Муҳаммаджон Холбеков. Бадиий таржима: муаммо ва ечим (2007)

Жаҳон цивилизацияси тарихида XX аср таржима асри деган ном олди. Минг йиллик тарихга эга бўлган ўзбек таржимачилиги ҳам ўтган асрда катта натижаларга эришди, жаҳон адабиётининг шоҳ асарлари билан халқимизни таништирди. Чўлпоннинг Шекспирдан (“Ҳамлет”), Усмон Носирнинг Лермонтовдан(“Демон”), Ойбекнинг Пушкиндан(“Евгений Онегин”), Эркин Воҳидовнинг Гётедан(“Фауст”), Абдулла Ориповнинг Дантедан(“Дўзах”), Қодир Мирмуҳамедовнинг Ҳомердан(“Илиада”) қилган таржималари адабиётимиз тарихида муҳим воқеалар бўлди.
Мустақиллик бадиий ижоднинг барча жабҳалари каби таржимага ҳам кенг йўл очди, таржимонларимиз учун жаҳонга чиқиш имконияти яратилди. Ўтган ўн олти йил ичида ижоднинг тасвирий санъат, мусиқа ва қўшиқ турлари бўйича жаҳон майдонига чиқдигу, бадиий ва таржима асарлари яратиш борасида жаҳон адабий жараёнида ҳали ўрнимизни тополганимиз йўқ. Таржима амалиётидаги айрим ютуқлар(“Жаҳон адабиёти” журнали фаолияти)ни ҳисобга олмаганимизда, китобхонни қувонтирадиган йирик асарлар тилимизга таржима қилинмади. Таржимашуносларимиз сўнгги йиллари ФИТнинг Москва(1993), Лондон(1995), Гёттенген(1996), Мелбурн(1998) конгрессларида иштирок этмади, таржиманинг назарий муаммоларига бағишланган йирик монографик тадқиқотлар яратилмади.
Хайрият, севимли газетамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” таржима амалиёти ва таржимашунослик илмидан баҳс юритувчи “Давра суҳбати”ни уюштириб, ижод ва илм аҳлини сергак торттирди.
“Давра суҳбати”да Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг (адибнинг “Рамаяна” достони, Р.Бёрнс ва Байрон ижодидан қилган таржималари китобхонлар ёдида) “Биз ҳам режали равишда ўзбек адабиётининг хорижий тилларга таржима этилиши мумкин бўлган асарлари рўйхатини тузиб, Ёзувчилар уюшмасида муҳокамадан ўтказиб, уларнинг хорижий тилларга таржимасини моддий қўллаб-қувватлашни сўраб ҳукуматимизга мурожаат қилишимиз лозим”, деган таклифи ўринлидир. Дарҳақиқат, Франция, Олмония, Англия, АҚШ, Ҳиндистон элчихоналари ўз фаолиятларини бошлаган дастлабки йилларданоқ юртида машҳур бўлган адиблар асарларини ўзбек тилига таржима қилдириш, ўзбек мактаблари учун инглиз, немис, француз тилларидан дарслик ва луғатлар яратиш ташаббуси билан чиққандилар. Айниқса, бу борада Олмония элчихонаси қошидаги Гёте институти, Франция элчихонаси ҳузуридаги Марказий Осиё тадқиқотлари институти ва Виктор Гюго марказларининг ташаббускорлик фаолиятини олқишламоқ керак. Масалан, Тошкентдаги Франция элчихонасининг қўллаб-қувватлови билан ўтган йиллар ичида машҳур француз адибларидан Волтернинг “Задиг”, Ф. Мориакнинг “Илонлар чангалида”, Монтескёнинг “Форс номалари”, Ле Клезионинг “Мондо ва бошқа ҳикоялар” ва Шарл Перронинг “Эртаклар” китоблари ўзбек тилига таржима қилинди; ўрта мактаблар учун “Француз тили” дарсликлари яратилди. Айниқса, сўнгги