Абдунаби Бойқўзиев. Армон ва орзулар денгизи (2006)

Ёхуд ютоққан юракларга томган саёҳатномалар

Буюк миллатларга хос, қалбни ифтихор туйғулари билан тўйинтирувчи, унутилмас лаҳзаларни миллатпарвар фарзандлар ҳаётининг беором, шижоатли дамлари тарих саҳифаларига муҳрлайди. Ана шу ифтихор туйғуси биз тенги авлод қалбида негадир чалкашроқ, нурсизроқ намоён бўлади. Бунинг сабаблари кўп, албатта…

Болалиги йигирманчи асрнинг 50-80 йилларига тўғри келган миллатдошларимиз курраи заминни аллақайси мамлакатнинг мавжуд-номавжуд (яъни бадиий тўқима) сойирлари нигоҳи билан кўрар, юртимиз тупроғида туғилиб, ер шарининг талай минтақаларига пойқадами етган аждодларимизга дахлдор қадриятлардан деярли иҳоталаб қўйилган эдик.

Марко Поло, Христофор Колумб, Ганзалес де Клавихо, Фритоф Нансен, Отто Свердруп, Руал Амундсен ва бошқа юзлаб олимлар ва сойирларнинг турли қутб ва минтақаларга махсус сафарлари ҳақида ўқисак, Ғарб сайёҳлари ҳақидаги турли бадиий филмларни томоша қилсак, ичимизда қандайдир ўксиниш ҳисси ғимирлаб қоларди. Нега ўшалардай жасур фидойи аждодларимизни билмаймиз, дея армон денгизига ғарқ бўлар эдик.

Одам қадами етмаган қайсидир минтақа ёки ўлкани кашф этиш, ўрганиш жараёнидаги машаққатлардан ҳикоя қилувчи ҳужжатли филмларни томоша қилганда, шуларга нима зарур экан, ўзларини азоб-уқубатларга гирифтор қилиб, дея ҳайрон бўлардик. Уларнинг асл мақсадларига фаҳмимиз етгач эса, нега бизнинг олимларимиз ана шундай мақсадли сафарлар уюштиришмаганикин, деган ўкинч қалбларимизни кемира бошларди.

Бу армонангиз мулоҳазалар узоқ йиллар, то соҳибқирон Амир Темур ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номлари билан боғлиқ экспедитсиялар ташкил этилиб, улар фаолияти ҳақидаги материаллар матбуотда ёритила бошлагунча асаб торларимизни чийратиб тураверди. Шукрки, диёримизда истиқлол шабадалари эсиб, ташқи дунё билан алоқалар жонланди. Улуғ аждодларимиз босиб ўтган йўлларни ўрганиш мақсадида илмий-амалий сафарлар уюштирила бошланди. Турган гапки, Ўзбекистонимиз фарзандлари ҳам тарихда бу борада буюк миллатларга хос ишлар қилгани ойдинлаша борди…

Шу ўринда афсус қиладиган бир мулоҳаза. Соҳибқирон Амир Темур босиб ўтган йўлларни тадқиқ этиш ниятида тузилган дастлабки хайрли гуруҳ — экспедитсия тўғрисида истеъдодли публитсист Ҳаким Сатторийнинг матбуот саҳифаларида чоп этилган мақолалари орқали хабар топган ва қувонган эдик (дастлабки сафар 1991 йил 1-20 августда уюштирилган эди). Ижодкорнинг сафарлардан таассуротлари ўлароқ чоп этилган бир неча рисолаларига ҳам (жумладан, “Хотира карвони”, “Фан” нашриёти, 1994 йил) кўзимиз тушди. Бироқ, афсуски, ушбу экспедитсия фаолияти изчил давом эттирилмай, оро йўлда қолиб кетган, деб эшитамиз…

