Бахтиёр Темур. Ўзга боғнинг олмаси (2006)

Миллат келажаги, юрт ободлиги ва доруломон ҳаёт барқарорлигида, келажак олдида барча, зиёлилар ва ижодкорлар, матбуот соҳаси вакилларининг масъулияти юксак. Ҳаётни, юз бераётган ўзгаришларни теран мушоҳада этиш, аввало уларга чуқур кириб бориш, ижтимоий сўровлар суҳбат ва бошқа воситалар орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Ютуқ ва муаммоларни ўз вақтида тушунтириш жамиятни  якдиллик ва баҳамжиҳатлик сари етаклайди. Бунда аҳоли турли қатламларига мос усулларни қўллаш, бошимиздан кечираётган жараёнларга аввало ўзимиз муносиб баҳо бериб, улар моҳиятини оммага етказишимиз лозим. Шуни унутмаслигимиз керакки, воқеа-ҳодисотларга нисбатан бетараф бўлиш, уларни нотўғри талқин қилиш ёки уларга нисбатан сукут сақлаш, четлаб ўтиш одамларда иккиланиш, ишончсизликни кучайтиради.

Кўп йиллар давомида янгилик, демократик, замонавий, фойдали, “қойил қолса арзийди”, чиройли… каби тамғалар остида асл мазмун моҳияти билан халқимиз маънавиятига, урф-одатларимизга ёт кўплаб тушунчалар кириб келди ва кириб келмоқда. Ёшлар хулқ-атворида юз кўрсатаётган айрим салбий кўринишлар ўз вақтида тарғибот-ташвиқот ишларига кўп аҳамият берилмаганининг оқибати десак бўлади. Бугунги кунда таомилдаги замона вакили дея ўзини ҳар кўйга солиб, ўзгача, ғайритабиий одатларни касб қилаётганлар орасида, айниқса, ёшлар кўплаб учрамоқда. Ҳамма нарсадан бойлик устун, эркинлик – истаганни қилиш, бачканалик, бетгачопарлик деб ҳисоблаётганлар тез-тез учраётгани сир эмас. Гоҳ у элнинг, гоҳ бу элнинг киносини кўриб, ҳаётда уларнинг қаҳрамонларига ўхшашга ҳаракат қилиб, “ўзга боғнинг ширин олмаси”га маҳлиё бўлаётганлар  ҳам топилади. Булар ҳеч қачон миллийлигимиз, ўзлигимиз юксалишига соя солмаслиги лозим. Ҳеч замонда ўзбек қизи куппа-кундузи кўча-кўйда  таниш йигит билан шунчаки ўпишиб кўришганини, ўзга юртларда урф бўлган ярим яланғоч тунги либосларни кийиб юриши, йигитларимизнинг маҳаллалар, ҳатто азиз авлиёларимиз қадамжоларида калта иштонда ялтоқланиб юриши, икки сўзининг бирида “Вау, вав!”, “Ес, ес!”, “Окей!” дея қичқириши бугунги кундагичалик авж олмаган. Қай замона алпомишлари турмакланган соч, бўйинда ялтироқ мунчоқ, пешонада дурра, қулоқда сирға, баданида турфа нақшу тўғноғичлар тақиб юришни ўзига эп кўрган. Аҳолида саводхонлик даражасининг пасайишини она тилимиз – Давлат тилига эътибор сусайгани билан изоҳлаш ўринли.

Турли корхона ва ташкилотлар ҳужжатлаштириш ишларидаги эътиборсизликлар, лотин имлосини қўллашнинг амалий жараёнларидаги хатоликлар, эски тузумдан қолган атамалар, номланишлар, чаласаводларча битилган пешлавҳалар, эълонлар, кўрсаткичларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Масалан, Навоий шаҳридаги маданият саройи биноси вилоят телевидениелари кўрсатувларида тез-тез намойиш қилиниб, кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилиб турилади.

