг иш якунлари Марказий Комитетнинг қайси бир бўлимида худди шу куни муҳокама бўлиши керак экан. Институтнинг ўша вақтдаги директори адабиётшунос олима Ҳабиба Қурбонова, директор ўринбосари таниқли тилшунос олим Болта Жўраев, институт партия қўмитасининг котиби, йирик тилшунос олим Ғани Абдураҳмоновлар шу мажлисга боришлари шарт эди. Улар кетишди. Абдулла Қодирий юбилейига бағишланган анжуманда эса институт директсиясидан ёлғиз мен вакил бўлиб қолдим.

Юбилей анжумани бошланишидан бир оз олдин, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раҳбарларидан Ҳамид Ғулом бошчилигида бир гуруҳ ёзувчилар келишди. Мен уларни директор хонасига таклиф қилиб, мажлисни қандай ўтказиш ҳақида гаплашиб олдик. Мен Ҳамид акага қараб: «Директоримиз йўқлар, ўзингиз мажлисга раислик қилсангиз», дедим. Улар рози бўлдилар.

Бизлар, яъни институт ходимлари, эшик олдида туриб, меҳмонларни очиқ чеҳра билан кутиб ола бошладик. Улар ичида ўзбек хал­қининг фахри бўлган Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор каби ёзувчилар, Воҳид Зоҳидов каби академиклар, талабалар бор эди. Абдулла Қодирийнинг фарзандлари, яқинлари залнинг чап томонида йиғилишиб ўтиришди. Деразалар олдида одамлар тикка-тик туришар эди. Ҳатто бир қисм меҳмонлар залда жой бўлмагани учун таш­қарида қолдилар. Институт деворига осиб қўйилган кичик бир эълон орқали шунча одамнинг тўпланиши халқнинг Абдулла Қодирийга бўлган иззат-ҳурматининг ёрқин бир кўриниши бўлди. Ойбек домла президиумда тўлқинланиб ўтирар эдилар. Юзларидан қандайдир нур ёғилиб, бутун залга файз тўкиб ўтирар эдилар.

Ҳамид Ғулом мажлисни очиб, доклад учун сўзни Ҳомил Ёқубовга бердилар. Мен президиумда, Абдулла Қаҳҳорнинг чап ёнларида, чеккада ўтирар эдим. Улар қўлларида қоғоз, ручка бўлиб, нималарнидир ёзиб-чизиб ўтирар эдилар. Улар чизган чизиқлар, қандайдир геометрик шаклларни эслатар эди. Шу вақт эшикдан Ғафур Ғулом кириб келди. Президиумда бўш ўрин бўлмагани учун мен дарров ўрнимдан туриб, уларни президиумга таклиф қилиб, ўзим пастга тушиб ўтирдим.

Докладчи Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида яхлит бир тасаввур ҳосил қилишга ҳаракат қилди. «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романларига алоҳида-алоҳида тўхталиб, ўзбек адабиётида романчиликнинг бошланиши ҳақида, санъаткорнинг маҳорати ҳақида, ҳажвий асарлари ҳақида анча батафсил сўзлади. Эшитувчилар мароқ билан тинглашди. Ҳомил Ёқубов менинг илмий раҳбарим бўлгани учун олдин ҳам менга Абдулла Қодирий ижодининг айрим қирралари ҳақида кўп янги гапларни гапирган эдилар. Янги илмий кашфиётларнинг бир қисми шу йиғилишда кенг жамоатчилик ўртасига ташланди.

Ғафур Ғуломга сўз берилган вақтда Абдулла Қодирийнинг оила аъзолари ўтирган жойда қандайдир ғовур-ғувур бўлиб ўтди… Ғафур Ғулом нутқида, менинг назаримда, ёзувчи ижодининг ижобий томонлари, унинг адабиётимиз тараққиётида тутган ўрни етарли даражада ёритилмади. Мазкур анжуман бўлганига 40 йилдан ортиқроқ  вақт ўтгани учун бўлса керак, шоирнинг айрим сўзлари хотирамдан кўтарилган. Шунинг учун бу ўринда мен Шерали Турдиевнинг мақоласида айтилган қуйидаги сўзларни келтириш билан чекланаман: «Шоир Ғафур Ғулом ўзининг қисқача сўзида Абдулла Қодирий эски рисолалар типидаги баъзи асарлар ёзган ва кейинчалик жабр ҳам кўрган, деди».

Абдулла Қаҳҳорга сўз олгач, зал қандайдир бир қалқиб кетгандай бўлди. Жой йўқлигидан ташқарида қолган меҳмонлар тиқилишиб бўлса ҳамки залга кирдилар, чунки улар Абдулла Қаҳҳор нутқини эшитишни сабрсизлик билан кутиб турган эдилар. Маълумки, Абдулла Қаҳҳор бирор бир анжуманда сўзга чиқсалар, шу ерда кишилар хотирасидан бир умр чиқмайдиган из қолдириб кетар эдилар. Ўша куни ҳам худди шундай бўлди. Балким кутилганидан ҳам ортиқроқ бўлди.