йиллари таниқли француз тилшуноси Руми Дор раҳбарлигида яратилган “Ўзбекча-французча луғат” ва “Французча-ўзбекча луғат” муҳим воқеа бўлди. Демоқчиманки, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ҳам атоқли адибларимизнинг асарларини чет тилларига таржима қилиниб нашр этилишига қизиқсалар, ишга хориждаги адабиётимиз ихлосмандларини жалб этсалар, кўнгилдагидек бўларди. Элчихоналаримизнинг бу йўлдаги саъй-ҳаракати эса, мунаққид Сувон Мели таъкидлаганидек, адабиётимизнинг хорижда ҳам ўз бўй-бастини кўрсата олишига имкон яратган бўларди.
“Давра суҳбати” иштирокчилари “Жаҳон адабиёти” журнали фаолиятини қўллаб-қувватлаганлар. Бу — тўғри. Сўнгги ўн йил ичида журнал ўзбек ўқувчиларини жаҳон адабиёти намуналари билан таништиришда самарали фаолият кўрсатди. Шу ўринда атоқли адабиётшунос ва моҳир таржимон, устоз Озод Шарафиддиновнинг ташаббускорлигини таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. Бундан буён севимли журналимиз жаҳон адабий жараёнида кечаётган муҳим ўзгаришлар, авангард оқим ва мактаблар, таржима амалиёти ва назариясига доир мақолаларни ҳам ўз саҳифаларида эълон қилиб борса маъқул бўларди. Журнал ўз номи билан “Жаҳон адабиёти”, шундай экан, у ўз саҳифаларида дунё адабиётида ном қолдирган, бугунги адабий жараёнда яловбардорлик қилаётган, қолаверса, адабиёт соҳасида халқаро Нобел мукофотига сазовор бўлган адиблар асарларининг аслиятдан таржималарини мунтазам бериб бориши даркор. Баъзан биз ўз ватанида танилиб улгурмаган, жаҳон адабиёти майдонида номи чиқмаган ёзувчилар асарларининг таржималарини ҳам ўқиб қоламиз. Ваҳоланки, бугунги ўқувчи, айниқса, талаба-ёшлар инглиз, француз, немис адабиётилари классик адибларининг, лотин америкаси адабиёти намояндалари Хорхе Луис Борхес, Гарсиа Маркес, Умберто Эко, Хулио Кортасар асарлари таржималарини ўқишни истайди. Қанийди, журналда Гегел, Киеркегор, Ницше, М.Бахтин, Р.Барт, Хосе Ортега-и-Гассет, М.Ҳайдеггер, А.Ф.Лосев ва бошқаларнинг адабиёт, адабий жараён ҳақидаги фикрлари ҳам бериб борилса.
Яна бир гап. Ўтган йили “Жаҳон адабиёти” журналида ўрта аср француз шоири Франсуа Вийон, инглиз ва америка романтизм адабиёти яловбардорлари Жорж Байрон ва Эдгар По ижодидан намуналар берилди. Аслият ва русча таржима матнларидан бехабар ўқувчи юқоридаги таржималарни ўқиб Вийон, Байрон, Эдгар По шундай ёзган экан-да, дея кўникма ҳосил қилди. Бироқ бу таржималарни асл нусха ва русча таржима матнлари билан солиштирганимизда шоир-таржимонларимизнинг нечоғли эркин ҳаракат қилганликларини, асл нусхадан нақадар узоқлашиб кетганликларини кузатамиз. Тўғри, шеърият таржимасида таржимон муаллифнинг рақибига айланади, деган гап бор. Лекин буни таржимон она тилида асл нусха матнига ҳамоҳанг шеър ёзса бўлди, қабилида тушунмаслик керак.
Эдгар Понинг “Буюк Темур”(Tamerlan,1827) поэмаси рус шоири Валерий Брюсов таржимасида қуйидагича жаранглайди:

Заката сладкая услада!
Отец! я не могу признать,
Чтоб власть земная — разрешать
Могла от первой казни ада.
Куда пойду за гордость я
Что спорить нам: слова пустые!

Миразиз Аъзам таржима қилади:

Таскин, жон таслимин
енгиллатолмас.
Отахон, шу топда
юпатиш нега?
Сизнинг бу, Ердаги сўзлар
келмас бас
Жаҳаннамнинг
одил жазоларига.
Биламан, дўзахбоп
такаббурлигим,
Қўйинг, ўгит берманг,
мени кўп қийнаб.

Жорж Байроннинг “Ўттиз олти ёшга тўлган таваллуд кунимда” (On this Day  complete my Thirty-sixth year, 1824) шеъри З. Морозкина таржимасида бундай жаранглайди.

Других не властный волновать,
Я сам бесстрастен должен быть
Но и без отклика, опять
Хочу любить.

Таржимон Абдул Ҳамид юқоридаги сатрларни қуйидагича ўгирган:

Кундан-кунга яқин интиҳо,
Эсар фасли хазон еллари
Қаро қабр кутар оч, юҳо,
Бағримда тек армон унлари.

Шоир Миразиз Аъзам таржимани рус тилидан қилган. Бироқ Абдул Ҳамид шеърни қайси тилдан ўгирганини айтмаган. Ҳар иккала таржима ҳам асл нусха ўрнидаги русча матндан нақадар узоқлашиб кетгани кўриниб турибди. Биз, балки Абдул Ҳамид ўз таржималарини аслиятдан қилганмикан, деган фикрга бориб юқоридаги тўртликни инглиз тилидаги матн билан солиштирдик. Бироқ унинг инглизча матндан ҳам йироқлиги яққол кўринади. Инглизча матнда ҳам шеър худди русча таржимадаги мазмун ва кўринишга эга:

“This time this heart
should be unmoved,
Since others it hath
ceased to move:
Yet, though  cannot
be beloved,
Still let me love!

