Плагиат (Ўзгалар ижодини талон-тарож қилаётган ёзувчи ҳақида) (2006)

Ижтимоий — сиёсий мазмундаги марказий нашрлар қатори кўплаб мустақил газеталар, кўнгил очар нашрлар ҳам кўпайгандан кўпаймоқда. Айниқса, «cариқ матбуот» дея тез-тез тилга олинадиган кўнгилочар газеталарни-ку  асти қўяверинг. Улар шу даражада тез ва шиддат билан ҳаётимизга кириб келдики, биз (яъни газетхон) ҳатто бу газеталарнинг мазмун-­моҳияти, мундарижаси қандай, уларда берилаётган турли жанрдаги материаллар савияси қай даражада дейишга ҳам улгуролмай қоляпмиз, шекилли. Хусусан, танқидчилару кўзга кўринган адибларимиз бу нашрларга кўп ҳам эътибор қилмаётганлари туфайлидир, бу каби газеталар эндиликда чунонам «кимўзар» пойгасини бошлаб юборишдики, бу ҳол айниқса бир ўтиришда ҳикоя ёки бундайроқ қисса «ёзиб ташлашга» қодир «ижодкорлар» учун айни муддао бўлаётган кўринади. Негаки бу нашрлар ана шундай чала ижодкорлар учун ҳақиқий пойга майдонига айланиб, уларнинг ҳуда-беҳуда «асарлари»ни пайдар-пай чоп этиб турибдилар-да. Келинг яхшиси, фикрларимизни тасдиқлаш учун  «Парвона» газетасида чоп этилган икки  ҳикоя — Фаррух Абдуллаевнинг «Ёмғирли кундаги илинж» (2005 йил 15 декабр), «Бахтсиз қиз», (2005 йил 24 ноябр) номли ҳикояларини шарҳлаб кўришга ҳаракат қилайлик-да, сўнг мазкур ҳикоялар учун муҳтапам Ф. Абдуллаев муаллиф сифатида нечоғли ҳақлари бор-йўқлигини ўйлаб кўрайлик.

Очиғи, биз — ҳар учала муаллиф эътиборли газетада чоп этилган ушбу ҳикояларни ўқигандан кейинги ҳолатни тасвирлашга ожизмиз. Негаки, 35-40 йилдан буён китоб, газета мутолаа­си билан шуғулланиб ҳали бунақасини учратмагандик. Тўғпи, баъзан бошловчи ёш шоирлар таниқли шоирлардан бир икки мисра ўзлаштириб «шеър» чоп этганлари, ғоя ва мазмун ўғриликлари ҳақида эшитган жойларимиз бўлган. Аммо бемалол айтиш мумкинки, Фаррух Абдуллаев ушбу «ҳикоя»лари билан кўчирмачилар пойгасида анча илгарилаб кетибдилар. Яна, у киши «яхши ўғри маҳалласини тунамайди» қабилида иш тйтиб, ўзимизнинг адиблар қолиб, (сирлари тезроқ фош бўлишини ўйлаган бўлсалар керак) хориж адиблару ижодхонасига ўғриликка тушибдилар. Очиқроғи «яхши ўғри» бўлишга ҳаракат қилибдилар. Афсусланарлиси шундаки, минглаб муштарийлар ушбу ўғрилик «нон»идан «истеъмол» қилиб, ўзлари билмаган ҳолда луқмаларини ҳаром қилганлар, алданганлар. Назаримизда, кўчирмачилик объекти қилиб айнан олис Африка адибларининг ижод намуналарини танлашда Фаррух Абдуллаев иккита омилни эътиборга олган бўлиши мумкин. Биринчидан, Африка ёзувчиларининг асарлари бизда деярли кам таржима қилинган, бугунги китобхон назаридан четда. Иккинчидан, ушбу адиблар ҳикоялари 50-60 йилларда ўзбекчалаштирилиб чоп этилгани боис бу тўпламлар кутубхоналар фондида камайиб қолган ёхуд Собиқ Иттифоқ мафкураси илгари сурилган китоблар кутубхоналардан олиб ташланган вақт­да, тушунмовчилик туфайли совет идеологиясига алоқаси бўлмаган, бироқ Иттифоқ даврида чоп этилган кўплаб сара (хорижий) асарлар ҳам йўқ қилинганлигини назарда тутган бўлишлари мумкин. Аммо Фаррух Абдуллаев яхши китобнинг, яхши асарларнинг қадрига етувчилар, бундай китобларни кўз қорачиғидек асраб-авайловчи китобхонлар ҳозир ҳам минглаб топилишини эътиборга олмаганлар, шекилли. Жумладан, муаллифнинг ҳар икки ҳикоясига айнан ўхшаш, ўхшаш эмас фақат қаҳрамонлари номигина ўзбекча бўлмаган айни шу ҳикоялар ҳам киритилган Африка ёзувчиларининг «Сотилган юрак» номли сайланмаси («Сотилган юрак»  Африка ёзувчиларининг ҳикоялари. Русчадан У.Шамсимуҳамедов таржимаси. Т. «Адабиёт ва санъат нашриёти. 1977 й) ушбу мақола  муаллифлари шахсий кутубхоналарида мавжудки, бу каби уй кутубхоналарини Ўзбекистонда истаганча топиш мумкин. Келинг, энди мазкур ҳикоялардан иқтибослар келтириб, уларни қиёслашдан    аввал ҳар тўртала ҳикоянинг қисқача мазмуни билан таништириб ўтайлик.