Абдулла Қаҳҳор ўз нутқида ёшлигида ўқиган бир ҳикояни эслаб, ундаги занжирбанд фил воқеасини жуда қизиқарли тарзда баён қилди. Ҳикоянинг хотирамда сақланиб қолган қисқача мазмуни қуйидагича: қайси бир мамлакатнинг ҳайвонот боғида бир филнинг оёғига занжир солиб, темир қозиққа  боғлаб қўйишган экан. 100 йилларча вақт ўтгандан сўнг шу занжир эскириб, емирилиб, узилиб кетибди. Темир қозиқдан ному нишон ҳам қолмабди. Лекин шунда ҳам фил озод бўлдим-ку деб, бошқа ёққа кетиб қолмай, аксинча, ўрганган одатига кўра темир қозиқ атрофида айланиб яшаган экан.

Дарҳақиқат, шахсга сиғинишнинг салбий оқибатлари фош этилиб, Абдулла Қодирий ўзбек ёзувчилари сафига қайтарилган бўлса ҳамки, ҳали уни миллатчи, аксилинқилобчи деб, камситиб, эскича мезонда иш кўрувчилар бор эди. Абдулла Қаҳҳорнинг образли ибораси билан айтганимизда, улар ҳали шахсга сиғиниш вақтида қоқиб кетилган темир қозиқ атрофида айланиб юрар эдилар.

Ҳатто айрим мунаққидлар катта олим Иззат Султоннинг газетада эълон қилинган «Ёзувчи Абдулла Қодирий ҳақида» деб номланган яхши бир мақоласига ҳам қарши чиқишиб, у мақолада адиб ижоди идеаллааштирилган, деган айбни қўйган эдилар.

Ўша вақтларда менинг хаёлимда бир қатор саволлар пайдо бўлган эди. Нима учун Абдулла Қодирийдек улкан адибнинг 70 йиллик юбилейини кенг доирада, бутун республика миқёсида ўтказмаслигимиз керак? Нима учун адибнинг вилоятлардаги миллионлаб мухлислари йиғилишиб, уни эсламасликлари керак? Ёзувчининг серқирра, мураккаб ижодини тадқиқ этиш вақти келмадими? Бизлар ўтказаётган оддий бир йиғилишни илмий-назарий конферентсия тарзида ўтказиб, унда 4-5 илмий докладни эшитсак, адибни шахсан кўрган, билган кекса авлод вакилларининг хотираларини эшитиб, уларни матбуотда эълон қилсак, яхшироқ бўлмасмиди?

Мен Абдулла Қаҳҳор нутқини эшитиб,  занжирбанд фил ҳақидаги ҳикояни тинглаб, бу саволларга маълум даражада жавоб топгандек бўлдим. Унинг нутқи ниҳоятда долзарб ва мазмунли бўлишидан ташқари жуда қизиқарли ва таъсирли эди. Адиб ижод йўли учун характерли бўлган ҳажвий услуб унинг нутқини янада жозибали қилган эди.

Абдулла Қаҳҳор ўз нутқида ўзбек адабиёти тарихий тараққиётининг энг мураккаб, энг чигал даври ҳисобланган ўтган асрнинг 20-йиллари адабиёти ҳақида ҳам бир қатор муҳим муаммоларни ўртага қўйди. У шундай деган эди: «Бизнинг 20-йиллар адабиётимиз тарихи ҳозирги туришида камбағал кўринади. Ўз вақтида фақат Абдулла Қодирийгина эмас, каттакон олим-ёзувчи Фитрат, зўр талант эгаси Чўлпон, жўшқин комсомол шоир Боту… сингари кўп арбобларимизнинг ҳам номи ўчган эди. Кейинги вақтларда адолат юз кўрсатиб, буларнинг ҳаммаси бош кўтараётибди, адабиётимиз тарихига қайтаётибди».

Абдулла Қаҳҳор айрим мунаққидларнинг Абдулла Қодирий, Чўлпон каби «адиб ва шоирларнинг оқланганига кишиларда шуб­ҳа туғдирмоқчи, буларга қора кўланка солмоқчи» бўлганликларини жасорат билан танқид қилди. У адабиётимиз тарихини катта билимдонлик билан, объектив тадқиқ қилишга даъват этди.

Абдулла Қаҳҳор нутқининг қисқартирилган матни кейинчалик унинг Беш жилдлик асарларининг сўнгги жилдида (1989 йил) нашр этилди. Афсуски, юбилей кечасида айтилган нутқлар магнит тасмасига ёзиб олинмаган. Унда стенографистка ҳам қатнашган эмас. Шунинг учун ҳам, менинг назаримда, кейинги нашр этилган матнларни ўша мажлисда бевосита иштирок этган ўртоқларнинг хотирасида сақланиб қолган матнлар деб тушуниш тўғри бўлади.

Хуллас, Абдулла Қодирий таваллудининг 70 йиллигига бағишланган илмий мажлис адиб мухлислари қалбида бир умрга сақланиб қоладиган анжуман бўлди. Гарчи йиғилиш кичикроқ доирада ўтса ҳамки, унда адибнинг серқирра ижодига юқори баҳо берилди. Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, у: «…янги давр адабиёти, Европа адабиёти гази билан ўлчанганда ҳам тўлақонли асарлар ёзган, ўзбек романчилигини бошлаб берган улкан адибдир». Келажак авлод унинг ўлмас асарларини ҳамма вақт ўқийди, ҳар бир даврда унинг сер­қирра, мураккаб ижод йўлига бағишланган янги-янги кашфиётлар яратилади.

Иброҳим МИРЗАЕВ,

филология фанлари номзоди

«Ҳуррият» газетасидан олинди.