Маҳмуд Сатторов. Олтин зангламас… (2007)

Ушбу мақолани ёзишимга яқинда “Жаҳон адабиёти” журналида атоқли адибимиз Одил Ёқубовнинг “Осий банда” романидан эълон қилинган боблар туртки бўлди. Одил ака янги романида мустамлака замонининг умр шомида халқимиз бошидан кечирган оғир изтироблар, фожеалар чуқур руҳий драматик таҳлил ва моҳирлик билан очиб берган.

Биз шогирдлар адабиётшунос олим Асил Рашидовни анча яқиндан билар, у киши билан узоқ йиллар самимий муносабатда бўлиб келганмиз. Бўйи-басти, қадди-қомати, касби-корию қизиқишлари билан укалари орасида акасига жуда ўхшаши шу Асил ака Рашидов эди.

Мен “Ўқитувчи”да редактсия мудири бўлиб ишлаган йилларимда ҳаммуаллифим раҳматли Акрам Каттабеков билан тарихий асарлар таҳлилига бағишланган “Олис юлдузлар жилоси” китобини чоп этадиган бўлдик, раҳбарим Наримон Ҳотамовнинг тавсияси билан Асил Рашидовни ушбу китобга масъул муҳаррирликка таклиф этдик. Асил ака ўзи яқинда диссертатсияси монографияси — “Ўзбек қиссаларида меҳнат тасвири”ни нашр эттириб, бу қора меҳнатнинг заҳматини чеккан, ўша ғайрат ва синчковлик билан бизнинг қўлёзмаларимизни ҳам кўздан кечириб, таҳрир қилиб берди.

Айтматов асарлари моҳир таржимони Асил Рашидов билан шу тарзда қадрдонлашиб кетдик. Бу орада беш адабиётчининг Қашқадарёга қилган маччойи сайримиз бизни янада иноқлаштирди. Бу “дарвешлар юриши” саёҳати экипаж аъзолари — Асил ака, Мурод Хидир (ташаббускор), Маҳкам Маҳмудов, мен ва автоулов эгаси — педагог олим Муҳаммади Жумановлар эдик. Бу сафар бир-биримизни кашф этишимизга муҳим омил бўлди. Асил аканинг нозиктаъб ижодкор, принтсипиал олим, айни чоғда камтарин, оддий инсонлигини ўша сафарда англадик. Бу яқинлик бир-бирларимизнинг хонадонимизга меҳмон бўлиб бориш-келишда давом этди.

Қашқадарёга сафаримизда туман раҳбарларидан бири — хом сут эмган банда — Асил акани “сийлаб” совға-салом, тўғрироғи, пора бермоқчи бўлибди. Билярд­хонадан асаби қайнаб чиққан шеригимиз райкомнинг ноз-неъмат тўла зиёфат столини тарк этиб, Мурод Хидирнинг бригадир акасининг одми дастурхонига меҳмон бўлгани  ҳам ёдимдан кўтарилмайди. Бир гал менинг келишимга Асил ака шўрва осиб қўйган экан, пишгач, тушлик қиладиган бўлдик. Иккита кулча нон қуриб, қотиб қолган, синдирсак, қарсиллаб қоқ нон бўлакларга бўлиниб кетди. Шунда Асил ака:

— Маҳмуджон, ноннинг суви қочиб, қоқ бўлибди, ташлаб юборсак, увол бўлади, яхшиси, шўрвага тўғраб еб қўя қолайлик, — деди.

Қоқ нонни курсиллатиб еб, ичган ўша кобулий шўрвамизнинг таъми ҳамон оғзимдан кетмайди…

Шўро замонида Айтматов асарлари ҳассос таржимони сифатида танилган Асил Рашидов пединститутда домлалик қилар, бўш вақти журналист, ноширлар билан шахмат тахтаси устида ўтарди…

Ўшанда санъат дарслигида Венера сурати остига берилган “источник” — “чашма” атамасига кўнглим тўлмади-ю, улуғлар кўмагига кўз тутиб, “Ўқитувчи”дан тепага — бадиий адабиёт нашриётига кўтарилдим. Мирзиёд аканинг хонасида шахмат авжида эди. Кабинет эгаси бор дунёни унутиб, муаллиф — таржимон Асил Рашидов билан курашда қизғин паллага кирган экан. Ҳарб устидаги “саркарда”лардан бирор савол сўраш ҳам амри маҳол эди. Улар тахтадан бош кўтарган пайтларини пойлаб, савол ташлаб қолдим:

— Бошидаги кўзадан сут тўкилаётган Венера сурати остига таржимон “Чашма” деб тагсўз ёзибди. Тўғри таржима бўлса-да, кўнглим тўлмаяпти, — дедим юрак ютиб.