 

Аввал Фаррух Абдуллаевнинг ҳикоя­сига назар ташлаймиз.

1-ҳикоя — «Бахтсиз қиз». Ҳикоя қаҳрамони Муниса қишлоқда ўсган. Севган йигити Америкада ўқийди. Бечора қиз бир йил ичида тўрт жойда ишлаб омади юришмаган. Яхши ният билан иш жойини яна алмаштиради ва Хуршид Шодиевичга котиба бўлиб ишга қабул қилинади. Афсуски, қизнинг янги иш жойида ҳам омади юришмайди. Бошлиғи иш бўлмасида зўрлаб, унинг номусига тегади. Бир оз муддат ўтгач, докторлардан (дугонаси орқали) ҳомиладорлигини билган Муниса тажовузкор бошлиқнинг уйига бориб ўзини осади…

Энди «Сотилган юрак» тўпламининг 91-саҳифасини очамиз. Бунда Кения ёзувчиси Грейст Оготнинг «Элизабет» номли ҳикояси жой олган. Ҳикоянинг мазмунига эътибор қилинг, Элизабет қишлоқда яшаган, нон топиш илинжида шаҳарга келган. Кейинги олти ой ичида уч марта иш ўрнини алмаштирган омадсиз қиз. Йигити АҚШ да ўқийди. Афсуски, бу ерда ҳам унга омад кулиб боқмайди: шаҳватпараст бошлиғи иш бўлмасида мажбурлаб, унинг номусига тегади. Кейинчалик доктордан ҳомиласи борлигини эшитган қиз бошлиғининг уйига бориб ўзини осади…

2-ҳикоя — «Ёмғирли кундаги илинж»нинг сюжет мазмунига эътибор қилинг.

Ёмғир ёғмоқда. Абдулланинг ошхонаси. Ошхонага кириб келган Малика кино қачон тугашини сўрайди. Кино саккиз яримда тугашини эшитгач, шу ерда кутиб, севган йигити — Султон ҳақида ўйлайди. Бу ерга келишдан мақсади эса Султоннинг бегона қизлар билан юришини ўз кўзи билан кўриш. Шунинг учун кино тугашини кутади. Кино тугайди, бироқ Султонни томошабинлар орасида учратмайди. Шу пайт кинотеатр яқинида икки киши муштлаша бошлайди. Уларнинг бири иккинчисини машина тагига итариб ташлайди. Машина уриб кетган йигит Султон эканлигини билмаган бечора қиз қайтиб ошхонага киради ва йигитини кутиб қолади…

