Ашурали Жўраев. Лабиҳовузнинг тилло табассумлари (2007)

Таниқли ҳажв устаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси  Неъмат Аминов ҳаёт бўлганларида шу кунларда қутлуғ 70 ёшга тўлардилар. У киши 1937 йил 17 июлда Бухоро вилояти Ромитон туманида таваллуд топди. Бухоро давлат педагогика институтида (ҳозирги университет) ўқиб юрган талабалик йилларидан бошлаб адабиётга меҳр қўйди. Истеъдод билан йўғрилган бу самимий меҳр туфайли у машҳур ёзувчи бўлиб танилди. Илк ҳикояси, илк китоби билан ўқувчилар тилига тушди. Узоқ йиллар Бухоро вилоят радиосида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Сўнг Тошкентга — “Муштум” журналига ишга таклиф қилинди. Пойтахтда ишлаш Неъмат Аминов ижодининг янги қирраларини очди.

Унинг кўплаб ҳажвий ҳикоялари, фелетонлари  ва танқидий мақолалари қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Адибнинг маҳорат билан ёзган  “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи унга катта шуҳрат келтирди.

Неъмат Аминов мустақил юртимизнинг адабиёти, маданияти ва маънавияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб кетди. Бу ҳақда ҳали адабиётшунослар, мутахассислар ва адабий жамоатчилик ўз муносабатини билдириши, баҳо бериши табиий.

Ёзувчининг шогирди Ашурали Жўраев устозининг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи хотира китобини ёзди. Қуйида ана шу янги китобдан айрим саҳифаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Адабиёт ҳақида бўлган суҳбатлардан бирида Неъмат Аминов шундай деган эди:

—  Ҳикояда характер бўлиши керак. Агар ёзувчи характер яратолмаса, бирор чиройли, қуйма тасвир ё диалог ўқувчини ҳаяжонга солсин. Буни ҳам эплай олмаса, бир янги сўз ёки ибора ёдида қолсин. Чунки бир бет ҳикоя ёзганда ҳам, роман ёзганда ҳам имон билан ёзиш керак. Адабиёт аввало, бу — имон дегани!

Устоз ўзининг бу ибратли фикрларига умрбод содиқ қолди. Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам имон билан иш тутди,  имон билан ижод қилди, имонга суяниб яшади. Ҳақиқатан ҳам, Неъмат Аминов ҳаёти ва ижодини синчковлик билан кузатарканмиз, у киши умрининг охиригача имон-еътиқодга ҳамиша содиқ қолганлигига гувоҳ бўламиз.

Неъмат Аминовнинг доимий кулиб турадиган самимий чеҳраларини ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бу муборак чеҳрада одамни ўзига тортадиган меҳр нури ёғилиб турарди. У кишининг табассуми Лабиҳовузнинг сувларидай тиниқ ва тоза эди. У кишининг кулгиси Лабиҳовуздай сокин, теран ва чуқур эди. Кўзларида одамларни беғуборлик ва ҳалоллик билан севиш туйғуси ҳамиша барқ урарди. Ҳаёт ва ижоднинг мураккаб ташвишлари билан эрта оқарган нуқрадай сочларида ҳам ёруғлик шуълалари таралиб тургандай эди. Неъмат аканинг қиёфасида кулги булоғининг тўлқинлари доимо жилоланиб турарди.

Неъмат Аминов туғилганида у кишини Насриддин Афандининг фаришталари йўргаклаган бўлса ажаб эмас. Чунки устоз кулги билан туғилиб, кулги билан яшаб ўтди. Умрбод кулгига, ҳажвга содиқ қолди. Бухоро ва бухороликларнинг барҳаёт кулгисини адабиётга муҳрлаб кетди.

“Касб-корим — одамлар лабидан, одамлар тақдиридан табассум излаш бўлди. Ҳар бир кўрганим — табассумни гўё бир тилло топгандек ён дафтарчам варағига авайлаб тугиб, хотирам кавакларига яшириб қўйдим. Вақти келганда шу “тилло”ларни қимматли ўқувчиларим бошидан сочдим. Бундан кўпларнинг руҳи ойдинлашиб, кўпларнинг юзи мунаввар бўлди… Битта-ярим жириллаганлар ҳам йўқ эмас. Начора…”, деб ёзган эди Неъмат Аминов ўзининг  “Тилло табассумлар” китоби сўзбошисида.

