Эргаш Умаров. Бобурийлар армони (2007)

Улар томонидан уч юз йил давомида яратилган юздан ортиқ луғат ва қўлланмалар Ҳиндистонда тадқиқотчиларни кутмоқда

Агар бобурийлар ҳаёт бўлганларида эди, очиғи, биз — ўзбек тилшуносларидан жуда хафа бўлган бўлур эдилар. Сабаби — Бобур васиятига биноан улар уч юз йил давомида юздан ортиқ катта-кичик икки ва кўп тилли луғат ва қўлланмалар яратиб, ўзбек тилини сақлаб қолишга, уни эсдан чиқармасликка ҳаракат қилганлар. Бу луғат ва рисолалар бир тарафдан бобурийларнинг ўз она тили — ўзбек тилига бўлган чексиз муҳаббатидан дарак берса, иккинчи томондан уларни исломий маърифатдан тўла бохабар эканлигидан дарак беради.

Дунё луғатчилик тарихида бундай маданий-маърифий феномен бўлмаган. Афсус, биз уларни етарли даражада ўрганмай келяпмиз. Хўш, уларни ўрганиш нима беради? Уларни ўрганиш Ҳиндистондаги ўзбек тили ҳақида ноёб маълумотлар беради. Ҳозирги ўзбек тилидан истеъмолдан чиқиб кетган товуш ва сўзларни топиш, айрим сўз маъноларидаги фарқларни аниқлашга ёрдам беради. Тўғри, бундан 25 йил аввал А.Иброҳимова Аврангзеб буйруғи билан тузилган Муҳаммад Ёқуб Чингийнинг «Келурнома» луғатини нашр қилган эди. 1993 йили доктор Ота Хуршид Алигарх шаҳридаги «Мусулмон университети кутубхонасидаги ўзбек тилига оид қўлёзмалар каталог»ини эълон қилди. 1996 йили туркиялик Али Фуат Билкан «Турк дили» журналида Ҳиндистон қўлёзма хазиналарида сақланаётган 161 та туркий асарлар ҳақида ахборот чоп этди. 2003 йили мусиқашунос Дилором Каромат Худобахш кутубхонаси мудири доктор А.Бедор илтимосига кўра «Луғати туркий, арабий, форсий ва ҳиндий ва истилоҳи Шуштар ва ғайра» луғатини нашр қилди. Бироқ шу билан луғат ва рисолаларни ўрганиш ишлари тўхтаб қолди. Кўриниб турибдики, юздан ортиқ луғат ва рисолалардан атиги иккитасигина илмий жиҳатдан ўрганилди, қолганлари ўз тадқиқотчисини кутмоқда.

Луғатлар асосан Алигархдаги Мавлоно Озод номидаги Мусулмон университети, Калкуттадаги Осиё жамияти ва Миллий кутубхона, Патна шаҳридаги Худобахш, Бомбейдаги Мулла Феруз ва шарқ қўлёзмалари, Ҳайдарободдаги Саларжанг музейи ва шарқ қўлёзмалари институти, Рампурдаги кутубхонада сақланмоқда. Улар ичида Алигарх шаҳридаги Мусулмон университети кутубхонасида сақланаётган олти тилли «Нисоби (асос) шаш луғат»да ўзбекча сўзларнинг форсча, арабча, афғонча, кашмирча, ҳиндча муқобиллари келтирилган. Муаллифи номаълум «Луғати арабий, форсий ва туркий» ҳажм жиҳатидан (598 бет) бошқаларидан ажралиб туради. Қомусларнинг аксарияти икки тилли. Агар Хаёлий «Нодир ат-таркиб»да ўзбекча сўзларга урдуча изоҳ берган бўлса, Мустафо ибн Шамсуддин Ҳисорийнинг «Луғати ахатарий»си арабча-ўзбекчадир. Қўлёзма хазиналарда «Нисоби туркий»нинг кўплаб нусхалари сақланмоқда. Ҳажм жиҳатдан турлича бўлган ушбу қомуслар Ҳиндистондаги ўзбеклар учун қўлланма вазифасини ўтаган.

Қўлёзмаларнинг бир қисми ўзбек тили қоидаларига бағишланган. Чунончи, Ибн Муҳаммад Солиҳнинг «Қавоиди забони туркий», муаллифи кўрсатилмаган «Сарф ва навҳи забони туркий»да ўзбек тили морфологияси ва синтаксиси анча батафсил изоҳланган.

Ўзбек олими Фазлуллахон Барлоснинг «Луғати туркий» асари илмий жиҳатдан пухталиги билан бошқа қомуслардан ажралиб туради. Унда синчков олим Ўрта аср луғатчилик анъанасига мувофиқ ўзбек сўзларини ҳарфма-ҳарф (!) қўрсатган: лағ — ба фатҳи лом ва алиф ва сукун ғайни мўъжама ба маънии жой -лағ — «л» фатҳали, алиф билан, нуқтали «ғ» устида сукун маъноси жой. Кўринадики, бугунги қишлоқ, тошлоқ, сувлоқ, қумлоқ сўзлари таркибидаги -лоқ қадимда жой маъносини англатувчи мустақил сўз бўлган. Сўзнинг товуш тузилиши ҳақидаги бундай батафсил изоҳ луғатчидан билим ва машаққатли меҳнатни талаб қилган. Гўри нурга тўлгурлар ўзбек сўзларини ана шундай изоҳлаб Ҳиндистондаги ўзбек тили бўйича ноёб маълумотлар қолдирганлар. Ушбу луғат ва қўлланмаларни ўрганмай туриб, бобурийлар даври ўзбек тили ҳақида ёзиш мумкинми? Қачонгача Бобурнинг Алишер Навоий тили ҳақидаги ҳаммага маълум ва машҳур сўзларини қайтараверамиз?! Афсус, бизлар ёдгорликларимизга беписанд қараб, улардаги сўзларни европаликларнинг таги пуч сингармонизм назарияси асосида ёзиб кўплаб хатоларга йўл қўйиб келмоқдамиз.

Хўш, бу луғат ва рисолаларни ким ва қачон ўрганади? Ушбу луғатларни ўрганмай улардаги маълумотларни ҳисобга олмай, ўзбек тили тарихи бўйича дарслик, монография, қўлланма ёзиш мумкинми?! Бобурийлар не умидлар билан уларни биз авлодлари учун ёзиб қолдирганлар. Агар бу асарлар гуржи ёки армани миллати вакилларига озгина алоқадор бўлганида эди, уларни ҳар тарафлама ўрганиб, жаҳон луғатчилик тарихида ноёб ҳодиса эканлиги ҳақида дунёга жар солган бўлур эдилар. Луғат ва рисола муаллифлари номларини жаҳон тилшунослик тарихига олтин ҳарфлар билан битардилар. Бизлар эса бу луғат ва қомуслардаги маълумотлар ишончли эмас деб, уларга тош отиб ётибмиз. Бу ақли, шуури, кўзининг нурини тўкиб, келажак авлодга бебаҳо маълумотлар қолдирган маърифатли аждодларимизга туҳмат эмасми?

Биз кўп савоб ишлар қилаётган бобуршунос Зокиржон Машрабовдан ушбу луғатлардан нусхалар олиб юртимизга келтиришларини умид қилиб қоламиз.

Эргаш УМАРОВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.