Бердақ Юсуф. Ўтирмоқми ёки ўлтирмоқ (2006)

Эски ўзбек тили фонетикаси ва грамматикасини ўрганишда Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асари асосий манбалардан биридир. Шунинг учун ҳам ўша давр тилини ўрганишда олимлар мазкур асарга тез-тез мурожаат қилишади.
Филология фанлари доктори, профессор Эргаш Умаров ҳам унли товушлар ҳақида фикр юритиш мақсадида ўзининг «Унлилар қандай тасниф қилинган?» мақоласида («ЎзАС», 2006, 27 январ) 1967 йили П.Шамсиев томонидан нашр этилган «Муҳокамат ул-луғатайн»дан қуйидаги кўчирмани келтиради: «Тўрки, домдур, яна тўрки андин дақиқроқдурки: қуш ўлтурур (аслида ўлтур — Б.Ю.) йиғочдур ва тўрки, андин дақиқроқдур: уйнинг тўридур ва тўрки, барчадин ариқдур: тўрлуғни ё эшикни тўрмак уйдур».
Э.Умаров: «Мисоллардан кўриниб турибдики, эски ўзбек тилида тўртта ў бўлиб, улар бир-биридан дақиқ, яъни узун-қисқалик бўйича фарқланган», дейди. Ажабо, тўртта ў қайси мисоллардан кўриниб турибди? Мантиқан тўртта ў бўлиши мумкинми? Наҳотки, дақиқ атамаси узун-қисқаликни англатса!
Дақиқ сўзи П.Шамсиевнинг «Навоий асарлари луғати»да «ингичка», «нозик», деб берилган. Юқоридаги матнда ҳам «нозик», яъни «юмшоқ» маъносида қўлланган. Матндаги ориқ сўзи (ариқ эмас — Б.Ю.) буни тасдиқлайди. Профессор А.Нурмонов ҳам дақиқ сўзи «юмшоқ» маъносида ишлатилганлигини айтиб, шундай дейди: «Алишер Навоий бу атама остида «нозиклик» тушунчасини беради ва уни «қалинлик» тушунчасига қарама-қарши қўяди» (А.Нурмонов. Ўзбек тили унлиларининг фонологик белгилари. «Ўзбек тили ва адабиёти, 1997, 2-сон, 76-бет).
Умуман, юқоридаги «дақиқ», «ориқ» атамаларини А.К.Боровков, О.Усмонов, Х.Дониёров, У.Санақулов каби кўплаб таниқли туркологлар ҳам «юмшоқ» маъносида қўлланганлигини таъкидлашган. Демак, дақиқ ушбу матнда, эски ўзбек тилида ҳам Э.Умаров айтганидек унлиларнинг узун-қисқалигини эмас, балки юмшоқлигини англатган.
Қизиғи шундаки, Э.Умаровнинг ўзи ҳам бошқа бир мақоласида дақиқ атамасига «ингичка» деб изоҳ берган («Ўзбек тили ва адабиёти, 1994, 1-сон, 27-бет»). Фитрат «ингичка» терминини «юмшоқ» сўзи ўрнида қўллаган. (Фитрат, Сарф. Самарқанд-Тошкент. 1930, 8-бет.).
Юқорида келтирилган матнда араб ёзувида бир хил ёзиладиган, аммо турлича талаффуз қилинадиган те+вов+ре ҳарфлари бирикувидан ташкил топган тўртта сўз, яъни омограф ҳақида гап кетяпти. Булардан биринчиси «сетка» маъносидаги «тўр»дир. Иккинчиси биринчисидан бироз юмшоқроқ бўлган қуш қўнадиган «тур»дир. Учинчиси ундан юмшоқроқ бўлган «пойгакнинг қаршиси» маъносидаги «тўр»дир, тўртинчиси эса ҳаммасидан ориқ, яъни «юмшоқ» бўлган «парда ёки эшик нақши» маъносидаги «тур»дир. Кўриниб турибдики, юқорида қаттиқлик-юмшоқлик жиҳатидан бир-биридан фарқланадиган мустақил тўртта сўз бор. Биринчи тўр сўзидаги ў қаттиқ, орқа қатор, иккинчи тўрдаги ў эса юмшоқ, олд қатор, учинчи турдаги у қаттиқ, орқа қатор, тўртинчи турдаги у юмшоқ, олд қатор унли бўлиб, буларнинг ҳар бири мустақил фонемадир, яъни Э.Умаров айтганидек тўртта ў эмас, балки бир-биридан фарқ қиладиган бошқа-бошқа унли товушлардир.