Бобур халқаро фонди ташкил этилганидан буён дунёнинг йигирмата мамлакатига ўндан ортиқ илмий экспедитсиялар уюштирилди. Автобусда 300 минг километрдан ошиқроқ масофани босиб ўтди, деб ёзди севимли газетамиз “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”. Фонд жонкуярлари нафақат бобурийлар, балки халқимиз, юртимиз шаъни-шарафини дунё миқёсида туғро қилиб кетган кўплаб буюк ватандошларимиз сиймоси, ҳаёти, ижодини ўрганиш, улар хоки мангу макон топган гўшаларни излаб топиш, ободонлаштириш борасида ҳам таҳсинга лойиқ ишларни амалга оширишмоқда. Экспедитсия сафарларидан бирида Ҳирот шаҳри яқинида буюк ўзбек шоири Лутфий ҳазратларининг нураб, кўмилиб ғойиб бўлган хобгоҳини топишга муваффақ бўлганидан хабар топган эдик. Мана яқинда, аниқроғи, 2006 йилнинг май ойида тиниб-тинчимас Зокиржон Машрабов бошчилигида изсиз йўқолиб кетиш арафасида турган ушбу қабр устида ўймакорлик услубида яратилган нақшинкор шийпон (андижонлик ёғоч ўймакори Уста Йўлбарс шогирдлари билан тайёрлашибди) қад ростлабди. Сағана устига Ғозғондан олиб борилган мармартош ўрнатилибди.

Бу саъй-ҳаракатлар наинки халқимиз, балки бутун жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам қизғин маъқулланиб, эътироф этила бошлади. Экспедитсия фаолиятининг вақтли матбуотда изчил ва атрофлича ёритилиб бораётгани, ҳар галги сафар юзасидан алоҳида-алоҳида китоблар чоп этилиши ҳам айни муддао бўлмоқда.

Шу ўринда биз экспедитсиянинг фаол иштирокчиси ёзувчи Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” (2000), “Андижондан Даккагача” (2003), “Буюклар изидан” (2006) деб номланувчи саёҳатномалари (китобларнинг барчаси “Шарқ” нашриёти матбаа актсиядорлик компаниясида чоп этилган) ҳақида ҳам бир-икки оғиз сўз айтишга қарор қилдик.

Адибнинг сафар таассуротларини ўзида жамлаган ушбу китоблари қайси жиҳатлари билан қадрли?

“Ўнта бўлса ўрни бошқа… Қамчибекнинг ушбу асарлари Бобур Мирзога бағишланган китоблар орасида ўзига хос ўрин олади, сафарнома жанрини кўпгина янгиликлар билан бойитади”, — деб ёзади муҳтарам адибимиз Пиримқул Қодиров.

Дарҳақиқат, сафарномалар муаллифи назарига тушган ҳар бир воқелик — бино, шахс, табиат манзараси, ҳайвонот, наботот олами Бобур Мирзо шахси, даври, ижоди ва бугунги Ўзбекистонимиз тимсоллари билан қиёсан тасвирланади, хулосалар чиқарилади. Муаллиф қайси мамлакатда бўлмасин, маҳаллий аҳоли аҳволи, руҳиятига синчиклаб назар солади. Оддий кишилар, деҳқонлар, зиёлилар, айниқса, хотин-қизлар турмуши, кийиниши ва юриш-туришидаги айни миллат ё элатга хос бўлган бетакрор жиҳатларни нозик илғайди ва ниҳоятда жонли, равон тилда тасвирлайди. Кишилар характери, хатти-ҳаракатидаги ёқимсиз ҳолатларни ҳам ўзига хос ажойиб юмор билан шунақанги беозор ифодалаб берадики, бундай ифода услубига ҳавас қилиблар кетасан киши. “Лохўр қассобларининг… гўшт сотиш тартиблари менга унча маъқул бўлмади. Улар дўкон орқасида, ерга ўтириб олишиб, гўштни оёқ панжалари билан қисиб туриб кесишаркан” (“Ҳинд сориға”, 114-бет). Бу жумлаларнинг нимаси кулгили, дерсиз? Гап шундаки, китобда экспедитсия аъзолари бир кун олдин ана шу қассоблардан гўшт сотиб олиб, шу ерлик Муҳаммад Шафиқ исмли киши ёрдамида шўрва пишириб ичишгани ҳам қистириб ўтилган…

