Дадахон Нурий. Закийлик (2007)

Домла Озод Шарафиддинов қанчалик жиддий, теран фикрли ижодкор, олим, мунаққид бўлишига қарамай ҳар қандоқ суҳбатдош билан бўладиган гурунгга файз киритиб турадиган ўзига хос ҳазил-мутойиба, юморнинг устаси эдилар. Қарийб тўққиз йилга чўзилган хуружли дарднинг азоб-уқубатларига чидаш ҳамда тинимсиз ижод билан банд бўлишларига қарамай Устоз ўзларининг мана шу шакаргуфторлик фазилатларини ҳеч қачон тарк этмаганларининг гувоҳиман.

Ёзувчилар “калхўзи”

Озод аканинг қабулхонасига кириб келганимда у киши бир чимрилиб қарадилар-да, тажанг­роқ оҳангда “ўтир” дедилар қаршиларидаги курсига ишора қилиб.

Ўтирдим.

— Менга қара, сен ҳам бундоқ ёлчитиб бир идорада ишлагин-да! Ҳали Ҳиндистон, ҳали Покистон қилиб юравермай…

Устоз нечук ўз ҳузурларига чорлагани, нима учун гапни юқори “парда”дан бошлагани сабабини олдиндан билардим. Яъни мендай “қўнимсиз” бир бандани янги ташкил этилган, ўзлари бош муҳаррир бўлган “Жаҳон адабиёти” журналига ишга олмоқчилар, тўғрироғи, каминани маҳкам жиловлаб ишлатмоқчилар.

У кишининг қай даражада тартиб-интизом соҳиби, шунингдек, ўта талабчан “инжиқ” инсонлиги “Адабиёт” деб аталмиш даргоҳ атрофида ўралашиб юрадиган каттаю кичикка яхши маълум. Шунинг учун гапнинг дангалини айт­дим:

— Журналнинг “Шарқ адабиёти бўлими”да жон-жон деб ишлардим-у…

— Бўлим бошлиғи бўлиб! Ойлиги ҳам яхшигина! — гапим орасига таъкидлагандай шу сўзларни қистириб қўйдилар устоз.

— … Битта лекини бор-да — масъул ишда ишлаяпман.

— Қанақа иш, ким бўлиб?

— Колхозда раис бўлиб!

— Қаерда колхозинг?

— Бўстонлиқда.

—  Э-ҳа, — Озод аканинг сал чеҳралари очилгандай бўлди, — у ерга алюминий заводига ўхшаш “комплекс”лар қурилишига қарши курашганларинг зое кетмай тақдирлашибди-да! Ҳозир колхозларнинг аҳволи анча танг дейишади, сенда ишлар дурустми?

—  Ёмон эмас “годовой”ни яхши якунладик. Ҳеч кимдан қарзимиз йўқ!

Олти-етти йиллар олдинги, “ошкоралик” деган русум авжга минган, завод-фабрикаю колхоз-совхозлардан тортиб маҳалла-кўй раислигигача даъвогарлар кўпайиб кетган, оломон йиғинларда ким кўпчилик овоз олса, ўша мансаб тулпорига минган даврларнинг шабадаси ҳамон эсиб турарди.

Шунинг учун шумлик қилиб айт­ган гапларимга чиппа-чин ишондилар устоз.

— Энди, бизнинг журналга кимни тавсия этасан?

Бу “масала”ни ҳам олдиндан пишитиб қўйгандим.

— Амир Файзуллани. Жуда иқтидорли одам!

— “Маҳабхарата”, “Рамаяна”ни таржима қилган йигит-да. Иш берармикан!

— Ишлатасиз-да, Озод ака! Қолаверса, Ойбек домланинг оқ фотиҳасини олган!..

Қулоғимга чалинган гапларга қараганда “колхоз”га раислигимни домла икки-уч давраларда гапириб, овоза қилибдилар.

Лекин орадан тўрт-беш ой ўтгач, кузга яқин сир очилиб қолди: домланинг яқин шогирдларидан, таги бўстонлиқлик адабиётшунос олим ва ижодкор Ортиқвой Абдуллаевга “Яқин-яқингача газета, журнал таҳририяти ходимларига колхоз-совхозлар оталиқ ёрдами кўрсатиб, имтиёзли баҳода картошка-пиёз, мева-чева ажратарди”, дебдилар-да, мени тилга олиб, “Илтимоснома хатимизга йўқ демас”, дея “колхоз”имизнинг номини сўрабдилар.