Тўр (қаттиқ) «сетка» ва тўр (юмшоқ) «пойгак қаршисидаги жой» маъносидаги сўзлар ҳозирги ўзбек адабий тилида мавжуд бўлиб, тур (қаттиқ) «қуш қўнадиган таёқ» ва тур (юмшоқ) «эшик ёки дераза пардасидаги нақш» маъносидаги сўзлар ҳозирги адабий тилимизда йўқ. Аммо улар ўзбек тилининг баъзи шеваларида, шунингдек, қозоқ, қирғиз тилларида ҳозир ҳам мазкур маъноларда қўлланилаётганини ушбу тилларнинг изоҳли луғатларида кўриш мумкин.
Э.Умаров эски ўзбек тилидаги унлиларнинг узун-қисқалиги шоирларга сўз ўйинлари яратиш имконини берганлигини айтади ва қуйидагиларни ёзади: «Луғатшунос Толи Ҳиравийнинг кўрсатишича, Алишер Навоий «Сабъаи сайёр» достонида бу фонетик ҳодисадан усталик билан фойдаланган:
Кўрмади шоҳ муносиб ўлтурмоқ,
Яқинида буюрди ўлтурмоқ.
Олимнинг ёзишича, иккинчи мисрадаги «ўлтурмоқ»даги ў товуши узун талаффуз қилинса ўтирмоқ, қисқа бўлса ўлдирмоқ маъносини англатади. Демак, эски ўзбек тилида унлилар узун-қисқалик бўйича фарқ қилган…».
Маълумки, Навоий достонларидаги сўзларга изоҳ бериш, уларни тушуниш учун баъзан бир мисра ёки бир байт камлик қилади. Бунинг учун ярим саҳифа, айрим ҳолларда ҳатто бир саҳифали матнни ўқиш, таҳлил қилишга тўғри келади. Юқоридаги байтдаги ўлтурмоқнинг маъносини аниқлаш учун ҳам уни катта контекстда олиб қараш керак.
Гап шоҳ Баҳром овга чиққанида рўй берган бир воқеа ҳақида кетмоқда. У чўлда ов овлаб юрганида кўзига узоқда биров кўринади. Шоҳ уни тезда отга миндириб олиб келишларини буюради. Уни олиб келадилар. Баҳром унга савол беради. У тикка туриб жавоб беради… Маълум бўлишича, бу одам машҳур наққош, рассом Моний бўлиб чиқади. Шоҳ Монийни учратганидан жуда хурсанд бўлади ва уни ўлдиришга эмас, балки ўтиришга (тикка турмасликка) буюради, таклиф қилади… Демак, иккинчи мисрадаги ўлтурмоқ «ўлдирмоқ» маъносида эмас, балки «ўтирмоқ» маъносидадир. Толи Ҳиравий бу сўзни катта матндан юлиб олиб қарайди ва қўпол хатога йўл қўяди. Толи Ҳиравий Навоий асарларига тузилган «Бадойи ал-луғат» номли луғатини ёзишда анъанавий араб-форс луғатчилик принципларидан четга чиқа олмаган. Бу принциплар араб ва форс тиллари табиатидан келиб чиқиб тузилган. Масалан, мазкур тиллардаги унлиларга узун-қисқалик хос бўлиб, юмшоқ-қаттиқлик, сингармонизм хос эмас. Эски ўзбек тилига эса фонологик узун-қисқалик хос эмас, унга хос бўлган сингармонизмни у назардан соқит қилади, тушунмайди. Натижада Толи Ҳиравий ўлтурмоқ сўзини ўзининг субъектив қарашига мослаштириб талқин қилади. Иккинчи мисрадаги ўлтурмоқ ҳар қанча қисқа қилиб талаффуз қилинса ҳам ҳеч қачон «ўлдирмоқ» маъносини англатмайди, бунга юқорида кўрганимиздек матн йўл қўймайди. Бундан ташқари, бу сўз агар «ўлдирмоқ» маъносида бўлганида эди, у «қоф» билан эмас, сингармонизм қонунига асосан «коф» билан «ўлтурмак» тарзида ёзилган бўларди.