«Сотилган юрак»ни варақлаймиз. 269-саҳифа. Жанубий Африка Республикаси ёзувчиси Ричард Ривнинг «Ёмғир» номли ҳикоясини ўқиймиз. Сюжет эса мана бундай: Ёмғир ёғмоқда. Соллининг магазини. Магазинга Сиена кириб келади ва кино қачон тугашини сўрайди. Кино кечки ўн яримда тугашини эшитгач, шу ерда йигитини кутишга қапоп қилади. Айнан шу ерга келишдан мақсади эса йигити Жозефнинг кейинги пайтда бегона аёлларга илакишиб қолганлигини ўз кўзи билан кўриш. Кино тугайди ва Сиена кинотеатр олдида Жозефни биров билан муштлашаётганига кўзи тушади. Суриштирганда  бир қиз учун икковлон жиққамушт бўлганлигини билади. Ишга политсия аралашади ва Жозефни олиб кетади. Сиена эса яна магазинга кириб умид билан Жозефнинг келишини кутади…

Эътибор қилдингизми, азиз ўқувчи, «Бахтсиз қиз» билан «Элизабет», «Ёмғирли кундаги илинж» билан «Ёмғир» ҳикоялари икки томчи сувдек, худди эгизаклардек бир-бирига ўхшаш. Шундай экан, бу ҳикояларни ўқиган муштарий Фаррух Абдуллаевнинг ҳикоянавислик «санъат»ига қойил қолсинларми ёхуд бир ишора билан хорижлик персонажларга ўзбекча либос кийдириб, лисон бахш этиш, ўзбек фуқаросига айлантириш маҳоратига тасанно айтсинларми? Балки жаноблари ўзбек китобхонини бир қадар гўл ёки бўлмаса, аллақачон китобхонликдан, адабиёт мутолаасидан узоқлашганга чиқариб қўйгандирлар? Агар ҳақиқатдан ҳам шундай бўлса, ҳикоянависимиз бир мунча шошилган, адашган кўринадилар. Негаки, инсон заковати, маънавиятини юксалтирувчи воситалар ҳар қанча замонавийлашмасин, барибир китоб ва китоб мутолааси инсон маънавий ҳаётида беқиёс ўрнини йўқотмаган ва йўқотмайдиям. Чунки ҳеч бир нарса (ҳатто энг ақлли компютерлар ҳам) инсон онгининг шаклланишида китобчалик, адабиётчалик мавқега эга бўлолмаслиги мумкин.

Ушбу фикрларни ўқиган газетхон, балки ҳикоялар сюжетида ўхшашлик бўлгандир, аслида муаммо у қадар чалкаш эмасдир деган мулоҳазага бормаслиги учун ва, албатта, мақола муаллифларининг иддаоларига шубҳа қолдирмаслик мақсадида тўртала ҳикоядан айни бир-бирини такрорлаган жумлалар, диалоглардан иқтибослар келтиришни ҳам лозим кўрдик.

Дастлаб «Элизабет» ҳамда «Бахтсиз қиз»дан кўчирмалар келтирайлик. Бунда аввал Грейст Оготи ҳикоясидан олинган иқтибоснинг айни «егизаги»ни унинг тагидан келтирамиз ва бу билан ҳикоя­лардаги нафақат сюжет ва мазмун, балки қаҳрамонлар диалоглари ҳам У.Шамсимуҳаммедов таржимасидан шундоқ, кўчириб қўйилганлигини кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

1.«— Бу Жимбонинг котибасими?»

«— Бу Хуршид Шодиевичнинг янги котибасими?»

2.       «Элизабет ичкарига мўралаб қўйди».

«Муниса бошлиқнинг хонасига мўралади».

3. «Қизиқ бу жойда у қанча ишларкан? Ҳозирги идора ярим йил ичида ишлаётган учинчи жойи эди».

«Қизиқ, бу жойда у қанча ишлар экан? Ҳозирги иш жойи бир йил ичидаги тўртинчиси».

4. «Афтидан, тўғри келадиган аёлнинг кетидан юрадиганга ўхшамасди».

«Унинг назарида бошлиқ тўғри келган аёлнинг кетидан эргашиб юрадиганларга ўхшамасди».

5. «Душанба куни жаноб Жимбо ҳузурига истараси иссиқ бир аёл келди. Лиз бу аёлни қаерда кўрганини эслолмайди. Сарвқомат, келишган бу буғдойранг аёл сочини ажойиб турмаклаб олганди».