Адиб экспедитсия ҳаракат қилаётган жой халқи, урф-одатлари, миллатидаги алоҳида ўзига хосликлар, мавжуд сиёсий тузум билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий ҳолатларни мустақил Ўзбекистонимизнинг ғурурли, ориятли бир фарзанди — фуқароси сифатида кузатади, баҳолаб боради. Бироқ муаллиф ҳар икки томоннинг ютуқ ва камчиликларини муқояса қилиш, таҳлил этишда беғаразлик, холислик мезонларидан айро тушмайди.

Муаллиф воқеликни экспедитсиянинг оддий иштирокчиси сифатида, шунчаки тасвирлаб кетавермайди. У ҳофизасида илгари муҳрланиб қолган хотираларни маҳоратли ижодкор сифатида юксак бадиий мезонлар талабидан келиб чиқиб тасвирлашга ҳаракат қилади. Шу боис бобурийлар билан боғлиқ ҳар бир воқеа, ҳодиса сафарномаларда алоҳида ҳис-ҳаяжон, меҳр-муҳаббат, эҳтиром туйғуларига йўғрилган ҳолда тажалли топади. Таассуротларини хаёлида эъзозлаб юрган ҳис-туйғуларга йўғириб, дунё фани, адабий-бадиий қадриятларидан ўзлаштирган фараз ёки қарашлар силсиласи билан муқояса этган ҳолда хулосалар чиқаради. Масалан, муаллиф бир ўринда Ҳофиз Шерозийнинг дунёга машҳур шоир бўлиб танилишида Эрон аёлларигагина хос бўлган гўзал ҳусн, латофат, тимқора сирли либослару шаҳло кўзларнинг “хизмати” бениҳоя катта бўлган, деган фаразни илгари суради  ва асосий муддаога кўчиб ёзади: “… шу ўринда мен яна ҳусну малоҳатда беқиёс, Жаҳонгир ва Шоҳжаҳондай бобурий шаҳзода, шахсларни ўзига ром этган Нуржаҳон бегим, Мумтоз бегимларнинг ҳам асли эронлик эканликларини эсладим”.

Бу ўринда Эрон аёллари гўзаллиги, малоҳатига таҳсину офарин баҳонасида муҳим бир тарихий ҳақиқат — маликаларнинг насли-насаби форсий эканлиги, эроний аёллар гўзаллигига бобурий боболаримиз ҳам бефарқ бўлмаганликлари таъкидланмоқда.

Ёзувчи ўз нигоҳида инъикос топган ҳар қандай воқеликдан ижодкор сифатида ҳикмат, гўзаллик, экспедитсия аъзоси сифатида илмий ҳақиқат ахтаради. Воқеа ва ҳодисалардан, тарихий шахслар тақдиридан, албатта, Бобур Мирзо сиймоси билан боғлиқ бирор бир янги жиҳат топиш пайидан бўлади. Ва бу некбин изланишлар, умидлар кўп ҳолларда ўз ижобий самарасини берганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш керак.

Муаллифнинг ҳар гал сафарга отланиш олдидан бобурийларга даҳлдор турли ривоятлар, адабий-бадиий асарлар, хорижий олимлар қаламига мансуб илмий манбаларни излаб топиш, ўрганишга жуда катта куч ва вақт сарфланганини китобхон ҳар бир жумла, ҳар бир саҳифада ҳис қилиб туради.

