Асқар Маҳкам. Дукчи эшон, Муҳаммад Юсуф ва Хизробод ариғи (2006)

Фозилбек Отабек ўғлининг “Дукчи Эшон воқеаси” ва Алиназар Эгамназаровнинг “Сиз билган Дукчи эшон” китобини мутолаа қилдим. Фозилбек Отабек ҳарчанд улуғ исёнчининг жасорати ҳақида тўлиб-тошиб ёзмасин, бир лаҳза бўлсин кўз ўнгида кечаётган давр сиёсати, худосизларнинг аёвсиз қамчинини эътибордан қочирмаган.

Шу боисдан Дукчи эшонни қарийб қаллобга айлантирган ва унинг кароматларини оддий кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас, деганхулосага келган. Албатта, замон, давр ва шароит нуқтаи назаридан Фозилбекни тушуниш мумкин, аммо тарих ҳақиқати ва адолат қонуни ҳурматли муаллифимизни кечирмайди. Муҳаммадали Собир ўғли — Дукчи эшон ҳеч қачон қаллоб бўлмаган. Худодан қўрқадиган одам ҳеч кимни алдамайди. Қаллоб одам халойиқни исёнга бошлай олмайди ва ўзи ҳам қоматини тик тутиб дор остига боролмайди. Қаллоб эл ўртасида бу қадар эътиқод ва муҳаббатга сазовор бўлолмайди. Қаллоб элнинг улуғларини ватан учун курашга даъват этмаган, бу даъватлардан қўрқиб, фақат қорнини қаппайтиришни ўйлаган элбошилар аслида қаллоб. Ана шу қаллоблар кейинча унинг номини қора тупроққа қоришди, туҳмат қилишди, эл ўртасидаги муҳаббатини юлқиб олмоқчи бўлишди, золимлар, келгиндилар, босқинчиларни улуғлаб қасидалар, тарихлар ёзишди. Уни сазойи қилганлар, бурда-бурдалаб ташланган жисмини охир-оқибат саланглатиб осганларнинг қутқусига учиб, “девона”, “мажнун”, “жинни”, “риёкор”га чиқардилар. Шоирлар уни мазаммат қилиб, шеърлар ва ғазаллар ёздилар, қозилар унинг “жинни”лиги ҳақида фатво чиқардилар, уламолар “сўқир”ликда айбладилар. Фозилбек худди шу сиёсатнинг қурбони бўлди ва улуғ халқ йўлбошчисини “оддий қаллоб”га айлантирди. Бутун диққат-еътиборини Чор подшолигини айблашга қаратган Фозилбек улуғвор пири муршиддан шунча “Степан Разин” ясашга ҳаракат қилди. Алиназар Эгамназаровнинг рисоласи тарихий ҳужжатлар асосида ёзилган бўлиб, унда буюк исёнчининг шахсияти ҳақида деярли лом-мим дейилмаган. Муаллифнинг ҳамма хулосалари тарихий санадларни қайд этишдан иборат. Қаҳрамонлар ишларининг оқибати ҳақида ўйласалар, сандалдан жилмаган бўлардилар. Қаҳрамонлар дор сиртмоғидан, кунда ва жодудан талвасага тушсалар, майдонга бел сириб чиқмаган бўлардилар. Умуман, тарихий далиллар билан ишловчи олимлар ўзлари билмаган ҳолда энг порлоқ сиймонинг ҳам юзига гард юқтиришлари мумкин. Бу тарихий-маънавий жиҳатдан жуда катта оқибатларга олиб келади. Қарийб бутун бошли водийнинг, буёғи Қирғизия, Уйғургача бўлган жуда катта мамлакатнинг пири муршиди, нимага ва кимга қўл кўтараётганини билиб, қурбонлик кундасига тик бора олмоққа журъат топа олган ва бу жасорати билан қудратли империянинг томирларини зирқиратган Дукчи эшоннинг ҳақиқий сиймоси ҳозиргача яратилмай келинаётгани мени қаттиқ изтиробга соларди. Халқ ўзининг жонфидо фарзандларини билиши керак. Тарих беш-ўнта шоирнинг таржимаи ҳолидангина иборат эмас. Тарих чархини майли ҳалокат томон, майли, саодатга томон бўлсин олиб борган қаҳрамонларнинг ҳаёти ва кураши келажак авлоднинг ватанпарварлик, миллатсеварлик, фидойилик, энг муҳими, комиллик йўлидаги тарбиясида катта рол ўйнайди. Беш-ўнта шоир ва адиблардан бошқа кимни халқ қаҳрамони қилиб кўрсатяпмиз? Мадаминбек, Шермуҳаммадбек, Эргаш қўрбоши, Иброҳимбек каби юзлаб шахсларнинг боболаримизнинг на адабий-бадиий, на саҳнавий сиймосини ярата олганимиз йўқ. Аммо юз минглаб тиражда чоп этилаётган фаҳш ва зўравонлик ҳақидаги адабиётлар, суюқдан-суюқ ишқий саргузаштлар билан болаларнинг қонини қиздираётган артистчалар иштирокидаги филмлар миллатни ҳеч қачон улуғ ғоялар, ўлмас қадриятлар руҳида тарбия қила олмаслигини билсак-да, оғзимизга мум солиб ўтиришдан нарига ўтолмаяпмиз. Сиз Тошкент кўчаларига назар ташланг, бу афишаларга қаранг: эртага болалар шулар руҳида ўсадими?.. Шулардан ибрат оладиларми? Шуларга сиғинадиларми? Ахир бу олчоқ ва ботил қиёфалар бугун бало-қазодек ҳамма ёққа бостириб кириб келаяптилар-ку! Фақат кўча-кўйларга эмас, қиз ва йигитларнинг қиёфаларига қаранг, улар тутаётган дафтарларнинг муқовасига боқинг!..