Ортиқвой ака ҳам устоз билан бемалол гаплашаверадиган қирқ йиллик таниш-билиш. Бошини лиқиллатиб, елкаларини “учириб” кулиб юборибди.

— “Колхоз” эмас, ёзувчилар дала ҳовлиси! Мен сизда ишлаш билан бирга, ўша ер раисининг ўринбосариман! — дебди.

— Чўрт побери! — домла ярим жилмайиб ёзишга шайланган ручкани бир четга улоқтирибдилар.

Шундан кейин Озод ака “колхоз”имизга ташриф буюрдилар. У кишини “хўжалигимиз” “шахмат ишқивозлари раиси” академик Матёқуб Қўшжонов бошчилигида кутиб олдик.

Устознинг менга қарата ярим ҳазил билан айтган гаплари шу бўлди:

— Колхозинг зўр-ку!

Озод акага атрофни ўраб турган тоғ манзараси, айниқса, дала-боғимизнинг шундоқ ёнбошида жойлашган Чорвоқ денгизидан уфуриб турадиган майин ҳузурбахш шабадали ҳавоси жуда ёқиб қолди. Тез-тез келадиган бўлдилар. Адиблар ўртасида шахмат мусобақасини ўтказиб туриш фикри ҳам ана шундай ташрифлардан бирида домла томонидан ўртага ташланганди.

Озод ака дала-боғимизнинг учта бўлимидан бирининг номи расман “Калкўча” (бу ерда яшовчи қаламкашларнинг аксари сартарошга фақат соқоли ўсгандагина иши тушадиган М. Маҳмудов, Э. Воҳидов, Э. Малик,
М. Кенжабек, Э. Муҳаммад, Ҳ. Имомбердиев, И. Маҳмуд, А. Носиров, У. Қўчқор каби зотлардан иборат эди.) деб аталишини билганларидан сўнг “КАЛХЎЗ”нинг биринчи бўғинига алоҳида урғу бериб айтадиган бўлгандилар… Ҳатто “Шахмат турнири” давомида ўзаро беллашадиган гуруҳлардан бири домланинг таклифи билан “Калкўча” деб аталган. Ҳар гал мусобақа бошланишидан олдин баланд овоз билан: “Мен шу гуруҳ шарафи учун дона сураман”, деб эълон қилардилар.

Хуллас, Озод домланинг ҳазил-мутойибаси билан дала-боғимиз “Калхўз” бўлиб кетган.

Буни 2005 йилги “Шахмат турнири”да у кишининг ўзлари яна бир таъкидлаб:

— Ҳозир ҳамма ёқда “калхўз” сўзи муомаладан чиқиб бўлди. Лекин ягона бўлиб, Бўстонлиқда “ёзувчи калхўзи” сақланиб қолса керак, — дегандилар.

 

Қўмсаш

Яқин дўстим, аҳён-аҳёнда мен “нонини яримта қилиб юрувчи” ҳамкасбим, машҳур мусаввир Баҳодир Жалолов кўпдан буён Озод ака хонадонига бориб, у кишининг портретини ишлаш ниятида эканлигини айтиб юрарди.

Ниҳоят, домла ҳузурига бошлаб бордим.

— Э, Баҳодиржон, на суратдан, на сийратдан ҳеч вақо қолмади-ку. Аввалроқ қаерда эдинглар! — деди Озод ака ярим ҳазил-ярим чин қилиб. Ва қўшиб қўйди: — Азиза Маматова ҳам келганди, суратингизни ишлайман, деб. Мен “Отангни онангга бепардоз кўрсатма”, деганлар, яхшиси ёшроқ чоғларимни назарда тутиб ишлаганинг маъқул, дедим. Билмайман, ишлаяптими-йўқми, сизларга ҳам маслаҳатим шу! Кимники зўр чиқса, мана шу меҳмонхонанинг тўрига илиб қўямиз.

Баҳодирга Озод аканинг бир ҳовучгина бўлиб ўтириши жуда ғаройиб кўриниб кетди, шекилли:

— Мана шу туришингиз худди Маҳатма Гандининг ўзи! — деди.