Профессор Эргаш Умаров Толи Ҳиравийга кўр-кўрона эргашиб, ўзи алдангани етмагандай, газетхонларни ҳам чалғитган. Асл матнни жиддий ўрганмасдан, Толи Ҳиравийнинг хато фикрига асосланиб, эски ўзбек тили унлилари ҳақида нотўғри хулосалар чиқарган. У ҳеч бўлмаса Алишер Навоий асарлари ўн беш томлигининг тўққизинчи томидан жой олган «Сабъаи сайёр» достонидаги юқорида келтирилган қисқа матнни ўқиганида эди, бундай ноқулай аҳволга тушмаган бўлар эди.
Жуда бўлмаганда мазкур байтдан кейинги байтга диққат қилинса ҳам, бу ерда ҳеч қандай «ўлдириш» ҳақида гап кетмаётганлиги янада аён бўлади:
Қўюб олиға гуна-гуна таом,
Егач-ўқ туттилар тўла-тўла жом.
Баҳс мавзуи бўлган байтнинг биринчи мисрасининг охиридаги ўлтурмоқ қўшиб ёзилган. Аслида у «ул турмоқ»дир. Араб ёзувида байтнинг биринчи ва иккинчи мисраси охиридаги сўзлар бир хил ёзилган. Аммо уларни матндан келиб чиқиб биринчисини «ул турмоқ», иккинчисини «ўлтурмоқ» деб ёзмоқ лозим. А.К.Боровков «ўл турмоқ» П.Шамсиев «ул турмоқ» тарзида ёзишган.
Э.Умаров юқоридаги янглиш хулосалари билан кифояланиб қолмай, Т.Ҳиравийнинг хато фикрига асосланиб, афсус-надоматлар чекиб, яна антиқа хулосалар чиқаришда давом этади: «Афсус, беш юз йил аввал ёзилган бу маълумотларга зид равишда мустамлакачилик даврида туркий, шунингдек, ўзбек тилидаги унлилар тилнинг иштирокига кўра тил олди-тил орқа, қаттиқ-юмшоқ товушларга бўлиниб ўрганилди. Инчунин, ўзбек тилига сингармонизм деган термин киритилди».
Унлиларнинг тилнинг горизонтал ҳолатига кўра олд қатор — орқа қаторга, яъни юмшоқлик-қаттиқликка бўлиниши фақат ўзбек ёки туркий тиллар нуқтаи назаридан эмас, балки умумий тилшунослик нуқтаи назаридан шундай. Шунинг учун бу ерда мустамлакачиликнинг алоқаси йўқ. Турк тилидаги (Туркия туркчасидаги) унлилар ҳам юмшоқ-қаттиқ унлиларга бўлиб ўрганилади.
Э.Умаров: «Ўзбек тилига сингармонизм деган термин киритилди», дейди. Гап терминда эмас, гап термин ифодалаган тушунчада. Сингармонизм атамаси ифодалаган тил ҳодисаси нафақат ўзбек тилида, балки бутун туркий тилларда, нафақат туркий тилларда, балки бутун олтой тилларида бордир. Фақат бу тил ҳодисасини биз сингармонизм, унлилар уйғунлиги, унлилар гармонияси десак, бошқалар бошқача атайди, масалан, турклар «унлу уюму», дейди.