Абдулла Қаҳҳор ибораси билан айт­ганда, Неъмат Аминов адабиётга ёниб кирган истеъдодлардан эди. Ёниб яшаш, ёниб ижод қилиш, ёниб сўзлаш Неъмат акага хос фазилат эди. У кишининг биринчи китоби —  “Икки пуллик обрў” чоп этилиши билан адабиётда воқеа сифатида баҳоланди, ўз ўқувчиларини топди. Илк китоби билан шуҳрат қозониш, тилга тушиш камдан кам ёзувчига насиб этади.  Шундан сўнг турли йилларда чоп этилган “Қирқ учинчи почча”, “Лабиҳовуз хандалари”, “Тилло табассумлар”, “Жигари тўкилди”,  “Чинорлар қўшиғи”, “Қаҳқаҳа” сингари китоблари ҳам қўлма-қўл бўлиб ўқилди, адабий жамоатчиликнинг юксак баҳоларига сазовор бўлди. Адибнинг номини машҳур қилган “Елвизак” ва “Суварак” қиссалари негизида “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи дунёга келди. Баралла айтиш мумкинки, ёзувчининг истеъдод билан ёзган бу йирик асари ҳам адабиётда ўз ўрнини топди. Биринчи бўлиб таниқли олим Озод Шарафиддинов катта мақола ёзиб, асарни юксак баҳолади. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад Неъмат Аминов хотирасига бағишлаб ёзган ёдномасида шундай дейди: “Ёлғончи фаришталар” бугунги адабиётимизнинг дурдона асари бўлиб қолди. Шамси Тўраевич, Баширжон Зайнишев, Вафо Аттор, Қиёмхон, Қирмизхонлар сингари яхлит қуйма образлар сенинг чинакам портрет устаси, унча-мунча ижодкорларга насиб қилмаган ноёб сўз рассоми эканингни намойиш қилди”. Аслида Неъмат Аминовдек фавқулодда истеъдоднинг ўзи адабиётимизда ноёб ҳодиса эди.

Баъзи жамиятларнинг сатира, юморга, айниқса, танқидга тоби йўқлиги тарихий манбалардан маълум. Масалан, собиқ шўро даврида ҳажвчи бўлиш машаққат ва азоб эди. Лекин танлаган йўли қанчалар оғир ва мураккаб бўлмасин, Неъмат Аминов умрининг охиригача унга содиқ қолди ва мардона туриб ижод қилди. Уни бу йўлдан машҳур йирик порахўрларнинг пўписаси, туллак юлғич ва такаббурларнинг дўқи, ғийбатчи ва туҳматчиларнинг дағдағаси, катта-катта мансабдор ва бюрократларнинг стол остидан кўрсатган муштлари асло қайтара олмади. Айрим ўткир феле­тонлари туфайли Марказқўмга бориб сўроқ беришлар, айрим фелетонларнинг тасдиқланиш жараёнидаги тўсиқлар, ўйинлар, баъзи ҳажвиялар туфайли бўлган машмашалардан Неъмат Аминовнинг жасорат ва ҳалоллик билан тутган қалами асло титрамади. Масалан, “Кўтариб уриш оператсияси” номли интермедияси телевидениеда  намойиш этилгач, бир гуруҳ ишчилар телевидениега айнан шундай воқеа уларнинг корхонасида рўй бераётганидан ташвишланиб шикоят ёзишган. Текширилгач, корхона раҳбарининг барча кирдикорлари очилиб, ишдан четлаштирилиб, жазоланган. Адолат қарор топган. Ёки  “Республиканский эшон”, “Қора юрак”, “Кўкчироқ, қизил чироқ”,  “Айбдор сигир” сингари фелетонлари жиддий шов-шувларга сабаб бўлган. Баъзи фелетонлар сабабли тегишли идоралар ўз соҳалари бўйича махсус қарорлар қабул қилган.

Ёзувчининг танқиди ҳамиша нишонга теккани боис ҳам зарбаси кучли бўларди. Танқидни ёқтирмайдиганлар, танқиддан чўчийдиганлар Неъмат Аминовдан ҳамиша ҳайиқиб турганларига гувоҳ бўлганмиз.