— Ҳа, елкамдаги қалами сарупога ишора қиляпсиз-да. Буни яқинда Ҳиндистондан хонадонимизнинг яқин кишиси бўлиб қолган Говинда Рам келтириб берди. Бинойидек, менга ярашди. Лекин мендан Ганди ҳам, минг ҳаракат қилганларинг билан одамлар кўрганда “оҳ” деб юборадиган дурустроқ сурат ҳам чиқмайди. Унинг устига оёқ дегулик жойи ҳам қолмаган болдирнинг азоби етиб-ортиб турибди.

Сездикки, Озод акани дард қийнамоқда. Ҳозир сурат ишлаш вақти эмас…

Дала-боғда ўтказилган навбатдаги шахмат турниридан анча вақтлари чоғ (чунки қарийб уч соатга чўзилган дона суришлардан сўнг шоир Азим Суюнни “тавбасига таянтирган” эдилар), кайфиятлари баланд ҳолда қайтиб келган бўлсалар-да, бир ҳафталардан сўнг ўзларини ёмон ҳис эта бошладилар. Анча жиддий бўлиб қолдилар. Ёлғиз қолишни истар, ҳатто Шарофат келинойига ҳам: “Ҳадеб атрофимда парвонага ўхшаб гирди капалак бўлаверманг”, деб қолардилар.

Дўст-биродарлар, узоқ-яқиндан келган шогирду ҳамкасблар ҳовли яланглигидаги катта каравотда ўтириб, хонадон соҳиблари билан гурунглашиб, қайтиб кетардилар.

Мен эса устоз томонидан юклатилган адабиёт оламидаги янгиликлардан ҳафтада бир “мухтасар ахборот бериб бориш вазифаси”ни ҳамон адо этиб турардим.

Озод ака ҳузурига кириб келишим билан бирор янгиликни интиқлик билан кутгандай, бошини хиёл кўтарар, ҳорғинликданми, сал юмилиб қолган кўзлари чарақлаб кетгандай бўларди. Мен гапни қўлимдаги янги чиққан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг шарҳидан бошлардим…

Ўша кунни аниқ эслайман — 18 сентябр эди. Устоз ҳузурига кириб келганимни кўрди, қарадилар ҳам. Лекин нигоҳларида бефарқлик сезгандай бўлдим. Фақат:

— Келдингми? — дедилар.

— Келдим. Озод ака, қалайсиз?

Жавоб мен кутгандай бўлмади:

— Тушимга Абдулла ака
(А. Қаҳҳор) кирибди. Сен у кишининг суратини чизган эдинг-а! Ўша сурат йўқ эмиш.

— Сурат домланинг уй музейларида турибди, Озод ака, — дедим.

— Дарвоқе, кўрганим бор — иккинчи қаватда…

Мен шу баҳона устозни гапга солмоқчи бўлдим:

— Кеча Азиза Маматова вазирликдан Шуҳрат Ризаевни, Мирпўлат Мирзо бошлиқ “Жаҳон адабиёти” жамоасини ўз устахонасига таклиф қилиб, янги портретингизни кўрсатди. Мен ҳам бор эдим. Унча ёқинқирамади суратингиз.

— Нега?

— Кўзимга “Пётр первий”дай бўлиб кўриндингиз.

— Диккайтириб, мўйлов ҳам қўйибдими? — жиддий қараш қилиб сўрадилар.

— Қўйганда-ку, ғирт ўша подшонинг ўзи бўлардингиз! Энди айтганингиздагидек қилиб ўзим ишламасам бўлмайди. Ўн ёшга ёшартиришим мумкин.

Устоз норози бўлгандай беписанд қарадилар:

— Нега ўн ёш! Ана Алишер (ўғиллари)га қараб чизсанг, нақ йигирма ёшга ёшараман.

— Бунинг қийинчилик жойи йўқ. Айтганингиздай бўлади… “Адабиёт” газетасининг янги сонини олиб келдим.

Устоз “чарчадим” дегандай кўзларини юмиб олдилар…

Мен у киши айтган портретни ишладим. Афсус, ўзлари кўролмадилар. Ҳозир ўша суратнинг асл нусхаси Озод ака хонадонининг меҳмонхона залида, яна бир катта қилиб ишлангани эса Бўстонлиқдаги “Озод Шарафиддинов номидаги Ёзувчилар дала-боғи”га олиб борадиган шоҳкўча бўйида турибди.

Дадахон НУРИЙ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.