Э.Умаров «Хўш, унлилар талаффузида тил иштирок этадими?» деган саволни ўртага ташлайди ва ўзининг бу саволига 2-синф «Она тили» дарслигидан «жавоб» топишга муваффақ бўлади. У «Она тили» дарслигидан қуйидаги кўчирмани келтиради: «Унли товушларни айтганимизда ҳаво оғизда тўсиққа учрамай эркин ўтади. Фақат овоз эшитилади». Ҳавонинг оғизда тўсиққа учрамай эркин ўтиши тилнинг унли товушнинг талаффузида иштирок этмаслигини билдирмайди-ку! Экспериментал фонетиканинг йирик мутахассиси, профессор Аҳмаджон Маҳмудов ўзбек тили унли товушларининг барчасининг талаффузида тил иштирок этишини эксперимент йўли билан аниқлаган. Масалан, и товушининг талаффузи ҳақида шундай ёзади: «Ўзбек тилидаги и унлиси талаффуз этилганда тилнинг бутун массаси олдинга ва юқорига силжиган бўлади» (Маҳмудов Аҳмад. Фонетическая система узбекского литературного языка. Т., 1980, стр. 18).
Ўзбек тили нутқ товушларини экспериментал метод билан узоқ йиллар давомида текширган таниқли олима С.Отамирзаева унлилар талаффузида тилнинг роли ҳақида шундай дейди: «Тилнинг иштирокисиз ҳеч қандай нутқ товуши юзага келмайди» (С.Отамирзаева. «Ўзбек тили ва адабиёти», 1996, 2-сон, 52-бет).
Шундан сўнг, Э.Умаров ёзишича, 50 — 80-йилларда ўзбек тилшунослари унлилар талаффузида тилнинг иштирок этмаслигини билганлару, аммо мафкуравий тазйиқ остида яшаганлари учун собиқ марказдаги олимларга қарши чиқмаганлар», эмиш. Бири-биридан антиқа гаплар. Юқорида келтирилган нутқ товушларининг талаффузида тилнинг албатта иштирок этиши ҳақидаги С.Отамирзаеванинг мақоласи мустақиллик даврида чиққан-ку! Э.Умаровнинг бундан хабари бор-ку!..
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, сингармонизмни ўзбек тилига руслар тиқиштиргани йўқ, балки уни улар ўзбек адабий тилидан олиб ташлашди…
Э.Умаров мазкур мақоласининг охирида «мақола ва диссертацияларда европаликлар тарафидан киритилган ўзбек тили табиатига зид терминлар учрамоқда», дейди. Ажабо, европаликлар (?) киритган қайси терминлар мақола муаллифига ёқмаяпти? Ўша терминлардан 5-10таси мисол сифатида келтирилса эди!
Умуман, мустақилликдан кейин тилимиз табиатига зид терминлар, сўзлар чиқариб ташланди ва уларнинг ўрнига янгилари қабул қилинди. Буни кўпчилик билади. Лекин ана шу жараёнда шошма-шошарликка ҳам йўл қўйилиб, баъзи ўзбек тилининг табиатига мос келмайдиган, сўз-атамалар ҳам қабул қилинди. Масалан, «стадион» ўрнига «ўйингоҳ», «факултет» — «куллиёт», «институт» — «олийгоҳ» каби.
Тилимизга европа тилларидан ўзлашиб сингиб кетган терминларни, у қайси соҳага оид бўлмасин, иложи борича бошқа сўзлар билан алмаштирилмагани маъқул. Агар алмаштириш лозим бўлса, албатта, ажнабий сўзлар ўрнига ўз сўзларимизни, яъни этимологик жиҳатдан ўзбекча сўзларни ўзбек тили қонун-қоидалари асосида қабул қилиш керак. Русча (европача) сўз-терминларни отиб, ўрнига арабча, форсча калималарни қабул қилиш орқали тилимизни миллийлаштириш мумкин эмас.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 20-сонидан олинди.