Халқимизнинг ягона сатира ва юмор журнали “Муштум”нинг оммавийлашувида, мазмунан янада бойишида дастлаб масъул котиб, сўнг бош муҳаррир вазифасида ишлаган Неъмат Аминовнинг хизматлари катта. Лекин ўзлари ҳам “Муштум”дан ноҳақ мушт еган пайтлари бўлган. Масалан, 80-йилларнинг ўрталарида журналда босилган “Арслоннинг ўлими” масали туфайли ишдан ҳайдалган журнал бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ва бир гуруҳ ходимлар орасида Неъмат Аминов ҳам бор эди. У киши беш йил ишсиз юрди. Бир муддат асарлари босилмади. Айби — бўлим мудири сифатида масалнинг чоп этилишига имзо чеккани эди. Мус­тақиллик арафасида Президентимиз Ислом Каримовнинг тавсияси билан Неъмат Аминов 1989 йил 6 декабрда “Муштум”га бош муҳаррир этиб та­йинланди. Бу ҳақиқий адолат тантанаси эди…

***

Неъмат ака билан сафарларда юриш доимо мароқли эди. У киши ниҳоятда беозор ҳамроҳ эди, бировга асло зиёни тегмасди. Дабдабаларни, зиёфатларни унчалик ёқтирмасди. Ҳамиша оддий одамлар билан бўлишни, камтар дастурхонлар атрофида ўтиришни  хуш кўрарди. Казо-казолардан кўра оддий кишилар билан тез тил топишиб, суҳбати бир зумда қовушиб кетарди.

Неъмат аканинг даврасида, албатта, қаҳқаҳа янграб турарди. Кулги бўлгандаям аминовча кулги. У киши самимий ва беғараз кулги борасида андак шафқатсизроқ эдилар. Неъмат аканинг кулгисида юмордан кўра сатира кучли эди. Шу боис бу кулгининг салмоғи кенг, тоши оғирроқ эди. У киши даврага қараб, у ерда ўтирганларни ҳисобга олиб баъзан кулгили воқеа­лар ёки ҳангомаларни тўқиб юборардилар. Лекин бунинг тўқима кулгилиги сезилмасди. Ҳаммаси табиий чиқарди. Масалан, устозлари — машҳур адиб Саид Аҳмад аканинг 75 йиллигига бағишланган тантанали кечада сўзга чиқиб: “Устоз бир суҳбатингизда шогирдларингиздан Ўлмас Умарбеков билан Ўткир Ҳошимовни қанотларим, деб тўғри айтдингиз. Улар қанотларингиз бўлса, мен думингизман. Чунки нозик жойларни  дум бекитиб туради-да”, дейишлари билан залда қаҳқаҳа янграган. Ёки бир куни собиқ шўро даврида инқилоб (ҳозирги Амир Темур) хиёбонидаги баҳайбат Карл Маркс ҳайкали ёнидан ёзувчи Шукур Холмирзаев, Неъмат ака ва камина ўтиб қолдик. Шунда Неъмат ака: “Орқасидан қарасанг гувалага, олдидан қарасанг, “доҳий”га ўхшайди”, деди. Шукур ака куларкан: “Неъмат даҳшатсан. Бу ҳайкални бундан ортиқ таърифлаб бўлмайди”, деганди.

Неъмат аканинг “Елвизак” қиссаси қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган кезларда “Муштум”да ўтирсак, ўрта ёшлардаги бир ёзувчи кириб келиб: “Кеча бир даврага бориб қолдим. Ҳамма нуқул қиссангизни мақтайди. Охири, чидолмай “Ҳў, ўртоқлар, мани ўн олтита китобим чиққан. Шундан тўрттаси роман, ўнтаси қисса, қолганлари ҳикоялар. Неъматнинг бор-йўғи бир қиссаси чиқибди”, десам ҳам қулоқ солишмайди. Уйга келиб ўқисам, ҳақиқатан, мақтайдиган китоб ёзибсиз. Табриклайман, ука”, деди ҳаяжонланиб.