Аравон, Асака, Новқат, Кўнгарт, Кетмонтепа, Қорақўрғон, Мингтепа каби манзиллар ва қишлоқларни ўзимча тасаввур қилардим. Маҳаллий қишлоқларимиз ўртасида от билан эшак орасидаги тафовут йўқлиги, балки улар бир шохдаги икки япроқдек бир-бирига жуда ўхшашлигини, қишлоқлар аксарият дарё соҳилларига, сувлоқларга, дала-даштларга, серяйлов қир-адирларга, лалми ерларга  тушишини билмайдиган ўзбек боласи йўқ.

Ҳаммаси деярли бир хил: ҳовли четида оёққа доимий суратда илинаверадиган хас-ҳашаклар чилвири, том бошидаги похол ғарами ва бостирма, ўтин қалаштириб ташланган сарой, ит капаси, ялоқ коса, танбал товуқлар катаги-ю кибрли хўрозларнинг чапаниларча кезинишлари, маърамоқдан томоқлари узайган бузоқлар, эшак қоқилган қозиқ атрофида думи билан чивин сурган хўтикчалар, қўшни ҳовлисида кекирдак чўзган кўппаклар, ўйдим-чуқурлар, пахса уйнинг деразасида ҳолсиз тебранган каштали парда, уй ичида тахмон, нақшли матолардан тикилган кўрпа ва кўрпачалар… Эшик остонасида челак, қумғон, дорга осилган яктак ва шалварлар, четан қўрага ташланган от ва эшак анжомлари, умуман, типик қишлоқ.

Андижон қалъасидан икки юз-уч юз метр наридаги хонадонлардан бирида эдим. Бу ҳовли улкан дарахтлар ва кўп қаватли иморатлар ичида жойлашган бўлиб, Хаканд қишлоғи тепаларидаги ғишт заводининг соҳиби, янги Андижон тадбиркорларидан Абдувосит акага қарашли эди.

