Муҳиддин Мирзааҳмад. “Иккинчи қўл” (2006)

икки кило шортик, ярим кило турсик, бир кило майка, бир кило кепка…

Расталарни шошилмай айланиб, ҳамёнга яраша харид қилиш кони фойда. Бунинг учун дам олиш куни айни муддао. Шундай хаёл билан йўл четида туриб, олди ўриндиғи бўш машинани кутдим. Ҳайдовчи билан ёнма-ён, яъни тинчгина ўтиришнинг гашти бор-да. Ҳадеганда йўловчилар чиқиб-тушавериб безовта қилмайди.

Ўзим хуш кўрадиган ўриндиққа ўтириб, машина эшигини ёпдим. Кутилмаганда орқа томондан кимнингдир “Ҳелло!” дегани эшитилди. Жамоат жойи деганларидек машинагаям ҳар хил одамлар чиқади деб эътибор бермай кетавердим. Бу сафар елкам туртилиб, яна ўшанақа овоз янгради. Ўгирилиб қарадим. Бошқа синфда ўқиган мактабдошим Толиб экан. Қоп-қора кўзойнак тақиб олибди.
— Йўл бўлсин, — деди аллақандай беўхшов тиржайиб.
— Бозорга, — дедим.
— Супермаркетгами?
— Йўқ, ўзимизнинг оддий деҳқон бозорига.
— Европаликлар асосан супермаркетлардан харид қилишади, — донолик қилди у.
Толиб анча ўзгариб, “европалашиб” кетгани маълум бўп қолди. Ўрни келганда ундан сўрадим:
— Европанинг қайси шаҳарларида бўлдинг — Голландиядами, Париждами ёки Бомбейдами?
— Йўғ-е, Бомбей деганлари Ҳиндистонда-ку!
— Қаёқдан биласан? — бўш келмадим давом этиб.
— Кинода кўрганман! Телевизорниям кўриб туриш керак. Унда кўп нарсаларни кўрсатишяпти, ўргатишяпти.
Энди аниқ бўлди менга, Толибжоннинг қандай қилиб “европалашгани”. Навбатдаги бекатда тушаман, — дедим унга. 
— Мен ҳам тушаман, — деди ҳовлиқиб.
Йўлкирани иккимизга мен тўладим.
— Хўш, Толиббой, қаёққа борамиз?
— “Сеcонд ҳанд”га, — деди қошларини чимириб, тилини ғалати бураб гапираркан.
— Тушунмадим, нима деганингни?
— Борганда кўрасан.  Аввал тамадди қилволайлик.
— Яхши, палов еймизми, лағмонми ёки…
— “Хот-дог” оламиз, — деди у дадилланиб. — Палов, лағмон, кабобни тик туриб ейиш қийин.
Шундай деб илдамлаганча нарироқ кириб кетди. Қўлида “булочка” билан қайтиб чиқди. Ярмини менга бермоқчи бўлди…
Гавжум шаҳар кўчаси бўйлаб ковшаниб юрган одам билан ёнма-ён юришни ўзимга эп кўрмай, уни огоҳлантирдим:
— Нонни уватиб, исроф қиляпсан-ку.
— Ҳеч қанақа исроф эмас. Биз шошиляпмиз, вақт зиқ! Европаликлар ҳам шошилганда шунақа йўл-йўлакай ейишади. 
Ҳамроҳимни тарк этиб, хайр-маъзурниям насия қилмоқчи бўлдим-у, ҳалиги “Сесонд ҳанд” деганига қизиқиб сабр қилдим.
Ниҳоят, “Сесонд ҳанд”га етиб келдик. Оддий бино экан. Фақат пештоқига инглизча ёзиб қўйилибди, холос. Ичкарига кирдик. Аллақандай нохуш ҳид димоғимга урилди. Кейин билсам, “Сесонд ҳанд” ўзбекчасига “Иккинчи қўл” деган маънони англатиб, Европадан келтирилган, арзонлаштирилган эски кийим-бошлар сотиладиган дўкон экан. Яна битта “ғалати” томони шундаки, бу ердаги эски-туски кийимлар килолаб сотиларкан.
Толиб ўзини эркин ҳис қилиб, ажнабий ашулани ҳиргойи қилганча эски уюм-уюм кийимлар орасидан саралай бошлади. Бироздан кейин менга “ҳисобот” берди:
— Мана, икки кило шортик, ярим кило турсик, бир кило майка, бир кило кепка, 100 грамм юбка олдим. Буниси ўзимга, чунки “сезон”га тайёрланишим керак, европаликлар ёзга шундай тайёрланишади. Мана буниси синглимга, буниси эса укамга. Ие, сен нега харид қилмадинг? Ахир европаликлар…
Шу пайт кўнглим беҳузур бўлиб, ташқарига чиқдим ва “иккинчи қўл”инг синсин, “реппер!”, деб жўнавордим.

Муҳиддин МИРЗААҲМАД

«Ҳуррият» газетасидан олинди.