Миразиз Аъзам. Болакайларнинг миннатсиз хизматкори (2007)

Агар янглишмасам, 1966 йилнинг охирлари эди. Ўшанда “Ғунча” журналида ишлардим. Муҳарририятдагилар обуна тарғиботи баҳонасида мени Олтиариққа сафарга жўнатишаётиб: “Анвар Обиджонов ўқийдиган 13-мактабга ҳам боринг, топиб, гаплашиб кўринг”, деб тайинлашди. Полосон деган чекка қишлоқда яшовчи, ҳеч ким ўзи тугул ҳали суратини ҳам кўрмаган Анвар исмли болани журналдагилар яхши танишининг сабаби шу эдики, у бизга тўртинчи синфдалигидан бошлаб шеърлар жўнатиб турар, тинмай ёзиши, пайти келса, кун оралаб хатлар юбориши билан ҳамманинг эътиборини тортган эди.

Тиришқоқликда тенги йўқ бу муаллифимиз бирдан анча вақт жимиб кетгач, унга катта умид боғлаётган муҳарририятимиз бундан хавотирлана бошлаганди.

Олтиариқда учрашувлар ўтказиб, орада Анвар ўқийдиган мактабда ҳам бўлдим. Учрашув чоғида унинг чиқиб қолишидан умид қилдим, аммо ундан дарак бўлмади. Директор ва ўқитувчилардан сўрасам, “Биздан кетган” дейишди. Яхшироқ суриштирсам, қайсидир ўқитувчи билан чиқишолмай, юқори синфни бошқа мактабга ўтиб битирибди. Яқиндагина ҳарбий хизматга кетган экан.

Мактабнинг ёнгинасида бўлгани учун Анварнинг хонадонига кирдим. Уч қизни узатиб, энди беш ўғилни вояга етказаётган серфарзанд хонадон, бирови томорқада уймаланган, бирови қўй-сигирга қараган. Харобгина қишлоқдаги элқатори тупроқтош уйлар. Шоир “Эски том” шеърида ёзади:

“Тонгда ёмғир қуйди шов-шув,
Лойқа сувга тўлди тарнов.
Инда титрар Олаҳакка,
Эски томдан ўтди чакка…”

Биламан, бу — Анварнинг уйи. Бирор қўшнисидан камбағалроқдек туюлмаса-да, хонадондаги аҳволни кузатиб туриб, бемалол шеър ёзиб ётиш мумкин бўлган шароит мавжудлигини сезмадим. Бу шароитдан ёриб чиқиш учун улкан мақсад йўлида катта куч сарфлаш лозимлиги кўриниб турар эди.

Шундан сўнг орадан олти йилча ўтиб, Анвар билан биринчи марта қўл олишиб кўришдим. Билсам, ҳарбий хизматдан қайтиши биланоқ дадаси вафот этибди, хонадонда катта ўғил бўлгани учун, колхозга ишга кириб, далада табелчилик қилибди. Энди туман газетасига мухбир бўлиб ўтибди. Университетнинг журналистика факултетига сиртдан ўқиш учун ҳужжат топширишга келган экан. Мени энг қувонтиргани бир қўлтиқ шеър олиб келгани бўлди. Хайрият, турмуш қийинчиликлари уни синдиролмабди. Янги шеър­ларини ўқиб, унда ижобий томонга кескин ўзгариш бўлганини кўрдим. Айниқса, жониворлар ҳақидаги шеърлари ўзига хос усулда битилгани, қувноқлиги, айни пайтда тагдорлиги билан ловуллаб кўзга ташланарди. Ўшанда “Ёш гвардия” нашриётига ўтиб ишлаётгандим, шеър­ларни ишхонадагиларга кўрсатиб маслаҳатлашдим, уларни китоб қилиб чиқаришга ҳеч бири эътироз билдирмади.

Иқтидор ўз йўлига. Анварнинг асосий ютуғи шундаки, у ўз мақсадида собит, ҳаддан ташқари меҳнаткаш. У шу қадар кўп ёзардики, охир-оқибат бу унинг услуб таранглиги, назм техникасини пухта эгаллашига олиб келди. Шеърга ранг берадиган халқ тилини ўринли қўллай олишни ўрганди. Анвар Обиджон ҳақида сўз айтиш осон иш эмас. Ижодкор ва шахс сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам у шу қадар серқирра сиймоки, агар тўрт хусусиятини айтсангиз, яна ўн хусусияти қолиб кетади. Мен эса, айниқса, ўз яқинларим, жигарларим ҳақида дуруст­роқ сўз топиб айтолмайдиган нўноқлардан бириман. Фақат ишонч билан айтишим мумкин бўлган гап шуки, Анвар ўзбек болалар адабиётининг йирик ижодкорларидан бири. Машҳур ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг “Халқ сўзи” газетасида босилган мақоласидаги: “Қ. Муҳаммадий, П. Мўмин, Ҳ. Назир асарларини ўқиб, Худога шукур, шундай ижодкорларимиз бор-а, деб фахрланаман. Марк Твен, ака-ука Гриммлар, Шарл Перро, Жанни Родари сингари жаҳоншумул ёзувчиларни ўқиганда эса, уларнинг ўзига хослиги, адабиётга ҳеч ким айтолмаган гапларни айтиб кириб келганини ўйлаб, э Худо, бизга ҳам ана шундай ёзувчилардан берсанг эди, деб ич-ичимдан орзу қилган пайтларим ҳам кўп бўлган. Ана шундай ижодкорни Аллоҳ бизга полосонлик Анвар Обиджон қиёфасида берганга ўхшайди”, деган гапларида мен ҳеч қандай муболағани сезмадим. Кўнглида борини очиқ айтган мардларга раҳмат.

