Олимжон Давлатов. Миллат туйғуси (2007)

Шайх Саъдий “Гулистон”и­да келтирилишича, бир куни ул зот бозорда бир паҳлавонни кўриб қоладилар. Паҳлавон бир зарб билан ўнта ғиштни тупроққа айлантириб, одамлардан кўрсатган томошаси учун пул ундирарди. Шайх паҳлавонга айтадилар: — Бузмоқ ҳунар эмас, яратмоқ ҳунардир. Агар шу куч-қувватингни ғишт қуйишга сарфласанг, кўрсатадиган томошангдан топадиган пулдан кўпроқ ҳақ тўлайман.

Паҳлавон бу шартга рози бўлади. Ўнта эркакнинг овқатини еб, ярим эркакнинг ишини қилади ва учинчи куни қочади…

Одамзотнинг асл табиати шунақа — бунёдкорликдан кўра… Асрлар давомида шаклланиб келган, муқаддас саналган туйғулар, кўникма ва урф-одатлар қисқа муддатда топталиши, оёқости бўлиши мумкин. Аммо эзгу қадриятларнинг тикланиши, букилган ҳақиқатнинг қад ростлаши, одамлар қалбида келажакка умид ва ишонч чироғининг мунаввар бўлиши қийинчилик билан бўладиган, нисбатан узоқ ва узлуксиз давом этадиган жараён.

Не-не азобу уқубатлар эвазига эришилган мустақиллигимизни кўз қорачиғидек асраш, қадрлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маънавий асосларини яратиш ва мустаҳкамлаш учун фидокорона меҳнат қилиш, собитқадамлик билан кураш олиб бориш — ҳозирги даврдаги асосий вазифалардан биридир. Бу муҳим ва долзарб вазифаларни вақтида бажармаслик мустақиллик берган кенг имкониятларни қўлдан бой бериш билан баробардир.

Мустақилликни қўлга киритишдан-да уни сақлаб қолиш, мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш неча бор мураккаброқ. Бу вазифа одамлар моддий турмуш шароитини яхшилаш билан бир қаторда маънавият билан ҳам узвий боғлиқдир. Маънавият мустақиллик заминини мустаҳкамлашнинг, уни янада барқарорлаштиришнинг зарур омилларидан биридир. Агар мустақилликнинг маънавий замини мустаҳкам бўлмаса, у барқарор бўла олмайди.

Жамият тараққиёти ва шахс камолотида маънавиятнинг роли ва аҳамияти иқтисодий ва сиёсий омиллардан кам эмаслигини англаган Юртбошимиз истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ миллий маънавият ва мафкура масалаларига катта эътибор қаратди. Собиқ Иттифоқ давридаги эски тизимдан янгисига ўтиш даврида мамлакат раҳбари олдида нафақат иқтисодий тараққиёт масалаларини ҳал этиш, балки миллий давлатчилик асосларини, асрий қадриятларни қайта тиклаш, халқнинг ўзлигини англатиш ва ғурурини уйғотиш вазифаси турар эди. Шу билан бирга, истиқлол ғояларини амалга ошириш учун мутлақо янгича фикрлаб, янгича иш юритадиган кадрларни тарбиялаш масаласини ҳам ҳал этиш зарур эди.

Алломалар ўтиш даврини уй­ғониш даврига менгзашган. “Халқни уйғотиш учун унинг тарихини уйғотиш керак”, деган эди машҳур файласуф Аврелий Августин. Шу сабабдан етмиш йил давомида шаклланиб бўлган фикр қарамлиги, тафаккур қуллигидан халос этиш учун, энг аввало, маънавий қадриятларимизни тиклаш, уларни илмий-назарий жиҳатдан асослаш, давр воқелиги билан уйғунлаштириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолди. Қолаверса, ҳар қандай ислоҳот фикри теран, онги ва шуури бунёд­кор ғоялар билан йўғрилган, ташаббускор ва жонкуяр кадрлар бўлгандагина амалга ошиши мумкин.

Мустабид тоталитар тузумдан демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлига ўтар эканмиз, энг аввало, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, демократия афзалликларидан фойдаланувчигина эмас, айни чоғда уларнинг фаол яратувчиси ва ҳимоячиси бўлган фуқароларни тарбиялаш ҳам маънавият соҳасида амалга ошириш лозим бўлган асосий йўналишлардан бирига айланди.