— Сиз “Дукчи эшон” кўчасидасиз, илгариги “Дружба” кўчаси, — деди қорача, ўрта бўй, ғайрати ичига сиғмайдиган тадбиркор. Унинг кулча юзлари ловиллаб пишаётган ғиштни эсга солар, суҳбати ширин, одамгарчилиги баланд йигит эди. — Истасангиз, казаклар эшон дадани от аравада сазойи қилиб олиб келган жойларни ҳам кўрсатаман…

Ҳайратимнинг чеки йўқ эди. Кўз ўнгимдан қалъа дарвозалари олдидаги жазирама майдонда дарра билан саваланаётган қўзғолончилар, қаторлашиб тикиб ташланган дор оғочлари, саланглаб турган мурдалар, уввос солиб йиғлаётган халойиқ, казаклар, зобитлар ўта бошлади. Тадбиркорнинг суҳбат халтаси очилди.

— Эшон дадани биласизми?

— Ўқиганман, холос.

— Эшон даданинг кароматларидан гапириб берайми? Бир пуфлаганда гуриллатиб олов ёққанлар, одамларнинг кўнглидан кечган ўйларни сезиб-билиб турганлар… Қодирқул мингбоши эшон дадани тутиб берган. Мингбошининг тўртта хотини бўлган, тўртовини ҳам бировлар илиб кетган… Муҳаммадалибойни эшитганмисиз? (Дукчи эшонга қўшилмаган нуфузли бойлардан — М.)

Бойвачча Ашт томонлардан Андижонга от аравада туз ташиб келтириб тирикчилик қилган қашшоқ Муҳаммадалибойнинг йўл-йўлакай ҳазрати Хизрга дуч келгани, уни отига мингаштириб олгани, ҳазрати Хизр минган от қандай қилиб яшин тезлигида Андижонга етиб келгани ва хум тўла тузлар тиллага айланиб қолгани ҳақидаги ривоятларга чалғиб кетди.

— Буни билиб қолган синглиси қозига шикоят қилиб борибди, — давом этарди тадбиркор. — Қозига: “Отамдан қолган хум тўла тиллалардан акам менинг ҳиссамни бермаяпти. Адолат қилиб ҳақимни чиқариб берсангиз”, дебди. Қози ўз мулозимлари билан Муҳаммадалибойнинг қўрасига келиб, ертўлага тушиб кўрса, хумлар жаранг-журанг тиллалар билан эмас, йилтиллаган, намчил тузлар билан тўлдирилган экан. “Эҳ мияси айниган хотин!” деб қози ертўладан чиқиб кетган экан… Муҳаммадалибой ана шу тиллаларига катта масжид қурдирган. Ҳозир ҳам бор…