Мирзиёд ака:

— Изоҳли луғатдан қаранг, классик адабиёт луғатини ҳам унутманг, — деди.

Асил ака:

— Русча-ўзбекчадан ташқари форсий-арабий атамаларга ҳам мурожаат қилинг, — дея маслаҳат бераркан, “шоҳ” деб шеригига кишт берди.

Оқшом уйда лоп этиб миямга “Сарчашма” атамаси урилди. Асил ака атамани беҳуда форс-араб сўзлари орасидан қидиришни маслаҳат бермаган экан. Яна шуни англадимки, маҳоратли таржимонлар ушбу атама эквивалентини яхши билишса-да, ёш муҳаррир ўзи қидириб топиб, ўрнига қўйсин деб атайлаб, тайёр жавобни айтмаган эканлар…

2006 йилнинг охирларига келиб чоп этилган таниқли мураббий олимлар Сайди Умиров ва Бойбўта Дўстқораевларнинг “Зиёбахш умр саҳифалари” китоби менинг Асил ака ҳақидаги тасаввурларимни янада ойдинлаштирди. Бу мўъжаз китоб муқовасида узоқдан академик Сахаровни эслатувчи қадрдонимиз Асил Рашидовнинг ўзига хос ўйчан сиймоси акс этган бўлиб, муаллифлар ўз тадқиқотларини “Асил Рашидов портретига чизгилар” деб аташган эди. Мен бу китобдан муҳтарам танишим ҳақида ўзим билмаган маълумотларни ҳаяжон билан мутолаа қилиб, рисола портрет чизгилари эмас, чинакам баркамол инсон порт­рети эканлигига имон келтирдим. Қаранг, муҳтарам газетхон, Асил ака Рашидов Ўзбекистонда илк бор таъсис этилган журналистика бўлимининг биринчи қалдирғочларидан экан. Чингиз Айтматов асарлари таржимасига қўл уришни унга устози, илмий раҳбари академик Воҳид Зоҳидов тавсия этган экан. Китобда катта самимият билан дарж этилган Ғайбулла Саломов ва Асил Рашидовларнинг 40 йиллик безавол дўстлигига Шароф Рашидов сабабчи бўлган эканлар…

“Зиёбахш умр саҳифалари” бир пайтлар рус адабиётида машҳур бўлган ЖЗЛ (Жизн замечателных людей) сериясидаги асарлар каби мароқ билан ўқилади. Албатта, унинг қаҳрамони ва унга ёндош сиймолар ҳам биз таниган ва танимаган буюк зотлардан кам эмас. Жаҳон бадииятининг етук арбоби Чингиз Айтматов, ўзбек халқи тарихи ва адабиётида нурли из қолдирган Шароф Рашидов, миллий фан ва маданиятимиз буюк сиймоси, академик Иброҳим Мўминов, фалсафа, адабиёт-санъат фидо­йиси Воҳид Зоҳидов, қомусий-адабиёт илмлари соҳиби, сўнгги ҳужайрасигача ватанпарвар зиёли Ғайбулла Саломовлар қайси халқ ва миллат буюкларидан кам дейсиз?!

“Дўст — дўстга ойна” дейишади донишмандлар. “Зиёбахш умр саҳифалари”нинг иккинчи қаҳрамони Асил Рашидовнинг беминнат дўсти, бир умрлик ҳамроҳи, салафи, сирдош, фикрдош йўлдоши Ғайбуллоҳ ас-Салом бўлган. Бу икки дўст, Худонинг қудрати билан илму амалда бир-бирини тўлдирган, бойитган — бир-бирига ойна бўлган.

Дўстликнинг безаволлигини қаранг, раҳматли Ғайбулла Саломовни Асил Рашидов ҳақидаги ушбу мазмундор рисоланинг ҳаммуаллифи ҳам дейиш мумкин. Китобда келтирилган муросасиз баҳсу мунозаралар, интервюлар, холис танқидий ва таҳлилий фикр-мулоҳазалар шундай дейишимизга имкон беради.

Қаҳрамонимиз Асил Рашидов 75 дан ўтиб, 77 га кетяпти. Бу, албатта, кичик ёш эмас. Лекин рисола муаллифлари ҳақли равишда таъкидлашганларидек, адабиётшунос, мунаққид, мутаржим, мударрис, мақоланавис нисбаларига доғ туширмай, ҳалол, бетанаффус, бекаму кўст ижоднинг қора меҳнатини қилиш ҳар кимнинг қўлидан келадиган иш эмас.

Бу ҳунарни санъат даражасида, олий мақомда ушлаб туриш ижод деҳқонига хос бўлган фазилат. Хал­қимиз “олтин зангламас, асил айнимас” деганда муаззам замондошимиз Асил Рашидов сингари асл зиёли фарзандларни кўзда тутгани аниқ.

Маҳмуд САТТОРОВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.