«Сафарнома машаққатли меҳнатдан ташқари катта муҳаббатнинг ҳам маҳсулидир», — деб ёзади Қаҳрамон шоир Абдулла Орипов “Андижондан Даккагача” номли китобга ёзган сўзбошисида. Дарҳақиқат, биз қизиқиб, ютоқиб ўқиётганимиз саҳифалар ташқи оламни асосан автобус ойнасидан кузатиб бораётган ёзувчи Қамчибек Кенжа нигоҳига тўқинган, оддий одам учун унчалик ҳам аҳамиятли бўлмаган, адоғи йўқ, бир хилдаги табиат манзаралари оқимидан иборат, зерикарли ҳодисалар, холос. Бироқ ўша кўзлар кўравериб кўникиб кетган оддий қуш, ўт-ўлан, хас-чўп, дов-дарахт, тош, обу оташ, юлдуз, ой, қуёш — барчаси ёзувчининг Бобурга бўлган катта муҳаббати туфайли ёрқин образларга йўғрилиб, ҳароратли жумлаларга айланиб сиз билан бизнинг қалбимизга кириб келади.

Экспедитсия Лохўр (Покистон) йўлида хурмо йиғим-терими устидан чиқиб қолади. Ўзбекистонликлар учун хурмо дарахтининг қандай ўсиши, меваси, ҳосили қай тарзда йиғиштириб олиниши қизиқарли жараён, албатта. Муаллиф бу имкониятни қўлдан чиқармайди. “Катта, текис майдонга бўйралар солиниб, хурмо тўкиб ташланган экан. Дарахтлар тепасида узум шингилидай ғужум-ғужум қизғиш сариқ хурмолар олтиндай товланади. Дарахтга чиқиш учун шотининг ҳам кераги йўқ: порсилдоқсимон танаси оёқ қўйишга ўнғай. Лекин барибир белга арқон боғлаб олишаркан”.

Демак, биз асосан рўзайи Рамазон кунлари тановул қилишга одатланиб қолганимиз тансиқ, жийдасимон хурмо нави узум шингилидай ғужум-ғужум мева солади. Қизғиш сариқ, олтиндай товланиб туради. Танаси порсилдоқ бўртиб-бўртиб чиққани боис теримчига шотининг кераги йўқ. Баландлиги-чи? Айтилмайди. Теримчилар белига арқон боғлаб олишларидан дарахт хийла баланд ўсиши кўз олдингизга келади.

Сафарномаларда экспедитсия аъзоларининг феъли-хўйи, ўзини тутишларига чизгиларда, бир-бирлари билан муносабатларидаги айрим келишмовчиликлардан ҳам муаллифнинг заргарона эҳтиёткорлиги “чийратма” ифода усуллари кўзга ташланади. “Мулоқот ва манзаралардан гоҳо-гоҳо нохушроқ тутун иси келиб қолади-ю, аммо ҳайтовур тез тарқаб кетади…” дея хайрият изҳор қилади муаллиф. Ёзувчининг бу борадаги маҳорати хорижда экспедитсияга биркитиб қўйиладиган йўл кўрсатувчи ниқоби остида ҳамроҳлик қиладиган махсус кузатувчиларнинг хизмат тақозосига доир сирлилик, шахсиятларидаги биқиқлик, дунёқарашларидаги чекланганлик хусусиятларини очиб беришда жуда қўл келади. Масалан, Покистон йўллари бўйлаб кузатиб борувчи махсус ходим Парвезга табиати, феъли-атворидан келиб чиқиб, лундагина қилиб “қўнқавой”, дея сифат берилади. Бу ибора бизда қандай кишиларга нисбатан қўлланилиши кўпчиликка ойнадек аён.

Умуман, ёзувчи Қамчибек Кенжа қаламига мансуб сафарномалар ҳақида матбуотда турлича фикрлар билдирилмоқда. Улар орасида академик Азиз Қаюмов мулоҳазалари фавқулодда лўнда ва кутилмаганлиги билан ажралиб туради. У киши шундай ёзган эди: “Бобур халқаро жамғармаси… бугунги ўзбек бадиий адабиётида янги бир ижодий соҳанинг пайдо бўлишига… сабаб бўлмоқда. Бу бадиий сафарнома жанридир”.