«Эртаси куни Хуршид Шодиевичнинг ҳузурига танноз бир аёл келди. Муниса бу аёлни қаердадир кўргандай бўлди, лекин эслолмади. Сарвқомат бу аёл сочини ажойиб тарзда турмаклаб олганди».

6. «— Ҳа, мажлис бўлаяпти. Исмингиз нима? Мен ички телефон орқали айтаман».

«— Ҳа, йиғилиш бўлаяпти. Исми­нгизни айтинг, жуда зарур бўлса ички телефон орқали айтаман».

7.  «— Унинг хотиниман».

«Мен унинг хотиниман».

8. «— Сизни қаерда кўрганим энди эсимга тушди, — бўлмадаги суратда кўргандим. Ўтиринг, Жимбо хоним. Ҳозир келганингизни хабар қиламан».

«Сизни қаерда кўрганимни энди эсладим. Хуршид Шодиевичнинг столидаги суратда кўргандим. Ўтириб туринг, ҳозир келганингизни хабар қиламан».

9.«У АҚШ га кетган йигити ҳақида ўйлаб хўрсиниб қўйди».

«У Америкага ўқишга кетган йигити ҳақида ўйлаб, хўрсиниб қўйди».

10. «Кечқурунлари идорада ёлғиз қолиш қўрқинчли эди. Аммо Лиз Жимбо қўлида зўр ишонч билан ишлар, сер қизга яхши муомила қиларди».

«Кечқурунлари ишхонада ёлғиз қолиши қўрқинчли эди, аммо Муниса Хуршид Шодиевичнинг қўлида зўр ишонч билан ишларди».

11. «— Бундай бемаҳалда ёлғиз ўзингизни жўнатишга кўнглим бўлмаяпти. Аммо ўз хизматимни таклиф қилишга ҳам жазм қилолмаяпман. Туҳматга қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Сизнинг келажагингиз порлоқ. Номингизга доғ тушира кўрманг».

«— Шундай бемаҳалда ёлғиз ўзингиз ишлашингиз яхши эмас. Сизни кузатиб қўйишни жазм қилолмайман. Туҳматга қолишингиз ҳам ҳеч гапмас. Сизнинг келажагингиз порлоқ, номусингизга доғ туширмаслик керак».

12. «— Йўқ, сизни уйингизга кузатиб қўйиш учун келдим».

«— Йўқ, сизни уйингизга кузатиб қўйиш учун келдим».

13. «Лиз унинг илтимосини қайтармоқчи бўлди. Жаноб Жимбо бир одамгарчилик юзасидан айтаяпти, деб ўйлаган эди».

«Муниса унинг илтимосини қайтармоқчи бўлди. Бошлиқ шунчаки, одамгарчилик юзасидан айтаяпти, деб ўйлади».

14. «У ширинсухан бошлиғига беодоб кўринмасликка ҳаракат қилди. Аммо қиз хўжайинининг ўз айтганида туриб олганидан бир оз ҳадиксирар эди».

«У ширинсухан бошлиғига беодоб кўринишни истамади. Лекин у бошлиғининг ўз айтганидан қолмаганидан ҳадиксирарди».

15. «— Қизалоғим, сиздан хурсандман. Бу ерга келганингиздан бери ҳамма нарса ўзгариб кетди. Кўп нарсалар яхши котибага боғлиқ экан».

«— Мен сиздан хурсандман. Келганингиздан бери ҳамма нарса ўзгариб кетди. Кўп нарса яхши котибага боғлиқ экан».

16. «Сер қизга еб қуйгудай тикилар эди».

«Бошлиқ Мунисага еб қўйгудек тикиларди».

17.«Лиз ғалати бўлиб, нафаси тиқила бошлади».

«У ғалати бўлиб, нафаси ичига тиқила бошлади».

18. «Сер, кетишимга рухсат беринг, илтимос. Мен унашилганман. Хотинингиз болаларингизни ўйланг».

«— Менга кетишга рухсат беринг. Мени бахтиқаро қилманг. Хотинингиз, болаларингизни ўйланг».