Хулоса шуки, эндиликда бевосита аслиятдан таржима қилишга ўтмоғимиз керак. Ўтган асрнинг сўнгги чорагида илк бевосита таржималар пайдо бўлганди. Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” ва Б.Апицнинг “Қашқирлар чангалида” романлари Янглиш Эгамова, “Ғарбу Шарқ девони” Садриддин Салимов, Виктор Гюгонинг “Шарқ куйлари” тўплами Шарофат Ботирова томонидан бевосита таржима қилинганди. Шоирларимиз Жамол Камол ва Абдулла Шер ҳам Шекспир ва Байрон драмаларини таржима этишда аслиятдан имкон қадар фойдаланиб иш кўрган эдилар. XX асрга қадам қўйган эканмиз, бу бошланган хайрли иш жуда суст кечаётгандек назаримизда. Ваҳоланки, таржимашунос Зуҳриддин Исомиддинов сўзи билан айтганда, чет эл адабиётидан таржима қилиш энг авж оладиган замон келди.
Давра суҳбати иштирокчилари иккитилли луғатлар ва таржима амалиётига доир дарслик ҳамда қўлланмалар танқислиги ҳақида айтган фикрлар ҳам тилшунос олимларимиз фаолияти билан бевосита боғлиқ, деб ўйлайман. Инглиз, немис, француз тилшунослиги бўйича республикамиз олий ўқув юртларида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида лексикография (луғатшунослик) соҳасининг билимдонлари ҳам бор. Бироқ сўнгги йилларда профессор Қудрат Мусаевнинг “Таржима назарияси асослари”(2005) дарслигини, профессор Жамолиддин Бўронов таҳрири остида чиққан “Инглизча-ўзбекча луғат” (2001) ва профессор М.Умархўжаев раҳбарлигида яратилган “Немисча-ўзбекча фразеологик луғат”ни ҳисобга олмаганимизда, бошқа йирик ҳажмдаги луғат ёки дарслик яратилмади. Олий ўқув юртларида ҳамон В.К.Мюллер (“Англо-русский словарь”), К.А.Ганшина (“Французко-русский словарь”) ва О.И.Маскалская (“Немецко-русский словарь”) раҳбарлигида тузилган йирик ҳажмли луғатлар инглиз, француз, немис тилларини ўрганиш ва ўргатишда асосий манба вазифасини ўтаб келмоқда.
Ёзувчи Омон Мухтор ва мунаққид Сувон Мели ўзбек адабиёти салафлари Алишер Навоий, Абдулла Қодирий, Ойбек асарларининг жаҳон тилларида мукаммал таржималари йўқлиги ҳақида куйиниб айтганлар. Ҳақиқатан ҳам, “миллий адабиётимиз даҳоси Алишер Навоий ижодини жаҳон бадиий ва илмий контекстида ўрганиш пайти келди”(Сувон Мели). Бу ишни эса хорижий тилларни мукаммал билувчи таржимон ҳамда навоийшунос олимлар иштирокидагина амалга ошириш мумкин. Дарвоқе, ҳазрат Навоий “Хамса”си ҳам ўтган асрларда Ҳомер, Фирдавсий, Руставели, Данте, Сервантес, Рабле, Шекспир, Гёте ва Пушкин асарлари сингари жаҳон тилларига хўб ва кўп таржима қилинганда эди, бобокалонимиз асарлари ҳам дунёга кенг ёйилган бўлармиди. Масалан, грузин шоири Шота Руставелининг жаҳон адабиёти майдонига чиқишида академик Ш.И.Нуцубидзенинг хизмати катта бўлган. Олим шоирнинг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонини грузин тилидан русчага қойилмақом таржима қилиш билан бирга, ўзининг “Шота Руставели и Восточный Ренессанс” номли мазмундор монографиясини ҳам нашр эттирган эди. Менингча, ишни дастлаб ҳазрат Навоий шахсияти ва бадиий мероси билан жаҳон адабий жамоатчилигини яқиндан таништиришдан бошламоқ лозим. Бунинг учун, аввало, В.В.Бартолд, Е.Э.Бертелс, В.Зоҳидов, Ҳ.Сулаймон, С.Н.Иванов, А.Ҳайитметов сингари олимларнинг Алишер Навоий меросига бағишланган тадқиқотларини инглиз, немис, француз ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиб, нашр эттирмоқ керак. Зеро, хорижда ҳам ҳазрат Навоий меросининг бадиий қиммати ва моҳиятининг туб илдизларини тушуниб етсинлар.
Яна бир масала. “Давра суҳбати”да тилшунос Аббос Ирисқулов таъкидлаганидек, “универсал, ҳамма жанрни бир хилда пухта биладиган, бу жанрлардаги асарларни профессионал даражада таржима қила оладиган таржимон”нинг етишиб чиқиши мумкин эмас. Бас, шундай экан, таржимон ва таржимашуносларни асосан икки йўналишда: бадиий ва касбий(аниқ) таржима(илмий-техник матнлар таржимаси, синхрон таржима, тилмоч ва ҳоказо) ихтисослиги бўйича тайёрлашга эътиборни қаратмоқ лозим. Республикамиз университетларининг филология факултетларида биринчи йўналиш (филология дастури), Жаҳон тиллари университети, Самарқанд чет тиллар ва Андижон тиллар институтида эса иккинчи йўналиш(лингвистика дастури) бўйича таржимон ва таржимашунослар тайёрлашга киришмоқ мақсадга мувофиқдир.
“Мана, янги XX асрнинг илк йилларидамиз. Ўжар бир савол кўндаланг туради: янги асрда ўтган асрда эгалланган чўққиларни эгаллай оламизми… Ваҳоланки, эгалланган чўққиларни қайта эгаллаш у қадар завқ бермайди. Вазифа — шу юксакликка таянган ҳолда янги чўққиларни забт этиш”, деб ёзади адабиётшунос Сувон Мели. Дарҳақиқат, бу ижодий муваффақиятларга эришувда таржиманинг ўрни нақадар биқиёслиги ўз-ўзидан маълум. Қолаверса, бугунги кунда таржима тиллараро ва маданиятлараро коммуникацияга киришувнинг асосий омилларидан биридир. Бир сўз билан айтганда, “таржима миллатни жаҳонга танитади”, халқаро глобаллашув жараёнида бевосита иштирок этишимизга кенг йўл очиб беради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 29-сонидан олинди.