Миллатнинг тарихий илдизлари асрлар қаърида ётади, ўз илдизларидан узилган миллат тарих саҳнасида яшаш ҳуқуқидан мосуво бўлади. Бу — ҳақиқат. Президентимиз тарихчи олимлар ва журналистлар билан бўлган бир суҳбатда айни шу масалага ойдинлик киритиб, шундай дегандилар: “Ҳар қайси инсон мен шу миллат фарзанди эканман, менинг аждодларим кимлар бўлган, миллатимнинг ибтидоси қайда, унинг оёққа туриши, тикланиш, шаклланиш жараёни қандай кечган, деган саволларни ўзига бериши табиий”.

“Тарихий илдизини излаган одам, албатта, бир куни мана шундай саволларга дуч келади ва, аминманки, тўғри хулосалар чиқаради. Тарихий хотираси бор инсон — иродали инсон. Такрор айтаман, иродали инсондир.

Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамларни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди”.

“Иродали инсон” ибораси бу ерда тарихий хотира соҳибларига нисбатан айтиляпти. Ирода маънавий-руҳий ҳодиса бўлиб, фақат сабр-бардошли одамларгагина нисбатан ишлатилмайди. Иродани шакллантирувчи омиллардан энг асосийси — соғлом маънавият, собит ақл, тирик хотира. Иродали одам ўз тарихи, унинг шиддати ва ҳазин, фожиали ва саодатли лаҳзаларини соғ­лом ақл билан мушоҳада қилади.

Мустақилликнинг биринчи йиллариданоқ мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳақида “демократия, адолат, тенглик” бобида айюҳаннос соладиган қатор хорижий нашрлар турли-туман уйдирма ва иғволарнинг “инкубатор”ларига айланиб қолишди. “Ҳақиқат — бирдир, ёлғон эса минг. Ҳақиқатнинг бир йўли бор, ёлғонники кўп. Жуда кўп. Ҳақиқатни топиш қийин, ёлғон эса ҳар қадамда учрайди”, деган эди машҳур мутафаккир Муҳйиддин Ибн ал-Арабий. Энди бир мулоҳаза қилиб кўринг: қандай қилиб, бир давлат айни бир пайтда ҳам ислом маданияти душмани, ҳам демократия қадриятларини оёғости қилувчи, ҳам “неокоммунист”, ҳам миллий шовинизм тарғиботчиси ва амалга оширувчи, ҳам бошқа дин вакилларига тазйиқ ўтказувчи, ҳам инсон ҳуқуқларини поймол этувчи бўлиши мумкин? Агар бу даъволарнинг ўндан бири ҳам рост бўлганида эди, бу ўлка шунчаки “рангли” инқилоб эмас, балки қонли исёнлар макони бўлиши керак эди-ку?! Унда бу муқаддас заминдаги барқарорлик, одамлардаги шукроналик туйғуси қаердан?!

Узоққа мурожаат этмасдан, яқин ўтмишимизга назар солайлик: Афғонистонда “асл исломий мамлакат” барпо қилган толиблар ҳаракати умуминсоний маданиятининг энг қадимий намуналаридан бўлган Бомиёндаги Будда ҳайкалини портлатган йилларда бизнинг мамлакатимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Фарғоний, Имом ал-Мотуридий каби аждодларимизнинг номлари қайта тикланди, уларнинг табаррук қадамжолари обод қилинди. Араб миллиардери Усома бин Лодин “мусулмонлар озодлиги йўлида” шиори остида дунёнинг турфа гўшаларида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга ошириб, юзлаб бегуноҳ одамларнинг умрига зомин бўлаётган бир даврда уламоларимиз томонидан Қуръони каримнинг учта тафсир ва изоҳли таржималари амалга оширилди. “Ҳизб ут-таҳрир”чилар нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда “халифаликни тиклаш” баҳонасида ғўр ёшларни алдаб, нотўғри йўлга бошлаш ҳаракатида юрган даврда фуқароларимиз ишончли ҳадислар тўплами, Имом Ғаззолий, Абу Лайс Самарқандий, Имом Надавий асарларини ўз она тилларида ўқиш бахтига муяссар бўлдилар…