***

Ҳаётда қайнаб-жўшиб юрган устоз умрининг сўнгги ойларида анча ҳорғин ва сокин кайфиятга берилиб қолган эди. Суҳбатларда, гап-сўзларда Неъмат Аминовга хос бўлган жўшқин эҳтирос сезилмасди. Бир умр кулиб, кулдириб юрган чеҳраларига қандайдир ғамгинлик, тушкунлик соя сола бошлаганди. “Энди ҳаммаси Аллоҳдан. Яратган Эгам тақдирга нима ёзган бўлса, шуни кўраман”, деган сўзларни тез-тез такрорларди. Ҳатто бир сафар суҳбатлашиб ўтирганимизда: “Ҳажвчи бўлиб, фелетончи бўлиб тўғри қилганмиканман?” деган саволни ҳам берган эди…

Буларнинг барчаси у кишига кутилмаганда ёпишиб олган оғир хасталикнинг таъсири эди. Ана шу хасталик туфайли тез-тез касалхонага тушадиган бўлиб қолди. Хаёллари, фикру ёдлари ана шу касалликни енгишда  ва ундан тезроқ қутилишда эди. Иродали инсон бўлганлиги учун ҳам дард билан олишдилар. Уни енгиш йўлларини изладилар. Кутилмаганда ҳамла қилган бу дарддан қутулиш осон бўлмади. Дард умр саҳифаларига ўз муҳрини боса бошлади.

Вафотларидан бир ойча муқаддам Чкалов номли авиатсия ишлаб чиқариш бирлашмаси касалхонасига тушдилар. Кирсам, ҳансираб нафас оляптилар. Ёнларида комага тушган бир одам алаҳсираб ётибди. Устозга ўзимча далда бердим, лекин кўзларидан оққан ёшларни тўхтатишнинг иложи йўқ эди. Устознинг йиғлаганларини биринчи бор кўрганим учун ҳам довдираб қолдим. Нега, нима учун? Бу мунгли саволларнинг жавобини ўзлари билан олиб кетдилар. Бу саволлар қиёматгача жавобсиз қолди.

Бир вақтлар у кишининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган Нодиржон Турсунов билан устозни кўргани бордик. Палата эшигини секин очиб қарасак, Неъмат ака ўнг томонга ёнбошлаб чиройли ухлаб ётибдилар. Шу ётишда у киши фариштага ўхшарди. Устозни бундай гўзал уйқуда биринчи бор кўришимиз эди. Шу боис уйғотиб юборишдан ҳадиксираб, бироз термулиб ўтирдик. Узоқ йиллар меҳнат қилиб, ҳаловат нималигини билмаган, ҳаёт, ижод ва турмуш ташвишларидан бениҳоя толиққан, ўткинчи дунёнинг майда-чуйда ишларидан, ташвишларию беҳуда югур-югурларидан зериккан Аллоҳнинг оддий бир бандаси эртаклардаги фариштадек қирқ кечаю қирқ кундуз уйқуга кетган эди. Эҳтимол, Неъмат ака бу уйқуни бир умр кутгандир, бир умр орзу қилгандир. Эҳтимол, шу беғубор, покиза уйқу учун умрбод елиб-югургандир. Эҳтимол, фаришталар у кишининг уйқудаги суратини чизаётгандир, у кишидан ҳалол бир инсоннинг андозасини олаётгандир. Бу ёлғиз Аллоҳга маълум…

Устоз ўлимидан ўн кун олдин Ёзувчилар уюшмасининг раиси Абдулла Орипов раҳбарлигида ўринбосарлари Сирожиддин Саййид, Минҳожиддин Мирзо ва камина у кишини кўргани бордик. Бундан Неъмат аканинг кайфиятлари кўтарилди. Ва бир кун илгари таниқли олим Тўра Мирзаев бошчилигида олимлар, ижодкорлар келиб-кетганини айтдилар. Бироз ҳол-аҳвол сўраб бўлгач, Абдулла Орипов шундай деди:

— “Ёлғончи фаришталар” романингиз шифобахш дорига ўхшайди. Баъзан ўқиб, худди осма укол олгандай мазза қиламан. Баширжон Зайнишев — ўлмайдиган тип. Адабиётга катта хизматлар қилдингиз. Энди ҳузурини ҳам кўринг, ака! Ҳали Бухорога бориб етмиш йиллик тўйи­нгизни бирга ўтказамиз, сайланмаларингизни чиқарамиз…