Мен иш юзасидан “Дукчи эшон” кўчаси бўйлаб негадир ҳар гал тун маҳали ўтардим ва қорайиб турган қалъа деворларига ҳадик ва ҳайрат билан боқардим. Сафардошим Абдуманнобга Дукчи эшон тарихи билан қадри ҳол шуғулланиб юрганимни айтганимдан сўнг, Марҳаматга йўл олдик. “Олдин Муҳаммад Юсуфни зиёрат қиламиз”, деди Абдуманноб. Юқорида айтганимиздек, “типик қишлоқлар” орқалаб Марҳамат — Мингтепага томон йўлга тушдик. Бу ерларда ҳам қишлоқлар одатдагидек кенг пахта далалари тугаган пушталардан бошланади. Кузак ҳамма ерда ўз қудратини намойиш қилаётган палла: далалар мовий ҳовур ичида кўпчийди, япроқларини шов-шув тўкиб юбориб, яланғоч танаси билан аёзга тўш урган дов-дарахтлар, тиниқлашиб қолган ариқ ва анҳор сувларининг ожиз шилдираши, қора қарғаларнинг тантанавор оёқ олишлари, йўл четида нимадир сотиб ўтирган янги замон савдогарлари, йўл бўйида ўтган йўловчиларни кутиб  ўтирган киракашлар, санғиб юрган бесоҳиб эшаклар, қора чопонга ўралиб, ўтган-кетганни кузатиб ўтирган мўйсафидлар, йўл четида осиб қўйилган маъноли шиорлар… Қишлоқлар тобора ўз тусини ўзгартириб бораётгандек. Баъзи иморатлар шаҳардагилардан қолишмасликка ҳаракат қилгандек ориқ, бўйчан тераклар учини доғда қолдириб, кўкка томон тирмашган, айримлари эса одми, оддий… Марҳум шоир Муҳаммад Юсуфнинг Қовунчи қишлоғини топиш учун хийлагина одамларни безовта қилдик. Учраган муюлишда тўхтаб, шоирнинг қишлоғини сўрайвердик, одамлар ҳам эринмай қора чопонлари енгини чўзиб, “ҳув бурилишгача бориб, ўнгга буриласиз… Ашатта…” деб қолаверишди. Ниҳоят атрофи оппоқ деворлар билан иҳоталанган баланд дарвозали, каттакон қабристон ёнида тўхтадик. Қабристон деярли дов-дарахтсиз бўлгани учун яланғоч қабрлар ва уларнинг устидаги мармар тошлар яққол кўзга ташланар, шоир дафн этилганидан сўнг хийла обод қилинганлиги шундоқ билиниб турарди. Шоирнинг қабристон этагидаги мозорига элтувчи тор асфалт йўлакча, унинг атрофига экилган гуллар ва куни кеча ўтказилган арча ниҳоллари зиёратчиларнинг доимий ташрифидан гувоҳлик берарди. Қуббали доира айвон остидаги бюстдан боқиб турган шоирнинг кўзлари қабристон дарвозасига қадалгандек, тик ёқали плашчи, текис таралган сочлари, тийрак нигоҳи, ориқ ва чўзинчоқ ияги. Бу ўша шоир эди. Давралар ва олқишлар, қўшиқлар ва тантаналарни бошига кўтарган шоир. Хонандаларга ватан ҳақида қўшиқ айтишни ўргатган, энг содда ва ўтлиғ қўшиқлари билан умумхалқ муҳаббатини қозонган Муҳаммад Юсуф. Каттакон халқнинг муҳаббатини қозона олган ва жуда эрта оламни тарк этган шоирнинг маъноли нигоҳларидан кўп нарсаларни уқиш мумкин эди. Ҳайкал остидаги бир шапалоқ ерга экилган гуллар ҳам шоирнинг ўзига ўхшарди. Қабристон этагидаги уйдан чиқиб келган йигит айвон остидаги ўриндиққа ўтирди ва Қуръон тиловат қилди. “Шоирнинг юзларида ёмғир ва шамолларнинг асорати бор, артиб қўйиш керак”, дедим мен йигитга. У қабристондан ҳокимнинг ўзи хабар олиб туришини, чироқлар, асфалт йўл, девору дарвозалар шоир дафн этилганидан кейин ўрнатилганлиги, зиёратчилар ҳақида гапира-гапира бизни дарвозага довур кузатиб борди. Қабристон этагида қолган шоирнинг нигоҳи ҳамон дарвозада эди. Мен шоир жуда этакка эмас, эҳтимол, дарвоза қошига, ёхуд қабристоннинг ўртароқ қисмига дафн этилса, бўлмасмиди”, деган ўйга бордим ва ўша заҳоти ичимда нимадир кескин рад этди. Шоирлар пойгакда бўлгани маъқулроқ…