Сўнгги йилларда гегемонлик кайфиятидаги айрим империяпарастлар “демократия экспорти”, “инсон ҳуқуқлари ҳимояси” каби важ-карсонларни рўкач қилиб, энди мустақилликка эришган ёки истиқлолияти заифлашган мамлакатларнинг ички сиёсатига дахл қила бошлади. Уларнинг Маркс хом хаёлларига ўхшаш “башорат”лари бўйича собиқ Иттифоқнинг айрим ҳудудларида содир бўлган “рангли инқилоб”лар бутун дунёни қамраб олмоғи ва барча мамлакатларда уларнинг ҳадсиз-ҳудудсиз истакларига “лаббай” дея жавоб берадиган қўғирчоқ ҳукуматлар сиёсат жиловини қўлига олмоғи керак эди. Аммо давр шуни кўрсатдики, қурол-яроғ ёки садақа билан демократияга эришиб бўлмас, хорижий ташкилотлар хайрияси ҳисобидан кун кўрадиган ҳукумат ҳали ҳалқ ҳокимияти (демократия сўзи аслида шу маънони билдиради) эмас экан, меҳр-мурувват, андиша, одоб, ҳаё, бағрикенглик, тотувлик каби “демократия тимсоли”га айланган энг ривожланган мамлакатларда жуда тансиқ бўлиб бораёзган туйғуларсиз маънавий камолот, ижтимоий тараққиёт ҳақида гапириш кулгили туюларкан…

Сирасини айтганда, барча мафкуралар “виждон ва эътиқод эркинлиги”, “миллатлар ва ирқлараро тотувлик”, “тенгҳуқуқлилик” каби ғояларни илгари сурадилар ва тар­ғиб қиладилар. Ҳатто худосизлик динига асосланган собиқ Иттифоқ конститутсиясида ҳам диний эркинлик ғояси ўз инъикосини топган эди. Амалда эса бунинг акси бўлганига тарих гувоҳ. Голливуд филмларида ҳам оқ танли политсиячининг шериги албатта қора танли хабаш бўлиб чиқади. Бу нарсага қайта-қайта урғу берилишининг сабаби шундаки, Америкада ирқчилик муаммоси ҳали тўлиқ ечимини топгани йўқ. Бизга қандай яшашни ўргатмоқчи бўлган зотлар аслида келиб, бизнинг халқимиздан собитқадамлик, иймонлилик, бағрикенглик, меҳмондўстлик, бир сўз билан айтганда ОДАМИЙЛИК ИЛМИни ўргансалар, фойдадан холи бўлмасди.

Бугунги кунда халқимизнинг ўтмиши ҳақида ҳақиқатларни баралла айтиш замони келди. Асрлар оша яшаб келаётган гўзал қадриятларимиз ижтимоий ҳаётнинг кўркига айланди, энг аввало, миллий меросимизга эгалик туйғуси, миллий ғурур ва ифтихор туйғуси шаклланди. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, фақат ғурур-ифтихор қилиш билангина тараққий этиб бўлмайди. “Фақат ўз ўтмиши билан фахрланадиган миллат қариб қолгандир, бундай миллат ҳалокат топиши муқаррар”, деган эди олмон файласуфи Фридрих Нитсше. Ҳақиқий ғурурдан ҳосил бўладиган яна бир туйғу бор. Бу — масъулият туйғуси, муносиблик туйғуси.

Ҳар бир онгли инсон ўз оиласи, миллати, аждодлари ва мамлакати олдида масъулият ҳиссини сезмоғи лозим. Миллат фақат иқтисодий ҳаётда эришган ютуқлари, бир неча асл ўғлонларининг қаҳрамонлиги билангина тараққий этиб қолмайди. Бунинг учун ҳар бир фуқаро — у оддий ишчими, амалдорми, зиёли ёки спортчими, ким бўлишидан қатъи назар шу Ватан, шу юрт келажаги менинг келажагим, шу миллатнинг дарди менинг дардим, шу мамлакат тинчлиги менинг тинчлигим, деб тафаккур қилиши, Ватан озодлиги ва ободлиги гарчи кўзга кўринмас бўлса-да, менинг ҳам меҳнатимга боғлиқ, қолаверса, биз ҳам аждодлар, ҳам келажак авлод олдида масъулмиз деб англаш лозим. Юртбошимиз томонидан илмий жиҳатдан асослаб берилган миллий ғоямиз аҳолининг барча қатламларида ана шу масъулият ҳиссини уйғотадиган, уларни эзгу мақсадлар сари бирлаштириб, бунёдкорлик йўлига сафарбар қила оладиган байроқдир десак, муболаға бўлмас.

Олимжон ДАВЛАТОВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.