Во дариғ, Бухорога бориш ҳам, етмиш йиллик тўйини кўриш ҳам устозга насиб этмади. Абдулла Ориповнинг дил сўзлари, самимий ниятлари у кишининг умрини бир неча кунга узайтирган бўлса ажаб эмас…

Яна бир шогирди Анвар Обиджон билан устозимизни зиёрат қилгани бордик. Ўша куни 2005 йилнинг 12 октябри эди. Ҳаво очиқ, куз қуёши чарақлаб, ҳовлидаги хурмо дарахтлари  худди янги йил арчасининг чироқларидек ловуллаб турибди. Устоз билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Анвар ака у-бу ҳангома айтиб, у кишини кулдирган бўлди. Лекин кулги ҳам Неъмат акага малол келаётгандек синиқ эди. Гўё у кишининг бир умр кулиб келган юзлари, кўзлари, лаблари кулгидан тўйган, кулгидан ҳоригандек эди. Шундай бўлса-да, у киши анча очилиб, суҳбатлашиб ўтирдилар. Бир неча марта турмоқчи бўлсак, рухсат  бермадилар. Афсус ва надоматлар бўлсинки, бу сўнгги суҳбат, сўнгги дийдорлашув, сўнгги учрашув ва бир-биримизни сўнгги бор кўришимиз эканлигини ҳеч биримиз билмадик. Бандаси ожиз, деганлари шу бўлса керак-да.

Орадан беш кун ўтиб, адабиётимизнинг забардаст адибларидан бири, машҳур ҳажвчи Неъмат Аминов ҳаётдан кўз юмди. Ҳузурбахш кулги тинди. Узоқ йиллар янграб келган беозор ва беғубор қаҳқаҳа сўнди.

Бу барҳаёт кулги фақат жисмонан тўхтади. Энди у устознинг китобларида, баркамол асарларида давом этади. Чунки Неъмат Аминов адабиётда ўзига хос кулги мактабини  яратиб кетган ҳажвчи. Унинг қаҳрамонлар галереяси ранг-баранг, бир-бирига ўхшамайдиган, бир-бирини такрорламайдиган ноёб характерлар гулдастасидир. 40 йиллик ижод маҳсулининг самараси бўлган ушбу кулги дастасидан турфа қаҳқаҳалар, самимий табассумлар, беозор ва беғубор кулги уфуриб туради. Бу кулгидаста кулгисевар ўзбек халқи қалбидан саралаб олиниб, унга пайванд қилинган. Таниқли адиб Худойберди Тўхтабоев ибораси билан айтганда: “Неъмат Аминов Саид Аҳмад ака ҳам, биз ҳам ёзишни орзу қилган биринчи ўзбек ҳажвий романини зўр маҳорат билан яратди. Унинг қаҳрамони Зайнишевга ҳам ачинасиз, ҳам ундан куласиз. Аслида, адабиётда бундай мураккаб образ яратиш жуда қийин. Лекин Неъмат Аминов бунинг уддасидан чиқди. Адабиётимиз умр­боқий образ билан бойиди”.

Неъмат Аминов ҳар жиҳатдан ҳалол, имонда собит ва пок инсон эди. Бу инсоний фазилатлар у кишининг турмуш тарзига, ҳаётига сингиб кетган эди. Устоз одамларга: яқинлари ва шогирдларига имони ва ҳалоллиги қай даражадалигига қараб баҳо берарди. Неъмат ака имонсизларга, порахўрларга, ёлғончиларга, амалпарастларга фақат ўткир ва жасоратли қалами билангина эмас, балки иродали инсон сифатида ҳаётда ҳам курашиб ўтди. Шу боис Неъмат Аминов адабиётда, ҳаётда, яшашда виждон қўнғироғини мардона чалиб кетдилар, десак муболаға бўлмайди. Бу бебаҳо ва беозор қўнғироқ устозни билганлар, кўрганлар ва асарларини ўқиб-уқиганлар қалбида, хотирасида ҳамиша акс садо бериб туришига ишонамиз.

“Ҳуррият” газетасидан олинди.