Худойберди акага ўхшаб, мен ҳам жаҳон болалар адабиётини имкон қадар кузатиб бораман, болалар адибларидан энг номдорларининг юзга яқин намояндаси ижодини ўрганганман, кўпларини ўзбекчага таржима қилганман. Шу боис Анварни бошқаларга чоғиштириб кўриш имконим бор. Қани, ўйлаб кўрайлик, Анвар ўша шоир ёки ёзувчиларнинг қайси биридан кам? Рус классик болалар шоирлари Корней Чуковский ва Самуил Маршак, италиялик Карло Коллоди ва Жанни Родари, америкалик Доктор Сюз ва Жон Чиарди, англиялик Алан Милн ва Де ла Мер, немис болалар адиблари Эрих Кестнер ва Жеймс Крюслардан Анварнинг камлик жойи борми? Йўқ, албатта!

Немис шоири Бертолд Брехт “Молингизни кўрсатинг” дейди. Биз жаҳонга Анварнинг “моллари”ни, яъни ижод намуналарини кўрсата олмадик, йўқса, унинг номи ҳам жаҳон бўйлаб жаранглаган бўларди. Анварнинг ўзи эса, бу нарсага бепарво қарайди, русчага ўгирилган баъзи шеърларимни аҳволини кўриб, таржимадан кўнглим совиган, Ўзбекистонда тузукроқ танилсам, шунинг ўзига минг марта шукур қилардим, дейди.

Ўзи нашриётда неча йиллар катта лавозимларда ишлаб ҳам, бирорта китобини қалин муқовада чиқармади, яхшироқ безак бердиришгаям уринмади. Унинг “Олтиариқ ҳангомалари” асари юпқа муқовада чиқарилгани етмаганидек, китоб варақларини олдин тикдириб, сўнг муқовалашни ҳам лозим топишмаганки, ўқишни бошласангиз, варақлари тўкилиб тушаверади. Анвар бунақа нарсаларга эътиборсиз, фақат ёзишни билади, хал­қига керакли гапни айтишни билади.

Хайрият, минг таҳсинлар бўлсинки, “Шарқ” нашриёти яқинда Анвар Обиджоннинг танланган шеърларини биринчи марта қалин муқовада чиқарди. Нашриётнинг яна бир иши мақтовга сазоворки, бу кўркам ва мазмундор китоб замонамизнинг ҳозирги даврига мосланиб, ҳам кирилл, ҳам лотин алифболарида босилган. Чўлпон номидаги нашриёт эса Анвар Обиджоннинг болаларга аталган асарларини бир неча жилддан иборат ихчам-ихчам китоблар қилиб чиқаришни бошлагани ҳам жуда қувонарлидир. “Ўғирланган паҳлавон” деб аталувчи биринчи китоб безакларга бойлиги билан кўзни яшнатади. Кейинги китобларни тезроқ кўришни ва улар юртимиздаги  ҳамма кутубхоналарга етиб боришини истар эдик.

Анвар Обиджон ижоди мустақилликдан кейин қадр топди, керакли баҳосини олди. Олдинги замонда ишхона томонидан ишчан ходимларга бериб туриладиган “Фахрий ёрлиқ”лардан бошқа сийловни кўрмаган шоир Мустақилликдан сўнг ҳукумат эъзозига сазовор бўлди. “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак унвон эгаси энди.

“Афанди” газетасига Анваржон ҳақида ёзган бир мақоламда унинг 1947 йил 25 январда туғилганини ҳам қистириб ўтгандим. Бир куни Анваржон учраб қолиб, олтиариқча ҳазил қилиб, ҳужжатимга сал ошириб ёзишган, аслида 8 январда туғилганман, деди. Ўшанда нимадир хотирамни қитиқлагандек бўлган эди, бир куни унинг китобини варақлаётиб, “Туғилганди Бўрича саккизинчи январда” деб бошланувчи шеърига кўзим тушди-ю, гап нимадалигини анг­ладим. Бу шеърнинг қаҳрамони ёш Бўрича туғилган кунига отаси кийик тўшини, онаси қуён гўштини ваъда қилиб турган бўлса-да, улардан ўзи ҳали еб кўрмаган парвардани сўрайди. Ота-онаси топиб беролмагач, ширин парвардадан тотиб кўриш орзусида шаҳарга йўл олади. Шаҳарда уни тутиб, ажойибхонадаги қафасга тиқишади. Бу ерда овқат текин бўлса ҳам, у нуқул узоқдаги адирга бўйланаверади. Орадан йиллар ўтади. Бир куни томошага келган қизча ширинликни деб аччиқ қисматга йўлиққан Бўрига бир бўлак парварда ташлаб ўтади. Тағин айнан 8 январда!

Турмуш заҳматлари-ю, ижод машаққатларини писанд қилмай, миллатимиз болалари тарбиясига хизмат қилувчи бири биридан гўзал ва маънодор асарлар ёзишга умрини сарфлаб келган Анвар Обиджон, мана, олтмиш ёшга ҳам етибди. Унга узоқ умр, янада юксак ижодий парвозлар тилаш, адабиётимиздаги катта меҳнатлари ҳақида икки оғиз илиқ сўз айтиб, жажжи китобхонлар номидан миннатдорчилик билдириб қўйиш ниятида ушбу мақолага қўл урдик. Аслида, бу ҳам Бўричага тутилган парвардадек бир гап.

Миразиз АЪЗАМ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.