Одатда, ҳар қандай экспедитсия муваффақияти асосан икки муҳим омилга боғлиқ. Бу — зарур маблағ ва ҳар жиҳатдан ўйлаб, тўғри шакллантирилган аҳил жамоа. Мана шу икки жиҳати беқусур йўлга отланган сафар иштирокчилари, албатта, мақсадларига эришиб, шон-шуҳрат қозонганига тарих кўп бор гувоҳ. Бу ўринда Бобур номидаги халқаро экспедитсиянинг ташкилотчиси, раҳнамоси, том маънодаги миллат фидойиси Зокиржон Машрабовнинг хизматлари ўзбек маданияти ва маънавияти тарихида алоҳида нурли саҳифа ўлароқ ёзилса ҳам ажаб эмас.

Бир куни Бобур номли экспедитсия эришаётган муваффақиятлар боисини Қамчибек ака Кенжабоевдан сўрадим. У кишининг жавоби қуйидагича бўлди:

— Зокиржон ака Машрабов туфайли, — Қамчибек ака ниманидир мулоҳаза қиларкан, бироз ўйланиб тургач, фикрига ойдинлик киритди. — Ҳожи аканинг хусусий фирмаси, асосан, мана шу экспедитсия учун ишлайди. Аммо у киши сарф-харажатларини зинҳор пеша қилмайди, билинтирмайди. Бир одамнинг Андижондан Тошкентга келиб кетиши учун қа-анча пул кетади. Энди бутун бошли экспедитсиянинг автобусда ойлаб хорижий мамлакатларда юришини тасаввур қилинг. У кишининг тутумини Ҳотамтой ҳам қилолмаса керак.

Қамчибек ака Зокиржон Машрабовнинг раҳбарлик, олимлик, тадбиркорлик салоҳиятларидан ташқари инсон қалбини ниҳоятда нозик илғовчи руҳшунос, фавқулодда ҳолатларда ўзини йўқотмай, вазиятга совуққонлик билан баҳо бериб, ҳатто хавфли, хатарли лаҳзалардан чиқиш йўлларини топа биладиган, ўта сабр-қаноатли, довюрак инсон сифатидаги қиёфасини ҳам кўз олдимда гавдалантириб берди. Аслида ҳам Зокиржон Машрабовнинг ана шу фазилатларни ўзида тўла мужассам қила билган шахс эканлигига шуҳбамиз йўқ эди. Акс ҳолда экспедитсия бугун қўлга киритиб турган муваффақиятларининг ўндан бирига ҳам эришмаган бўлар эди.

Аксарият сармоядорлар топганини сандиққа босиш ёки бирор чет эл банкига оқизиш, ким ошдига маҳобатли саройлар, кошоналар, пултопар маишатгоҳлар барпо қилиш билан андармон бўлиб турган бир пайтда Зокиржон ҳожининг улуғ аждодларимиз изларини излаб, хоки туробларини пайпаслаб ойлаб ҳузур ҳаловати, соғлиғи, бола-чақалари дийдоридан кечиб, бегона юртларда, чўлу биёбонларда ҳаётини хавф остига қўйиб, инсофу диёнатни унутган божгирлар, сарҳад посбонлари, турли амалдорлар қошида ҳафталаб сарғайиб туришлари. Каззоб, йўлтўсар қароқчилар ҳужумларидан экспедитсияни омон сақлаб, олиб ўтишлари… бу энди айтмоққа осон, холос.

Ўз қишлоғи номини ариқ ҳатлаб қўшни қишлоққа олиб ўтган йигит ардоққа лойиқ, дейдилар. Ана шу мезонлардан келиб чиқадиган бўлсак, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги халқаро илмий экспедитсия қўлга киритган ютуқлар жиддий эътироф ва эҳтиромга арзирли ҳодисадир, дегимиз келади.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

«Ҳуррият» газетасидан олинди.