19.«— Бўлди ўзингни бос, овозингни эшитиб қолишлари мумкин…»

«— Бўлди ўзингни бос, овозингни эшитиб қолишлари мумкин…»

20. «Қиз ундан қочиб … эшик олдига борди … сер уни ушлаб диван томон судради».

«Муниса қўрққанидан эшик олдига борди. Бошлиқ уни ушлаб диван томон судради».

21. «У қишлоғидаги уйини, катта, аҳил оиласини соғинди».

«У қишлоғидаги уйини, катта, аҳил оиласини соғинганди».

22. «Шу пайт Лиз тўсатдан Жимбохонимнинг кўринишини эслаб қолди. У аёл биринчи марта эсига тушиши эди… Бахтли ҳаётдан хурсанд, бирор бир камчилиги йўқ…»

«Муниса тўсатдан Хуршид Шодиевичнинг хотинини эслаб қолди. У бахт­ли ҳаётдан мамнун».

23. «Жимбо эшикни очиб гандираклаб кетди. Лиз қизил шарфга осилганча жон берганди».

«Ҳужра эшигини очдию гандираклаб кетди. Муниса ўзини осиб қўйганди».

 

Энди «Ёмғир» ҳамда «Ёмғирли кундаги илинж» ҳикояларидаги ўхшашликларга эътибор қилинг.

1. «Ёмғир шалобба қилган кўчаларга қизил, сариқ неон чироқлар тушиб хира милтирайди».

«Ёмғир шалобба қилган кўчаларга тунги ёритгич чироқларнинг қизил, сариқ нурлари тушиб хира милтирайди».

2. «Баланд ошхона биноси ёмғир ва туман пардаси ортидан аранг кўринади».

«Ёмғирнинг қалин пардаси ортидан ошхона биноси аранг кўриниб туради».

3. «Магазиннинг ичи қовурилган балиқ ва харидорларнинг тер ҳиди, енгил-бошларидан кўтарилаётган ҳовурдан димиқиб кетган».

«Ошхона ичи қовурилган балиқ, гўшт … ва хўрандаларнинг эгни-бошидан кўтарилаётган ҳовурлар билан аралаш-қуралаш бўлиб, димиқиб кетганди».

4. «Терга ботган кўйлакчан Солли жиғибийрон сўкинарди».

«Терга ботган кўйлакчан Абдулла жиғибийрони чиқиб ёрдамчиларини сўкарди».

5. «Ҳой ярамас, эшикни ёпсангчи, нима бало чайлада яшайсанми?»

«Ҳой қилтириқ бобой, тезроқ эшикни ёпсанг-чи, нима бало сен эшиксиз кулбада яшайсанми?!»

6. «— Жин урсин бунақа об-ҳавони, — унинг гапини мақуллаб қўйди қотма, фескали бир малаялик».

«— Жин урсин бунақа об-ҳавони, — деб унинг гапини мақуллади чолнинг ёнидаги столда сигарет чекиб ўтирган, қотмадан келган одам».

7. «Жувон ҳадеганда эшикни ёполмай, охири билчиллаб ётган қириндига оёқ босди».

«Қиз ҳадеганда эшикни ёполмай, охири билчиллаб ётган йўлакка оёқ босди».

8. «— Кинонинг сеанси қачон тамом бўлишини билмайсизми? — сўради янги кириб келган аёл».

«— Кечирасиз, кинонинг сеанси қачон тамом бўлишини билмайсизми? — деб бирдан Абдулладан сўраб қолди қиз».

9. «— Нима, мен кинонинг админстраториманми?»

«— Қаёқдан билай, нима мен кино қўядиган одамми?»

10. «— Ўн яримда, — деди малаялик йигит илтифот кўрсатиб».

«— Саккиз яримда тугайди, — деди бояги йигит қизга илтифот кўрсатиб».

11. «— Ёмғир ёғаётганини кўриб турибман, лекин бу ерда халоскор армия жойлашган эмас».

«— Ёмғир  ёғаётганлигини кўриб турибман, лекин бу ерда халоскорлар гуруҳи жойлашган эмас».