Қовунчи қишлоғининг марказидаги анҳор бўйидаги ҳовлида шоирнинг онаси яшарди. Каттакон мевали боғ, деворларига нақш солинган уй, одми ва камтарона кулбалар. Мункайиб қолган, аммо юзлари фавқулодда тоза ва нурли аёл боласининг қуйиб қўйгандек ўзи эди. Етмишдан ошиб қолган аёл қўллари титраб елкамиздан олиб кўришган бўлди ва биргина назардан сўнг юзларини рўмол билан тўсди. Унинг овози шоирникидек хаста эди: “Билмасам, бандадан бўлдими, Худоданми, боламдан айрилиб қолдим…” Онанинг қўллари титрар, оёқ олишлари оғир эди. У ўтиролмади. Назира қизи Нозима билан ўша ерда экан. Кўришдик. Ҳовлидаги яйдоқ дарахтларга қарадим. Мен шоир тириклигида бу ерларга келганим йўқ эди. Муҳаммад Юсуф юз йиллар яшаб беради, деб ўйлаган бўлсам керак, бундоқ юрак ёзиб суҳбатлашган ҳам эмасман. Абдуманноб шоирнинг чапани ростгўйлиги, ҳақиқатчилиги, ён-верида юрадиган “дўст”ларининг оқибати ҳақида куюниб гапира кетди. Ҳовлидаги кенг мевали боғ хомуш эди. Уй-музейга мўлжаллаб қурила бошлаган сарғиш ғиштли девор  сувга тушган мусичадек мунғайиб турар, дарвоза ортидаги қўлбола расталарда ҳаёт қайнагандан қайнарди. Анҳорнинг тиниқ сувлари кузак осмонидек соф ва беғаш эди. “Хизробод” ариғи. “Нега Хизробод?” дедим шоирнинг болалик дўсти Таваккалга. “Бир вақтлар Хизр бува ариқнинг ўрнини таёғи билан чизиб ўтган экан. Бу ариқ ўша издан пайдо бўлган. Муҳаммаджон яланг оёқ соҳил бўйлаб сайр қилар, кейин сувга тушиб, бир салқинланиб оларди ва уйга кириб кетарди. Чапанича қилиқлари бор эди… Анов мактабда саккизгача билла ўқиганмиз. Ҳозир мактаб унинг номида. Кичикроқ музейи ҳам бор…” Таваккал ўсиқ соқолларидан ийманганнамо марҳум дўсти ҳақида ҳикоя қиларди.

— Аввал дадасини зиёрат қилдик. Биласиз-ку, Нозима дадаси билан гаплашади. Ҳеч кетгиси келмайди. Энди кеч тушиб қолди, қайтамиз…

Назиранинг бошидаги қора рўмол, паришон чеҳрасига уйқаш эди. У афтидан шоир юбилейидан сўнг яна фаромуш бўлиб, чала ярим ташлаб қўйилган уй-музей ва  устидан турли нақшлар солиб “пардоз берилган” шоирнинг онаси истиқомат қилаётган кулба ҳақида ўйлаётгандек эди. Ҳали қурилиши тугалланмаган шоирнинг уй-музейи, ҳовли ортидаги Хизробод ариғи ва шоирнинг дарвозага қадалган кинояли нигоҳлари… Азаматлар, ўйладим мен, бу кулбада Дукчи эшон ва Чўлпондан кейин миллат номини қадоқ қўллари ва ориқ елкалари билан кўтариб турган шоир яшаганини билишармикан? Ҳар зарра тупроғини, куйиб жизғанаги чиққан халқнинг шўрли пешонасини, унинг бешик ва исириқларини, эр йигитлари ва келинчакларини, бурнидан сув оққан болакайларини ким ундан ўткариб куйлай олади? У Тошкентнинг зеб-зийнати эди. Бугун Қовунчидаги камтарона қабристон этагидаги қуббасимон том остида ётгани билан у Ватан боласи эди!… Бутун Ўзбекистон унинг қўшиқлари билан нафас оляпти… Оббо, азаматлар-ей, кимдир тепасида айтиб турмаса, ҳеч иш қилишмайди, шекилли, ўйлардим мен… Нигоҳим йўл-йўлакай тадбиркор ва фермерлар, савдогар ва бизнесменларнинг ер тишлаган кулбалар тепасидан боқиб турган арку қўрғонларига тушди. Оббо, азаматлар-ей, ўйладим мен…

Асқар МАҲКАМ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.