Ушбу бино устига ўрнатилган “ФАРХАД” ёзувини 15 йилдирки, ҳеч бўлмаса 
“ФАРҲОД” деб тўғрилаб қўйишга ҳеч ким ҳафсала қилмаётгани ажабланарли. Наҳотки, иккита ҳарфни ўзгартириш шунчалик мушкул? Бу билан саводсизлик ва эътиборсизлик тарғиб этилмаяптими? Ушбу саройда уч-тўртта қўшиқни хиргойи қилиб, ҳали элга тузукроқ танилиб улгурмаган  ўспириннинг “Мен бу аудиторияни тан олмайман, чет элга чиқаман, мени Украинада, Россияда, Белоруссияда  тушунишади”, дейишига нима дейсиз? Отанг кимчи, онанг кимчи… Хатоликларнинг йиллар давомида ўзгартирилмаслиги, айниқса, ёшлар онгида хато қилиш мумкин, шундай бўлиши керак деган тушунчаларни уйғотиши турган гап. Шаҳардаги кўпқаватли бинолар ва бошқа жойларга ўрнатилган “НАВАИ”, “ИБОДАТ ХОНА”  “ЖУРАБЕК”, “ШАБОДА”, “ШУРБО”, каби “чаласаводлик намуналари”ни қайта-қайта ҳижжалаб, ҳайрон бўлаётган болакайлар онгида қандай саволлар туғилиши мумкин. Шаҳар бўйлаб айланиб, фақат марказий кўчалар атрофидагина, қисқа вақтда ўнлаб қўпол хатоликлар билан  битилган атамалар, ёзувларни ўқийсиз. Турли тилдаги сўзлардан яралган “айқаш-уйқаш” матнли қўшиқлар пайдо бўлиб, кундан кунга урф бўлаётгани, маънавиятимиз сарчашмалари бўлмиш мумтоз адабиёт, мақомлар, бахшичилик ҳаётимиздан кундан кунга йироқлашаётгани каби ҳолатлар миллат келажаги борасида жиддий ўйлаб кўришимизни тақозо этмайдими? Ёшларга, айрим ҳолларда катта ёшдагиларга ҳам яхшию ёмон, ижобий ва салбий сингари тушунчаларни тез-тез эслатиб туриш ҳам бугунги ахборот асрида ортиқчалик қилмайди. Ҳар бир халқнинг урф-одатлари, анъаналари барҳаётлигида яшаш муҳити, табиий-географик ўрни, об-ҳавоси, иқлими муҳим бўлгани сингари, унинг мукаммал равнақи, тараққиётида олиму фозиллар, халқ донишмандлари ўй-қарашлари ҳам ғоят зарур. Турли тажовузларга нисбатан муросасиз, эътиқодли, фидойи ва ватанпарвар шахсларни тарбиялаш устувор миллий ғояларимиздан бири бўлиб қолади.

Тарғибот ишлари таъсирчанлигини оширишда муҳим омиллардан бири аввало келажак одами — комил инсон тушунчасига миллий илдизларимиз, динимиз, тарихий шахс­лар, ота-она, оила, маҳалла, миллий ғурур, урф-одатлар, қадриятлар, фахрга арзигулик жиҳатларимизнинг ҳаётийлигини таъминлаш, оддийгина кундалик турмуш тарзимиздан келиб чиқмоқ ўринли. Ахборот технологиялари қанчалик ривожланиб, ҳаётимизга чуқур кирмасин одоб-ахлоқ тарбияси, воқеа ҳодисаларни мушоҳада этиб, тўғри хулоса чиқаришда китобнинг ўрни беқиёс. Бироқ, минг афсуски, моддий фаровон, уддабурро раҳбарлар орасида китоб ўқийдиганлар, ўз қўли билан бир варақ матнни бехато ёзадиган, бирор адабий қаҳрамонни қўл остидагиларга ўрнак қилиб кўрсата оладиганлари, шундай қаҳрамонлар ёки жараёнлар ҳақида ҳаётий, қизиқарли асарлар ёзаётганларни ҳам, афсуски, кўп деб бўлмайди. Бу ишларда олд сафларда туриши керак бўлган ижод аҳли фаолиятига жойларда эътибор суст. Бировлар номидан мақолалар тайёрлаш, ҳатто китоблар чиқариш, ўзгалар ижод намуналарини сотиб олиб, ўз номидан эълон қилиш, ясама ҳис-туйғулар, маддоҳликнинг адабиётшунослар томонидан таҳлилу танқид қилинмаётгани ҳам сохтагарчиликнинг урчиётганига сабаб бўлмаяптимикин?

Шу юртда улғайиб, барча имкониятлардан баҳраманд бўлиб, эришган моддий ва маънавий ютуқларини, камолот, балоғот ва гўзалликни   Ғарбга, океан ортига ёки  иссиқ ўлкаларга (масалан Дубай бозорларига)  олиб кетишни орзу қилмай, ўзи ва фарзандлари ҳаётини шу юрт, шу эл тақдири билан боғлаган инсонларга энг яқин кишиларимиз қаторида эҳтиром кўрсатмоғимиз юксак онг ва маданият соҳиблари сифатидаги фуқаролик бурчимиздир.

Юрт эгалари сифатида эртанги кунимиз олдидаги фарзандлик бурчимизни адо этмоқни келгуси авлодга ҳам ўргатмоқ, тарғиб қилмоқ вақтидир. Халқнинг асл фарзандлари ҳаётидан ҳикоя қилувчи турли асарлар, филмлар, сериаллар яратилмоғи, ўзга давлатларнинг юзлаб қисмлардан иборат видеофилмларидан чарчаган онгу рўзимизни ўз маданиятимиз хазинаси жавоҳирлари билан безамоқ вақти аллақачон келган.

“Ҳуррият” газетасидан олинди.