12. «…бу дўкон қанча йиллардан бери Соллига қараса, шу йиллар ичида у эшитмаган ҳақоратлар қолмади ҳисоб».

«Бу ошхона қанча йиллардан бери унга қарашли бўлса-да, шу йиллар ичида у бу ерда эшитмаган ҳақоратлари қолмади ҳисоб».

13. «Солли ҳаммасига эътибор бермай, чидаб келарди, аммо бундай деб чақиришларини биринчи марта эшитиши эди».

«У ҳаммасига эътибор бермай чидаб келарди, лекин уни бундай чақиришларини биринчи марта эшитиши эди».

14. «— Гапирмайсами? Э, менга деса тилинг танглайингга ёпишиб қолсин-е…»

«— Гапирмайсанми? Гапирмасанг тилинг танглайингга ёпишиб қолсин менга деса…»

15. «Сиена Жозеф тобора совиб-узоқлашиб кетаётганини ҳис этса ҳам қўлидан ҳеч нарса келмас эди».

«Малика Султон ўзидан тобора совиб-узоқлашиб кетаётганлигини билса ҳам қўлидан ҳеч нарса келмасди».

16. «Сиена дераза ортидаги қоронғуликка яна ҳам  қаттиқроқ тикила бошлади».

«Малика дераза ортидаги қорон­ғуликка яна ҳам қаттиқроқ тикилди».

17.       «Жувон Соллига йўл-йўлакай миннатдорчилик билдириб эшик томон юрди».

«Малика йўл-йўлакай Абдуллага миннатдорчилик билдириб эшик томон юрди».

18.       «Аммо Жозеф кўринмайди. Аёлнинг қалби вайрон бўлди».

«Аммо Султон кўринмасди. Қизнинг дили вайрон бўлди».

19. «Оломон сийраклашиб, кинотеатр олдида бир гйпйҳ дайдиларгина қолди».

«Кўчада одамлар сийраклашиб кинотеатр олдида бир гуруҳ дайди, безори болалар қолди».

Энди ўзингиз инсоф билан айтинг-чи, мақола давомида таъкидлаганимиз каби Ф.Абдуллаев нуфузли газетага бериб юборган мазкур ҳар икки ҳикояси учун муаллифлик даъвосини қилишга, «Бу ҳикоялар аслида менинг ижодим маҳсули», де­йишга ҳақлимикан? Агар китоб таржимони У.Шамсимуҳаммедов ҳаёт бўлсалар, бу саволга балки ўзлари изоҳ бериб ўтардилар.

Ўтган асрнинг 70 — 80 йилларида эълон қилинган наинки янги қисса ёки роман, ҳатто кичикроқ ҳикоялар ҳам адабиётимизда воқелик сифатида кутиб олинар, баъзан кўзга кўринган адибларимизнинг-да ҳикоялари чоп этилгач матбуотда узоқ баҳсу мунозаралар бўлар, адабиётшунослар, тан­қидчилар томонидан муносабат билдириларди. Энди-чи? Адабиёт, санъат, маданият соҳасида эришилаётган ютуқларимиз қаторида бу улкан маънавиятимиз гулшанидаги ғйборлар ҳақида нега кам гапирилмоқда. Адабиёт майдони «санитар»лари ҳисобланмиш адабий танқидчиларимиз нега жим? Зеро, Ф. Абдуллаевга ўхшаш «ёзувчилар» ҳам шу андишанинг «мевалари»га ўхшаб кетадилар чоғи. Ёмон меванинг эса уруғи кўп бўлади, дейишади. Шу маънода ажабмаски, Ф.Абдуллаевга ўхшаш биз билмаган яна қанча «ёзувчилар» ўз ижод намуналари билан китобхонларни алдаб юрган бўлсалар?! «Ём­ғирли кундаги илинж» ҳамда «Бахтсиз қиз» ҳикоялари эса  юзлаб ана шундай ҳикоялардан биз илғаб олган иккитагинаси холос.

 

Неъмат Йўлдошев,

тадбиркор,

Эркин Муқимов,

Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.

Даврон Орипов,

«Ҳуррият» мухбири